Мақсад аниқ бўлса, манзил бир қадам
М. Ганди
Вақт оқар сув мисоли ўтиб бормоқда. Дарҳақиқат, куни кеча Тошкентда Жанубий Корея билан дуранг қайд этиб Россиядаги Мундиални ўтказиб юборган терма жамоамиз яна курашга қайтмоқда.
Ўша аламли саралаш ўйинларидан сўнг Самвел Бабаяннинг қайсарлиги ва уқувсизлигидан аламзада бўлган ва бош жамоамиз ўйинига қўл силтаган барча-барчанинг юрагида яна ширин туйғулар уйғонишни бошлаган. Терма жамоамизнинг ўйинларини сабрсизлик билан кутадиган мухлислар эса кун санашяпти десак, адашмаган бўламиз. Бугун терма жамоамиз ҳақида сўз юритишга қарор қилдик.
Янгича услуб ва янги терма жамоа
Шу кунга қадар терма жамоамиз рулида Эктор Куперчалик тажрибага эга мураббий бўлмаганини тан олиш лозим. Сўнгги пайтларда Купер ва унинг ўйин услуби ҳақида кўплаб танқидий фикрлар пайдо бўлган бўлса-да, мураббийимизнинг ушбу плюсини унутмаслик лозим.
Бизга орзуни амалга ошириш учун жуда кўп ҳолларда тажрибасизлик панд бергани ҳеч кимга сир эмас. Тўғри, Купер очиқ футбол ўйнамаяпти, тўғри унинг қўлостида жамоамиз томошабоп футболдан воз кечишга мажбур бўлмоқда, тўғри биз унинг қўлостида Австралиядан ўта олмадик ва Японияга имкониятни бой бердик. Бироқ шуни унутмаслик лозим, бизда ҳаммасини бошидан бошлаш имкони мавжуд.
Бу Купернинг ЖЧ учун илк саралаш босқичи ва унга ишонч билдиришдан бошқа чорамиз йўқ!
Купер охиригача қолади
Очиғи, мен Купернинг тарафдори эмасман, лекин шуни аниқ биламанки, ЎФА уни шартномаси тугашидан аввал ишдан бўшата олмайди. Бир ҳамкасбимнинг айтишича, жаноб Купернинг йиллик маоши кичик суммани ташкил қилмайди. Шартнома бандларига кўра, агар Ўзбекистон аргентиналик мутахассис билан ҳамкорликдан воз кечса, 10 миллион доллар бадал пули тўлашга мажбур. Айнан шу бандлар туфайли мураббий ва ЎФА ўртасидаги музокаралар узоқ давом этган экан. Тўғри, бу маълумот бирорта ОАВда эълон қилинмаган бўлса-да, ҳамкасбимнинг сўзларига тўлиқ ишониш мумкин. Ўз вақтида терма жамоамизни бошқаришга номзод деб қаралган Берт ван Марвейк йилига 7 миллион евро маош талаб қилгани боис унинг вариантидан воз кечилган эди. Умуман олганда, Купер танлови борасида ортиқча сўзлашдан фойда йўқ.
Унга у ҳеч қаерга кетмаслиги учун эмас, балки, бизни узоқ кутилган ЖЧ орзусини амалга оширишга қодир инсон сифатида ишонишни жуда истаяпман. Ҳар бир мураббийнинг ўз потенциали бўлади. Бизнинг маҳаллий мураббийларимизнинг потенциали ЖЧ саралашидан омадли ўтишни ҳал этишга етмаганининг гувоҳи бўлдик, энди навбат тажрибали хориж мураббийларига келиши табиий. Очиғи, Купернинг келишидан биринчи навбатдаги мақсад Мундиалга чиқиш эди ва ҳали у бу мақсад йўлида бир қадам ҳам ташламасидан олдин уни танқидларга кўмиб ташлаш бироз ноўриндек туюлмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айни дамда Осиё қитъасидаги терма жамоаларнинг мураббийлари орасидаги энг улкан тажрибага эга мураббийлардан бири саналадиган Куперга имкон бермаслик, унга ишонмаслик мантиққа ҳам тўғри келмайди. Биз унинг қўлостида расмий учрашувларда фақатгина Японияга енгилдик, ўша учрашувда ҳам терма жамоамиз асосий таркиб билан майдонга тушмаган эди.
