«Реал» ҳимоячиси Серхио Рамос Ла лига доирасида ўтган мавсумда бўлиб ўтган «Малага»га қарши ўйиндан сўнг антидопинг қоидасини бузган, дея хабар тарқатди Football Leaks.
Der Spiegel нашри «Малага» – «Реал» ўйини допинг назорат бўйича вакилнинг ҳисоботини эълон қилди. Бу ўйинда испаниялик футболчи майдонда тўлиқ ҳаракат қилди.
«Футболчи Серхио Рамос мендан: "таҳлил учун пешоб топширишдан олдин чўмилсам бўладими?", — деб сўради. Мен унга қоидага кўра бу мумкин эмаслигини айтдим. Спортчи ва "Реал" шифокори менга норозилик билдиришди. Улар менга "Реал" футболчиларига нафақат УЕФА тасарруфи остида мусобақаларда, балки Ла лига ўйинларидан кейин ҳам допинг-тестдан олдин ёлғиз ҳолда чўмилиш мумкинлигини айтишди.
Мен эса бунга ишонмаслигимни ва футболчининг душда чўмилишига рухсат бера олмаслигимни айтдим. Огоҳлантиришимга қарамай, футболчи "Малага" стадионининг допинг-назорат хонасидаги душда чўмилди.
Мен унга унинг бу ишини ҳисоботга киритишимни айтдим, аммо Рамос бунга аҳамият қаратмади», – дейилади ҳисоботда.
Football Leaks томонидан эълон қилинган ҳужжатда айтилишича, қоиданинг маълум бандларига кўра, допинг таҳлил олиш учун масъул шахс спортчининг душ қабул қилиши ёки чўмилишига йўл қўймаслиги лозим.
Серхио Рамос мазкур ҳолат юзасидан кеча қуйидагича тушунтириш бериб ўтди:
«Малага, 2018 йил апрель ойи. Ўйин тугаганидан кейин менга допинг-тестдан ўтишим кераклигини айтишди. Уйга қайтиш учун вақт камлигини инобатга олган ҳолда масъул шахс менинг ювинишимга рухсат берди. Шу билан биргаликда, у менинг ёнимда турди. Шундан сўнг ҳар доимгидек допинг-тест учун таҳлил топширдим».
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).