"Челси" футболчиси Жон Оби Микел жамосанинг Европа чемпионлар Лигасида мувафаққиятли иштирок этишига ва Премер-лигада кучли тўртликдан ўрин эгаллашига ишонмоқда.
Микелнинг таъкидлашича, жамоасининг Премер-лигада 4-ўринни қўлга киритиши учун ҳали имконият бор ва 21 апрель куни "Эмирейтс" стадонидаги ўйин Европа чемпионлар Лигасига йўлланма берувчи сўнгги ўрин масаласига узил-кесил ойдинлик киритади.
"Арсенал" ва "Тоттенҳэм" жамоаларини ҳам бир қатор қийин учрашувлар кутиб турибди, шунингдек, "канонирлар" биз билан ўйнаши керак. Хўш, ўша учрашувда нима бўлишини ким билади? – дейди "Челси" футболчиси. – Бугунги кунда яхши спорт формасидамиз ва буни уддалай олишимизга ишонаман. Биз шундай давом этишимиз керак".
"Ҳеч ким Европа Лигасида ўйнашни хоҳламаяпти ва биз топ мусобақада иштиро этишни истаймиз, зеро, бизнинг жамоада чемпионлар Лигаси футболчилари бор. Пастки ўринларни эгаллаш истагидан йироқмиз ва мувафаққият учун ҳамма нарса қилишимиз шарт".
Хабарингиз бор, "Челси" ҳозирча ЕЧЛдаги Англия шарафини ҳимоя қилаётган ягона клуб бўлиб турибди.
Чемпионлар Лигасидаги режалар ҳақида ҳам сўралганида Жон Оби Микел май ойида "Allianz Arena"даги финал баҳсида иштирок этиб, мувафаққият қозонишига ишонишини айтиб ўтди:
"Эшитиб олинг: Биз чемпионлар Лигасида ғалаба қозона оламиз. Бизда бугун "Бенфика" билан ўйинда ғалаба қилиш учун имкониятимиз бор ва ҳар қандай жамоа билан баҳслашишга тайёрмиз".
"Барселона", "Бавария", "Реал" Мадрид – уларнинг барчаси ажойиб жамолар ва улар билан ўйнаш қийин бўлиши аниқ, лекин биз ғолиб бўлишни хоҳлаймиз. Бунинг учун энг аввало, биз бугунги ўйинда Бенфика жамоасини мағлуб этишимиз шарт", - деди футболчи.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).