Ўзбекистон футбол ассоциацияси Мажлислар залида ЎФА мутасадди ва мутахассислари ҳамда футбол клубларининг мухлислар жамоалари етакчилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда "Мухлис кодекси" қоидалар мажмуини амалиётга жорий этиш, мухлислик маданияти бўйича мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама этилди.
ЎФА Бош котиби Аваз Максумов сўзга чиқиб, мухлислар бу - футбол клублари учун 12чи ўйинчи эканлиги, уларнинг етакчилари эса футболни чиндан севадиган ва ўз меҳнатини аямайдиган инсон эканликларини таъкидлаб, йиғилишда қатнашаётган барча фан-клуб етакчиларини ўзбек футболи ривожига қўшаётган улкан ҳиссалари учун ЎФА раҳбарияти номидан миннатдорчилик билдирди.
Мухлислар етакчиларидан жойларда мухлисларни ўзини тутиши, "Мухлис кодекси" қоидаларига риоя этишлари, ҳакамлар ва футболчиларни ноўрин гаплар билан ҳақорат этмаслиги юзасидан профилактик-тарғибот, тушунтириш ишларини олиб боришлари сўралди. Ушбу ҳолатлар футболчиларнинг руҳиятига таъсир этибгина қолмай, футболчининг ўйин ва ўсиш даражаси сустлашига олиб келишини тушунтирилди.
Шундан сўнг, ҳудудлардаги фан-клубларда мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича барча ўз-фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Шунингдек, барча йиғилган мухлислар етакчиларидан жойларда футболчилар ҳамда мухлислар ўртасида боғлиқликни вужудга келтириш мақсадида улар билан учрашувларни ташкил этиш, футболчиларни ўйин вақтида доимий равишда қўллаб-қувватлаш юзасидан тегишли тарғибот ишларини олиб бориш зарур эканлиги таъкидланди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).