Ўз вақтида Лондоннинг «Тоттенҳем» жамоасида фаолият олиб борган Харри Реднапп трансфер ойнасининг сўнгги соатларида "Sky Sports" каналидаги онлайн кўрсатувнинг меҳмони бўлди. Эътиборлиси шундаки, мураббий Эден Aзар билан боғлиқ қизиқарли воқеани созлаб берди.
“2012 йилда биз Эден билан алоқага чиққанимиз ёдимда. Тўғриси, мен жамоамда Бэйл ва Эден жуфтлигининг ҳаракат қилишини жуда истаган эдим. Бунга ишониш мушкул, бироқ биз бу ишни деярли амалга оширган эдик. 2011 йилдаёқ уни мураббийлар штабидаги ёрдамчиларим кузатишни бошлаган. Ҳатто, бир нечта ўйинларни стадиондан туриб ҳам томоша қилишган. Биз клуб раҳбарлари билан Aзарнинг трансфери ҳақида суҳбатлашдик. Даниэл Леви Aзарнинг трансферини амалга ошириш учун пул ажратишини айтди.
Aфсуски, Aзар 2012 йилнинг ёзида деярли барча супер грандларнинг асосий нишонига айланди. Шунга қарамай, унинг агентлари билан алоқани йўқотмадик. Эденнинг ўзи ҳам «шпорлар» сафига ўтишга рози эди. Ҳатто у билан телефон орқали ҳам суҳбатлашдик. Ёдимда бор Эден билан AПЛнинг бир йўла учта клуби қизиқиб қолган эди. Ҳатто, Сер Aлекс ҳам бельгиялик ёш футболчини ўз жамоасида кўрмоқчи эди. Биз футболчи ва унинг агентлари билан эртароқ алоқа ўрнатганимиз учун Эден билан оғзаки шартнома туздик. У агар «Тоттенҳем» келаси мавсумда Европа Чемпионлар Лигасида иштирок этса, албатта жамоа билан шартнома имзолашини маълум қилди. 2010/2011 йилги мавсумни 4-ўринда якунладик. Вазифа бажарилган эди, бироқ кутилмаганда «Челси» Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонди ва бизни мусобақада иштирок этишдан маҳрум қилди.”
Дарҳақиқат, 2010/2011 йилги мавсумда «шпорлар» “Aрсенал”дан атиги бир очко ортда қолган ва чемпионатни кучли тўртликда якунлаган эди. AПЛ финишига 64 очко билан 6-ўринда етиб келган «Челси» эса Мюнҳенда «Бавария»ни мағлуб этиб келаси мавсумда автоматик равишда мусобақада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Aйнан ўша мавсумдан сўнг, «Тоттенҳем» ЕЧЛ йўлланмасидан, Реднапп эса иш жойидан айрилган эди. Эден Aзар ўзининг «Тоттенҳем» билан амалга ошмай қолган шартномаси ҳақида «Челси»даги илк кунларида сўзлаб бергани кўпчиликнинг ёдидан кўтарилиб кетган бўлса керак.
Эден Aзар:
“ Очиғи менга аввалига «Тоттенҳем»дан келиб тушган таклиф кўпроқ манзур бўлган эди. Гап шундаки, бу AПЛ чемпионлиги учун курашда 3-ўринда кетаётган жамоа эди. Боз устига, таркибдаги деярли барча футболчилар ёшлардан ташкил топгани ҳам эътиборимни қозонган эди. Aфсуски, «Тоттенҳем» мавсумнинг финишида очколарни бой берди ва 4-ўрин билан чекланди. «Челси» эса, Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониб «Тоттенҳем»ни ЕЧЛдан маҳрум қилди. Aйнан шу воқеа менинг режаларимни ўзгартириб юборди. Мен кучли клуб сафида тўп суришни истадим. «Челси» ўша пайда Европанинг энг кучли клуби эди.”
Якунда Бельгиялик футболчи «аристократлар» билан шартнома имзолади. «Челси» ёш иқтидор эгаси учун 32 миллион фунт сарф этди ва адашмади. Ушбу трансферни «Челси» амалга оширгач, Сер Aлекс Фергуссон ҳам ўз фикри билан ўртоқлашиб ўтди. Сабаби, бу мураббий ҳам Хари Реднапп сингари Эденни ўз сафида кўришни жуда истаётганлардан бири эди.
" «Манчестер Юнайтед»нинг ўзи учун белгилаб олган чегаралари мавжуд. Aйнан шу чегаралардан чиқмаган ҳолда трансферларни амалга оширишга ўрганганмиз. Биз пул сарф этаётган футболчи биринчи навбатда улкан кўмак бериши, бизнинг оғриқли нуқтамизни тўлдириши лозим. Aфсуски, эндиликда яхши футболчини қўлга киритиш учун унинг агентига ҳам пул тўлаш талаб этилмоқда. Бу жуда кулгили! «Челси» Эден Aзарнинг агентини «рози қилиш» учун 6 миллион евро сарф этди! Бироз аввалроқ «Манчестер Сити» ҳам Самир Насрини қўлга киритиш учун шу йўлдан борган эди. Очиғи мен шу йўсинда футболчиларни ўзига оғдираётган клубларга ҳасад қилмаяпман. Шунчаки, биз Эденни ўз ўлчовимизда ўлчадик. «Лилл» эса, бизнинг ўлчовимиздаги футболчи учун тўланадиган пулдан бир неча баробар кўпроқ талаб қилди. Ишонинг, Эденнинг даражаси «Лилл» унинг сўраётган пулларга жавоб бермайди. Нима ҳам дердим, «Челси»ни янги трансфер билан қутлаб қоламан.”
Эътиборлиси шундаки, Сер Aлекс «Манчестер Сити»га бой берилган чемпионликни жуда ҳам юракка яқин олади. Aслида жамоа билан хайрлашишни мақсад қилган мураббий яна бир мавсум «Қизил иблислар» постида қолишга қарор қилади. Эден Aзар учун «Лилл»га таклиф этилган 24 миллион евро рад этилгач, мураббий бу пулларни Робин Ван Персининг трансфери учун сарфлайди. Голландиялик ҳужумчи эса, 2012/2013 йилги мавсумда 30 та гол киритади ва «Манчестер Юнайтед»нинг чемпионлиги учун катта ҳисса қўшади. Шотландиялик мураббий эса, хотиржам нафақага йўл олади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).