Ўзбек футболи тарбияланувчиси, ўтган асрнинг 90-йиллари бутун собиқ иттифоқ ҳудудидаги энг яхши таянч ярим ҳимоячиларидан бири сифатида гавдаланган Андрей Пятницкий 27 сентябрь куни 55 ёшга тўлди.
Ҳа, бу футболчи собиқ иттифоқ парчалангач, Россия терма жамоасида ўйнашни маъқул кўриб, мухлисларимизни ранжитган. Нима бўлган тақдирда ҳам, Пятницкийнинг ёрқин фаолияти илдизи Тошкент билан боғлиқ, барибир.
***
Андрей Пятницкийнинг ота-онаси 1966 йилги даҳшатли зилзиладан кейин Тошкентни қайта тиклаш сафарбарлиги доирасида пойтахтимизга кўчиб келишган. Айнан Тошкентда туғилган Андрей футболга маҳаллий «Старт» клуби мактабида қадам ташлайди. Хусусан, 15 ёшидаёқ собиқ иттифоқ чемпионати иккинчи лигаси иштирокчиси саналган «Старт» таркибига қўшилади ва «Пахтакор» тайёрлов гуруҳида кўрикдан ўтади. Аслида Андрей болалигида футбол эмас, хоккейни танлаши ҳам ҳеч гап эмасди. Зеро, ўша даврда Тошкентда «Бинокор» хоккей клуби ҳам машҳур эди. Тўғри, Андрей якунда миллионлар ўйинини маъқул кўради. Бинобарин, 20-асрнинг 80-йиллари бошида Тошкентда янги, ёш «Пахтакор»ни шакллантириш бошланганди. 1979 йилги авиаҳалокатда ҳаётдан кўз юмган «пахтакорчилар» эса барча ўзбекистонлик болаларга бўлгани каби Андрейга ҳам чин кумирлар саналишган. Хуллас, 1985 йили 17 ёшли Пятницкийни Республиканинг ўша вақтдаги асосий жамоаси - «Пахтакор»га қабул қилишади ва у бир мавсум собиқ иттифоқ чемпионати биринчи лигасида тўп суради. Андрей ўша вақтдаёқ анча танилиб улгурганди, иқтидорли футболчини иттифоқдаги тамойилга кўра, ЦСКАга «чақиришади». «Ҳарбий хизматдан қочиб қутулишнинг иложи йўқ эди. Шунинг учун дарҳол мажбуриятдан соқит бўлишни ўйлаб, ЦСКАда ўйнашга қарор қилгандим», - дея хотирлайди Пятницкий.
Тошкентлик йигит Москвада ҳам аллақачон танилганди. У жумладан, Францияда ташкил этилган турнирда ёрқин таассурот қолдириш асносида собиқ иттифоқ ёшлар терма жамоасидан жой олади. Умуман, Пятницкий ЦСКАда икки мавсум тўп суради. Биринчиси анча муваффақиятли ўтади: Юрий Морозов бошқарувидаги «армиячилар» элит лигага қайтишади, аммо кейинги йил улар яна омадсизликка йўлиқиб, кучлилар қаторидан тушиб кетишади. Пятницкий эса иккинчи мавсум давомида деярли амалиётсиз қолади. Боз устига, лейтенант бўлиш ва хизматни ЦСКАда давом эттиришдан бош тортгани учун ҳақиқий армияга юборилади. Тўғри, Тошкент клуби уни кўп ўтмай, енгиллик билан ортга қайтаради.
***
«Пахтакор»га қайтган Пятницкий ёшига нисбатан олганда, ақл билан ўйнайди, кўп гол уради ва жамоани ҳаракатга солувчи ҳақиқий етакчига айланади. Тошкент клуби 1990 йили бош мураббий Фёдор Новиков қўл остида ниҳоят, элит лигага қайтади, Пятницкий эса 11та гол урганча чемпионатнинг энг яхши футболчилари сафига киради. У кейинги мавсум кучлилар қаторида ҳам бинойидек маҳсулдорлик кўрсатади - 10та гол. Бироқ ўша мавсум охиридаёқ иттифоқ чемпионатининг тарихга киргани кўпчиликка аён бўлганди.
