Футбол аслида жамоавий ўйин. Ғалаба учун бирга ҳаракат қилиш лозим. Шу сабабли жамоадаги футболчиларнинг ўзаро муносабатлари жуда муҳим. Шундай бўлса-да, айрим жамоаларда бир-биридан нафратлансада бирга тўп сурган футболчилар ҳам учраб туради. Бугун ана шундай чарм тўп усталари ҳақида сўз боради.
5-ўрин. Макси Лопес — Мауро Икарди
Бугунги рўйхатимизни икки аргентиналик футболчилар очиб беради. Ўз вақтида (2012/13) улар “Сампдория” шарафини ҳимоя қилишган. Макси каттароқ бўлгани боис, Маурони тез-тез ўз уйига таклиф қилар эди. Афсуски, бу меҳмондорчиликлар унга жуда қимматга тушди. Кўп ўтмай, Икарди унга ўз эшикларини очган футболчининг турмуш ўртоғини ўз томонига оғдириб олди. Макси Лопес турмуш ўртоғи билан ажрашгач, тез орада болалари ҳам жамоадошининг қўлига ўтиб кетди. Ўртадаги нафрат катта жанжалга айланиши мумкин эди, бироқ мавсум сўнгида Икарди “Интер” билан шартнома имзолаб Миланга кўчиб кетади. Вазиятни четдан кузатиб турган Месси дўсти Макси Лопесни ёқлаб чиқишга қарор қилади. У айрим нашрларининг маълум қилишича, Икарди учун Макси Лопеснинг қасдини олади ва ҳужумчи учун терма жамоа эшикларини абадий ёпиб қўяди. Ўша жанжалдан сўнг, Икарди бир нечта фантастик мавсум ўтказганига қарамай терма жамоадан бошқа чақирув олгани йўқ.
4-ўрин. Штефен Эффенберг — Лотар Маттеус
Немис машинасиниг икки афсонаси 9 йил давомида терма жамоада тўп сурган бўлсада, ўртадаги нафрат бир сонияга ҳам сўнгани йўқ. Ваҳоланки, улар “Бавария”да ҳам майдон марказида бирга тўп суришган ва қийин паллаларда елкама-елка кураш олиб боришган.
ОАВ орқали “уруш”ни биринчи бўлиб Штефен Эффенберг очиб берган. У Лотарни “сохта одам”, “бир тийинга қиммат футболчи” деб аташдан ўзини тийиб тура олмаган. Ҳатто 1999-йилдаги ЕЧЛ финалидаги аламли мағлубиятга ҳам Маттеус сабабчи деб оммага бонг уради. Бундай “ҳужум”дан сўнг, “олтин тўп” эгаси ҳам дарров жавоб қайтаришга тушиб кетди. Айниқса, “Бавария”дан кетгач, Маттеус ҳам Эффенбергни “нишонга” олишни бошлаб юборди. Аввалига Эффенбергни “Бавария”нинг энг омадсиз футболчиси деб атаган бўлса, кейинроқ ҳатто “ахлат қутиси”га тенглаштиради. Бу қарама-қаршилик бугунги кунларимизга қадар етиб келгани жуда ғалати. Бир неча йил илгари Штефен ўз автобиографияси акс этган китоб чоп эттиради ва унда “Лотар Маттеус футбол ҳақида нималарни билади?” номли боб ҳосил қилади. Кулгули томони шундаки, у ўз китобида шу сарлавҳа остида бўм-бўш вароқни намойиш этиш орқали собиқ жамоадошини “аҳмоқ”қа чиқаради. Ҳозирча, Маттеус бу “зарба”га жавоб қайтарганича йўқ. Демак,тез орада Эффенбергнинг шудгорига “тош отилади”. Сабаби, бу нафрат катта эҳтимол билан ҳеч қачон якун топмайди.
3-ўрин. Оливер Кан — Йенс Леманн
“Мен иккита нарсани жуда ёмон кўраман. Биринчиси мағлубият бўлса, иккинчиси — Оливер Кан!”
