Бундеслига навбатдаги турида “Айнтрахт”дан шармандали тарзда мағлубиятга учраган “Бавария” клуби якунда бош мураббийсиз қолди. Мюнхен клуби раҳбарияти Нико Ковач билан хайрлашишга қарор қилди.
Бунга асос бор эди. Хорватиялик мутахассис аслида ҳам “Бавария”нинг босимини кўтара оладиган даражада тажрибали мураббий эмасди. “Бавария” Ковачга оғирлик қилгани рост. Натижада эса бир қатор салбий натижалардан кейин унга чиқиш эшиклари кўрсатилди.
Шунингдек, Европа кучли бешлигида иши юришмаётган, истеъфоси яқинлиги башорат қилинаётган бошқа мутахассислар ҳам бор. Қуйида шулар ҳақида сўз юритамиз.
ВАЛЬВЕРДЕ — КЕТИШИ ДЕЯРЛИ АНИҚ
Эрнесто Вальверденинг мавсум охирида “Барселона”дан кетиши аниқлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Бу ҳақда олдинги мақолаларимдан бирида ҳам айтиб ўтгандим. Айни дамда Эрнестонинг истеъфоси — иккала томон учун ҳам қулай вариант. Қолаверса, бу ёқда Каталония клуби раҳбарияти мўлжаллаб турган Рональд Куман жамоани бошқаришга жон деб рози бўлиб турибди.
ЗИДАН — ЭҲТИМОЛИ ЙЎҚ ЭМАС
Зиданнинг “Реал”дан кетиши биргина шармандали мағлубиятга боғлиқ бўлса, не ажаб.
Шу пайтгача “Реал”нинг омадсизлигини Роналдунинг йўқлигига боғлаб келаётгандик. Буни қарангки, сўнгги пайтлардаги салбий натижаларда Зиданнинг ҳам айби каттагина. Франциялик мутахассис бор футболчилардан ҳам асосий таркибга кераклиларини танлаб ололмаяпти. Масалан, “Бетис”га қарши ўйинда Марселонинг ўрнига майдонга туширилган Ферлан Менди ишончни оқлай олмади. Ҳатто бир вазиятда Азардан тўпни қизғаниб, яккама-якка вазиятда гол ура олмади. Ваҳоланки, Марсело бундай вазиятларда қандай ҳаракат қилишни билади.
Шуниси аниқки, бугунги Зидан — Зиданнинг мураббийлик борасидаги реал ҳолати. Зинединнинг қўлидан ҳозирча бошқа нарса келмайди. Кетма-кет 3 йил қўлга киритилган ЕЧЛ кубоги эса Яратганнинг Зиданга ва “Реал”га инъоми бўлди. Бунда Роналду эффекти ҳам бор. Аммо ҳозир Зиданнинг аслида нималар қила олиши билиняпти, аниқроғи, Зидан ўз мураббийлик даражасидан келиб чиқиб натижа кўрсатмоқда. Агар вазият шу тарзда давом этаверса, “Реал”нинг бемаъни трансферлари (масалан, қишда) ва беқарор ўйини ўзгармаса, Зидан ҳам истеъфога чиқарилиши керак, назаримизда.
СУЛЬШЕР — ЭҲТИМОЛИ КАМРОҚ
Уле-Гуннар Сульшернинг “Манчестер Юнайтед”дан кетиш эҳтимоли камроқ. Тўғри, унинг натижалари салбий, бироқ бунинг учун Сульшерда асослар бор: жароҳатлар, қашшоқ таркиб, кучли футболчиларнинг сотиб олинмаслиги.
Аслида, Сер Алекс Фергюсондан кейин “МЮ”ни бир маромда бошқара олиш қийин эди. “МЮ” Фергюсоннинг таълими, тарбиясини олиб катта бўлган ўғил каби эди. Унинг ўйинига, характерига, тактикасига Фергюсонча рецепт сингиб кетганди. Фергюсон кетганидан кейин эса унинг рецептини биладиган одам келгандагина “Манчестер Юнайтед” кучсизланмасди, эҳтимол. Аммо Фергюсонча рецептни биладиган, ана шу услуб билан “қизил иблислар”ни бошқара оладиган мураббий келмади ҳозиргача. “Манчестер Юнайтед”нинг неча йиллик услубини ўзгартириб, бошқа жамоа шакллантириш учун йиллар талаб қилинадиган жараён. Буни САФдан кейин келган мураббийлар бажара олишмади, энди эса Сульшер айни шу вазифага бел боғлаган. Шунинг учун раҳбарият унга имконият берса керак, токи Сульшер ўзининг “Манчестер Юнайтед”ини шакллантирсин.
ПОЧЕТТИНО — КЕТАР ВАҚТИ БЎЛДИ
Маурисио Почеттино вариантини кўриб ажаблангандирсиз. Албатта, аргентиналик мураббийнинг Лондонда ишлари яхши. У “Тоттенхэм”ни “Тоттенхэм” қилган мураббий. Аммо ҳар нарсанинг ибтидоси бўлгани каби интиҳоси ҳам бўлади. “Шпорлар”га оид хабарлардан маълум бўляптики, Почеттинонинг клубдан кетадиган вақти келди. У “Тоттенхэм”га нима бера оладиган бўлса, барини берди. У “шпорлар” билан бундан ортиқ натижага эриша олмайди. Шунинг учун ҳам энди Почеттинога бошқа клуб, “Тоттенхэм”га эса бошқа мураббий керак. Балки, Почеттино ўз фалсафасини бошқа клубга яхшироқ сингдирар.
Яна бир бор такрорлайман, ҳозирча Почеттинонинг “шпорлар” сафида ишлари яхши.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).