Аксарият футбол мутахассислари Лионель Мессини Аргентина тарихидаги энг яхши футболчи, деб ҳисоблайди, аммо “ПСЖ” футболчисининг ўзи эса кумири Диего Марадонани тарихдаги энг яхши футболчи эканлигини айтади. “Бир миллион йил ўйнаган бўлсам ҳам, ҳеч қачон Марадонага яқинлаша олмайман. Мен буни хоҳлаганимдан эмас, у энг буюк футболчи бўлгани учун шундай фикрдаман”, – дейди Лео. Марадона Аргентина терма жамоаси мураббийи сифатида Мессига устозлик қилган бўлса-да, улар ҳеч қачон бирга футбол ўйнамаган.
Бироқ дунёда беш нафар футболчи борки, Месси ва Марадона билан бир жамоада тўп тепишга муваффақ бўлган. Диего ўзининг сўнгги ўйинларини “Бока Хуниорс” сафида ўтказган бўлса, Лео 2000 йиллар бошида терма жамоага жалб қилинган эди.
Лео Месси ва Диего Марадонанинг ҳар иккиси ҳам барча даврларнинг энг яхши футболчиси номига даъвогар – иккаласининг ҳам эришган ютуқларига тан бермасликнинг иложи йўқ. Аммо икки буюк аргентиналик билан расмий ўйинларда майдонга тушишга муваффақ бўлган футболчилар бор эди.
Уларнинг барчаси Диего билан “Бока”даги фаолияти якунида, Лео билан эса Аргентина терма жамоасида бирга фаолият юритган.
Хуан Роман Рикельме
Марадона билан 1997 йилда “Бока Хуниорс”да, Месси билан Аргентина терма жамоасида 2005-2008 йиллар
Рикельме фаолиятининг бошида Марадона билан атиги бир нечта ўйин ўтказган – Диего аллақачон аввалги даражасидан пастга тушган эди. Улар биргаликда “Аргентинос Хуниорс” билан тўқнаш келишди ва 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Ўша ўйиндан сўнг ҳар иккаласи допинг назоратига чақирилди. Марадона қонининг таркибида эса кокаин борлиги аниқланди.
Рикельме Марадонанинг профессионал фаолиятидаги сўнгги ўйинида ҳам иштирок этган – 1997 йил 25 октябрда у “Ривер Плейт”га қарши ўйинда жароҳат олган Диего ўрнига майдонга тушган.
Месси учун Рикельме Аргентина терма жамоасида ҳақиқий мураббийга айланди. Улар биргаликда 2006 йилги Жаҳон чемпионати, 2007 йилги Америка кубоги ва 2008 йилги Олимпиада ўйинларида иштирок этишган. Улар кўпроқ ўйнашлари мумкин эди, лекин Марадона бунга халақит берди – афсонавий футболчи терма жамоа мураббийи лавозимида ишлаётган вақтида Рикельме билан жанжаллашди ва Хуан 2009 йилда терма жамоада ўйнашдан бош тортди.
“Бу ажойиб эди, менга футболчи сифатида омад кулиб боқди. Менга Марадона ва Месси билан бирга ўйнаш насиб этди. Қўлимдан келганича яхши ўйнашга ҳаракат қилдим. Бу иккиси футболимиз тарихидаги энг буюк икки футболчилардир. Улар билан ўйнаш мен учун жуда осон эди. Месси билан терма жамоада ва Олимпиадада (2008 йилда) ўйнаш бахтига муяссар бўлдим. Мен уни жуда яхши кўришимни билади, у ҳам мени жуда яхши кўради. Биз тез-тез гаплашардик, вақт жуда тез ўтди”, – деди Рикельме бир неча ҳафта аввал берган интервьюсида.
Хуан Себастьян Верон
Марадона билан 1996-97 йилларда “Бока Хуниорс”да, Месси билан Аргентина терма жамоаси сафида 2005-10 йилларда
Бу рўйхатда Марадона билан бирга энг кўп ўйнаган Верон бўлса керак. Хуан Себастьян ва Диего Армандо олти ой давомида бир жамоада тўп тепди.
