Россияда ўтган ҳафтанинг энг муҳим воқеаси Москванинг «Спартак» клуби бош мураббийи Массимо Карреранинг ишдан олингани бўлди. Ўз майдонидаги «Арсенал» (Тула)га қарши баҳсда «спартакчилар» 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйишганини клуб раҳбарларининг шундай қарорга келишларига сабаб сифатида кўрсатиш мумкин. Таъкидлаш жоизки, Каррера жамоага келган биринчи мавсумидаёқ «Спартак»ни чемпионликка олиб чиққанди. 2016 йилнинг ёзида клубни қабул қилиб олган италиялик мутахассис 16 йиллик танаффусдан сўнг - ўша Олег Романцев бошқарган даврлардан буён илк бор чемпионликни тантана қилганди. Бир йил ўтибоқ унга чиқиш эшиклари кўрсатилишини ҳеч ким кутмаганди. Начора, мураббийлик ўзи шунақа касб.
Аслида, «Спартак» РПЛда ҳозир ҳам унчалик ёмон кўрсаткич қайд этаётгани йўқ. Турнир жадвалида юқори ўринларда бормоқда, чемпионликка бўлган имконияти ҳам деярли пасаймаган (юқори ўринлардаги жамоаларнинг нақд тўрттаси сўнгги турда мағлуб бўлишди). Фақат охирги 5та ўйиннинг 3тасида «Спартак» ютқазди. Шунда ҳам барча мағлубиятларни ўз уйида қабул қилиб олди ва айнан мана шуниси ҳаммасидан ўтиб тушди. 7-турда «Ахмат»ни қабул қилган Каррера шогирдлари 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришган, 9-турда Элдор Шомуродов асосий таркибда майдонга тушган учрашувда Карпин қўл остидаги «Ростов» Москвада 1:0 ҳисобида зафар қучганди. Ва ниҳоят, сўнгги баҳсда «Арсенал» (Тула)га тақдим этилган уч очко. Хуллас, Каррера кетди, «Спартак» раҳбарлари эса ҳозирча янги мураббий қидириш билан банд.
Аслида, бугунги мақоламиз мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган мураббийлар хусусида, дастлаб Россия клубидаги истеъфога тўхталганимизнинг эса ўзига хос сабаби бор. Гап шундаки, айни тақдир бизнинг гранд жамоаларимиз мураббийлари бошига ҳам доимо чанг солиб тургани аниқ. Биз томонларда ҳам мавсум давомидаги мураббий алмаштиришлар худди Россиядаги каби кетма-кет муваффақиятсизликларга тўғри келмоқда.
1. Андрей Микляев
(«Локомотив»)
ОЧЛдаги муваффақиятсизлик ва мавсумнинг дастлабки турларидаги қониқарсиз натижалардан сўнг жамоа бош мураббийи Андрей Микляев истеъфога чиққарилганди. Аслида «чиқарилганмиди» ёки «чиққанмиди» буниси номаълум, чунки жамоа натижалари учун аслида маслаҳатчи мураббий Мирко Йеличич жавоб бериши катта эҳтимол.
2. Александр Мочинов
(«Сўғдиёна»)
Жиззах шаҳри жамоаси дастлабки турларда жуда кўп очко йўқотди. Натижада «Сўғдиёна» турнир жадвалининг қуйи поғонларидан мустаҳам жой олди. Мочиновга эса жавоб берилди ва унинг ўрнига Сергей Лушан бош мураббий бўлиб ишга келди.
3. Виктор Кумиков (АГМК)
Олмалиқ шаҳри жамоаси мавсум бошида ўз олдига улкан мақсадларни қўйганди. Лекин Кумиков шогирдлари мусобақа давомида анча нотекис ўйин кўрсатишди, натижалар ҳам шунга яраша бўлди. Якунда унинг ўрнига Бахтиёр Ашурматов келди.
4. Илҳом Мўминжонов
(«Навбаҳор»)
Агар таъбир жоиз бўлса, мавсумнинг энг «сенсацион» истеъфоси. Наманган футболи раҳбарлари кутилмаган «юриш» қилдилар (шахмат тили билан айтганда) ва шу тариқа «Навбаҳор»ни анча юқори поғоналарга кўтарган Мўминжоновнинг водий сафари шу тариқа ўз якунига етди.
*****************
Кўриб турганингиздек, ҳозиргача клубларимизнинг салмоқли қисми мавсум давомидаёқ ўз мураббийлари билан хайрлашиб улгуришди. Айни пайт уларни бошқараётган мутахассисларнинг кўриниши эса ҳар доимгидан ҳам чиройлироқ суратда, десак муболаға бўлмайди. Қайси маънодаки, уларнинг аксарияти халқаро ареналарда йирик муваффақият қозонган шахслар саналишади. Айниқса, футболчи сифатида.
Қуйида суперлигада фаолият олиб бораётган мураббийларнинг айримларига алоҳида тўхталиб ўтишга қарор қилдик.
