"Ноттингем Форест" - Англиянинг энг ранг-баранг клубларидан бири. Бу клуб дунёнинг энг қадимги футбол жамоалари рўйхатида 8-ўринни эгаллаган (1865 йилда ташкил этилган), совринлар бўйича эса Буюк Британиянинг энг муваффақиятли 10 жамоасидан бири ҳисобланади. Чемпионлар лигасининг ўтмишдоши бўлган чемпионатнинг 2 карра ғолиби!
Биз янги келганлар учун "Барселона", "ПСЖ" ва "Бавария"дан кўра кўпроқ пул тўладик.
Тўғри, Брайан Клофнинг афсонавий даври узоқ ўтмишда қолиб кетган ва “Ноттингем” ҳамон оғир кунларни бошдан кечирмоқда. 23 йил давомида жамоа Премьер-лигада ўйнамади - улар Чемпионшип ва ҳатто мамлакатнинг учинчи кучли дивизиони бўлган Биринчи лигада ҳам ўйнади. Аммо 2022 йилнинг май ойида тарихий воқеа юз берди – “Ноттингем Форест” плей-офф босқичида Премьер-лигага қайтиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ва дарҳол Европа трансфер бозорида шов-шув кўтарди.
Айни дамда клуб 16 нафар янги футболчи билан шартнома имзолади, улар орасида "Аталанта"дан Ремо Фройлер ва "Манчестер Юнайтед"да ўйнаган Жесси Лингард ва Дин Ҳендерсон каби таниқли ўйинчилар бор. Transfermarkt ҳисоб-китобларига кўра, жами 148 миллион евро сарфланган, "Ноттингэм" эса футболчи сотишдан атиги 7 миллион евро ишлаб топган. Айниқса, Морган Гиббс-Уайтнинг трансфери ҳайратланарли бўлиб, улар йигитча учун 30 миллион евро тўлаган ва бонусларни ҳисобга олсак, бу сумма 50 миллион евро бўлиши мумкин.
Фақатгина "Челси" бу ёзда Премьер-лигада кўпроқ пул сарфлади ва Форестнинг трансфер кампанияси нақд пул айланмаси бўйича "Барселона", "Бавария", "ПСЖ" ва "Манчестер Сити"никидан кўра амбициялироқ эди.
Мантиқий савол туғилади - 23 йилдан бери олий лигада иштирок этмаётган клуб учун бундай бюджет қаердан келади? “Ноттингем” бундай харажатлар билан молиявий фейр-плейни бузиб қўймайдими? Келинг, буни кўриб чиқамиз.
Нега катта харажатлар?
Қизиғи шундаки, Премьер-лиганинг сўнгги турида "Ноттингем" сафида тўп сурган атиги уч нафар бошланғич футболчи клубда саккиз ҳафтадан кўпроқ вақт ўтказди. Бир сўз билан айтганда, клуб олий дивизионга чиққанидан сўнг таркибни жиддий ўзгартирди, кўтарилишга эришган жамоани деярли бутунлай ўзгартирди.
Бу кўплаб юқори даражадаги клублар учун одатий амалиётдир. Аммо Англияда Премьер-лигага чиққан жамоалар таркибни кучайтириш учун яхшигина пул сарфлай олади. Масалан, “Фулхэм” 2018 йилда қайтганидан кейинги биринчи мавсумда трансферлар учун 116,5 миллион евро, “Брайтон” бир вақтнинг ўзида – 87 миллион, “Астон Вилла” бир йилдан сўнг – 160 миллион евро сарфлади.
Бу сумма жамоани Премьер-лига даражасида ушлаб қолиш учун сарфланган маблағдир. Ва натижада реклама ва телекўрсатувларга бўлган ҳуқуқлардан олинган даромад ҳаммасини қоплай олади. Унинг устига, Премьер-лигадаги ҳар бир қўшимча мавсум жамоа ўйинчиларига гигантларнинг эътибор қаратишлари ва улар учун жиддий пул таклиф қилишлари эҳтимолини оширади.
“Ноттингем Форест”га келсак, клуб бир вақтнинг ўзида кўплаб трансферларга сармоя киритишга қарор қилди. Бундан ташқари, Премьер-лига жамоалари ушбу мавсумда ҳар бир ўйинда бешта алмаштиришдан фойдаланишлари ва захира ўриндиғида тўққиз нафар футболчига эга бўлишлари мумкин. Шунинг учун композицияда нафақат асосий таркиб балки заҳира ҳам кучли бўлиши керак.
Бундай катта пул қаердан келади?
