Қатар мундиали сўнгги маррага етиб келган паллада аввалги ЖЧда дебютини нишонлаган ёш футболчиларнинг ўша турнирдаги ва охирги мусобақадаги иштирокларини таққослаш имкониятига эга бўлдик.
Хўш, дебютдан кейинги 4 йил ичида келажаги порлоқ дебютантлар ўйинида қандай ўзгаришлар юз берди?
Даниэль Арзани, Австралия терма жамоаси
ЖЧ-2018 дебютидаги ёши: 19 йил, 5 ой, 18 кун
Позицияси: чап қанот вингери
Ўша пайтдаги ҳолати: Мутахассисларда порлоқ келажакка умид уйғотганди, уни Австралиянинг бўлажак юлдузи сифатида эътироф этишганди. ЖЧ арафасида маҳаллий чемпионатнинг «Мельбурн» клубида тўп сураётган, самарали ҳаракатлари йўқ эмасди. Терма жамоадаги дебютини мундиал арафасида Венгрия билан ўртоқлик учрашувида нишонлаб, ҳатто гол уришга улгурганди. Даниэль Россия мундиали гуруҳ босқичидаги барча учрашувларда фақат захирадан майдонга тушди, самарали ҳаракатларни кўрсата олмади. Боиси, турнирни Австралия атиги 2та гол билан якунлаганди.
Ҳозир қаерда?
Мундиалдан кейин Арзани «Манчестер Сити»дан таклиф олди. «Шаҳарликлар» уни ижара ўйинларига мўлжаллаб харид қилишганди. Шу сабаб «Селтик»ка йўл олган вингер октябрь охирида илк марта захирадан майдонга тушди ва аҳамиятсиз ўйинда хочсимон бўғинидан жароҳат олди. Кейин бир йилдан кўпроқ вақтини даволанишга сарфлаб, 2020 йилнинг январида сафга қайтди. Бироқ энди у «Селтик» учун кераксиз бўлиб қолганди: аутсайдер жамоага қарши Шотландия Кубоги баҳсида 5 дақиқа тўп сурди.
Даниэлга асосий терма жамоадан ҳам жой топилмади, уни ёшлар жамоасига чақиришди. Ижара серияси эса «Селтик»дан «Утрехт»га, ундан «Орхус»га ва Бельгиянинг 2-дивизиони вакили «Ломмель»га кўчди. Хуллас, ўша жароҳатдан кейин аввалги савиясини тиклай олмади. Ҳозир футболчи Австралиянинг «Макартур» клубида: 9та ўйинда 3та гол ва 3та ассистни амалга оширган. Европанинг ўртамиёна клубига ўтиш имконияти йўқ эмас. Қатарга терма жамоадан чорлов олмади - «Макартур»даги самарали ўйинни анча кеч (октябрда) намойиш этганди.
Килиан Мбаппе, Франция терма жамоаси
ЖЧ-2018 дебютидаги ёши: 19 йил, 5 ой, 27 кун
Позицияси: ўнг қанот вингери, ҳужумчи
Ўша пайтдаги ҳолати: «ПСЖ»даги дебют мавсумини ўтказаётган футболчи Лига 1нинг 28 учрашувида 13та гол ва 7та ассистни, ЕЧЛда 4та голни ўз ҳисобига ёзиб қўйганди. Россияда Мбаппе Дания билан нурсиз (0:0) дурангдан ташқари, барча учрашувларда бошланғич таркибдан жой олди. Аргентинага қарши баҳсда дублни ассист билан безади. Шунингдек, финалда Хорватия дарвозасини бир марта ишғол этди.
Ҳозир қаерда?
Кейинги воқеалар барчага маълум: бир талай рекордлар ва голлар, рад этилган «Реал» таклифи. Ва албатта, Қатар мундиалининг бош қаҳрамонларидан бири!
Ашраф Ҳакимий, Марокаш терма жамоаси
ЖЧ-2018 дебютидаги ёши: 19 йил, 7 ой, 11 кун
Позицияси: қанот ҳимоячиси
Ўша пайтдаги ҳолати: «Реал»нинг «доимий захираси»га айланиши ёки кечроқ «очилиб», Карвахаль ўрнини эгаллаши мумкин бўлган ёш иқтидори. Ҳозирги Ашрафни 4 йил аввалгиси билан фарқи ер билан осмон қадар. Марокаш терма жамоасида у ҳам айнан ЖЧ арафасида дебютини нишонлаган, иккала қанотдаги ишончли ҳаракатлари эвазига мундиал беллашувларида 90 дақиқа тўлиқ тўп сурганди. Лекин жамоа гуруҳдан чиқа олмаганди.
Ҳозир қаерда?
Ашраф - «ПСЖ» юлдузларидан бири. Мазкур мақомга «Боруссия Д.» ва «Интер»да тўплаган тажрибалари эвазига эришди. Фақат шундан кейин Парижга дадил йўл олди. У ўз салоҳиятини тўла юзага чиқара олган ёш иқтидорларга мисол бўла олади.
Андак афсусга сабаб бўлиши мумкин бўлган жиҳат - Ҳакими «Реал» юлдузи бўла олмади. Бунга клубнинг пандемия давридаги молиявий муаммолари имкон бермади ва Ашраф «Интер»га ўтишга мажбур бўлди.
Лекин Қатарда қайд этилган рекорд мақомидаги муваффақият Марокаш терма жамоасидаги барча футболчиларнинг хато-камчиликларини ювиб юборди - Ҳакими ва унинг аҳил жамоадошлари юксак маҳорат ва кучли ирода эвазига фаворитларни майдондан шунчаки, бош эгиб эмас, йиғлаб чиқиб кетишга мажбур этишди.
