Россиянинг sports.ru сайти мақоласида айни шу фикр илгари сурилди: «Элдор Шомуродов «Рома»га Жозе Моуриньо туфайли ўтди. У Дидье Дрогбани ёқтиради, Жозе йўлга қўйган тизимда эса Диего Коста ва Фернандо Торрес услубида ҳаракатланади». Демак, қуйида Россия ОАВда ҳамюртимизга бағишлаб ёзилган катта таҳлилий мақола мазмуни билан танишиб чиқамиз.
Евгений Савин июль ойи бошида ўз каналига Элдор Шомуродовдан олган интервьюни жойлаштирди. Муаллиф суҳбат давомида «Женоа» ҳужумчисидан «Рома»нинг янги бош мураббийи Жозе Моуриньо рўйхатига киритилгани ҳақида эшитган-эшитмагани тўғрисида сўради. «Эшитмадим, рост гапиряпман, - дея тан олди Элдор. - Лекин яхши клуб сафига қўшилишдан чўчимайман. Нималарга қодирлигимни амалда кўрмоқчиман. Ўзимни синаб кўрардим, албатта». Видеомақола берилганидан бир ой ўтгач, Шомуродов «Рома» футболчисига айланди. 7 август куни эса римликлар либосида биринчи голини урди, тўғри, италияликлар «Бетис» билан ўртоқлик учрашувида 2:5 ҳисобида мағлубиятга учрашди.
Бунга қадар Элдорнинг РПЛ юлдузига айлангани, «Женоа»га ўтгани, Италиядаги биринчи мавсуми, шунингдек, «Рома»га трансфери ва ҳаттоки, ҳужумчининг паловга муҳаббати ҳақида ёзганмиз. Энди эса унинг нега айнан Рим клуби сафига қўшилгани ва Жозе Моуриньо жамоасида ниманинг ҳисобига ўйнаб кетиши мумкинлигини таҳлил қилишга уриниб кўрамиз. Аввало, айтиш керак, Элдор ва «Женоа» манфаатлари бир-бирига тўғри келди. Шомуродов топ-клубга ўтмоқчи эди, «Женоа» учун эса, футболчини қайта сотиш - фойдали. Италия футболининг асосий инсайдери Жанлука ди Марцио олдинроқ Нобель Арустамянга «Женоа» Шомуродов билан деярли тасодифан шартнома тузганини айтганди. Клуб президенти Энрико Прециози аслида таркибда Марио Балотеллини кўришни хоҳлаган, аммо спорт директори Даниэле Фажано ва бош мураббий Роландо Маран (иккиси ҳам ўтган мавсум давомида клубдан кетди) бунга қарши чиқишган. Қисқаси, Маран бошқа ҳужумчи топишни сўраган. «Фажано агент Габриэле Жюффрида (у «Женоа»да ўйнаган Кшиштоф Пентек билан ҳам ишлайди) билан бирга мураббийга Шомуродовни кўрсатди», - деди ди Марцио. - Шунда Маран рози бўлди, чунки унинг учун Балотеллини сотиб олишни хоҳлаган президентни ортда қолдириш муҳим эди». Албатта, келишув Прециози розилигисиз амалга ошмасди, барибир. Ди Марционинг айтишича, «Женоа» президенти жуда ақлли бизнесмен ва Шомуродовни кўргани заҳоти дарҳол қарор чиқарган - «Бўлди сотиб оламиз». Яъни Прециози футболчини 7-8 миллионга харид қилиш ва 1-2 йилдан кейин 20-25 «лимон»га сотиш мумкинлигини тушунган. «Агар Прециозига кўпроқ пул таклиф этилса, у ҳамма нарсани сотади, ҳаттоки, ўз оёғини ҳам...», - дея ҳазиллашганди Жанлука ди Марцио.
