"Реал Мадрид" чемпионатда "Барса"дан 8 очко ортда қолаётган бўлса-да, чемпионлик учун курашни давом эттирмоқда. Шу билан бирга, у Чемпионлар лигаси билан Испания кубоги учун ҳам курашади. Қолаверса, “Қироллик клуби” клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиш арафасида. Бош мураббийи Карло Анчелотти ҳам тиғиз тавқим ҳақида гапириб ўтди:
“Биз турнирларда қатнашишдан бош тортмоқчи эмасмиз, чунки биз финалга жуда яқинмиз. Биз Қирол кубоги ярим финалидамиз ва миллий чемпионат ва Чемпионлар лигасида курашамиз. Кучларни тўғри тақсимлаш жуда муҳим, чунки бу жуда мураккаб тақвим. Ўйлайманки, биз бир зум ҳам тўхтамаслигимиз керак, чунки футболчилар чарчаб қолишса, ҳаммаси тугайди. Биз ўйнашдан ва доимо курашаётганимиздан хурсандмиз, лекин менимча, эришиб бўлмайдиган чегара бор. Бунинг олдини олиш учун нимадир қилиш керак".
Охирги ойда (31 кун) Карло Анчелотти жамоаси 9 та ўйин ўтказди: улар Испания кубогидаги учта рақибини, жумладан, “Атлетико”ни мағлуб этишди; “Валенсия”ни мағлуб этиб, мамлакат Суперкубоги финалига чиқди, бироқ у ерда “Барселона”га мағлуб бўлди. Чемпионатда "Вальядолид" ва "Атлетик" устидан ғалаба қозонишди, "Вильярреал"га ютқазишди ва "Реал Сосьедад" билан очко бўлишди. Мадрид клубини эса шундай қийин тақвим кутиб турибдики, футболчиларга ҳавас қилиб бўлмайди.
2 февралдан 2 мартгача “Реал Мадрид” яна тўққизта ўйин ўтказади. Бугун Карло Анчелотти шогирдлари ўз майдонида "Валенсия" билан ўйнайди ва дарҳол Марокашга клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўл олади. У ерда "Реал Мадрид"ни иккита ўйин кутмоқда ва Испанияга қайтиб келгач, Ла Лигада "Мальорка", "Эльче" ва "Осасуна" билан учрашувлар кутиб турибди. “Осасуна”дан 3 кун ўтиб “қаймоқранглилар” Чемпионлар лигасида “Ливерпуль” билан меҳмонда, беш кундан кейин эса “Атлетико” билан ўз уйида ўйнайди. "Реал"да эса тикланиш учун бор-йўғи уч кун бор, чунки Карло Анчелотти жамоаси тўртинчи куни "Барселона"ни қабул қилади.
“Реал Мадрид”нинг кейинги икки ойлик тақвими:
2 февраль, “Валенсия” (Уйда), Ла Лига
5 февраль, “Мальорка” (Меҳмонда), Ла Лига
8 февраль, "Сиетл"/"Ал-Ахли" (Меҳмонда) Клублар ўртасида ЖЧ (ярим финал)
11 февраль, Биринчи ярим финал ғолиби (Меҳмонда) Клублар ўртасида ЖЧ (финал)
15 февраль, “Эльче” (Уйда), Ла Лига
18 февраль, “Осасуна” (Меҳмонда), Ла Лига
21 февраль, “Ливерпуль” (Меҳмонда), Чемпионлар лигаси
26 февраль, “Атлетико Мадрид” (Уйда), Ла Лига
2 март, “Барселона” (Уйда), Қирол кубоги (биринчи ярим финал)
5 март, “Бетис” (Меҳмонда), Ла Лига
12 март, “Эспаньол” (Уйда), Ла Лига
15 март, “Ливерпуль” (Уйда), Чемпионлар лигаси
19 март, “Барселона” (Меҳмонда), Ла Лига
2 апрель, “Вальядолид” (Уйда), Ла Лига
5 апрель, Барселона (Меҳмонда), Қирол кубоги (иккинчи ярим финал).
"Реал Мадрид"да яна қандай муаммолар бор?
Қийин тақвимдан ташқари “Реал Мадрид"да таркиб борасида ҳам муаммолар бор. 9 январдан буён Давид Алаба ва Аурелиен Тчуамени олтитадан ўйин ўтказиб юборишди. Ҳар икки футболчининг оёғидан жароҳат борлиги аниқланган ва уларнинг жамоага қайтиш вақти ҳали аниқланмаган. "Реал Мадрид"да ўнг қанотда ҳам муаммолар бор, Лукас Васкеснинг тўпиғидан олган жароҳати ва Даниэл Карвахалнинг мушаклари туфайли Начо ҳимояда ўнг қанотдан жой олди.
“Қироллик клуби”нинг яна бир муаммоси – трансферлар. Тўғрироғи, уларнинг йўқлиги. Эътибор берган бўлсангиз, "Реал Мадрид" қишда ҳеч ким билан шартнома имзоламади. Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиблари “ПСЖ” футболчиси Ашраф Ҳакимий ва “Спортинг” аъзоси Педро Порро трансферини кўриб чиқишди, бироқ бири Парижда қолди, иккинчиси эса “Тоттенхэм”га йўл олди. Шу тариқа Карло Анчелотти ҳимоядаги муаммоларни ёпа олмади. Бундай тиғиз тақвим билан "Реал Мадрид" ҳеч қандай ҳолатда ўйинчиларини йўқотмаслиги керак ва ёши катта Лука Модрич, Тони Кроос ва Карим Бензема борлигини ҳисобга олсак, бу вазифани енгиш қийин бўлади. Kўрамиз, Анчелотти бу муаммоларга қандай ечим топа олади экан.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).