Клубни Грециянинг юк ташиш магнати ва “Ноттингем”даги асосий акциядор Эвангелос Маринакис молиялаштирди. У ўтган мавсум трансферлар учун бор-йўғи 7 млн евро сарфлади, бу ёзда сарфланган маблағдан катта фарқ қилади. Deloitte аналитик компанияси томонидан 150 миллион евро “Ноттингэм” 2022-23-йилларда телевизор ҳуқуқларини сотиш учун оладиган тахминий миқдор деб баҳоламоқда.
"Биз энг юқори савияда рақобатлаша оладиган жамоани яратишга интиламиз, жаноб Маринакиснинг мажбурияти ҳаммага аён," дейди Ноттингем раҳбари Николас, "У намунали клуб эгаси бўлган ва бизни ҳар доим керакли ресурслар билан қўллаб-қувватлаган.
Хулоса қилиб айтганда, Маринакис жамоанинг Премьер-лигадаги ўрнини сақлаб қолиши ҳисобига харажатлар қопланишига умид қилиб, шахсий пулларини трансферларга сарфламоқда. Аммо қуйи лигага тушиб кетган тақдирда ҳам ноҳушлик юз бермайди - "Ноттингем Форест" Премьер-лигада қатнашаётгани учун тахминан 202 миллион евро олади. Бу суммага АФФ томонидан бериладиган бонус, телекўрсатув ҳуқуқидан тушган даромад ва Премьер-лига қоидаларида кўрсатилган молиявий парашют(жамоалар АПЛдан қуйи лигага тушиб кетганда бериладиган пул) киради. Премьер-лигада қатнашиш имконияти икки йил сақланиб қолса, бу сумма 357 миллионга ошади. Бу пул ҳам маош фондига, ҳам академия каби учинчи томон лойиҳаларини ривожлантиришга йўналтирилиши аниқ. Бу пул телевидениеда Премьер-лигага бўлган катта талабни акс эттиради. Телерадиокомпаниялар чемпионатни трансляция қилиш ҳуқуқи учун катта пул тўлайдилар, шунинг учун клублар катта даромад олишади.
Англияда ҳамон “Ноттингем”нинг жамоа қуришга дадил ёндашувини танқид қилишмоқда - ахир, жиддий равишда оширилган маош фондини (бир Лингард йилига 7 миллион евро олади) ҳисобга олсак, клуб молиявий фейр-плейга мослаша олишига ҳеч ким кафолат бермайди. Бироқ, Ноттингем кўтара оладиган бир нечта бошқа воситалар мавжуд.
Мисол учун, ФФП қоидаларига кўра, Премьер-лига клубларига уч йил давомида 125 миллион евро зарар кўришга рухсат берилган - асосийси, уч йиллик ҳисоботларни тақдим этиш вақтида салбий балансни кўрсатмаслик. Шунинг учун ҳам кўпчилик Премьер-лигага чиққанидан сўнг биринчи йилида жуда кўп маблағ сарфлашади ва кейинчалик харажатларни аста-секин қисқартирадилар. Шу билан бирга, ҳужжатларни топширишда инфратузилма ва академия харажатларини киритмасликка рухсат этилади.
Клублар, шунингдек, ФФП қоидаларига кўра, КОВИД-19 пандемияси билан бевосита боғлиқ бўлган йўқотишларни истисно қилиш ҳуқуқига эга. “Ноттингем”нинг ҳисоб-китобларига кўра, бу миқдор 2019-2021 йилларда тахминан 20 миллион еврони ташкил қилган. Қолаверса, “Ноттингэм”ни ўйин ва машғулот либослари билан таъминлайдиган янги ҳомий билан фойдали шартнома имзолаш орқали қўшимча маблағ йиғиш режалаштирилган. Айни дамда музокаралар олиб борилмоқда.
Ва яна бир тафсилот - бу ёзда имзоланган трансферлар учун тўловларнинг аксарияти “Ноттингем Форест” томонидан бир неча йил давомида тўланади, бу ҳам бюджетга юкни камайтиради. Мисол учун, Неко Уильямс учун 20 миллион кейинги тўрт йил давомида "Ливерпул"га тўланади - ҳар мавсумда 5 миллион. Премьер-лига стандартлари бўйича унчалик жиддий харажат эмас.
Инглиз футболи Европа футболидан бироз бошқача молиявий ҳақиқатда яшайди. Олий лиганинг оммавий ахборот воситалари тарғиботи туфайли маҳаллий клублар телевидение ҳуқуқи орқали катта даромад олишади. Аммо катта даромадлар, ўз навбатида, ички бозорни ҳаддан ташқари қизитиб юборади. Бундай ҳолда АПЛ нима учун бошқа чемпионатлардан қизиқ эканлигининг сабабини билиш қийин эмас. Ла Лигада молиявий фейр-плейдан қийналаётган жамоа бу борада “Ноттингем”га ҳавас қилса бўлади.
Миржалол Пардабоев тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).