Шомуродов учун Италия варианти идеал эди. У РПЛга элит лигага тайёргарлик йўли сифатида қаради. «Қатар ва Хитойдан таклифлар тушганди, лекин у ерларда фақат пул ишлаш мумкин, - деганди Элдор интервьюларидан бирида. - Мен эса футболчи сифатида ривожланишни хоҳлайман, ҳар доим Европага интилганман. Агар Италияда ўйнасанг, сени бутун дунё кузатаётганини билиб турасан». Шомуродов «А» сериядаги дебют мавсумида 8та гол урди ва Маттиа Дестро (11та гол)дан кейин Жанлука Скамакка билан бирга «Женоа»нинг иккинчи тўпурарига айланди. La Gazzetta dello Sport Элдорни мавсумнинг энг яхши футболчилари рўйхатида 85 -ўринга қўйди. У жумладан, Ханданович, Брозович, Эриксен, Кьеллини, Шесни ва Мертенс каби номдор футболчилардан олдинга жойлашди. «Италия футболи ўйлаганимдан ҳам қийинроқ экан, лекин ўз танловимдан мамнунман. Фақат энг кучлиларга қарши ўйнаш асносида ўсишингиз мумкин. Асосийси, «Женоа»да ўзимни қулай ҳис қиляпман», - деди Шомуродов май ойида Corriere dello Sport газетасига берган интервьюсида. Мураббий Давиде Баллардини ҳам янги футболчини мақташни пайсалга солмади: «У чиройли ва самарали ўйнайди. Машғулотларда ўзига хос хусусиятлари борлигини англадим. Фақат мослашиши керак, ахир бутунлай бошқа футбол оламидан келди, лекин потенциали катта». Клуб спорт директори Франческо Маррокко эса манфаатли келишувга шайланди: «Бу жамоа учун зўр топилма, истиқболи катта футболчи. Албатта, Элдорни сотиб олганимиздан жуда хурсандмиз». Қишдаёқ Шомуродовга «Ювентус»нинг қизиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалди ва ҳужумчининг ўзи чорловга тайёрлиги айтди: «Туринда ўйнаб, ўз салоҳиятимга баҳо бериш - бундан ҳеч нарса йўқотмайман. Рақобатдан чўчимайман, аксинча, у менга ёқади». Элдор билан ишлайдиган ProSports Management компанияси президенти Герман Ткаченко эса, «Женоа»ни бежиз танлашмагани, бу клубдан тезда юқорига кўтарилиш имконияти катталигини таъкидлади: «Генуяликлар футболчи сотишни яхши биладилар, осон сотадилар, айниқса, ҳужумчиларни. Трансфер пайти буни алоҳида таҳлил қилгандик».
Прециози «Женоа»ни 2003 йили сотиб олган. Генуяликлар ортда қолган 18 йил давомида чиндан ҳам, жуда кўп ҳужумкор футболчиларни трансфер қилишди. Энг кўп маблағни Кшиштоф Пентек келтирди - атиги 6 ойда қиймати деярли 8 баравар ошди. Польшалик ҳужумчини «Краковия»дан 4,5 миллион еврога сотиб олган клуб уни «Милан»га 35 миллион эвазига жўнатди. «Женоа» жорий ёз «Висла»нинг эркин агент мақомини олган собиқ ҳужумчиси, 18 ёшли Александер Букса билан шартнома тузди. Унинг кейинги тақдирини осонгина башорат қилиш мумкиндек.
Эҳтимол, Шомуродовнинг «Рома»га ўтишига Моуриньо асосий сабабчидир. Бунда Элдорга қисман омад кулиб боқди. Агар Жозе Рим жамоаси бошқарувини қўлга олмаганида, унинг «Рома» сафига қўшилиши қийин эди. Бу ерда кўп нарса бир-бирига мувофиқ келди - португалияликка ўзига хос хусусиятларга эга ҳужумчи керак эди, Шомуродов эса айнан Жозе қўл остида ўйнашни орзу қиларди. «Моуриньога нисбатан меҳрим қаердан? Ҳаммаси оддий - у биринчи рақамли, - деди Элдор жорий йил январда La Gazzetta dello Sport нашрига берган интервьюсида. - «Челси» мухлисиман, Дидье Дрогба эса, мен учун намуна ва энг севимли футболчилардан бири». Шунингдек, Герман Ткаченко ҳам Моуриньони яхши билади, Роман Абрамович билан алоқалари туфайли, албатта. Агент вақтида бизнесменга «Челси»ни сотиб олишда ёрдам берди, кейин Эрнан Креспо, Адриан Муту, Хуан-Себастьян Верон, Самуэль Это~О трансферларида воситачилик қилди. Шундай экан, Ткаченко учун Шомуродовни ўз кумири билан таништириш, кейин уни португалиялик мураббийга тавсия этиш муаммо эмасди. «Герман мени Моуриньо билан учрашув ҳақида огоҳлантирмаганди, - дея эслайди Шомуродов 2019 йилнинг ёзида Жозе билан танишганини. - «Сюрприз» ҳозирлаганди. Стол атрофида ўтиргандик, қўққисдан Моуриньо кириб келди. Аввалига кўзларимга ишонмадим, кейин саломлашиб, бироз гаплашдик. Жозе Осиё кубоги ўйинларини шарҳлаганди. Ткаченко унга чемпионатда қатнашганим ва голлар урганимни айтди. Моуриньо эса барчасини биларди». Ткаченконинг Савинга берган маълумотларидан парча: «Жозе» «Тоттенхэм»да ишлаётганида, қўнғироқ қилиб, bench-option (захира) ролига ҳужумчи қидираётганини айтди. Шунда унга ўзи Осиё кубогида кўрган йигитни эслатдим. Биз олдинроқ у ҳақда гаплашган ва кейинчалик учрашгандик ҳам. Лондонликлар скаут юборишди, баъзи ҳаракатлар бошланди. Бироқ натижасиз - Элдор ўша пайт жиддий жароҳат туфайли гол уролмаётганди. Қисқаси, қандайдир эътибор йўқ эмасди, лекин моҳиятан олганда, дўстона суҳбат. Муҳими, мавриди келса, Шомуродов ҳақида яна гапириб беришимиз, уни эслатишимиз ва бу фойдамизга ишлашини тушундик». Афтидан, Моу энди Элдорни эслади ва Италияда ишлаши шубҳаларни йўқ қилди - «Рома» Россиядан борган футболчи эмас, балки «Женоа»нинг энг яхши тўпурарларидан бири билан шартнома тузди.