Шуни унутмаслик лозимки, биз Куперни жамоанинг ўйин услубини шакиллантириши учун эмас, натижа қайд этиши учун «олиб келдик». Натижа биринчи планга кўтарилган учрашувларда кўпинча ўйин зерикарли тус олишини билиш учун футбол мутахассиси бўлиши шарт эмас, менимча. Агарда биз жамоанинг ўйинини янги даражага олиб чиқишни истасак, бутун бошли тизимни (Қатар сингари) нолдан қуришимиз лозим эди. Бунинг учун жуда катта маблағ ва ва бир неча йиллар керак бўлар эди. Очиғи, биз учун биринчи ўриндаги мақсад нима? ЖЧга чиқиш орқали футболимиз тарихидаги энг катта ютуққа эришишми? Ёки ўзбек футболини тамомила бошидан қайта қуриш ва унинг натижасини бир неча йил кутишми? ЎФА тезроқ натижа қайд этиш вариантини танлади ва биз футболимиз тепасидаги «катта»ларимизнинг танловига қайсидир маънода қўшилмасдан иложимиз йўқ. Тўғри, ким ҳам терма жамоамизнинг ўз ўйин услуби бўлишини ва томошабоп футбол кўришни истамайди дейсиз? Агар биз бу йўлни танлаганимизда орзуларимизнинг ушлашини бир неча, ҳатто 10 йил кутишимизга тўғри келар эди. Балки, ундан ҳам кўпроқ. Буни фақатгина Яратган билади. Биз ўз йўлимизни танлаб олдик ва айнан шу мақсад сари шаҳдам қадамлар билан олдимлашимиз лозим. ЎФА тепасидагилар тезроқ натижа қайд этишни исташмоқда. Шу йўсинда улар ўзларининг катта ҳажмдаги ишни бажараётганини омма ва унданда катталар олдида намойиш этишни хоҳлашади. Бу бир қарашда тушунарли холат ва буни қоралашнинг сира иложи йўқ. Орамизда мундиалдаги иштирокидан қатъий назар термамизнинг 32 та жамоалардан бири бўлишини жон дилидан истаётганлар ҳаммасини 0 дан бошлашни хоҳлайдиганлардан кўпроқ учраши аниқ. Агарда биз Қатар яшил майдонларида бўлиб ўтадиган Мундиалга чиқишни уддаласак, юртимизда ўз-ўзидан футболга бўлган эътибор янги даражага кўтарилади. Сўзимизга Жанубий Корея ва Япония яққол мисол бўла олади. Айнан 2002 йилдаги мундиалдан сўнг бу юртда футбол тўлиқ ҳаёт тарзига кириб келди ва маҳаллий футболчилар учун хорижга чиқишга йўл очилди. Биз ҳам яқинлашиб келаётган ЖЧ саралашидан ўта олсак, катта ислоҳотларни амалга ошириш имконига эга бўламиз. Буни уддалай олсак, эртага ҳокимлар «сўнгги ўриндаги жамоага нега пул беришим керак?», қабилидаги сўзларни айта олмас?! Балки, ушбу тўсиқдан ўта олсак, болаларини футболга ўзлари олиб борадиган жонкуяр ота-оналар сони ортар. Балки, ЎФА ёш иқтидорлар учун махсус лойиҳа ўйлаб топар. Умуман олганда, ушбу ЖЧда иштирок этишни уддаласак, эски ҳаммом эски тосдан қутилишимиз учун олдинга қадам ташлаган бўламиз.
Футболчилар тўғрисида
Айни дамда Купернинг терма жамоага чақирган футболчиларидан кўра чақирилмаганлари ҳақида кўпроқ гапиришмоқда. Тан олиш лозим, ҳозирги авлод Самвел Бабаян давридаги терма жамоадан бироз кучсизроқ. Бизда янги Игнатий, янги Одил, янги Ашурматов, янги Денисовлар йўқ. Қосимов ҳақидаку, гапирмаса ҳам бўлади. Шунга қарамасдан ҳозирда ғалабага чанқоқ ёш йигитларнинг борлиги кишини қувонтиради. Кўпчилиги мустақиллик фарзандлари саналадиган футболчилар секин-аста ўз ўйинини кучайтириб бормоқда. Шукуров, Шомуродов, Алибоев, Ҳамробеков, Машарипов, Алижонов сингари футболчилар терма жамоамиздаги маъсулиятни ўз бўйнига оладиган вақт келди. Шуни унутмаслик лозим, майдонда Купер эмас, ўзимизнинг қора кўзлар тўп тепади. Ғалаба ва мағлубиятга фақатгина аргентиналикни айбдор қилиш қайсидир маънода тўғри эмас. Термамизнинг ғалабали юриши кўп жиҳатдан футболчиларга ҳам боғлиқ. Айнан улар халқнинг озрусини амалга ошириш учун Купердан кўра кўпроқ меҳнат қилишлари ва олға интилишлари зарур. Ҳозирги таркибимизнинг пойдеворлари аввалгиларидан фарқли ўлароқ ўз тенгдошлари ичида қитъа чемпионлигини қўлга киритганини унутмаслик лозим.
Сўнгги сўз ўрнида
Менинг раҳматли бувам терма жамоамизнинг ашаддий мухлиси эди. Мундиал ҳақида сўз борса, нуқул хаёлимга улар келадилар. Ёдимда бор, Жанубий Корея билан дуранг қайд этиб, аэропорт остонасидан ортга қайтган учрашувимиздан сўнг менга қўнғироқ қилиб узоқ сўзлашган эдилар. Негадир бувамдан сўнг, Мундиал орзусига бўлган қизиқишим йўқолиб қолибгина қолмай, анча муддат футбол ҳам томоша қилмай қўйдим. Тўғри, ҳар қандай дарднинг даъвоси — вақт, бироқ вақт дардга даъво бўла олади, лекин юракдаги бўшлиқни тўлдира олмайди. Ҳозир яна ўша биз интиқлик билан кутадиган, гуруҳ жадвалидаги натижани яхши билсакда, қайта-қайта гуруҳдаги вазиятни кўриш учун интернетга кирадиган кунлар яқинлашмоқда. Катта йўл олдида турган жамоамизга бўлган ишончни сўндирмаслигимиз лозим. Ҳали ҳеч нарса йўқотганимизча йўқ. Биздан талаб этиладигани терма жамоамизга бўлган ишонч! Купер натижа қайд этиш учун жалб этилдими, унга бир имкон берайлик. Умид қиламизки, у ўзига билдирилган ишончни тўлиқ оқлайди.
Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинларини ёши катта буваси ва дадаси билан кўрадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Шу ўринда футболчиларимизга шуни эслатиб ўтиш зарур. Ҳамма нарса уларнинг ўз қўлида. Ҳа-ҳа уларнинг мана шу қўлларида. Майдонга чиқинг ва биз истаган Мундиал чипталарини қўлга киритинг. Зеро, орамизда мен каби юрагида «бўшлиғи» бор ашаддий мухлислар умуман қолмасин.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).