1994 йилги мундиал саралаш ўйинлари якунига етаётган палла эди. Франция терма жамоаси охирги турда ўз майдонида Болгарияни қабул қилган. Дуранг мезбонларни жаҳон чемпионати финалчисига айлантирарди. Ўйиннинг энг сўнгги дақиқасида ҳам ҳисоб дуранг эди, кутилмаганда Эмил Костадинов французлар жарима майдонини ёриб киради ва кучли зарба билан ҳисобни 2:1 га етказади. Болгария — мундиал иштирокчиси. Франция эса йўқ.
Ёки японлар билан боғлиқ ундан ҳам даҳшатли драма бор. Айнан ўша ЖЧ саралаш ўйинлари давравий тизимда Қатарда ташкил қилинган. Охирги турда Япония Ироқ устидан ғалаба қозонаётганди. Ўйин тугашига 20 сония вақт қолганда Ироқ ҳисобни тенглаштиради. Оқибатда Жанубий Корея тўплар нисбатига кўра АҚШда ўтувчи ЖЧ-1994 йўлланмасини қўлга киритадилар, Япония эса тарихида биринчи марта мундиалга бориш имкониятини қўлдан чиқаради. Атиги 20 сония! Тасаввур қиляпсизми?
Йўқ, мен бу воқеаларни эслаб, футболнинг жозибасини мадҳ этиш ниятим йўқ. Исталган чемпионатнинг исталган турини олинг, бундай сценарийларни топиш қийин эмас. Юқоридаги воқеалардаги яна бир жиҳат шундаки, ўша киритилган голлар нафақат ўйинга, балки бутун бошли циклларга хулоса ясаган. Мисол учун, ўша ўйиндан кейин Франция терма жамоаси мураббийи Жерар Уилье истеъфога чиқарилди. Болгариялик мураббий эса ўрнида қолди, қаҳрамонлик давом этиб, АҚШда 1/2 финалгача боришди.
Савол туғилади, агар ўшанда, Костадинов сал қийшиқроқ тепганда тўпни, Жерар Уилье вазифасини қониқарли бажарган, тўғри кўрсатма берган, ишончни қозонган бўлармиди? Аксинча, Болгария мураббийининг айби топилармиди? Ахир қилиниши керак бўлган барча тадбирлар, чоралар, кўрсатмалар ўша Костадиновнинг зарбасигача бажарилиб бўлинганди-ку?! Нега бажарилган ишлар ҳақида баҳо берар эканмиз, ўша зарбанинг қайси йўналишда кетишига муҳтожмиз?
Аксини исботлаш қийин, бу футболчи ва мураббийларнинг қисмати, қўшиламан. Азалдан шундай. Костадинов гол урди ва мураббий ҳам унга қўшилиб қаҳрамон бўлди. Аммо гап муайян ташкилий масалаларни ҳал қилиши керак бўлган ва мавжуд тизимда ишлайдиган ташкилотнинг ишига бериладиган баҳо мана шундай майдондаги зарбаларга боғланиб қолишини тўғри, деб ўйламайман.
Ўша голда Болгария футбол федерациясининг улуши қанчалик? Агар Костадионов гол урса, демак мураббий уни тўғри танлаган, демак, федерация томонидан мураббий тўғри танланган. Бундан ташқари, федерация ўша мураббийнинг барча талабларини бажарган бўлиши ва керакли шароитларни яратиб бериши керак бўлган. Ана ўшандагина муваффақиятдан улушн бўлади. Мағлубиятдан улуш эса, қачонки ўша шароит яратиб берилмаган бўлса, шунингдек, ўша "ёмон" мураббийни танлагани учун бўлади. Чегара шу ерда.
Энди мана шу ракурсда 2011 йилга назар ташлаймиз. Умуман ўтган мавсум ҳақида фикр юритилган мажлислар, ҳисоботлар, баёнотларнинг барчаси негадир, айнан жамоаларимиз кўрсатган натижаларга жуда боғланиб қолди. Терма жамоамиз сўнгги босқичга чиқди, ҳаттоки, гуруҳда пешқадамлик қилмоқда. Олимпия терма жамоамиз ҳам сўнгги босқичда ишончли ўйин кўрсатяпти, улар ҳам гуруҳда пешқадам. Ўсмирларимиз эса Мексикада чинакамига кашфиёт бўлдилар. Улар ҳақида ҳамма гапирди. ОФК текшируви клубларимиз учун қониқарли якунланди, Осиё чемпионлар лигасидаги ўрнимиз икки баробар ошди. Яхши ишладик бу сафар. Ҳаммани табриклаймиз. Шу руҳда давом этиш керак. Стоп! Келинг, бирма бир кўриб чиқамиз.
