Тан оламизми йўқми, клублар футболи терма жамоаларникидан анчагина юқорида туради. Ундаги воқеалар, эмоциялар ва чемпионлик учун кечадиган кураш барчани бирдек маҳлиё қилади. Европанинг ҳар қандай клуби Чемпионлар лигаси кубогини қўлга киритишни орзу қилади. Аммо бу орзуни амалга оширган жамоалар саноқлигина. Сиз ва биз билган кўплаб футболчилар Европанинг нуфузли турнирида умуман муваффақиятга эриша олмаган. Эътиборимизни Европа Чемпионлар лигаси кубогини бирор марта ҳам боши узра кўтармаган афсонавий 7 та футболчига қаратсак.
7.Эрик Кантона
"Манчестер Юнайтед"да 4 ярим мавсум ўйнаган Кантона ахийри 1996/97 йилги Чемпионлар лигасида финалгача борадигандек кўринганди. Бироқ негадир ўша пайтда "қизил иблислар" учун Европа майдонларида 1та гол уришдан кўра АПЛ да 10та гол уриш осонроқ эди. Финал йўлида Дортмунднинг "Боруссия"сига мағлуб бўлган 30 ёшли Кантона шу йилнинг ўзида футболчилик фаолиятига якун ясади. 1998/99 йилги мавсум финалида "Манчестер Юнайтед" "Бавария"дан устун келди. Собиқ жамоасининг чемпионликка эришган йили 32 ёшида бўлган Эрик эрта якунлаган фаолияти учун ҳали ҳамон афсусланса керак.
6.Фабио Каннаваро
Зидан калла қўйган кечани эсласангиз керак. Айнан ўша кечада Италия жаҳон чемпионига айланган эди. 2006 йил Каннаваро учун омадли келди. Жаҳон чемпионлиги, “Олтин тўп” ва йилнинг энг яхши футболчиси дея тан олинган Фабиога Европа чемпионатларида унчалик ҳавас қилиб бўлмасди. Каннаваро фаолияти давомида 3та топ клубнинг (“Реал Мадрид”, “Интер”, “Ювентус") шарафини ҳимоя қилди. 2003 йилги Чемпионлар лигаси ярим финалида Милан шаҳрининг икки жамоаси тўқнаш келди. Меҳмонда киритилган гол эвазига ғалабани илиб кетган "Милан" клуби ҳамшаҳарларини қаттиқ аламда қолдирганди ўшанда.
5. Денис Бергкамп
Фаолияти давомида "Аякс" ҳамда "Арсенал" каби гранд клубларда тўп сурган нидерландиялик афсона ҳеч қачон Чемпионлар лигасини юта олмаган, бироқ бунга жуда-жуда яқин келган. Дениснинг орзулари ушалиши учун 2005/2006 йилги мавсумда "Барселона"ни мағлуб этиш кифоя эди. Аммо ҳар қандай жамоани ваҳимага солган ўша пайтдаги "каталонияликлар" ғалабани қўлдан бой бермади. Аламли мағлубиятдан сўнг Бергкамп фаолиятини якунлашга қарор қилди.
4.Роберто Баджо
Яна бир афсонавий футболчи Баджио шубҳасиз футбол оламида жуда кўп совринларга эга бўлган. Аммо унинг коллекциясида Чемпионлар лигаси кубоги йўқ эди. Роберто "Ювентус" сафида Европа лигасида зафар қучган, бундан ташқари "Милан" таркибида А серия чемпионига айланган.1993 йилда “Олтин тўп” совринига лойиқ деб топилган саноқли футболчилар қаторига қўшилган Баджо энг савияли турнирда "Интер" билан бир маротаба чорак финалгача етиб келган холос.
3. Жанлужжи Буффон
Италиянинг энг яхши дарвозабони Жанлужжи Буффон ҳам қанча уринмасин "шалпангқулоқ кубок"ни юта олмаган. Буффон "Ювентус" сафида 3 бор Чемпионлар лигаси финалини бой берган. Мақсадига эриша олмаган Жанлужжи охири тақдирга тан берди. Ҳозирга келиб фаолиятининг илк йилларидаги қадрдон жамоаси "Парма" шарафини ҳимоя қилмоқда.
2. Златан Ибрагимович
Тепса тебранмас Златан бир қатор клубларда ҳавас қилса арзигулик натижаларга эришган. "МЮ" сафида Европа лигаси, "Барселона” сафида эса УЕФА суперкубогини қўлга киритган. Айнан "кўк-анорранглилар" билан Европа Чемпионлар лигасининг ярим финалигача етиб келгани, унинг мақсадига эришиши учун энг яқин келгани бўлди. Швециялик ҳужумчи ҳозирда 41 ёшга қараб кетябди. Шунга қарамасдан ҳамон юқори формада ўйин кўрсатиб, жамоасининг ғалабаларига ўз голлари билан ҳисса қўшмоқда. "Милан" клубининг ажралмас бўлаги бўлиб улгурган атлетнинг ҳали бери фаолиятини тугатиш нияти йўқдек.
1. Роналдо Назарио
“Эл фонамено” ҳам юқоридаги футболчилар каби Европа чемпиони бўлмаган десак кулгили туюлса керак. Аммо бу факт. “Олтин тўп”нинг энг ёш совриндори, 2 карра жаҳон чемпиони бўлган Роналдо фақатгина бир марта "Реал Мадрид" сафида ярим финал остонасига етиб келган. Албатта бундай бўлишига жароҳатлар ва шунга ўхшаш бошқа бир муаммолар сабаб бўлган. Бироқ афсонавий Назарио бу темир кубокнинг ёрдамисиз ҳам бутун дунё тан олган буюк футболчи ҳисобланади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).