Криштиану Роналду "Манчестер Юнайтед"дан кетгач, ўзига бошқа клуб қидирмоқда. Португалиялик юлдузнинг "МЮ"дан кетишига Пирс Морган билан уюштирган "бомба" интервьюси сабаб бўлганди. Гарчанд 5 марта "Олтин тўп"ни қўлга киритган бўлсада, 37 ёшли ҳужумчига ҳа деганда жамоа топилавермаяпти. Аммо Роналду каби номни олиб келиш ортидан ҳар қандай клуб катта фойда кўриши мумкин. Қуйида унинг учун эҳтимолий манзилларга тўхталиб ўтамиз.
"Ан-Наср"
Саудия Про-лигасида иккинчи ўринда банд этиб турган жамоага Роналду керак бўлиб қолган. Хабарларга кўра, "Ан-Наср" футболчига йилига 173 миллион фунт таклиф этган. Аммо Роналдунинг ўзи ҳали еврофутболдан чекинмоқчи эмас.
"Реал Мадрид"
Роналду олдида турган кичик, аммо эҳтимолий манзил унинг собиқ клуби бўлмиш "Реал"дир. У айнан мана шу клуб билан катта юлдузга айланганди. Айни дамда эса португалиялик футболчи "Реал" базасида машғулотлар ўтказмоқда. Карло Анчелоттига у керакми ёки йўқ, буни билиш анча қийин.
"Ньюкасл"
Ҳаммаси "қарғалар" учун яхши кетмоқда. Аммо клубнинг эгаси бўлган саудияликлар Роналдуни олиб келишни истаб қолса, нима бўлади деган савол ҳам мавжуд. Албатта, у каби катта ном жамоага улкан фойда келтиради.
"ЛА Гэлакси"
Роналдуни АҚШга келтиришни истаётган жамоалардан бири Лос-Анжелас клубидир. Бу клуб ўз таркибига катта номларни жалб этишни яхши кўради. Масалан, Дэвид Бэкхам, Златан Ибрагимович ва бошқалар. Роналду эса кейинги юлдуз бўлиши мумкин.
"Спортинг"
Роналдуга ЕЧЛ футболини таклиф эта оладиган клублардан бири "Спортинг"дир. Роналдунинг ўсмирлик дамлари Лиссабонда кечганди. Ҳа, "Спортинг" Роналдуга у истаган пулни бера олмаслиги мумкин. Аммо Европанинг энг нуфузли мусобақасида иштирок этиш имкониятини бера олади.
ИСМАТОВ Ж.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).