ТЕРМА ЖАМОАЛАР
Демак, 2011 йил терма жамоаларимиз учун муваффақиятли келди. Шу баёнот ва қарсаклар билан хулоса ясаб бўладими? Йўқ, албатта. Федерациянинг ушбу соҳадаги вазифалари чегараси аслида анча кўпроқ. Хўш, мабодо Шимолий Кореяни юта олмай қолганимизда, йўл қўйилган хатолар топа олмасмидик? Албатта, топардик. Айтайлик, Англия футбол федерацияси терма жамоа мағлубиятидан кейин бош мураббийни истеъфога чиқаради, тамом. Ҳеч нарсани тубдан ўзгартиришга муҳтож эмас, чунки мураббийга барча шароит муҳайё қилинган. Жавобгарлик чегараси фақат ўша мураббий феноменининг қанчалик мос танланганида тугайди. Бизда унақа эмас, тўғрими?
Жамоаларнинг эришган натижалари ҳақида футболчилар, мухлислар, мураббийлар хурсанд бўлаверсин. Хўш, 2011 йилда қандай шароитлар яратиб берилди? Биласизми, шароит дегани бу — нафақат ички муаммоларни ҳал қилиш, балки кенг миқёсда тизимли тайёргарлик режалар мажмуасидир. Клублар ва бошқа мураббийлар ичида Вадим Абрамовни қирол қилиб сайлаб, нима деса муҳайё қилиш билангина, терма жамоада зўр шароит, деб мақтаниб бўлмайди. Бу терма жамоа штабининг қайсидир йўналишдаги ютуғи, холос. Биламизки, бошқа йўналишлар ҳам бор, масалан, музокаралар. Ушбу йўналишдаги муаммолар қай тарзда ечилди?
Июнь ойининг бошида Хитой ва Украина терма жамоалари билан ўртоқлик ўйинини ўйнадик. Бири биз учун дунёнинг бу, иккинчиси нариги чеккасида. Натижада, ҳар икки ўйинда ҳам мураббий оптимал таркиб вариантларини синаб кўра олмади. Россияда ўйнайдиганлар Хитойга бора олишмади, "кореялик" легионерларимиз эса Киевга келишмади. Пировардида, биз терма жамоамизнинг ҳақиқий юзини кўра олмадик, мураббийларнинг "ҳаммаси фақат назорат учун амалга оширилаётгани" ҳақидаги изоҳ билан тугади, холос. Ўшанда мен ҳам, легионерларни ҳар икки учрашувга тўлиқ жалб этиш хато экани ҳақида ёзгандим. Чунки шароит шуни тақозо қилганди, чунки шароитнинг ўзи яхши эмасди. Айтайлик Киевдаги ўйиндан кейин, Тошкентда учрашув ташкил қилишнинг иложи топилмади. Ўшанда таркиб янада мукаммалроқ кўринишга келарди. Демак — бу минус.
Черногория ҳам оёқ тагидан чиқиб қолганди. Эсингизда бўлса, Япониядаги фалокатлар туфайли учрашув қолдирилди, натижада ўртоқлик ўйинига ўтказишга эришдик. Хўп. Вазиятдан фойдаланиш ҳам натижа, аммо қани бу ерда мукаммал режали ҳаракатлар? Августдаги ФИФА кунидан ҳам фойдалана олмадик. Тақвимнинг ноқулай келиб қолгани, руминлар Тошкентга келишга рози бўлмагани ва ҳоказо. Бизга нима кераги бу сабабларнинг? Ҳар қандай муваффақиятсиз ҳаракатнинг ортида барибир ўша инсоннинг ўзига боғлиқ бўлмаган сабаб чиқади доим. Инсон ҳар доим сабабларни ташқаридан излайди, албатта, ташқи муҳитдан топилади ҳам. Лекин бу тажриба бўладими? Ахир кейин ҳам инсон ташқи муҳитга таъсир қила олмайди-ку, тўғрими? Демак, агар терма жамоамиз мағлубиятга учраганда келтиришимиз мумкин бўлган омиллар етарли. Гейнрихнинг зарбаси омадли чиқиб қолгани ушбу хатолар ҳақида гапиришимизга тўсқинлик қилмаслик керак.
