Футболда машҳур чарм тўп усталари жуда кўп. Улар ўз ўйинлари орқали мухлислар қалбидан жой олган. Бироқ, улар жуда машҳур бўлиб, кўпинча баъзи мухлислар учун ажойиб нишонга айланади. Бу энг аввало, очиқчасига ахлоқсиз ҳаракат қиладиган одобсиз футболчиларга тегишли, шунинг учун уларни мухлислар муносиб танқид қилишади. «Stadion.uz» нашри қуйида турли сабабларга кўра футбол ишқибозлари нафратланадиган 10та футболчи ҳақида маълумот беради
10-ўрин: Лионель Месси
«Барселона» собиқ сардори рўйхатга ўнинчи бўлиб кирган. Шубҳасиз, Лионель Месси – тарихдаги энг яхши футболчилардан бири. Аргентина билан Америка кубоги соврини, 6та «Олтин тўп» ва бутун дунё бўйлаб миллионлаб мухлислар бор. Аммо, муваффақият ва шон-шуҳратнинг салбий томони бор - душманлик ва ҳасад. Албатта, Месси, юмшоқ қилиб айтганда, Роналдунинг ашаддий мухлисларига ёқмаслиги табиий, лекин...
2010 йилда футболчи «Олтин тўп»ни қўлга киритди. У овоз беришда жаҳон чемпиони Андрес Иньеста ва Чемпионлар лигаси ғолиби Уэсли Снейдерни катта фарқ билан ортда қолдирди. Баъзиларнинг фикрича, у 2012 йилда ҳам асоссиз France Football совринини қўлга киритган. Ушбу ҳолатлар Мессини кўпчилик мухлислар ёқтирмаслигига сабаб бўлган.
9-ўрин: Златан Ибрагимович
Кўпчилик ёқтирмайдиган кейинги футболчи - Златан. Швецияликда Мессига ўхшаш ҳолатлар учрамаган, лекин у майдонда ва ундан ташқарида бошқа шов-шувли ҳаракатлари билан машҳур бўлди. Очиғини айтганда, Златаннинг барча ҳийла-найранглари сонини ҳисоблаб бўлмайди: У қўпол ва баъзида рақибга қарши шафқатсиз ўйнади, кўпинча жамоадошларини ҳам аямади, ҳакамларга нисбатан ҳурматсизлик қилди.
Ҳар томонлама камчиликсизман деб ўйлайдиган швед, ўзини энг яхшиси деб билади ва ҳатто ўзини бир неча бор худо деб ҳам атаган. Қолаверса, Ибрагимович кўплаб клубларни ўзгартирди ва Италиянинг учта гигант клуби таркибидаўйнашга муваффақ бўлди. Лекин, Златан ҳеч қачон собиқ жамоасига қарши урган голларини нишонлашдан тортинмасди. Ва футбол оламининг бошқа одамлари ҳақидаги фикрлари билан Златан бир неча бор ўзига нисбатан нафрат уйғотишга сабаб бўлган. Масалан, у Мессини бўйи пастлиги учун гном, Гвардиолани болалар мураббийи деб атаган. Ва бир марта, Лига 1 мусобақасида мағлубиятга учрагач, у Францияни «ахлоқсиз мамлакат» деб атаган. Бу сўзлар учун у ҳатто дисквалификация қилинган ва кечирим сўрашга мажбур бўлган.
8-ўрин: Марио Балотелли
«Адана Демирспор» ҳужумчиси Марио Балотелли ҳам профессионал фаолиятида жуда кўп ғалати ишларни амалга оширди. «Манчестер Сити»да ўйнаганда шериклари билан бўлган жанглари орқали эътиборга сазовор бўлган. Бир пайтлар Балотелли ҳатто жамоа бош мураббийи Роберто Манчини билан ҳам даҳанаки жанг уюштирган.
Лекин бу ҳаммаси эмас. Бир марта «шаҳарликлар» базасида Марио клубнинг ёшлар жамоаси футболчиларига тош отишни бошлади, хайриятки, ҳеч ким жабр кўрмади. Аммо Марионинг ўзи аҳмоқлиги учун юз минг фунт жаримага тортилди. Ҳа, ҳужумчи ўз голлари билан мухлисларни бир неча бор хурсанд қилган, бироқ ўша пайтда уларни ноўрин ҳаракатлари билан ғазаблантирган.