«Беназир» Шомуродовнинг тўпсиз ишлашини қадрлайди ва уни янада кучайтиради. «Рома» бош директори Тьяго Пинто ўзбек ҳужумчиси Моуриньо услубига мос келишига шубҳа қилмаяпти: «Элдор - катта салоҳиятга эга ҳужумчи. У чиндан ҳам, ўзига таниш лигада ўйнаб, «Рома»да бўй кўрсатмоқчи. Бу истаги, шунингдек, ўйинчилик фазилатлари Жозе Моуриньога мос». Хўш, Пинто айнан қайси фазилатларни назарда тутмоқда? Моуриньо учун ҳужумчининг ҳимоявий (ҳимояда ёрдам бериш) ва қарши ҳамладаги ҳаракатлари муҳимдир. Кўпинча Моуриньо жамоаси рақибларни майдоннинг ўзига тегишли ярми ёки марказий ҳудудда қарши олади, баъзида юқори босим уюштиради. Меҳнаткашлик - Моуриньо тизимидаги ҳужумчининг энг муҳим сифати. Бу борада Шомуродов у учун идеал ижрочи. Элдор босим ўтказиш нуқтаи назаридан, ҳаттоки, бутун «А» серия фонида ҳам ажралиб туради. Унинг фаоллиги асосан майдоннинг рақибга тегишли қисмидаги босимга тўғри келади. Тўғри, шу жойда айтиш керак, «Женоа» тўпга кам эгалик қилади (лигада атиги 18-кўрсаткич), шунинг учун босим ўтказиш учун имконият кўп бўлди. Жамоа рақибларни олдинда кутиб олмайди, бироқ майдоннинг ўзига тегишли ярмида ўта фаол. «Женоа» бу борадаги босим бўйича 2-натижани қайд этди.
Иккинчи омил - Шомуродовнинг ўйин вақти. У «А» сериянинг 31та ўйинида қатнашди, лекин атиги 16 марта бошланғич таркибда тушиб, 4та учрашувдагина 90 дақиқа ўйнади. Бирор марта қаторасига 2та ўйинда тўлиқ ҳаракатланмади. Шомуродов кучли ҳимоявий фазилатлар ва меҳнатсеварликсиз босим бўйича рейтингда бу қадар юқори натижа кўрсатолмасди. Лекин таъкидлаш керак, унга белгиланган вақт бор куч билан ўйнашига имкон бергани ҳам айни ҳақиқат. Ҳа, Элдор «Рома» таркибидан ҳам бирдан мустаҳкам жой олмайди, шундай экан, юқори босим масаласидаги фаолликни сақлаб қолиши мумкин. Ўзбекистонлик ҳужумчи бу борада чиндан ҳам, лиганинг яширин юлдузи. Айтганча, Элдор шунчаки, тер тўкиш билан чекланмайди, самара чиқаришни ҳам яхши билади - 90 дақиқаликка тўғри келадиган тўп олиб қўйиш уринишлари сони бўйича лига ҳужумчилари орасида энг яхши кўрсаткичга эга (1,56та). Балки бунда ҳужумчига Валерий Карпиннинг 3-5-2 чизмасида ўнг қанотда ўйнагани қўл келгандир.
