Суарес "Атлетико"дан хафа бўлди. Аслида нима бўлган?
16 май куни ҳужумчи Луис Суарес Мадриднинг “Атлетико” клуби билан хайрлашди.
"Мухлисларга, "Атлетико"нинг ҳар бир ходимларига ва мен билан бирга бўлган жамоага чексиз миннатдорчилик билдираман!" деб ёзди 35 ёшли футболчи ижтимоий тармоқда.
"Атлетико" Суарес билан шартнома узайтиришдан бош тортди ва бунинг сабаби оддий. Футболчида ёш билан боғлиқ муаммо бор. У фаолиятининг юқори чўққисини босиб ўтган. Бу мавсум Суарес Чемпионлар лигаси ва Ла Лигада 45 ўйин ўтказиб, 15 гол ургани кўп нарсадан далолат беради. Бироқ, Луиснинг жамоадан кетиш ҳикояси жуда ёқимсиз бўлган. Уругвайлик клубдан кетганидан сўнг бу ҳақида батафсил айтиб берди.
"Мен "Атлетико"да фаолиятимни давом эттирмоқчи эдим, лекин улар менга кетишим кераклигини айтишди. Бу 15 май куни, расман эълон қилишидан бир кун олдин содир бўлди. Бу ҳақда бош мураббий билан гаплашдимми? Йўқ, биз Диего Симеоне билан бу масалани муҳокама қилмаганмиз. Спорт директори Антонио Берта билан кетиш масаласи муҳокама қилинганми? Йўқ.
Клубнинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори мавсумдаги сўнгги ўйин олдидан ҳамкорликни тўхтатгани ҳақида менга хабар берди. У клуб мен билан янги шартнома имзолашни режалаштираётганини айтди. Бунга жавобан мен шундай дедим: “Хўш, ҳеч бўлмаганда кимдир мен билан бу борада гаплашдими?!”. Мен ҳеч нарсани билмасдим. Улар мени эртароқ огоҳлантиришлари керак эди”.
Менинг келажагим? Ҳозир ҳеч нарса ҳақида ўйлаганим йўқ. Айни дамда пул ҳақида эмас, жаҳон чемпионатига юқори спорт формасида бориш ҳақида ўйлаяпман. Фаолиятимни Европа, Мексика, Бразилия, Аргентина каби мамлакатлар чемпионатида давом эттиришим мумкин, лекин ҳозир бор эътиборимни Қатардани мундиалга қаратганман”, - деди уругвайлик футболчи Испаниянинг Cadena SER нашрига берган интервьюсида.
Албатта, Суареснинг “Атлетико”даги келажагини тахмин қилиш мумкин эди. Аммо негадир футболчи ҳеч нарсани ўйламади. Балки у ёзда шартномани узайтириш бўйича музокаралар олиб боришига ва улар муваффақиятли якунланишига умид қилгандир. Аммо ундай бўлиб чиқмади.
Бироқ нима бўлган тақдирда ҳам “Атлетико”нинг ҳаракатларини оқлаш қийин. Суареснинг кетиши сўнгги кунларда маълум қилинган. Бу худди футболчини улоқтириб юборгандек эди. Шу сабаб, уругвайлик футболчининг хафа бўлганини тушунса бўлади.
Суареснинг келажаги ҳали аниқ эмас. Луис карьерасини бошқа қитъада давом эттиришга тайёр, аммо барибир унинг учун Европа устувор вазифа бўлиб қолади. Футболчи ўз хизматларини "Барселона"га таклиф қилди. Уругвайлик футболчи маошларни сезиларли даражада камайтиришга тайёрлигини ҳам билдирди. Лекин Каталония клуби раҳбарияти ҳам Суаресга рад жавоби берди. "Барселона" президенти Жоан Лапорта Луиснинг “кўк-анорранглилар”га керак эмаслигини айтди. Албатта, бу тажрибали ва ўз амбицияларига эга футболчи жиддий зарба.
Катта эҳтимол билан Суарес фаолиятини “Барселона” ва “Атлетико”дан пастроқ клубда давом эттиради. Ҳатто кучли бешли чемпионати иштирокчиси бўлмаган жамоа билан ҳам шартнома имзолаши мумкин. Уругвайлик ҳужумчига Туркиянинг “Фенербахче” клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Шунингдек, унинг “Ливерпуль”даги собиқ шериги Стивен Жеррард ишлаётган “Астон Вилла” номи ҳам тез-тез қулоққа чалинмоқда. Қолаверса, "Севилья" ва "Интер" ҳам Суаресга қизиқиш билдиргани айтилмоқда.
МЛС вариантини ҳам эсдан чиқариб бўлмайди. "Интер Майами" клуби эгаси ҳисобланган афсонавий Дэвид Бекхэм футболчини жамоасига таклиф қилмоқда. Дэвид бундай тажрибали футболчини жамоасида кўришни исташини бир неча бор таъкидалаган. Аммо АҚШ, Хитой ёки Қатар чемпионатига ўтиш Суарес учун қизиқ эмас. Юқорида тилга олинган интервьюда уругвайлик футболчи келаси мавсум фаолиятини Европада, ҳеч бўлмаганда Жанубий Америкада давом эттиришни истаётганини айтди.
Луис Суарес дунёдаги энг таниқли футболчилардан бири. Аммо йиллар унинг фаолиятига ёмон таъсир ўтказди. Уругвайлик футболчи ҳамон эркин агент ҳисобланади. У карьерасини қаерда давом эттиши мухлислар учун қизиқ. Суареснинг "Атлетико"дан кетиши жуда ачинарли якунланди. Луи ахлоқий томонлама шерикларига намуна бўла олмаслиги мумкин, лекин у бундай муносабатга лойиқ эмас эди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).