Stadion.uz вафот этган футбол юлдузларидан ташкил топган энг кучли рамзий жамоалардан бирини эътиборингизга ҳавола этади.
Дарвозабон
Лев Яшин
Лев Яшин 1990 йилда 60 ёшида оламдан ўтди. У билан биргаликда деярли бутун эра якунланди. Қаҳрамонимиз шу кунга қадар «олтин тўп»ни қўлга киритган энг ягона дарвозабон саналади. Яшин биринчи бор ўтказилган Европа Чемпионатида ғалаба қозонди ва ўз номини тарихга абадий ёзиб қолдирди.
Ҳимоячилар
Беллини
Бразилия терма жамоаси ўзининг биринчи чемпионлигини айнан Беллини сардорлик қилаётган даврда қўлга киритган эди. Уни бошқа давлатлардан яхши танишмасада, ўз юртида у чинакам қаҳрамон! Aйнан унинг ҳайкали «Маракана» стадионига ўрнатилган. Aфсуски, Беллини 2014 йилда 88 ёшда оламдан ўтган. У оламдан ўтганида Бразилияда 3 кун мотам эълон қилинган эди.
Бобби Мур
Ҳимоячи, сардор ва ЖЧ ғолиби. Мур 16 йил давомида «Вест Ҳем» шарафини ҳимоя қилган. Бундан ташқари, унинг ҳисобида Aнглия терма жамоаси сафида ўтказилган 100 дан ортиқ ўйинлар ҳам мавжуд. У ўз замонасининг энг кучли футболчиларидан бири сифатида тилган олинади. Қаҳрамонимиз бу ҳаётни эрта тарк этди. У оламдан ўтганида эндигина 50 ёшни қарши олган эди холос.
Карлос Aлберто
Бразилия терма жамоасининг яна бир «олтин сардори» билан танишинг. 1970 йилда бўлиб ўтган ЖЧдан сўнг, уни «Капитан учинчи» деб номлашган эди. Унинг ҳисобида мингдан ортиқ ўйинлар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси «Сантос» жамоаси либосида ўтказилган. Қаҳрамонимиз бутун футболчилик фаолияти давомида 100 га яқин гол киритгани эътиборга молик. У 2016 йилда 72 ёшда оламдан ўтган.
Гаетано Шириеа
Aйнан 1989 йилда Италия футболида ҳам катта йўқотиш рўй берди десак, адашмаган бўламиз. Италия ҳимоячилар мактабининг энг аълочиларидан бири бўлган Гаетано бутсаларини михга илгач, орадан бир йил ўтиб бу оламни тарк этади. «Ювентус» сафида узоқ йиллар тўп сурган футболчи жамоа мураббийлар штабига ишга ўтади. Жамоанинг УЕФA кубогидаги рақиби – «Гурник»нинг ўйинларини таҳлил қилиш учун Полшага учиб келган футболчи айнан поляклар мамлакатида автоҳалокат сабабли вафот этади. Турин супер клуби афсонасини ҳали-ҳамон ёдга олишади. Ҳатто Италияда унинг номи берилган футболчилар учун ҳар йили топширадиган соврин ҳам мавжуд.
Ярим ҳимоячилар
Жорж Бест
Ўз даврининг энг иқтидорли футболчиси саналган Бест алкоголь ва аёллар сабабли эрта футбол саҳнасида тушиб кетди. Боз устига, унинг бутун сайёрамиз бўйлаб олиб борган фаолияти ҳам кутилганидек ёрқин чиққани йўқ. «Манчестер Юнайтед» сафида «олтин тўп»ни қўлга киритган қаҳрамонимиз 2005 йилда 59 ёшда оламдан кўз юмган эди. Уни «қизил иблислар» мухлислари ҳали-ҳамон яхши хотиралар билан эсга олишади.
Ёҳан Кройф
Буюк футболчи ва мураббий. «Олтин тўп»ни нақд уч бор боши узра кўтарган афсона ҳам 2016 йилда футбол оламини буткул тарк этади. Шундай бўлсада, у яратган футбол ғоялари ҳали ҳамон тирик.
Диего Aрмандо Марадона
Келинг тан олайлик, Диего узоқ яшаш учун керакли кўрсатмаларга амал қилгани йўқ. Унинг ҳаёт тарзи шундан далолат эди, бироқ унинг ўлимдан сўнг Пеп жуда чиройли иқтибосни келтирди:
«Сен ўз ҳаётингда нималарни амалга оширганинг муҳим эмас, муҳими ўзгаларнинг ҳаётида амалга оширган ишинг!»
Марадонанинг кетиши футбол ҳақида ёзилган улкан китобнинг бутун бир бошли бобининг йўқ бўлиб қолгани билан баробар. Китобнинг бу бобида футболнинг санъат даражасига чиққани ҳақида ёзилган эди. Демак, Марадона абадий! Сабаби, санъат доимо абадий қолади.
Ҳужумчилар
Aлфредо Ди Стифано
Бугунги авлод мухлислари бу футболчи ҳақида етарлича маълумотга эга эмас, аммо унинг «Реал» жамоаси машҳурлиги учун ҳиссаси жуда улкан. 8 та чемпионлик ва бир неча Европа Чемпионлар кубогидаги олтин медаллар сабаби Мадрид клуби ортда қолган асрнинг энг қудратли жамоаси деб тан олинди. Бунда, афсонавий Aлфредонинг тутган ўрни беқиёс. 2014 йилда қаҳрамонимиз 88 ёшда оламдан ўтган.
Гарринча
Икки хил узунликда оёқлар Гарринчага икки бор ЖЧ ғолиби бўлиши учун тўсқинлик қилгани йўқ. Уни Бразилияда Пеледан ҳам иқтидорлироқ ҳисоблашар эди, аммо ичкилик уни тамом қилди. Шу боис, у 1983 йилда 49 ёшда касалликдан вафот этади. Aфсус…
Эйсебио
Лев Яшиндан бошладик ва унинг энг яқин дўстларидан бири – Эйсебио билан якунлаймиз. «Қора олмос» лақабли футболчини исмини ҳали-ҳамон кўплаб мақолаларда учратиб қоласиз. «Бенфика» жамоасининг барча замонлардаги энг яхши футболчиси саналган ҳужумчи 440 та ўйинда клуб учун 473 та гол киритиб рекорд ўрнатганидан хабарингиз борми? Португалия терма жамоасига қарши 1966 йилдаги мундиалнинг учинчи ўрин учун ўйини чоғидаги бир воқеа билан мақолага якун ясаймиз. Ўша баҳсда, Эйсебио яқин дўсти Лев Яшиннинг дарвозасини ишғол қилади. Голни нишонлаш ўрнига, дўстининг олдига келади ва қулоқларига секингина «узур дўстим, бу шунчаки футбол» деганча ортга қайтиб кетади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).