Умуман, Шомуродовнинг меҳнаткашлиги - фақат ҳимоя учунгина плюс эмас. Элдорнинг «А» серияда урган 8та голидан 2таси индивидуал босим самарасидир. У мавҳум вазиятларда босим уюштириш имкониятини олдиндан сезди ва рақибларини танг аҳволда қолдирди. Айниқса, «Аталанта»га қарши ўйини ёрқин чиқди. Хусусан, Руслан Малиновскийнинг бамайлихотир узатмасига дарҳол реакция билдирди, гарчи рақибнинг икки ҳимоячиси тўпга яқинроқ турган бўлсада. Умуман, унинг вазифаси - ишлов пайти босим ўтказиш. Шу орқали Берат Гимшитидан тўпни тортиб олди ва ажойиб якун (узоқдан дарвозанинг чап бурчагига зарба). Шомуродов босим борасида ҳаттоки, бутун лига даражасидан ҳам баланд. Бунинг исботи рақамларда ҳам, муайян вазиятлардаги ҳаракатини таҳлил қилишда ҳам кўринади. Ҳа, футболчи кўп тер тўкади, муҳими, оқилона тарзда. Жозе эса буни қадрлайди, албатта. Унинг тизимида юлдузларга кўп юк тушади, лекин қоидага кўра, бу ролда қанот футболчилари кўзга ташланишади (Эден Азар ёки Криштиану Роналду мисол). Қисқаси, португал ҳужумчиларни жамоа учун ишлашдан озод қилмайди, ҳаттоки, суперюлдузларни ҳам. «Моу қўл остида ишимнинг энг муҳим қисми - бу тўпсиз ўйнаш, уни олиб қўйишга уриниш. Албатта, гол ураман, ассистентлик қиламан, лекин ҳимояда ишлашдан ҳам завқланаман», - дея тан олганди Гарри Кейн.
Иккинчи муҳим жиҳат - ўтиш вазиятларидаги ҳаракат. Моуриньо ҳужумдан ҳимояга кўчиш жараёнида футболчилар ҳаракатига кўп эътибор қаратади. Унинг фикрича, айнан шу лаҳзаларда ғалаба ёки мағлубият масаласи ҳал этилади. Балки замонавий футболда бу қараш унчалик аҳамиятли эмас, лекин муҳим, барибир. Кенг маънода айтсак, Жозе бундай лаҳзаларда ҳужумчи функциясини ўзгартиради - «жамоага босимдан чиқишда ёрдам бериш». Бу ишни турли усулда бажариш мумкин. Дидье Дрогба тўп назорати орқали босимни пасайтиришда беназир эди. У узун узатмадан кейин тўпни маълум вақт ушлаб туриб, шерикларига ҳужумга қўшилиш имконини яратарди. Ивуариялик футболчи бу масалада ўз даврининг тенгсиз ижрочиси эди. Кейн ҳам худди шу функцияни ўзига хос тарзда бажарган (тўпни ушлаб туриш баробарида уни айлантириб, вазиятни кескинлаштиришга уринарди). Аммо минимал вазифа - тўпни ушлаб туриш. «Баъзи ўйинларда асосий вазифам тўпни ушлаб туриш эди. Айниқса, жамоа босим остида қолганида. Тўпни берма ёки жарима зарбаси ишла, токи, бошқалар ҳужумни қўллаш учун келишга улгуришсин», - дейди Гарри. Шомуродов бу ишни сифатли бажариш учун дарвозага тескари турган ҳолда яхши ўйнашни ўзлаштириши керак. Лекин унда иккинчи вариант бор - португалиялик таъбири билан айтганда, «рақиб ҳимоясини чўзиш». «Диего Костада мен қадрлайдиган фазилатлар кўп - чидам, ҳаракатчанлик, босимни юқори нуқтага кўтариш, яна «рақиб ҳимоясини чўзиш». Коста ҳимояни «чўзиб», бўш ҳудудга чиқади ва тўп талаб қилади. Бу жамоага рақиб босимидан чиқиш имконини беради», - деб кўп такрорларди Моу.
Мақсад битта - жамоа босим остида қолса, ёрдам бериш. Бу Жозе ҳужумчисининг энг муҳим вазифасидир. Аммо Коста мисоли шуни кўрсатадики, барчасини очиқ ҳудуд таъминлаш орқали ҳам уддалаш мумкин. Шунда тўп ҳужумчи эмас, балки бўш зонага чиққан футболчига узатилади. Натижа бир хил - жамоага тезкор ҳужум имконияти берилади. Шомуродов «очилиш» қобилияти билан қайсидир маънода Костага ўхшайди. Энг муҳим фазилат - тезкорлик ва вақтида тезлик олиш. Элдор услуб жиҳатидан Дрогба эмас, Фернандо Торресга ўхшайди. Яъни ҳимоячилар ортида яхши «очилади», шунинг ҳисобига босим пайти ёрдам бериши мумкин. Шомуродов «Женоа»да асосан ҳужум жуфтлиги вакили сифатида ҳаракатланди, шунинг учун тўпни олиш учун ортга кўпроқ чекинди ёки ҳимоячи ортида «очилди». Моу эҳтимолки, ундан иккинчи ҳаракатга урғу беришини сўрайди.