Верон 2007 йилги Америка кубоги ва 2010 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этган (Марадона мураббий эди), шунинг учун у Лео Месси билан яшил майдонда 16 та ўйин ўтказган.
Верондан Месси ва Марадона ўртасидаги фарқ нима деб сўралганда, у фалсафий жавоб берган:
“Давра, футбол тезлиги ва характер, яхши маънода. Диего ўз даврини ўзида мужассам эттирган бўлса, Лео энди футболга ўзгача ёндашув билан гавдаланди. Уларнинг иккаласи ҳам, шубҳасиз, тарихий ўлчовдаги футболчилар. Мен эса аргентиналик эканимдан бахтиёрман”.
Мартин Палермо
Марадона билан 1996-97 йилларда “Бока Хуниорс”да, Месси билан Аргентина терма жамоаси сафида 2009-10 йилларда
Айнан Марадона “Бока” раҳбариятидан Мартин Палермони сотиб олишни талаб қилган – кейинчалик у клуб тарихидаги энг яхши тўпурарга айланган. Нақадар тўғри танлов.
Кейинчалик Диего Мартинни Аргентина терма жамоасига чақирди – шу сабабдан Палермо ЖЧ-2010 га борди, Месси билан ўйнади ва ушбу рўйхатга киритилди.
Роберто Аббондансьери
Марадона билан 1997 йилларда “Бока Хуниорс”да, Месси билан Аргентина терма жамоаси сафида 2005-2008 йилларда
Дарвозабон Пато Аббондансьери 1997 йилда “Бока” сафига келиб қўшилган ва буюк Марадонанинг сўнгги ўйинларини майдондан туриб кўришга муваффақ бўлди. Роберто Месси билан бирга 29 марта биргаликда майдонга тушди, барчаси Аргентина терма жамоаси сафида. Улар 2006 йилги Жаҳон чемпионати ва 2007 йилги Америка кубогида иштирок этишди.
Кили Гонсалес
Марадона билан 1997 йилларда “Бока Хуниорс”да, Месси билан Аргентина терма жамоаси сафида 2005 йилда
Марадонанинг шахсан ўзи “Бока” раҳбариятидан Палермо каби Кили Гонсалесни ҳам трансфер қилишни сўраган. Буэнос-Айрес шаҳри клуби учун эса бу яхши сармоя бўлди: уни 150 мингга сотиб олишди, “Сарагоса”га 2,4 миллионга сотиб юборишди.
Гонсалес кейинги фаолиятида “Валенсия”, “Интер”да тўп тепган 2005 йилда эса Аргентина терма жамоаси сафида Месси билан иккита ўйин ўтказган.
Марадона 2020 йилнинг 25 ноябрь куни 60 ёшида юрак хуружидан вафот этди. Диего Аргентина терма жамоаси билан 1986 йилги Жаҳон чемпионатида ёрқин ўйин кўрсатиб, олтин кубокни боши узра баланд кўтарган.
Ўшанда Месси ўз Instagram саҳифасида қуйидагича, изоҳ қолдирган эди:
“Барча аргентиналиклар ва футбол учун жуда қайғули кун. У бизни тарк этди, лекин унутилмайди, чунки Диего абадийдир. Мен у билан ўтказган барча ажойиб дақиқаларни қадрлайман ва фурсатдан фойдаланиб, унинг барча оила аъзолари ва дўстларига ҳамдардлик билдирмоқчиман”.
Месси фақат бир футболчи билан рақобат қилди, уни эса яхши танийсиз – Роналду. Лекин Марадонани ўзидан аввал фаолият юритган қирол – Пелега таққослашган. Аксига олиб Диего бир умр ўзига қарши кураш олиб борди ва 60 йил давомида ғалаба қозониб келди. Шунинг учун у абадий.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).