1. ШОТА АРВЕЛАДЗЕ
(«Пахтакор»)
Мен Арвеладзени у Туркиянинг «Трабзонспор» клубида ўйнаб юрган кезларидан биламан. Эгизак укаси Арчил иккаласи Трабзон шаҳри жамоаси шарафини ҳимоя қилишарди, ўша пайтларда. Кейинчалик икки гуржи ўғлони икки хил йўлдан боришди ва Европанинг турли жамоалари сафида тўп суриб, анча сермаҳсул мавсумларни ўтказишди. Хусусан, Шотанинг ўша «Трабзонспор» сафида ўтказган йилларидаги парвози (90 учрашувда 61та гол) унга «Аякс» клуби эшикларини очди. Голландияда Арвеладзе иккита клуб сафида тўр сурган: «Аякс»да (96 ўйин, 55 гол) ва «АЗ Алкмаар»да (60 ўйин, 36 гол). Бундан ташқари, Шотландиянинг «Глазго Рейнжерс» клуби сафида ҳам анча сермаҳсул мавсумларни ўтказган: 2005-2007 йиллар оралиғида 95та ўйинда 44та голга муаллифлик қилган. Хуллас, терма жамоани ҳам қўшиб ҳисоблаганда, Арвеладзенинг фаолияти давомида урган голлари сони 317тани ташкил қилади. Гапнинг пўсткалласи, фаолиятининг асосий қисмини Европа майдонларида ўтказган футболчи учун бу ҳазилакам кўрсаткичлар эмас.
Бутсаларини михга илгач, Арвеладзе мураббий сифатида ўзи тўп сурган «АЗ Алкмаар»да машҳур Луи Ван Галга ёрдам бера бошлади. Унинг қўл остида икки йилча ишлагач, Туркияга қайтди ва «Қайсариспор»да фаолият юритди. Кейин «Қосимпошо» ва оз муддат «Трабзонспор»ни бошқарди. «Пахтакор»га келгунча Исроилнинг «Маккаби» клуби устози эди.
Мураббий сифатида деярли зафар қозонмаган бўлсада, футболчи ўлароқ шундай йирик муваффақиятларга эга Арвеладзенинг «Пахтакор»да иш бошлаши жамоа имиджини янада кўтариб юборгани аниқ. У билан биргаликда узоқ йиллик «тарих ёзиш» мақсад қилингани, мураббийнинг яқинда ТВга берган интервьюсида ўз аксини топди. «Пахтакор»нинг янги стадиони қурилишига бағишлаб олинган видеоклипда уни қўллаётган шахслардан бири Алишер Усмонов эканини Арвеладзенинг шахсан ўзи ҳикоя қилиб берганди.
2. АНДРЕЙ КАНЧЕЛЬСКИС («Навбаҳор»)
Футболчи сифатида Канчельскис Шота Арвеладзедан ҳам юқорироқ чўққиларга чиқа олган. Ярим ҳимоячи бўлишига қарамай, у ўз фаолияти давомида 102та гол уришга эришган ва уларнинг нақд 82тасини «кўҳна қитъа» майдонларида, хусусан, Англия клублари дарвозасига йўллаган («Манчестер Юнайтед» сафида 47та, «Эвертон» таркибида 20та гол). Бу ҳам «ҳазилакам» кўрсаткич эмас. Мазкур икки клубдан ташқари, футболчи Италиянинг «Фиорентина»сида ҳам ажойиб ўйинлар намойиш этган.
Биз учун қизиқ бўлган маълумот, 2001 йилги мавсумда Канчельскис бугунги «Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе билан битта жамоада тўп сурган - Шотландиянинг «Глазго Рейнжерс» клуби сафида.
Худди Арвеладзе каби, мураббийлик фаолияти давомида бирорта тузуроқ натижани қўлга кирита олмаган бўлсада, айнан грузиялик собиқ жамоадоши сингари унинг Ўзбекистонга келиши ҳам ўзгача тарзда қарши олинди. Матбуотда Канчельскиснинг Хитойга кетиши мумкинлиги тўғрисидаги гап-сўзлар кўпайиб кетганига қарамай, унинг Ўзбекистондаги фаолияти барибир тарих саҳифаларига ёзиб улгурилди. Канчельскиснинг «Навбаҳор»даги иши қанча давом этишидан қатъий назар, ўтмишнинг буюк футболчиси номи бизнинг зарварақларга муҳрланиб бўлди.
3. МИРЖАЛОЛ ҚОСИМОВ («Бунёдкор»)
Ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони, ёшлар ўртасида Европа чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, Россия ва Ўзбекистон чемпиони. Энг қизиғи, бу унвонларнинг бирортаси на Арвеладзеда бор, на Канчельскисда. Чунки бу ўзимизнинг Қосимов!
Ҳа, «ўзбек Марадонаси» ўз даврида футболимизнинг том маънодаги етакчиси, миллий жамоамизнинг ишонган тоғи эди. Анча йиллар давомида футболимиз ривожи учун тер тўкди. Қаерга бормасин, қаерда ўйнамасин, Ватанимиз футболи учун катта обрў олиб берди. Қосимовлар ўйнаган даврда Россия чемпионлигини қўлга киритган Владикавказнинг «Алания» жамоаси ўшандан кейин чемпионлик тугул, бош-қа бирор тузукроқ натижага ҳам эриша олмади.
