Мен шу туришимда каноэда эшкак эшиш бўйича минг метрлик масофани, айтайлик 3 минутда босиб ўта олмайман. Агар эвазига бир миллион доллар мукофот пули ваъда қилишса ҳам натижам ўзгармайди. Барибир эплай олмайман. Менимча, Меньковга шунча пулни ваъда қилишса, уям ўша натижани кўрсата олмайди. Хуллас, қайсидир спортдаги қандайдир натижани яхшилаш учун қилинаётган эътиборни ифодалаш учун қанчадир пул ваъда қилиш, қандайдир катта делегация ташкил қилиш, мадҳияни баландроқ куйлаш билангина бўлмайди. Бу шубҳасиз.
Йўқ, агар олимпиадада кўрсатаётган натижаларимизни муаммо деб қабул қиладиган бўлсак, мен унинг моҳиятини тайёргарлик босқичлари ва шарт шароитларга боғлаш ниятим йўқ. Буни билмайман. Иккинчидан, биз одатдагидек жамоавий эмас, айнан якка спорт турлари бўйича ҳолатимизга урғу бермоқчиман. Бу ерда асосийси нима?
Хўш, югуриш бўладими, штанга кўтаришми, сакрашми, каноэда эшкак эшишми (ҳайрият, шу сўзниям ёдлаб олибман) ва шунга ўхшаш якка спорт турларида медал олишнинг илдизи қаерда? Маълум бир спорт турида маълум давлатларнинг систематик медал олишларини биламиз, демак қанақадир қонуният бўлиши керак-ку, тўғрими? Лекин бу боғлиқликни қидириш осон эмас, сабаби, спортни ривожлантиришга бўлган ҳаракатлар орқали қандайдир ўсишга эришиш мумкин, масалан теннисда. Лекин Истомин ҳеч қачон Федерер бўлолмас экан. Демак, олимпиадада медал олиш бу янада юқорироқ чўққи, бу ерда, айнан ўша спортни ривожлантиришга бўлган систематик ҳаракатлар етарли бўлмайди. Бу ерда кўпроқ шахсий талантлар катта аҳамият касб этади, пақ этиб Болт ёки Исинбаева, ёки Григорян, Черязова ёки Муҳаммадқодирлар чиқади, тамом. Олтин сизники! АҚШ миллиардлаб пулини енгил атлетикада 100 метрга югуришга сарфлаши, минглаб болаларни ичидан танлаб, шу спортда олтин учун ҳаракат қилиб кўриши мумкин, лекин ҳаракат қилиб кўради аслида Усейн Болтнинг нафақага чиқишини кутади, холос.
Қаердандир, кимдир чиқишини кутиб ўтиришимиз керак, демоқчи эмасман. Унақа бўлмайди. Иккита нозик нуқта бор. Биринчиси, мамлакат ёки худуддаги географик, генетик, демологик, социологик шарт шароитларнинг қайси спорт турига кўпроқ мос эканини аниқлаш (Ўрта Осиёнинг бўйи пастроқ, баскетболчи чиқмайди биздан. Ижтимоий муҳит бизда аёлларнинг пляж футболи ёки футбол ўйнашларига монелик қилади. Ҳа, “Севинч”га ўхшаб бир жамоа, бир система пайдо бўлиши мумкин, лекин бу давомли, оммавий ва барқарор бўлмайди). Иккинчиси, маълум спорт турларидаги қобилият эгалари ҳалол танлов принципини ва системасини жорий қилиш. Уёғи энди бошқа мавзу, истасак Германияга жўнатиб, ўша ерда тайёрлайверамиз, тўғрими? Ахир Черязованинг медалини олиб келган фактор бизда қишки спорт мажмуаларимизнинг ривожланиб кетгани эмасди-ку. “Ташкентская школа” деган гап бор эди. Тошкентда туғилган рус болалар ва қизлар фристайлдан Россия, Украина, Белоруссияни номидан қатнашаяпти қишки олимпиадада! Шунчаки, бизда ўша мактаб кунпаякун бўлди! Черязованинг олтини эса яна кўплаб асрлар ягоналигича колади! Топ-классдаги спортчиларга эътибор камлиги (ЙЎҚЛИГИ дея тушунаверинг!) туфайли Чусовитина, Сарсекбаев, Ряхов, Ниязимбетов каби спортчиларимиз бошқа давлатларнинг номидан қатнашиб юришибди. Ким айбдор бунда? Ҳарқалай спортчи эмасдир? Чунки у ўз мақсади йўлида яшамоқда...
Энди бемалол, мана шу якка спорт турлари бўйича шароитлар ва тизим ҳақида гаплашсак бўлади. Мисол учун, Ямайка, Кения каби мамлакатлар тез югуриш мусобақаларида доим фаворит бўлиб келишади. Ушбу йўналиш бўйича мамлакатнинг устунлиги сезилган ва буёғига ўзига яраша мактаб яратиш ва истеъдодларни қидириб топиш қолади, холос. Инерция билан кетаверади. Ёки Эрондаги оғир атлетика мактаби ҳам шунақа. Ҳадеб узоққа бормайлик, ўзимизга хос бокс мактаби ва анъаналарининг мавжудлиги ҳам бизда ҳар доим олимпиада медалларини тақдим этиб келади. Аммо биздаги шароитлар бўйича халқимиз қобилияти бўлиши мумкин бўлган бошқа спорт турларига бўлган эътибор йўқ даражада.