Олимпия терма жамоамиз Австралияда гол ўтказиб юбориши мумкин эди. Вадим Абрамов чиқиб, мағлубият сабаби сифатида Австралия биздан бир кун кўп дам олганини рўкач қилиши ҳам мумкин эди. Биз ҳам ОФКни сўкардик, ҳақли бўлардик, балки. Аммо гап ким ҳақ эмаслигида эмас, мавжуд шароитлардан максимал фойдаланишда. БАА билан ўйинни олдинроққа суриш имкониятимиз бор эди. Бунга ҳаракат ёздаёқ бошланиши керак эди. Аммо биз умуман бу билан ишимиз бўлмади, ҳаракат бошланганда эса кеч бўлганди.
ПФЛ
Фарҳод Магомедов охирги йиғилишлардан бирида қизиқ фактни ҳавола қилди. Атиги 14 учрашув муддати кўчиртирилган экан, журналистлар эса нуқул ваҳима қилар эканмиз. 14 та бу жуда озку?
Озми?
Келинг, солиштирамиз. Англияда АПЛнинг 20-тури ортда қолди. Ҳозирча, қолдирилган ўйинлар сони 1 та: "Тоттенхэм" - "Эвертон". Италияда учта ўйин қолдирилди, Испанияда 2 та ўйин муддати ўзгартирилди. Уларда 20 тадан жамоа иштирок этиши ҳисобга олсак, демак 14 та кўп. Футболи ривожланган давлатлар билан солиштираётганим, бироз эриш туюлаётгандир. Лекин бу ерда гап фақат сонда эмас, сабаб ҳам муҳим рол ўйнайди. Италиядаги ўйинлар об-ҳаво туфайли бошқа кунга кўчирилди, Англияда эса Лондондаги тартибсизликлар халақит берди. Яъни ҳеч қайси манба об-ҳавонинг ёки тартибсизликларнинг қачон ва қаерда бўлишини олдиндан айтиб беролмайди.
Лекин ПФЛ ўйинларини ўзгартирган сабаблар ўтган йили эълон қилиб бўлинганди. "Насаф"нинг ОФК кубогида қатнашиши ҳам, терма жамоа йиғинлари ҳам бизга олдиндан маълум эди. Хўш, ўн тўртта ўйин нега қолдирилди? Агар вазиятга мана шу ракурсдан қарасак, ўн тўртта кўп эмасми? Умуман қолдирилмаслиги керак эдику, аслида?
Айнан мана шу боши берк кўчалар футболчиларнинг турли терма жамоаларга жалб қилинишига ҳам таъсир қилди. Терма жамоамизнинг икки муҳим ўйини орасида "Насаф" ва "Пахтакор" беллашди. Ўз ўзидан оғзаки келишувлар кўпайиб кетади, вазиятнинг таъсирини камайтириш мақсадида ушбу жамоаларнинг футболчиларига "тегилмайди". Агар натижа кўнгилдегидек бўлмаганда, бу хатолар ҳам юзага чиқармиди? Чиқарди, албатта!
Бир тарафдан ПФЛ терма жамоаларга кенгроқ имконият бераётгандек, ўйинлар кўчирилади, футболчиларнинг йиғинларга жалб қилинишига шароит яратилади. Аммо масалага тубдан ёндошсак, бу шунчаки, ниқоб. Ҳақиқий шароит эса систематик ёндошув ва мотивация орқали бўлади. Мисол учун, Шквирин "Олмалиқ"да ёш футболчиларга эътибор қаратди, жамоа ўзагини уларга ишонди. Эвазига нима олди? Йўқ, мен йил охирида унга бериладиган қанақадир совринни айтмаяпман. Нима олди? Шогирдларини олимпия терма жамоасига асоссиз олиб кетаверадик, бу эса "Олмалиқ" натижаларига бевосита таъсир кўрсатди, тўғрими? "Агар МТЖга футболчи жалб қилинса клуб ўйини кўчириш бўйича мурожаат қилишга ҳақли, ОТЖга жалб қилинса, ҳақли эмас" дейилади китобларимизда. Шквирин нима қилади келаси йили? Ёш футболчилардан фойда йўқ экан, яхшиси легионерларни олиб келаман, дейди, тўғрими? Ҳақ бўлади! Биз ўзимиз мураббийларни боши берк кўчага қамаймиз-да, эртага уни ёшларга эътибор қаратмасликда, легионерларни олиб келишда айблаб чекловлар қўямиз.