Ҳеч қизиқиб кўрганмисиз, Миржалол Қосимов бутун фаолияти давомидаги расмий ўйинларда нечта гол урган экан? Мен куни кеча унинг «Пахтакор»да 1987 йилда бошланган фаолиятидан бошлаб, то ўша 2005 йилги «Машъал»гача бўлган даврдаги голлари, шу билан бирга, миллий жамоа ва собиқ иттифоқ ёшлар термалари сафида урган голлари сонини қўшиб чиқдим. Жами 148та экан!
Бу голлар не-не дарвозабонларни ранжитмаган дейсиз. Россиянинг бир неча моҳир посбонларидан тортиб, «Ливерпуль» афсонаси Брюс Гроббелаар ҳам Қосимовнинг жарима зарбасига дош беролмаган. Хуллас, «ўзбек Марадонаси»ни ҳам футболчи сифатида ҳеч иккиланмай ўша Арвеладзе ва Канчельскислар қаторига қўшсак бўлади.
Ҳозирча мураббийликдаги ютуқлари сифатида «Бунёдкор»ни уч бора чемпионликка олиб келгани эътироф этилсада, бу инсоннинг келажакда ўзбек футболи учун ҳали жуда кўплаб хизмат қилишига барчамиз астойдил ишонамиз.
4. Юқоридаги уч шахсдан фарқли ўлароқ, 4-ўринга жойлашадиган мураббийларимизни битта поғонада эътироф этсак тўғрироқ бўларди. Уларнинг рўйхатини қуйидагича туздик:
- Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912»)
- Андрей Фёдоров («Локомотив»)
- Сергей Лушан («Сўғдиёна»)
- Бахтиёр Ашурматов (АГМК)
- Рўзиқул Бердиев («Насаф»)
- Улуғбек Бақоев («Бухоро»)
Ўз даврида анчагина яхши футболчилар бўлган Баҳром Ҳайдаров ва Андрей Шипиловни бу рўйхатга атайин қўшмадик. Биргина «Қизилқум» устози Ҳамиджон Актамовнинг футболдаги фаолияти қандай бўлгани, тўғриси, бизга маълум эмас.
Энди юқоридаги рўйхатдан ўрин олган олти забардаст инсон хусусида. Уларнинг баъзилари ўзи ўйнаган клублари, айримлари эса миллий жамоамиз учун кўп меҳнат қилишган. Мисол учун, ўша 2000 йиллардан кейин шаклланган термамиз ҳимоясида Фёдоров - Ашурматов - Лушан учлиги доимо етакчи позицияларда ҳаракат қилган. Нўъмон Ҳасановни таърифлашга ҳожат йўқ, Улуғбек Бақоев қандай ҳужумчи бўлганлигини кичик авлод вакиллари ҳам анча яхши билишади.
Мен бу ерда биргина қизиқ фактни эътиборингизга ҳавола этмоқчи эдим. «Насаф» устози Рўзиқул Бердиев 1993 йилларда Сирдарё вилоятининг «Янгиер» клубида тўп сурарди. Ушбу мўъжазгина жамоа ўша йили Ўзбекистон кубоги ярим финалида (яна Тошкентда денг!) «Пахтакор»ни мағлуб этиб, финал йўлланмасини қўлга киритган. Ҳал қилувчи баҳсда ўша пайтдаги мамлакатимиз футболи байроқдори саналган «Нефтчи»га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлганига қарамай, «Янгиер» келаси йили Осиё кубок эгалари кубогида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Рўзиқул Бердиев айнан шу жамоа таркибидаги халқаро ўйинлари орқали футбол оммасига анча танилиб қолганди.
Кейинчалик «Насаф» таркибида етук футболчи даражасига чиқди. Ҳам футболчи сифатида, ҳам мураббий ўлароқ, Осиё майдонларида ҳам бир неча бор ўз омадини синаб кўришга эришди. Рўзиқул акага ҳозирча биргина Ўзбекистон чемпионлиги армон бўлиб турибди. Барча мавсумларда 2-ўриндан юқорига кўтарила олмаган «Насаф» ўзини Осиё Чемпионлар Лигасидаги иштироки билан овутди. Ҳозирда молиявий қийинчиликлар гирдобига тушиб қолган бўлишига қарамай, мухлислари жамоа бошида айнан Рўзиқул Бердиев тургани учун ҳам «На-саф»га ишониб келишмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, биз барибир анча сабрли ҳалқмиз, шахсан ўзим чемпионат давомида кўп бора санаб бордим, баъзи клублар кетма-кет 3-4 марта муваффақиятсиз ўйнаган бўлса ҳам, мураббийни алмаштириш хусусида гап очишмади. Иккинчи томондан, жамоаларимизга, айниқса, уларнинг мураббийларига баъзида кетма-кет кучли клубларга қарши ўйнаш тўғри келиб қолаётганини ҳам унутмаслик лозим.
Беҳзод Аҳмаджонов, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).