Жорий мавсумни сардор сифатида бошлаган ва “Арсенал”нинг сўзсиз етакчиларидан бири бўлган габонлик ҳужумчи Пьер-Эмерик Обамеянг энди нафақат елкасидаги боғичдан, балки майдонга тушиш имкониятидан ҳам маҳрум бўлди. Африкалик футболчи охирги марта ўтган йилнинг 6 декабрь куни Англия Премьер-лигасининг 15-турида “Эвертон”га қарши (1:2) омадсиз ўйинда 5 дақиқа майдонга тушганди.
Обамеянгнинг муаммолари “канонирлар” лагерида тартиб-интизомни жиддий бузганидан кейин бошланди. Африкалик футболчи бош мураббий Микель Артетага касал онасини кўриш учун бир неча кунлик таътил сўради. Унинг қайтиш санаси аниқ белгиланган эди, аммо Обамеянг фақат эртаси куни Covid-19 протоколларининг бир қатор талабларини бузган ҳолда пайдо қайтиб келди. Қўшимча карантин чоралари туфайли Пьер-Эмерик “Арсенал”нинг яна бир нечта машғулотларини ўтказиб юборишга мажбур бўлди.
Охир-оқибат, “Арсенал” раҳбарияти ва бош мураббийи Обамеянгнинг ғалати ҳаракатларига тоқат қилишни тўхтатиш вақти келди, деб қарор қилди, айниқса габонлик жамоа сардори ва ҳозирги пайтда таркибда етарлича бўлган ёш футболчилар учун ўрнак кўрсатиши керак деган фикрга келишди.
“Биз футболчиларимиздан, айниқса сардоримиздан ўрнатган ва келишиб олган қоидалар, ҳамда стандартларга мувофиқ ҳаракат қилишларини талаб қиламиз”, - дейилади лондонликлар баёнотида.
Обамеянгнинг қоидаларни бузган ҳолда, у Уилям Галлас ва Гранит Жакадан кейин сардорлик боғичидан маҳрум этилган “Арсенал”нинг АПЛдаги учинчи футболчиси бўлди.
Ҳозирча футболчининг келажаги ҳақида қарор қабул қилинмаган. Аммо, шуни ҳам таъкидлашимиз керакки, 32 ёшли ҳужумчининг спорт формаси майдон ташқарисидаги хатти-ҳаракатларидан кўплаб танқидларга сабаб бўлмоқда. Қолаверса, футболчи ўтган йилнинг 30 октябридан 2 декабригача “Арсенал”нинг асосий таркибида бешта ўйинда майдонга тушди, бироқ битта ҳам фойдали иш қилмади. Бор-йўғи иккита сариқ карточкани олишга муваффақ бўлди. Ажабланарлиси шундаки, “канонирлар”нинг кам сонли мухлислари ҳозирда Обамеянгнинг асосий жамоада йўқлигидан ҳафсаласи пир бўлган.
“Арсенал”даги Обамеянг атрофидаги ҳозирги вазият Лондонда германиялик Месут Ўзил билан юзага келган вазиятга жуда ўхшайди. Аммо, футболчи обрўсини тиклай олмади ва бир йил олдин у туғиллган мамлакати, Туркиянинг “Фенербахче” клубига эркин агент сифатида қўйиб юборилди. Афтидан, “Арсенал” мураббийи ҳам Обамеянгнинг ғалати ҳаракатларига чидашдан чарчаган ва якуний қарорни амалга оширди.
“Мен ҳар куни қарор қабул қилиш учун ишлайман, уларнинг ҳар бири тўғри бўлиши керак. Менинг асосий мақсадим клубни муваффақиятга етаклаш, ўйинчиларни ҳимоя қилиш ва майдонда максимал натижаларга эришишдир”, - деди Артета Обамеянгнинг “Арсенал”даги келажаги ҳақида сўралганда.
Бир томондан, энг яхши формада бўлмаган Обамеянгни йўқотиш жамоа натижаларига катта таъсир кўрсатмаса, иккинчи томондан, “Арсенал” ҳужумда асосий икки футболчини йўқотиш хавфига дуч келмоқда. Габонликдан ташқари, шартномаси муддати тугайдиган Александр Ляказетт ҳам Лондонни яқин орада тарк этиши мумкин, чунки клубнинг футболчи билан ҳамкорликни узайтириш таклифи французга мақул келмади. Бу икки ҳужумчининг кетиши “канонирлар”га жиддий зарба бериши мумкин, чунки ёшлар улар билан майдонда тажрибали футболчилар иштирок этмаса, юқори натижаларга эриша олмаслиги мумкин.
Бироқ, Артетанинг эски “Арсенал”ни қайта қуришдан бошқа иложи йўқ ва бу ёш жамоа бўлади, унда Обамеянг каби пенсия ёшидаги футболчиларга жой йўқ.
“Ўйлайманки, “Арсенал” ҳали ҳам шартнома тугашига 18 ой қолган Обамеянгни сотишга ҳаракат қилмоқда. Пьер-Эмерик ҳафтасига 350 минг фунт ишлаб топади ва агар Месут Ўзилдагидек вазият такрорланмаса, унга янги клуб топиш жуда қийин бўлади. Обамеянг Артета учун ҳозир керак бўлмаган футболчи, чунки у жамоани қайта қуриш бўйича жиддий лойиҳани ўз зиммасига олиши керак ва бу концентрация катта қарорларни қабул қилишни талаб қилади”, деди яқинда Англия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Алан Смит.
“Арсенал” сўнгги пайтларда ҳақиқатдан ҳам ажойиб формага тушди. Обамеянг таркибда бўлмаган пайтдан бери улар кетма-кет бешта ўйинда ғалаба қозонди, шундан тўрттаси Премьер-лигада. Фақатгина феноменал “Манчестер Сити” янги йилнинг биринчи кунида Лондон клуби устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Букайо Сака, Эмиль Смит-Роу, Габриэль Мартинелли - бу ёш иқтидорларнинг барчаси “канонирлар” мухлисларига Артета жамоасининг келажаги борлигига умид бахш этади. Ёшлар натижа беришга қодир бўлган вазиятда, кекса футболчилар жамоага керак бўлмайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу вазиятдан чиқишнинг битта йўли бор - Обамеянгни январь ойидаги трансфер ойнасида сотиш. Аммо, 32 ёшли футболчи учун маълум миқдорда товон пули беришни ҳоҳлайдиган, ҳатто ҳафтасига камида 350 минг фунт маош бермоқчи бўлган клублар борми? Матбуотда Саудия Арабистонидан “Ал-Ҳилол” клубидан таклиф борлиги ҳақида гап бор, аммо форварднинг ўзи у ерга боришни истамаяпти. “Сент-Этьен” ва “Ньюкасл” ҳақидаги миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўринади, чунки футболчи клубнинг амбицияларига тўғри келмайди ва фақатгина “Ньюкасл” уни ижарага олиши мумкин, “Арсенал” эса бунга рози бўлиши мантиқий эмас.
Обамеянг учун “Барселона”га ўтиш лотереяда миллион ютиш билан баробар. Ҳа, ҳозир “кўк-анорранглилар”га форвард керак, аммо инқирозли вазиятда ҳатто Жоан Лапортадек таваккалчи ҳам габонликларга ишонишга журъат эта олмайди. Шундай қилиб, мавсум охиригача Пьер-Эмерик катта эҳтимол билан “Арсенал”да қолади, у ерда Артета уни кечириши ва яна ўйнашига рухсат бериши ёки захирада футболчисига айланиши мумкин.
Жамшиджон Маҳмудов таржимаси.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).