Йенс Леманнтомонидан “Bild” нашри учун берилган интервьюдаги сўзлар ҳеч қандай ҳазил эмас. Бу дарвозабонлар ўртасидаги адоват 1998-йилда пайдо бўлади. Леманнўша даврдаги энг иқтидорли киперлардан бири бўлишига қарамай, Оливер Кан “бундестим”нинг асосий дарвозабони сифатида ЖЧга йўл олади. Орадан 4 йил ўтиб, яна Леманн иккинчи посбон сифатида мундиалга ташриф буюради. Кан ўша мусобақанинг энг яхши ўйинчиларидан бири бўлгани Леманнинг Канга бўлган нафратини яна ошириб юборган бўлса, ажаб эмас. Йенс “Арсенал” билан шартома имзолагач, айнан у Германияда бўлиб ўтган ЖЧда асосий дарвозабон сифатида иштирок этади ва ўз орзусига эришади. Йенс доимо Каннинг иккинчи кипер бўлишини кўришни истаганини бир неча бор такидлаган эди. Эътиборлиси шундаки, ўртадаги адоватга қарамай Кан ЖЧнинг плей-офф учрашувида (Аргентинага қарши учрашувдаги пенальтилар сериясида) Леманни қўллаб-қувватлайди ва ўзининг афсонавий дарвозабон эканлигни яна бир бор намойиш этиб қўяди.
2-ўрин. Златан Ибраҳимович — Рафаэл Ван Дер Варт
Бу футболчилар ўртасидаги қарама-қаршилик 21 аср бошларида авж олади. Аслида Ван Дер Варт ва Ибраҳимович сира чиқиша олмас, иккиси ҳам жамоанинг етакчиси “унвони” учун асосий даъвогарлардан эди. Ўртага адоват Швеция ва Голландия ўртасидаги ўртоқлик учрашувида тушади. Ўша ўйинда Ибра голландиялик жамоадошига оғир жароҳат етказади ва Рафаэл майдонни эрта тарк этади. Ўйиндан сўнг, Ван Дер Варт Ибраҳимовични атайин жароҳат етказишда айблайди. Ҳужумчи эса, барчаси тасодиф эканлигини таъкидлаган бўлсада, бу жанжал якун топмайди. Орадан икки ҳафта ўтгач, Златан бундай “йиғлоқи” йигит сардорлик қиладиган жамоада тўп сурмаслигини расман эълон қилади. Кўп ўтмай у “Ювентус”га сотиб юборилади. Златан ўзининг “Мен Златан” номли китобида ўша вазиятга қуйидагича изоҳ қолдирган: “Мен унга атайин жароҳат етказмадим. Агар мени ноўрин айблашда давом этса, иккинчи оёғини ҳам синдираман!”
1-ўрин. Жон Терри — Рио Фердинанд
Бу йигитлар клуб миқиёсида ҳеч қачон бирга тўп сурмаган бўлсада, Англия терма жамоаси мудофаасида бирга ҳаракат қилишган. Кўплаб экспертлар айнан шу жуфтликни “уч шерлар” тарихидаги энг кучлиси деб хотирлайди. Ўртага тушган душманлик ҳисси бу тандемни йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлгани ачинарли ҳолат. Барчасига Жон Террининг Антон Фердинандга (Рио Фердинанднинг укаси) нисбатан ирқчилик руҳидаги сўзларни айтганидан бошланади. Терри барчасини рад этган бўлсада, унинг қилмиши бир нечта камераларга тушиб қолади. Оқибатда, Терри 4 ўйинга четлатилади ва 220 минг евро жаримага тортилади. Юзага келган вазиятга Рио Фердинанд ҳам аралашишга қарор қилади ва Терри билан биргаликда терма жамоада тўп тепишдан бош тортади. Оқибатда, Евро-2016 мусобақаси арафасида Рой Хожсон Риони Англияда қолдиришга қарор қилади. Мураббий шу йўсинда жамоанинг ички муҳитини ўнглашга уринганини кейинроқ ўз интервьюларидан тан олган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).