ЖЧ-2012
Колумбияда нотинчлик бўлгани туфайли 1986 йилдаги жаҳон чемпионати улардан олиб қўйилган ва Мексикага берилган. Бу сафар нотинчлик Японияда, аммо ЖЧ биздан олиб қўйилиб, уларга бериляпти. Парадокс.
Умуман бу вазиятга тобора кириб борар эканмиз, кўплаб парадоксларга дуч келамиз. Нимадир яширилаётгандек, нимадир охиригача айтилмаётгандек. Моника хоним келиб, Ўзбекистон ҳақида тўлқинланиб гапиради, муаммо йўқ. Вакилларимиз ФИФА хузурига боришади ва расмий сайтда ФИФА ҳаракатларимизни юқори баҳолагани ҳақида хабар чиқади. Муаммо йўқ. Лекин "ба-бах!" ва ЖЧ Японияда.
Мен кўп ўйлайман, ЖЧ мезбонлиги учун курашадиган давлатлар заявкалари ҳақида. Деярли ҳаммасида минимум талаблар бажарилган бўлади, тўғрими? Яъни ўша номзодларнинг ҳар бири бемалол ЖЧни ўтказишга қурби етади. Хўш, танлов қанақа бўлади?
Масалан, оддий "презентация"ни олайлик. 5-10 дақиқалик клипга хайъат аъзолари катта эътибор қаратишади. Бутун бошли давлат наҳотки битта клипни эплаб тайёрлай олмайди? Йўқ, айнан мана шу клиплар, ташкилотчиларнинг ғоялари, нима биландир ҳайрон қолдириш истаклари бирламчи бўлади кўпинча. Ўша майда талабларнинг бажаришдаги муносабат ўша давлатнинг мусобақага бўлган муносабатини ифодалайди. ФИФАни ЖЧ учун стадион ва меҳмонхонанинг ўзи эмас, айнан дунёни ҳайрон қолдириш истаги жалб қилади кўпинча.
Бизнинг стадионларимиз тайёр эмасди, инфратузилма фақат футбол соҳасининг иши эмас ва ҳоказо. Бўлмаган гап! Биз ЖЧни ўтказиш учун минимум талабларни бажариб бўлгандик. Стадионлар, меҳмонхоналар ҳал қилинганди деярли. Нега олиб қўйишди? ФИФАга айнан бизнинг ЖЧга бўлган муносабатимиз ёқмади. ФИФА ўз эгидаси остида ўтказиладиган мусобақага панжа ортидан қарашларини истамайди. Тўғри қиладиям-да! Жаҳон чемпионатининг ташкил қилинишнинг энг биринчи талаби бу — ЖЧ ўтказиш ташкилий қўмитасини тузишдир. Ҳатто шугина талаб ҳам бажарилгани йўқ эди, шу пайтгача. Стадионлар тайёр. Меҳмонхоналар бор эди, ўртоқлар. Ташкилий қўмита йўқ эди. Билишимча, ФИФА ёздаёқ бизга мактуб юборган ва агар ташкилий ишлар мана шу тарзда давом этадиган бўлса, турнир олиб қўйилиб, бошқа давлатга берилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган экан. Олиб қўйишди ҳам. Демак...
Ютуқларимиз ўзимизники. Бардавом бўлсин. Лекин бу ғалабаларда тасодифнинг улуши қанча, аслида шу ғалабаларга лойиқмизми, аслида шу ғалабага мос ҳаракатлар амалга оширилганмиди? Мана шу жиҳатлар ҳақида кўпроқ гаплашайлик. Ўшандагина, бизнинг тўрт йиллик меҳнатимиз қандайдир Костадинов ёки Абдураҳмоннинг зарбасига осилиб қолмайди.
Саломат бўлинг!
Қаҳрамон АСЛАНОВ
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).