***
Иттифоқ империяси парчаланиб кетгач, ҳар бир республика мустақил чемпионатини йўл қўяди. Аслида МДҲ чемпионатини ташкил этиш ғояси ҳам йўқ эмасди (бу вақт оралиғида Евро-1992да айнан МДҲ терма жамоаси иштирок этади), бироқ Москва клублари сўнгги паллада қўшма турнирда қатнашишдан бош тортади. Аниқроғи, «Спартак», ЦСКА, «Торпедо», «Динамо» ва «Локомотив» жамоалари бу борада тегишли меморандум имзолайди. Шу тариқа «Пахтакор» Ўзбекистон миллий чемпионатида ўйнай бошлайди. Андрей Пятницкий эса жамоа етакчилари - Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин ва Геннадий Денисов қатори Россияга йўл олади. Андрей «Спартак»дан жозибали таклиф олганди. Москва клуби ўша вақт Николай Старостин туфайли Россиянинг молиявий томондан энг барқарор жамоасига айланганди. Хуллас, Пятницкий Россия чемпионати илк мавсумидан «қизил-оқлар» сафида ўйнай бошлайди ва нисбатан қисқа фаолиятининг энг яхши 5 йилини Москвада ўтказади.
***
Пятницкий ўзи билмаган ҳолда, «Депортиво» аъзосига айланиши мумкин эди. Тўғри, ёлғиз эмас, Олег Романцев билан бирга. Испания клуби билан музокара жараёнида қатнашган Алексей Прудников мураббийнинг «Мен ва «Спар-так» ҳақидаги ҳақиқат» номли автобиографиясида шундай эслайди: «Романцевни «Депортиво» стадионига олиб келишди ва мураббийлар штабига таништиришди. Ўшанда жамоани Арсенио Иглесиас бошқарар ва у Романцев билан ҳамкорликда ишлаб, унга ёрдам беришга мойил эди. Якунда Дасаев штабга таржимон-мураббий сифатида кириши, Романцев бунга қўшимча равишда ўзи билан икки футболчи - Кульков ва Пятницкийни олиб келиши бўйича келишувга эришдик. Ўшанда Андрей ҳали «Спартак»да ўйнамаган, лекин Романцев аллақачон унга кўз тикканди. Якунда Испанияга на Романцев борди (журъат этмади), на Пятницкий. Лекин улар 1992 йили Тарасовкада бирлашдилар». Яна шу китобдан иқтибос: «Романцев ёнига келганимда, у дангал айтди - «Жамоа йўқ. Уни йиғиш керак». Буниси Романцевнинг ёрдамчиси Александр Тархановга тегишли. У давом этади: «Шунда Есауленко («Спартак» вице-президенти) билан бирга жараёнга қўшилдик. Жумладан, «Пахтакор»дан Пятницкий ва Кечинов, «Черноморец»дан Цимбаларь ва Никифоровни олиб келдим». Андрей мавсумни муваффақиятсиз бошлайди - ҳам ўйин, ҳам руҳий томонлама қийналганди. Чунки «Пахтакор»да таянч ярим ҳимоячи нуқтасида ўйнаган футболчи «Спартак»да ҳужумга яқин жойда ҳаракатланади. Асосийси, Андрей бир неча ойда барчасига кўникади. Бунда Романцевнинг Пятницкий ва Ледяхов ўрнини алмаштириш қарори катта роль ўйнаганди. Яъни Андрей таянч нуқтасига қайтади. Тархановнинг айтишича, Николай Петрович Старостин ҳаттоки, унга танбеҳ беришгача борган экан: «Пятницкийни нега олиб келдинг?» - Старостиннинг бу гапини эшитган Андрей «Спартак»дан кетишга ҳам чоғланди. Лекин футболчи ўз позициясида ўйнай бошлаганида, Старостиннинг фикри кескин ўзгарди: «Пятницкийни таклиф қилиб, тўғри қилишди!»