Фрэнсис Узохо, Нигерия терма жамоаси
ЖЧ-2018 дебютидаги ёши: 19 йил, 7 ой, 19 кун
Позицияси: дарвозабон
Ўша пайтдаги ҳолати: Фрэнсис доимо миллий терма жамоада гол уриш орзуси билан улғайди. Бироқ 12 ёшга чиққанида мураббий унга дарвозабонлик касбини таклиф этди. Чунки Узохонинг тезлиги майдон ўйинчилари талабига жавоб бермасди. Шу тариқа ёш иқтидорнинг фаолияти 180 даражага ўзгариб, у посбонлик сирларини ўрганишга киришди. 2016|2017 йиллар мавсумида Фрэнсис Испаниянинг «Депортиво» ёшлар жамоасига йўл олди, бир йилдан кейин ўринбосарлар жамоасига ўтиб, асосий жамоа билан Ла Лига доирасида 2 марта майдонга тушишга ҳам улгурди. Шу тариқа Узохо терма жамоа эътиборини ўзига тортди: январь ойида АМК турнирида ҳатто «заявка»га ҳам киритилмаган дарвозабон, ёзда барча рақобатчиларини ортда қолдирди ва бошланғич таркибдан мустаҳкам жой олди. Фрэнсис Россия мундиалида гуруҳ босқичининг барча учрашувларида майдонга тушди, Исландияга қарши баҳсда ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлади.
Ҳозир қаерда?
Фрэнсис - Қатар мундиалини томошабин сифатида кузатишга мажбур бўлган қаҳрамонларимиздан бири. Омадсизликка унинг савияси пасайиб кетгани эмас, Нигериянинг мундиал йўлланмасини қўлга кирита олмагани сабаб бўлди. Узохо ҳозир ҳам «Омония» клубида рисоладагидек ўйин кўрсатмоқда ва еврокубок мусобақаларида тажриба тўпламоқда. Ниҳоят, жорий мавсумда нигериялик посбон болаликдаги орзусига эришди - суюкли жамоаси бўлган «МЮ»га қарши «Олд Траффорд»да майдонга тушди. Беллашув айниқса, Фрэнсис учун ўта қувончли ва муваффақиятли ўтди: майдон эгалари Узохо дарвозасига 34та (!) зарба йўллаб, атиги битта гол уришди. Ишончли ўйини эвазига мухлису-мутахассислар эътофини қозонган моҳир дарвозабон ҳақида «Омония» бош мураббийи Нил Леннон ўйиндан кейин қуйидагича таъриф берди: «Чап ёнимда ўтирган йигит билан фахрланаман... У бугун жаҳон миқёсидаги моҳирликни намойиш этди!»
Мусса Ваг, Сенегал терма жамоаси
ЖЧ-2018 дебютидаги ёши: 19 йил, 8 ой, 15 кун
Позицияси: ўнг қанот ҳимоячиси
Ўша пайтдаги ҳолати: Мусса - ЖЧ туфайли танилган футболчилар намунаси. Мундиалдан аввал у Бельгиянинг ўртамиёна клубида ўйнаган, футбол жамоатчилигига нотаниш ўйинчи эди. Россияда у чинакам «портлаш»ни амалга ошириб, гуруҳ босқичи баҳсларида тўлиқ иштирок этди.
Ваг - ҳимояда ишончли, ҳужумда самарали тўп сурадиган футболчи. ЖЧда у ўзининг тезкор рейдлари билан рақибларини шошириб қўйганди. Сенегал учун хавфли вазиятларни вужудга келтириш бобида фақат Садио Мане ва М~Байе Ньянг ундан яхшироқ натижани қайд этишганди. Ваҳоланки, улар ҳужумчилар, Ваг эса ҳимоячи эди.
Ҳозир қаерда?
Россия мундиалидаги ёрқин иштироки эвазига Мусса Ваг топ-клублар назарига тушди. Ёзда «Барселона» уни ўринбосарлар жамоасига таклиф этди. Бир йилдан сўнг ҳимоячи асосий таркиб аъзосига айланди. Лекин жуда оз ўйин амалиётига эга бўлди. Оқибатда, Мусса 2019|2020 йиллар мавсумининг 2-даврасини «Ницца»да ўтказди, нисбатан дурустроқ ўйнаган бўлсада, барибир, ўйин амалиёти оз бўлди. Янги мавсумни «Паок»да бошлаган ҳимоячи тиззасидан жиддий жароҳат олиб, бир йилдан кўпроқ муддатга сафдан чиқди. Даҳшатли шикастланишдан хабар топган «Барселона» футболчилари сенегаллик касбдошларини қўллаб-қувватлаш мақсадида навбатдаги ўйинда махсус футболкаларда майдонга тушдилар. Чунки бунақа жароҳатдан кейин аввалги савияни тиклаш осон эмаслигини яхши билишарди. Кейин нохуш воқеалар бошланди. 2022|2023 йиллар мавсумига саломатлигини тиклаган Мусса эркин агент мақомида Хорватиянинг «Горица» клуби сафидан жой олди. Лекин шу аутсайдер сафида ҳам мунтазам равишда майдонга туша олмаяпти. Эҳтимол, футболни аввалгидек ҳис этиши учун, ҳимоячи яна бир оз сабр қилиши керакдир. Унинг яқин келажакда савиясини тиклаб олишига умид қиламиз.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).