«Ливерпуль» анчадан буён футбол оламида ўта ақлли ва фойдали харидлар амалга ошириши билан ҳаммани қойил қолдириб келмоқда. Бунда Юрган Клоппнинг катта таъсири мавжуд, албатта. Бугунги маълумотлар 2016 йил, Юрген Клопп «Ливерпуль»да иш бошлаганидан то ҳозирга қадар бўлган пайтда инглиз топ-клубларининг сарф-харажатларига бағишланади. Албатта, бу пулларнинг ҳаммаси трансферларга сарфланган. Демак, бошладик.
«Манчестер Сити» – 967 миллион фунт
2008 йилга қадар бу клуб дейлари ҳеч қандай каромат кўрсата билмаган. АПЛда эса «чекка-чекка»да юрарди. Аммо ўша йили «Abu-Dhabi United Group» жамоани сотиб олади. Ҳаммаси шундан кейин бошланади. Клуб 2016 йилдан бери, атиги 6 йиллик давр ичида 1 миллиард фунтга яқин маблағни трансферлар учун сарфлади. Хусусан, ўтган ёзда АПЛ чемпионлари 121 миллион фунтга футболчи сотиб олган эди. Биргина Жек Грилиш учун эса 100 миллион фунтдан воз кечилган. 2016 йилдан бери «шаҳарликлар» учун бу борада энг юқори кўрсаткич 2017-18 йилги мавсум бўлиб қолмоқда. Ўша пайтда 285 миллион фунт янги фақатгина харидлар учун кетган.
«Челси» – 912 миллион фунт
Кейинги поғонада «Челси» туради ва бу табиий. Чунки рус-исроил миллиардери Роман Абрамович жамоани сотиб олгач, ҳаммаси ўзгариб кетганди. Собиқ хўжайин даврида ҳеч нарсадан пул аялмади ва бу ўз самарасини берди. 2016 йилдан бери икки мавсумда 200 миллион фунтдан кўпроқ пул, фақатгина трансферлар учун ажратилганди. Ҳозир эса «Челси»ни америкалик шахс сотиб олган. Унинг даври эса қандай бўлишини ҳеч ким билмайди.
«Манчестер Юнайтед» – 830 миллион фунт
«МЮ»нинг бу борадаги ишлари жуда қизиқ. Масалан, клубнинг тарихдаги энг қиммат харидларининг олтитасидан бештаси, айнан 2016 йилдан кейин сотиб олинган. Бу рўйхатда Поль Погба етакчилик қилади (89 миллион фунт). Кейинги поғонанани эса ўтган ёздаги трансферлардан бири Жейдон Санчо банд этган. Унинг нархи 76 миллион фунтга тенг эди. «МЮ» шунча маблағ сарфлаётган бўлса ҳам, жамоада ўсиш кўринмаяпти.
«Арсенал» – 692 миллион фунт
«Арсенал»нинг 2016 йилдан бери сарфлаган пуллари, унинг АПЛдаги ўрнини ҳам акслантиради. Яъни, жамоа титул учун курашадиган даражадаги харидларни амалга оширмаган. Аммо ўтган ёзда клуб, ўз тарихидаги энг кўп маблағни айнан трансферларга сарфлади. 150 миллион фунт Бэн Уайт (52 м.), Мартин Эдегор (31 м.) ҳамда Аарон Ремсдейл (25 м.) каби муҳим футболчилар учун ишлатилганди. Қолаверса, 2019-20, 2017-18 йилги мавсумлар ҳам «Арсенал» учун қимматга тушган. Ўшанда жамоа, мос равишда 144 ва 137 миллион фунт-стерлингни айнан трансферларга ишлатган.
«Тоттенхэм» – 518 миллион фунт
Одамлар орасида нимани эксанг, шуни ўрасан, деган гап бор. Мана, нима учун «Тоттенхэм» 2008 йилдан буён соврин юта олмаяпти. «Шпорлар» учун 2016 йилдан бери энг катта пул сарфлаш 2019-20 йилги мавсумда, 133 миллион фунтни ташкил этади. Шунга қарамай, клуб бошқа гигантларга доимо рақобат туғдира олган.
«Ливерпуль»нинг ўзи ҳақида
Юқорида мерсисайдликларнинг асосий рақиблари ҳақида гапирдик. Хўш, ўзларининг даражаси бу борада қандай? 2015 йилнинг сўнггида «Ливерпуль»га олиб келинган Клопп, ҳозиргача 557 миллион фунтни футболчилар учун тикди. Бу миқдор қўшимчалар билан 600 миллиондан сал ошади. Шундай қилиб, Юрген Клопп «Арсенал»дан сал камроқ, «Тоттенхэм»дан эса озгина кўп маблағ сарфлади. Бироқ, немис мутахассиси бошчилигидаги жамоа 2016 йилдан буён бешта титулни қўлга киритди. Улар ичида ЕЧЛ ва АПЛ чемпионлиги бор. Мана, нима учун юқорида «Ливерпуль»ни «ақлли харидлар устаси» дегандик!
ИСМАТОВ Ж.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).