Мамлакатнинг энг кучли клуби саналган «Спартак» мавсум-92ни нотекис бошлайди, Романцев узоқ вақт ўйинни тўғри йўлга буролмайди. Пятницкий майдон марказида Ледяхов билан ўйнай бошлагач, вазият ўзгаради. «Романцев мени Ледяхов ўрнига қўйгач, чуқурроқ ўйнай бошладим ва «Спартак»ни тўхтатиб бўлмай қолди», - дея хотирлайди Пятницкийнинг ўзи. Ўша йили «Спартак» Европа Кубок эгалари кубоги турнирининг кузги босқичида муваффақиятли қатнашиб, барча рақибларини енгади. Умуман, Пятницкий
«Спартак»даги биринчи мавсумда 23 марта майдонга тушиб, 5та гол уради. Кейинги йили статистикаси кескин яхшиланади: 39та ўйин, 14та гол ва 12та самарали узатма. Андрей жумладан, «қизил-оқлар» учун драматик тус олган Кубок эгалари кубоги турнири давомида «Ливерпуль», «Фейеноорд» ва «Антверпен» жамоалари дарвозасини ишғол қилади. Қолаверса, «Спартак»даги фаолиятида 3 марта мавсумнинг энг яхши 33 футболчиси рўйхатига 1-рақам остида киради, Россия термаси сафида ЖЧ-94га боради.
***
Валерий Карпин кўп йиллардан сўнг Россия тарихидаги энг яхши 5 нафар футболчи қаторига Пятницкийни ҳам қўшганди: «Унинг имкониятларини биламан, ахир бирга ўйнаганмиз. Андрей эҳтимол, ўз салоҳиятини тўлиқ англай олмагандир...». «Спартак» қаторасига 3 мавсум Россия футболида тенгсиз эканлигини исботлайди. Романцев жамоасининг ўйини «девор орқали ўйнаш», югуриш ва рақиб жарима майдони яқинида тўпни назорат қилиш устида қурилганди. Кейинчалик бундай футбол «Барселона» клуби ва Испания термаси томонидан сайқалланди, айниқса, Хави ва Андрес Иньеста порлашди. 90-йиллар бошида эса «Спартак»да Пятницкий таянч зонасининг дирижёри ролида ҳаммани ўзига қаратганди. Уни майдонда рақами эмас, «имзо»сидан таниб олиш жуда осон эди.
***
Пятницкий 1990 йили собиқ иттифоқ термасининг Исроил жамоасига қарши норасмий ўйини (3:0)да қатнашади. 1992 йилнинг қишида эса МДҲ термаси таркибида Шимолий Америка бўйлаб сафарга чиқади, лекин якунда Европа чемпионатидан четда қолади. Пятницкий ўша йили Ўзбекистон миллий жамоаси сафида ҳам 2та ўртоқлик ўйини ўтказади, аммо якунда Россия термаси шарафини ҳимоя қилишни маъқул кўради, барибир. Андрей ЖЧ-94га боради ва Бразилия термасига қарши кечган биринчи ўйин (0:2)да майдонга тушади, аммо Россия бош жамоасида етакчилар гуруҳига қўшилолмайди. Тақдирни қаранг, Пятницкий айнан Россия термаси ўйинида жароҳатланади ва бу унинг учун ҳалокатли бўлиб чиқади. Кўнгилсиз воқеа 1995 йилнинг 6 май куни Фарер ороллари термасига қарши кечган баҳсда рўй берганди. Ўшанда Пятницкийнинг тўпиғи рақиб айби эмас, «Лужники»даги даҳшатли майдон туфайли жиддий шикастланганди. Футболчи май ойидаги байрам кунлари туфайли вақтида сифатли муолажа олмайди, фақат бир ҳафтадан сўнг Москва шифохонасида нормал даволанади. Бироқ йўқотилган вақт якунда ўз таъсирини кўрсатади, барибир.
