18 ёшидан буён “Қизилқум“ жамоасида маъмур лавозимида фаолият юритаётган Шерзод Тошев билан футболга кириб келиши, ўзбек футболи, МТЖ ва бошқа бир қатор мавзуларда суҳбатлашдик.
— Футболга кириб келишингиз қандай юз берган?
— Футболга болалигимдан қизиқишим борлиги сабабли 9 ёшимда раҳматли Виктор Иванович Тунякин қўлида мазкур спорт турининг сир-асрорларини ўргана бошлаганман, Зарафшон шаҳридаги «Прогресс» ўйингоҳида машғулот ўтказар эдик ўшанда. Сўнгра 15 ёшимда «Қизилқум» интернат футбол мактаби очилгач, Рогованов Виталий Анатолевич менга мураббийлик қила бошлаган. Футболга кириб келишимда айнан ушбу икки шахс катта роль ўйнаган.
— Бошида ниятингиз футболчи бўлган бўлса, нега маъмурлик касбини танладингиз?
— 2008 йилда биз, яъни 1991 йилда туғилган болалар «Қизилқум» ўринбосарлар жамоасига ўтиш учун назорат беллашувларида ўзимизни яхши кўрсатиб, клуб билан шартнома имзолашга келганимизда, жамоанинг ўша дамдаги мураббийи Виталий Анатольевич мени олдимга келиб: «Сен мени ёнимда ишлаб юр, ташкилий ишларда анча яхшисан» деганди. Футболни ичида юрсам бас эди, футболчи ёки маъмур бўлишим катта аҳамиятга эга эмасди. Чунки футболни чин юракдан яхши кўрардим. Кейин эса мураббий бу сўзларни бежизга айтмаган бўлса керак, деб ҳисоблаб, ўринбосарлар жамоасида маъмур сифатида иш бошлаганман.
— «Қизилқум»да 11 мавсумдан буён фаолияти юритиб келмоқдасиз. Мазкур жамоа йиллар мобайнида қандай ривожланиб келди?
— 2010 йилда «Қизилқум» дарвозабонлар мураббийи Бахтимурод Хайриддинов чақириб, бош мураббий Рустам Забировнинг олдига асосий жамоага кўчирилишим масаласи бўйича олиб кирганди. «Қизилқум» ПФК маъмури бўлганимдан сўнг, тахминан бир ойча вақт мобайнида ўзимга келолмаганман. Чунки 18 ёшли бола учун бу катта натижа ва шу билан бирга масъулиятли вазифа ҳам эди.
11 йил кўзга кам вақт бўлиб кўринсада, ҳар бир йил ўсиш давридек ўтди, зинапояга ўхшаб тепага интилиб бормоқдамиз. Йил сайин киши профессионаллашиб бораверади.
Барибир энг катта ўзгариш 2013 йил июль ойида содир бўлган. Жамоа Зарафшондан Навоий вилояти маркази Навоий шаҳрига кўчирилган. Ўшанда бироз хавотирда бўлганман. «Қабул қилишармикан яна?» «Барибир ҳамма жойни ўзини одамлари бор, борсам иш топилармикан?», «Йиғиштирганим маъқулдир?» деган ўйлар бошимдан ўтган. Ўша пайт, устига-устак, Равшан Ҳайдаров ҳам «Динамо» клуби бош мураббийи сифатида мени Самарқандга таклиф қилган. Ота-онам ва акамдан маслаҳат сўраб, бир кундан сўнг Навоийга борганман. Ҳамиджон Актамов яхши кутиб олиб, янги раҳбар сифатида мақсад ва режаларини тушунтириб ўтган.
— Футбол мутасаддиларию, футболчиларга энг кўп нималар салбий таъсир ўтказади?
— Футболда энг кичик деталь ҳам қимматга тушиши мумкин. Футбол мутасаддилари ва футболчиларга ёмон таъсир қиладиган нарса бу – мухлислар. Менга қолса, 50-100 нафар чин мухлисни ўйин пайт стадионга киритардимда, қолганига дарвозани ёпардим. Тўғри, жамоа ютқазса, киши хафа бўлади, лекин бу футбол, бу ҳаёт. Ҳар доим ҳам ютишни иложи йўқ. Англия, Испания, Италияда мухлислар жамоалари мағлуб бўлган бўлса ҳам олқишлашади, чунки улар ушбу натижа кейинги ўйинга таъсир ўтказмасин деб хавотир олишади. Одамни оғзидан чиқаётган бир оғиз ширин сўз кўп нарсани белгилаб беради.
— Ўзбек футболи ҳозир қай аҳволда?
— Ўзбек футболи ҳозир ўсиш даврида. Худдики, мактаб ўқувчиси олий таълим муассасасига имтиҳон топшираётган вазиятдек. Бизда профессионал ёндашув, молиялаштириш, ўқимишли футбол мутасаддилари – ҳаммаси бор, фақат буларга вақт керак. Москва ҳам бирдан қурилмаган, ахир.