«Интер»да таркибида «Рубин»га қарши ўйинда кулгили четлатилиши билан эсда қолган, ўшанда Жозе Моуриньо Балотеллига иккинчи сариқ карточкани олмасликни шунчаки ёлворган. «Милан» ва «Ливерпуль»да эса ҳужумчи спиртли ичимликларга берилиб, тез-тез спорт режимини бузарди. Бироқ, буларнинг барчаси италиялик ўзини Лионель Мессидан кейин дунёнинг энг яхши футболчиси деб ҳисоблаши мухлисларнинг наздида ошиб тушган.
7-ўрин: Луис Суарес
«Атлетико» ҳужумчиси ўзининг ғалати ҳаракатлари билан, эҳтимол дунёнинг барча қитъаларидан келган мухлисларни ўзига қарши қилиб қўйди. Ҳеч бўлмаганда Африкада уни ёмон кўришади, чунки Уругвай-Гана учрашувидаги Луиснинг қўли қора қитъа жамоасини тарихда биринчи марта Жаҳон чемпионати плей-офф босқичига чиқишига тўсқинлик қилди.
Футболчи ўзининг ўткир тишлари билан ҳам машҳур, чунки у «Аякс»да ўйнаб, ПСВ яримҳимоячиси Отман Баккални тишлаб олди. «Ливерпуль» сафида тўп тепганда, у «Челси» яримҳимоячиси Бранислав Ивановични тишлаб олди. 2014 йилги жаҳон чемпионатида эса Италия терма жамоаси ҳимоячиси Жоржио Кьеллини «таъми»ни тотиб кўрди.
Шунингдек, Суарес Патрис Эврада ирқчиликда ҳақоратлагани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган.
6-ўрин: Серхио Бускетс
«Барселона» ўйинчиси ўзининг кулгили «театр томошаси» билан, футбол мухлислари ичида мемга айланиб туради.
Серхио Бускетс нафақат яримҳимоядаги ишончли ўйини, балки ажойиб симуляциялари билан ҳам машҳур. Албатта, баъзида у ҳакамни алдашга муваффақ бўлади, лекин кўпинча «Барса» яримҳимоячиси очиқчасига ошириб юбориб, мухлислар кулгусига ва ғазабига учраган.
Бускетс ҳакамдан рақиблари учун сариқ ёки қизил карточка сўраш учун кўплаб ҳийла-найрангларга мурожаат қилади, бунинг учун испан футболчиси мухлислар томонидан жиддий танқидларган учраган.
5-ўрин: Диего Коста
Ўз ролини моҳирона бажара оладиган симуляция ва провокацияни севувчи. «Атлетико Мадрид» собиқ ҳужумчиси Диего Костани у ўйнаган клублардан ташқари, барча жамоа мухлислари ёмон кўришса керак. Бразилияликлар ҳам Костани кўрган кўзи йўқ, чунки у ўз терма жамоасида ўйнашни хоҳламаган ва Испания таклифини қабул қилган.
Футбол майдонида ўзини ҳурмат қиладиган одам қилмаслиги керак бўлган ҳамма нарсани Коста амалга оширади. Футболчи майдонда эмас, балки жанг майдонида ҳаракат қилаётгандек тасаввур уйғотади. Рақибларни тишлаш, юзига уриш, рақиб билан даҳанаки жанг уюштириш ва шундан кейин ҳакамдан бошқа футболчини жазолашини сўраш - бу иллатларнинг барчаси Диего Костада бор. Шуниси эътиборлики, ҳужумчи ўзининг ишини муваффақиятли уддалай олади ва гол уради ва бу орқали рақибларни ҳам, уларнинг мухлисларини ҳам ғазаблантира олади.
4-ўрин: Пепе
Португалиянинг «Порту» клубини ҳимоя қилаётган Пепени бу рўйхатга оддийгина киритиб бўлмади. Ўзининг энг яхши йилларида, ўзининг қўполлиги ва жаҳлдорлиги орқали ном қозонган. Португалиялик Диего Коста билан бир хил, фақат ундан ҳам қўполроқ.
Рақибларга қарши шиддатли ўйин, доимий провокациялар ва симуляциялар, ҳаддан ташқари тажовузкорлик ва ўзини оқлаш - бу Пепенинг ўйин услубининг ўзига хос хусусиятлари. 2012 йилда «Реал Мадрид» кубок учрашувлари доирасидаги «Барселона»га қарши бўлган ўйинда португалиялик Лионель Мессининг қўлини атайлаб босиб ўтди. Аммо бундан олдин - 2009 йилда футболчи бундан ҳам ёмонроқ ҳаракат қилди: «қаймоқранглилар»нинг марказий ҳимоячиси «Хетафе» ҳужумчиси Хавьер Каскерони ўз жарима майдончасида йиқитди, шундан сўнг у ётган рақибига нисбатан жуда ёмон ҳаракатларни бошлади. Албатта, ўзининг хатти-ҳаракати учун ҳимоячи нафақат мухлисларнинг норозилиги ва ҳурматсизлиги, балки ҳакамларнинг ранг-баранг карточкаларини ҳам олди. Каскерога нисбатан ўйин учун эса 10 ўйинлик дисквалификацияга лойиқ кўрилди.