Ҳа, Пятницкий 2,5 ойда жароҳатдан фориғ бўлиб, майдонга қайтади, хусусан, ЧЛ ўйинида ҳам қатнашади. Ўшанда «Спартак» энг яхши мавсумини ўтказиб, гуруҳ раундида 6та ғалаба қайд этганди. Аммо Пятницкий энди жамоанинг асосий футболчиси эмасди. Унинг ўрнини ўзбек футболи мактабининг ёш тарбияланувчиси Валерий Кечинов эгаллашга улгурганди. Кейинги мавсум Георгий Ярцев «Спартак» таркибини кескин ёшартиришга қарор қилади, чунки деярли барча етакчи футболчилар хорижга йўл олишганди. Пятницкий ҳам кетиши керак эди, аммо жароҳати халақит беради. «Спартак»да эса ёшлар учун «амаки-устоз» мақомида бўлиб қолган Пятницкий аста-секин таркибдан бутунлай чиқиб кетади. Шу тариқа чемпионликни тантана қилган «Спартак» ёрқин мавсумни Пятницкийсиз якунлайди. Кейинчалик Саратовнинг «Сокол» жамоасига борган Андрей фаолиятига жимгина нуқта қўяди.
***
Андрей Пятницкий фаолиятини якунлагач, ҳаётда мураккабликларга юз тутади. Чунки даромади кескин пасайган, асосан фахрийлар турнирларидаги иштирок ортидан пул топарди. «Йўқ, ҳали ҳам жамғармам бор. Лекин агар дейлик, Германия термасида ўйнаб, жиддий жароҳатга йўлиққанимда, эҳтимолки, қандайдир нафақага эга чиқардим. Бизда эса бундай нарса йўқ», - деганди Пятницкий ўз интервьюсида. У маълум вақт «Спартак» академияси ва ўринбосарлар жамоасида ишлади, лекин мунтазам эмас. Андрей Владимирович кейинчалик Новомосковскда мураббийлик амалиётига қайтди. 2019 йили эса «Химки-Арсенал» штабига қўшилди. Пятницкий вақтида «Газовик» ва «Витязь» жамоаларини бошқарган, лекин муваффақият қозонмаганди. Муҳими, Пятницкий футболсиз яшолмайди, унинг эксперт сифатидаги фикрлари мунтазам газета саҳифалари ва интернетда пайдо бўлмоқда. Андрей - оилапарвар инсон, ҳозирда рафиқаси Светлана ва қизи Дарья билан Москвада яшамоқда. Яна она юрти Тошкентга тез-тез ташриф буюради, «Пахтакор»-79 хотира турнирларида қатнашади.
Факт
Андрей Пятницкий фаолияти давомида нақ 4та терма жамоада ўйнаган: собиқ иттифоқ, МДҲ, Ўзбекистон (2та «ўртоқлик») ва Россия. У шунингдек, собиқ иттифоқ ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари сафида ҳам майдонга тушган ва 1990 йили U-21 тоифасидаги Европа чемпионатида олтин медаль ютган.
***
Унинг ютуқлари:
Миллий терма жамоа аъзоси: СССР; Россия; МДҲ; Ўзбекистон (иккита ўртоқлик учрашуви), СССР ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаси аъзоси.
Жамоавий ютуқлари: Россия чемпиони: 1992, 1993, 1994, 1996, 1997. СССР кубоги соҳиби: 1991/92. Россия кубоги соҳиби: 1993/94. 1990 йил (СССР терма жамоаси таркибида) ёшлар ўртасида Европа чемпиони (21 ёшгача). Ҳамдўстлик кубоги ғолиби: 1993 (4 ўйин, 3 гол)
Шахсий ютуқлари: СССРда хизмат кўрсатган спорт устаси; СССР халқаро тоифадаги спорт устаси. СССРда мавсумнинг 33 нафар энг яхши футболчиси рўйхатида № 3 - 1991. Россия чемпионатининг 33 энг яхши футболчиси рўйхатида: № 1 - 1992, 1993, 1994. Кубок эгалари кубогининг энг яхши тўпурари 1992-1993.
Андрей Пятницкий оилапарвар инсон, рафиқаси Светлана билан улар қизи Дарияни тарбиялашди. Ҳозирда Андрей оиласи билан Москвада яшайди, она юрти Тошкентга тез-тез ташриф буюради, "Пахтакор" - 79нинг унутилмас футбол турнирларида қатнашади ва ҳоказо.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).