— Миллий терма жамоамизга ЖЧ саралаш баҳсларида нима(лар) этишмайди?
— Биринчи навбатда, юқорида айтиб ўтганимдек, мухлислар томонидан қўллаб-қувватлаш жуда катта аҳамиятга эга. Бир нарсани эсдан чиқариш керак эмас, бу бизнинг юртимиз шаъни, бунинг учун барчамиз қайғурамиз. Ютган пайтимиз қандай хурсандчилик қилсак, ютқазган пайтимиз ҳам шундай елкама-елка турмоқлигимиз лозим.
— Термамизга чет эллик машҳур мураббий келгани яхшими ёки маҳаллий мутахассисми?
— Чет эллик мураббий келгани яхши, лекин узоқроқ муддатга келишини лозим деб биламан. Мисол учун, Эктор Купер. У аргентиналик, лекин бизнинг футболчиларни ҳаммаси Месси эмаску. Ҳамма нарсага вақт керак, секин-секин, босқичма-босқич ривожланиш керак. Бизда эса аҳвол буткул бошқача. Агар хорижлик мураббий 5та ўйин ютиб, 4та ютқазса – «Бўлди керак эмас энди у, яхши бошқара олмади» деймиз. Унақада футбол ривожланмайди.
Лекин ўзбек мураббийлари ҳам бошқалардан қолишмайди. Барибир барчага ҳам энг аввало муддат ва қўллаб-қувватлаш зарур. Ушбу икки нарса билангина тепага чиқа оламиз.
— «Қизилқум» ПФКдаги фаолиятингиз давомида сиз учун энг ёдда қоларли учта учрашув қайси бўлган? Ва нега?
— Барча ўйинлар ўзига хос бир нимаси билан ёдда қолади, лекин энг эсда қоларлиси 2010 йилги Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби устидан қозонилган ғалаба (1:0) бўлган. Чунки ўшанда қалдирғочларнинг таркиби Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзаги бўлган. Кейин эса 2013 йилги мавсумда «Локомотив» қарши кечган баҳсдаги қозонилган ажойиб ғалаба (1:0) ҳам бошқача татиган. Яна 2016 йилги «Пахтакор» билан кечган учрашувни ёдга олмай илож йўқ. 2:2 бўлган ўша ўйинда. Стадионда аншлаг кузатилган. 12500 та мухлис кетадиган ўйингоҳга 19600 та одам кирган. Қойил...
— Футболдан бошқа нималарга қизиқасиз? Футбол спорт тури сиз учун бегона бўлганида, ким бўлар эдингиз?
— Агар футболни қўлини тутмаганимда оғир атлетикачи бўлардим, чунки қонда бор. Ёшлигимда ҳам тош кўтариб, кўп шуғулланганман. Аммо барибир ҳаётимни футболсиз тасаввур қилолмайман.
— Суперлигамизда фаолият юритаётган маъмурлар, яъни ҳамкасблариз орасида энг яхшилари кимлар?
— Тўғриси маъмурни ёмони бўлмайди (кулади). Футболчилар бир-бирлари билан қандай алоқада бўлса, биз маъмурлар ҳам шундаймиз. Очиғи, Суперлигадаги барча ушбу соҳа вакилларини ҳурмат қиламан ва ҳар биридан ўзимга керакли нарсаларни ўрганаман. «Пахтакор»дан Шоюнус Шоқодиров, Алишер Тоиров, «Қўқон-1912»дан Мамур Мансуров, «Локо»дан Улуғбек Усмонходжаев, «Бунёдкор» футбол клубидан Ботир Парпиев, Тохир Солихов, «Сўғдиёна» жамоасидан Жамшид Мухитдинов, «Металлург»дан Равшан Бегматов, Жамшид Мирабдуллаев, «АГМК» футбол клубидан Шерзод Юнусов, «Андижон» жамоасидан Маруф Тўрақулов, «Бухоро»дан Илҳом Умуров, «Нефтчи»дан эса Зоҳид Гафуров – булар мен учун ўзгача одамлар.
— Сиз билан бирга ишлаган футболчилардан рамзий терма жамоа тузинг...
— Дарвозада: Эркин Жабборов,
ҳимоячилар: Шерали Жўраев, Файзулла Қамбаров, Георги Квесиешвили, Салим Мустафоев,
ярим ҳимоячилар: Муҳсинжон Убайдуллаев, Алишер Саноев (с), Илҳом Юнусов,
ҳужумчилар: Артур Геворкян, Элгужа Григалашвили ва Баҳриддин Ваҳобов.
Мен билан бирга ишлаган ҳамма футболчи мен учун қадрли.
— Шерзод ака, самимий суҳбат учун сизга катта раҳмат, келажакдаги ишларизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.
— Сизларга ҳам омад ёр бўлсин. Раҳмат.
Миржалол ТЕМИРОВ суҳбатлашди.
"Қизилқум" ПФК матбуот хизмати:
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).