3-ўрин: Неймар
Учинчи ўринни «ПСЖ» вингери Неймар эгаллайди. Бунга етарлича сабаб бор. Биринчидан, кўпчилик футбол мухлислари Неймарнинг ўз имиджига эътибор қаратишини ёқтирмайдилар: соч турмагининг доимий ўзгариши ва ижтимоий тармоқларда ҳаддан ташқари фаоллик. Бу кўпчиликнинг фикрига кўра, шунчаки эркакка хос эмас. Аммо мухлисларни бундан ҳам безовта қиладиган нарса ўйинчининг ҳаракатлари, чунки Неймар сўнгги йилларда аста-секин симуляцияларнинг ҳақиқий қиролига айланди. Жаҳон чемпионатида эса бу тенденциялар ўзининг энг юқори чўққисига чиқди. Шунингдек, футболчининг ўзига хос интевьюлари, масалан, Мессининг соясида қолишни истамаслиги ва шу сабаб «Барселона»ни тарк этгани ҳақидаги сўзлари ҳам ўйинчини бўяб қўймайди. Лекин ҳамма Неймарни Каталонияни тарк этишга мажбур қилган бошқа сабаблар борлигини яхши тушунади.
Бразилиялик футболчининг шуҳратпарастлиги ва ундан ҳам кўпроқ пул топиш истаги уни жуда зерикарли Франция чемпионатига келишига туртки бўлди. Ўтган ёз Мессининг Парижга келиши эса вазиятни янада чигаллаштиради. Нима деб ўйлайсиз, Неймар «ПСЖ» яна тарк этадими?
2-ўрин: Серхио Рамос
Собиқ«эл-капитано» иккинчи ўринни эгаллади. Серхио Рамос «Реал»да ўйнаб юрган пайтларида, ўзининг қўполлиги орқали ажралиб турарди.
«Реал Мадрид»нинг собиқ сардори жуда ғалати характерга эга ва уни тез-тез футбол майдонида кўрсатади. Испаниялик қоида бузарлиги билан бирга, симуляциядан ҳам фойдаланади. Шунинг учун ҳам Серхио фаолияти давомида 25тагача қизил карточка олишга муваффақ бўлган.
Шунингдек, 2018 йилги Чемпионлар Лигаси финалида «Ливерпуль» ҳимоячиси Муҳаммад Салоҳга нисбатан жуда кескин тарзда ўйнагани ва уни ўйин тугамасидан лазаретга жўнатганини кўплаб мухлислар эсидан чиқармаса керак.
Ўтган ёзда Рамос «ПСЖ»га ўтди. Баъзи хабарларга кўра, испан футболчиси Парижда ҳам ўзини худди сардорлардек тутиши орқали танқидга учраган. Кузатамиз, Рамос янги клуби сафида ҳам шундай ўйнай олармикан?!
1 -ўрин: Криштиану Роналду
Айтиш мумкинки, португални Мессининг барча мухлислари ёмон кўришади. Бундан ташқари, Криштиану Роналду ҳаддан ташқари ўзини ҳурмат қилишда ҳам айбланади, шунингдек, у ҳақида ёмон миш-мишлар тарқалган.
Футбол майдонида ҳужумчи кўпинча ўта худбинлик қилади. Унинг 11 метрлик зарбаларга бўлган муҳаббати уни «пенальти» лақаби билан билан аталишига сабаб бўлган. Ўйин кўникмаларига эга бўлган Криштиану баъзида симуляция қилиши билан ҳам эсда қолган.
Буларнинг барчасидан ташқари, мухлислар португалияликнинг ўзига бўлган ишончидан ва унинг ақл бовар қилмас муваффақиятидан ғазабланишади. Аммо, бу ҳолат 5 та «Олтин тўп» эгасини фақатгина хурсанд қилади. Роналдунинг сўзларига кўра, унга нафратланадиган одамлар керак, чунки бу унга куч беради ва фақат янги ютуқларга ундайди.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).