Айтайлик, фольклоримизда чавандозлик, қиличбозлик, полвонлик, сузиш каби спорт турлари мавжуд, ўз анъаналарига эга, бир неча асрлар бўйича шуғулланиб келинади. Бу ерда асосийси мана шу анъналарни профессионал спорт ёки олимпиада ўйинлари билан боғлаш қоляпти, холос.
Аслида бу йўналишда ҳеч қандай ҳаракат қилинмаяпти, дейиш нотўғри бўлади. Уч босқичли тизимимиз, кўп малакатлар ҳавас қиладиган “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” каби тадбирларимиз ҳам аслида шунга қаратилганди. Мамлакатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг кетма-кет қарорлари-ю жонкуяр кўрсатмалари айнан мана шу баркамол авлодни тарбиялашга қаратилганлиги ҳеч кимга сир эмас. Амалда-чи? Қаёқда?!
Афсуски, маълум тадбирдан ёки тизимдан керакли фойдани олиш учун ўша тизимнинг мукаммаллиги кифоя қилмас экан. Бунинг учун энг аввало, муносабат ва эътиқоднинг соф бўлиши, мақсад билан ҳамоҳанг бўлиши жуда зарур экан.
Ўша тадбирлардан мақсад — ёш авлоднинг турли спорт турларидан ўзига хос ярмаркаси бўлиши деб қабул қилсак, ташкилотчиларнинг ёки иштирокчиларнинг мақсади бошқа носоғлом мусобақа! Айтайлик А вилояти халқ таълими бўлими, Б вилоятининг шу бўлимидан устунлигини кўрсатиш учун бор имкониятини ишга солади. Ёшни кичрайтириш, бировни ўрнига бошқасини тушириш, мусобақаларга профессионалларни яширин ёки ошкора жалб қилиш ва ҳоказо... Уларни қачондир ўша вилоятдан бўлажак олимпиада чемпионлари етишиб чиқиши эмас, айнан ўша пайтда универсиада чемпионлари етишиши кўпроқ қизиқтиради. Чунки бизда ниҳол экилмайди! Ҳамма (сиз эмас, тақсир, бошқалар) ўз амал курсисининг омонат эканидан қўрқади ва айнан ўз даврида қандайдир натижага эришишга ҳаракат қилади. Бу мусобақалардан баркамол ва соғлом фарзандларимизни қўллаб-қувватлаш учун эмас, бечора ўша фарзандларимиздан ўз манфаатимиз йўлида, яъни шу соҳада яхши иш олиб борганимизни юқорига исботлаш ниятида фойдаланамиз. Билиб қўйинг, халқ маълум вақт учун сизга курсини эмас, ўзини омонат қилиб топширади. Курсингиз ёрдамида халқни эъзозланг, халқ ёрдамида курсингизни эмас. Уят!
Ўшанда ўзинг нима қилаётгандинг, энди ёзяпсан, дейсизми? Мен ўшанда футбол бўйича журналистлар ўртасидаги турнирда жамоамиз шарафини ҳимоя қилиш учун қайси футболчини чақирсак, экан деб бош қотираётгандим. Шунақа нарсалар устида ҳам бош қотирамиз, биз журналистлар. Билдингизми, бизда маълум иллат устида ўзининг принципиал позициясини маълум қилиб, бор куч билан, охиригача кураша оладиган структура эмас, ора-сира вақиллаб қўядиган алоҳида-алоҳида журналистлар ёки мухлислар бор, холос.
Қайтараман, мабодо олимпиададаги ҳозирги юришимизни омадсизлик деб баҳолашда давом этаётган бўлсак, сабабини Меньковнинг “долисекундлари-ю” Нуритдиновнинг килограмларидан изламанг. Тополмайсиз. Ахтариш ҳам шарт эмас. Бизда ҳар сафар медалчилар бўлади, бу сафар ҳам олтин бўлади. Иншооллоҳ. Лекин тузалишни истаймизми, кучли бўлишни истаймизми, бизга Болт керакми, илтимос, ўз спортимизни топайлик аввал. Кейин ўз спортчимизни топайлик. Шу холос.
Унгача эса...
Эсимда, бир неча йил олдин, Фарғонада “Баркамол авлод” ўйинлари бўлиб ўтганди. Спортчиларни олиб кетаётган автобус тонг саҳарда Қўқон орқали Фарғонага ўтиб кетиши керак эди. Ҳаво изғирин бўлишига қарамасдан, узун ва кенг йўлнинг икки тарафи кичик синфларда ўқийдиган ёш қизалоқларнинг сафи билан тўлдирилганди. Улар байроқчаларни ушлаб, автобусни кутишган, у ўтаётганда байроқни силкитиш учун. Ажойиб тадбир. Жуда чиройли ва оргинал. Ўшанда баъзи қизалоқларнинг совуқда шамоллаб қолганини эшитганимда эътибор бермагандим, ахир автобусда бўлажак баркамол авлод кетяпти, уларни қувватлаш йўлида бир-иккита баркамол бўлмаган авлод касал бўлса нима қилибди? Йўқ, афсус... Баркамол эмас экан. Тўғрироғи камол топмади, кейинчалик...
Қаҳрамон Асланов
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).