Элдор энди Моуриньо қўл остида барчасида янада яхшироқ бўлиши мумкин. Мана, Ромелу Лукаку гапларига эътибор қаратинг: «Моуриньо менга жамоа учун яхшироқ ишлашни ўргатди. Бу - босим ўтказиш ва очиқ ҳудуд топиш. Кейинчалик унинг Гарри Кейн билан ҳам шундай ишлаганини кўрдим». Идеал ҳолатда Моуга икки восита керак - жарима майдони томон юриш (Коста хислати) ва тўпни дарвозага тескари ҳолда ушлаб туриш (Дрогба хислати). Албатта, ҳар қандай ҳужумчи бир йўналишга мойил бўлади, иккисини мужассамлаштириш эса ниҳоятда фойдали. Шомуродов «А» серия даражасида битта жиҳатда чинакамига яхши - дарвоза томон юриш. Элдорнинг вақтида «очилиш» хусусияти эса, позицион ҳужумларда қўл келиши мумкин. Умуман олганда, Моу тизимидаги позицион ҳамлаларда ҳужумчи зиммасига тушадиган вазифалар ноаниқ. Мураббий ўйиннинг бу йўналишида кам ишлайди, шунинг учун кўп нарса ижрочиларнинг табиий мойилликларига боғлиқ. Агар позицион ҳужумларга эҳтиёж сезилса, Моуриньо ижодкор ўйинчиларнинг индивидуал ҳаракатига таянади. У бундай футболчи ролини тушунади ва ҳимояга бироз путур етса ҳам, уни таркибга киритиш йўлини топади. Бунда ҳужумчи олдига аниқ талаб қўйилмаслигини ҳисобга олсак, йўқ жойдан гол уриш қобилияти - катта бонус. Яна бир муҳим жиҳат шуки, Моуриньо жамоаларида қанотлардан тўп узатиш ўрни катта, бундай вақтда жарима майдони ичида ҳаракатланиш муҳим - Шомуродов бу борада анча малакали.
Шомуродовни Жеко ўрнига олишмади, лекин боснияликнинг кетиши - кўпроқ ўйнаш учун имконият. Ўтган мавсум «Рома» асосан 2 нафар марказий ҳужумчига таянди - Эдин Жеко ва Борха Майораль. Мураббий Пауло Фонсека ротациядан кенг фойдаланди ва иккиси майдонда деярли тенг вақт ўйнади. Жеко барча турнирларда 2419 дақиқа (38та ўйин, 26таси бошланғич таркибда, 13та гол) ҳаракатланган бўлса, Майоралга 2302 дақиқа берилди (45та ўйин, 26таси бошланғич таркибда, 17та гол). Шомуродов ротация учун олинди - ҳужумнинг учинчи вакили. Функционал жиҳатдан у ва Жеко ҳамда Майораль ўртасида фарқ бор. Демакки, Моу қўшимча танловга эга бўлади. Жеконинг кетиши эса, Элдорнинг таркибга кириш имкониятини оширади. «Рома» яна бир ҳужумчи билан шартнома тузади, албатта. Лекин ҳар ҳолда, Жеконинг кетишидан айнан Шомуродов ютади.
Моуриньо жамоасида асосий ҳужумчи +20та гол уриши керак. «Рома» мураббийи шунинг баробарида ҳужумчиларга фақат голларга қараб баҳо бермайди: «Худбин ҳужумчилар муаммоси шуки, улар гол уролмасалар, ўзларини майдонда йўқдек ҳис қилишади. Ҳужумчиларнинг яна бир тоифаси бор - гол урмаган тақдирда ҳам, катта роль ўйнашади. Мисол учун, Гарри Кейн ёки Уэйн Руни. Бу йигитлар жамоага ҳужумни якунлашдан кўра, кўпроқ наф келтиришади».Тўғри, Жозе суперҳужумчилар учун асосийси гол эканлигини ҳам кўп бора таъкидлаган. Умуман, у деярли ҳар доим ўз жамоасида жамоавий иш ва гол уришни бирлаштирган футболчига эга бўлган. Шомуродов - меҳнаткаш ҳужумчи, португалиялик уни тезда севиб қолади. Эҳтимол, Элдор учун ҳаммаси ротацион ўйинчи ролида бошланар, муҳими, унда Моу футболида ўсиш имконияти етарли.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).