Бундан роппа-роса 4 йил аввал, 2018 йилнинг июль ойида Elliote Managment инвестиция компанияси “Милан”нинг янги эгасига айланди. Россонерилар хитойлик Ли Ёнгхон бошқарувидан сўнг америкаликлар қўлига ўтди. У қарзлар ва умуман молиявий аҳволнинг ёмонлиги туфайли клубни тарк этишга мажбур бўлди. Elliote Managment банкротликка яқин бўлган компаниялар билан кўп ишлаган, шунинг учун тажрибали инвесторлар футбол клуби билан шуғулланишлари керак эди.
4 йил давомида "қизил-қоралар" ўзгаришларнинг узоқ йўлини босиб ўтишди. Клуб биринчи навбатда молиявий муаммоларни ҳал қилди. Шундан сўнг, "Милан" рақобатбардош жамоа туза бошлади. Аввалига "россонери" Чемпионлар лигасига қайтди, кейин эса Скудеттони қўлга киритди. Elliote Managment клуб билан ажойиб иш қилди ва кейин уни сотишга қарор қилди.
Бу янгилик жуда кутилмаган эди, лекин компания раҳбарининг ўғли Гордон Сингер ҳаммасини тушунтириб берди:
“Elliote Managment 2018 йилда “Милан”ни сотиб олгач, бизга узоқ тарихга эга, аммо жиддий молиявий муаммолар ва ўртача кўрсаткичларга эга бўлган клуб мерос бўлиб қолди. Бизнинг режамиз оддий эди: молиявий барқарорликни яратиш ва "Милан"ни Европа футболида тегишли жойига қайтариш. Ишонаманки, биз иккала мақсадимизга ҳам эришдик”.
Баҳрайннинг Invsetcorp инвестиция компанияси “россонери”ни сотиб олишга биринчи бўлиб қизиқиш билдирган. Музокаралар осон кечмади, кейин эса "қизил-қоралар" учун яна бир даъвогар - Американинг RedBird Capital сармоявий компанияси пайдо бўлди. Elliote Managment ватандошларига устунлик берди. RedBird Capital пайдо бўлиши билан Investcorp ўйинни тарк этди.
Elliote Managment ва RedBird Capital “Милан”ни сотишга келишиб олди. Битим 1,2 миллиард еврони ташкил этди. Янги хўжайинлар аллақачон клубни бошқаришмоқда, гарчи шартнома центябргача тўлиқ якунланиши кутилмаса ҳам. Elliote RedBird Capital'га “россонери”ни сотиб олиш учун йиллик 7 фоизли 600 миллион евро кредит беради.
Йил охирига келиб, бу миқдор 200 миллионга камайиши керак, чунки RedBird Capital инвесторлар ва ҳомийлар туфайли янги маблағларни тўплайди. “Қизил-қоралар”нинг қарийб 5 фоизига эгалик қилувчи Blue Sky Holding компанияси бу битимни танқид қилиб, унинг шаффофлигига шубҳа қилди. Аммо ҳамма нарса аллақачон ҳал қилинган.
“Милан”нинг янги эгаси - RedBird Capital компанияси катта сармоя киритади, жумладан, спортга. Унинг активлари 6 миллиард долларга баҳоланмоқда. RedBird Capital “Тулуза” жамоасининг 85% улушга эга. Бундан ташқари, америкаликлар Fenway Sports Group'да 10 фоиз улушга эга. Бу улар “Ливерпуль” ва “Бостон Ред Сокс” бейсбол жамоасининг акциядорлари эканлигини англатади. 20 йилдан ортиқ вақтдан бери спортга сармоя киритиб келаётган Гарри Кардинале янги “россонерилар” раҳбарига айланди.
“Қизил-қоралар”нинг янги раҳбарияти бош мураббий Стефано Пиоли билан биргаликда жамоа тузган бошқарув таркибини ўзгартириши мумкинлиги ҳақида хавотирлар бор эди. Қолаверса, клуб учун муҳим шахсларнинг шартномаларини узайтириш масалалари ҳам кечиктирилди. Аммо вақт ўтиши билан "Милан" техник директори Паоло Малдини ва спорт директори Рики Массара янги келишувларга эришди. Шу ўринда Пиоли билан ҳам. Аввалроқ италиялик мутахассисни Ральф Рангник билан алмаштирмоқчи бўлган бош директор Иван Газидис жамоа ишига халақит бермаяпти.
Кардинале амалдаги раҳбариятга ишонади ва уни сезиларли даражада ўзгартиришни режалаштирмаган. Шу билан бирга, тадбиркорнинг фикрича, “россонерилар” 50-70 минг ўринли ўз стадионига муносиб. У бу фикрни жиддий қабул қилди. Кардинал Милан провинциясига қарашли Сесто Сан Жованни шаҳрида футбол аренасини қурмоқчи.
Тадбиркор ҳатто шаҳар ҳокими билан ҳам бу борада музокаралар олиб борган. У “Пополоус” архитектура компаниясини стадион қурилишига жалб қилмоқчи. Ушбу компания мутахассислари "Уэмбли", "Тоттенхэм" ва "Эмирейтс" стадионларини лойиҳалаштириб, қуришди. Европа ва АҚШнинг кўплаб шаҳарларида аҳоли гавжум спорт ареналари қурилган. Компания портфелига асосий Уимблдон кортлари ҳам киради.
"Милан"нинг келажаги ҳақида қайғуришга ҳожат йўқ. Ҳеч бўлмаганда ҳозирча. Айтганча, италиялик илдизларга эга бўлган Кардиналнинг айтишича, RedBird Capital ўзидан олдингиларнинг ишини давом эттиради ва клубни янги спорт ютуқлари сари етаклайди. Қолаверса, америкаликлар ҳар доим кўпроқ даромад олиш имкониятини излайдилар, бу эса "россонерилар" учун ижобий томонларга эга. Булар янги ҳомийлар ва, эҳтимол, янги стадион, дегани.
Иқтисодий муваффақият спорт ютуқлари билан боғлиқ. Шунинг учун RedBird Capital "Қизил-қоралар" жамоасининг рақобатбардошлигидан манфаатдор. "Милан"нинг янги хўжайинлари ҳеч бўлмаганда аввалгиларидек яхши бўлиши керак. Бундан ташқари, Elliote Managment компаниясидан бир неча киши клуб директорлар кенгашида қолади. Биз "россонери"ни порлоқ келажак кутмоқда деб тахмин қилишимиз мумкин. Асосийси, “қизил-қоралар” тўғри йўлдан қайтмасин.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).