Хабарингиз бор, 26 август куни Қарши шаҳрида Олий лига 17-турининг марказий учрашувларининг бири, чемпионатимиз пешқадамлари — “Насаф” ва “Бунёдкор” жамоалари ўртасида учрашув бўлиб ўтади. Биз ушбу ўйин ҳақидаги футбол мухлисларининг фикрлари билан қизиқдик ва ушбу фикрларни Сиз азиз мухлисларимизнинг эътиборига ҳавола қилаяпмиз, марҳамат танишинг.
Ўктам Узоқов – “Насаф” ПФК фан-клуби етакчиси: - “Бу учрашув албатта биз учун жуда катта аҳамиятга эга. Буни ҳозирги пайтда Қарши шаҳридаги жуда кўп мухлисларнинг орасида кенг миқиёсда муҳокама қилинаётганидан ҳам билса бўлади. Ҳамма мухлисларнинг фикру-хаёли шу ўйин ҳақида, энди бевосита ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, “Насаф”да анча ижобий ўзгаришлар бор, ҳозирги таркиб билан мамлакатимиз чемпионатида қатнашаётган ҳар қандай жамоага муносиб қаршилик кўрсата олади. Шунингдек “Бунёдкор” жамоасига ҳам, ҳозирги пайтда уларнинг бир устунлиги шундаки, улар бир-неча маратоба чемпионлик унвонига эга бўлишган. Тўғри тажриба ҳам бор, аммо биз унутмаслигимиз керакки, бу сафар ўз майдонимизда ўйнаймиз, қолаверса бу жамоаларнинг кейинги учрашувига назар солсак, биринчи даврада рақибимиз майдонида дуранг натижани қайд этдик, энди навбат ғалабамизга деб ўйлайман. Менда ғалаба қилишимизга ишонч катта. Ушбу кайфият жамоамиз аъзоларида ҳам бўлиши керак! Биз фан-клубимиз билан ушбу учрашувда жамоамизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқдамиз. Шунингдек якшанба куни, бўлимлар ўртасидаги танаффусда ўтказадиган тадбирларимизни ҳам режалаб қўйдик, келинг бу ҳозирча сир бўла қолсин, ўйинга ташриф буюрган мухлислар ёқимли воқеалар шоҳиди бўлишига аминман. Олға “аждарлар”, олға “НАСАФ”им!”
Шуҳратбек Умрзоқов, Наманган шаҳридан, тадбиркор, “Навбаҳор” жамоаси мухлиси: - “Мен ўзимизни “Навбаҳор” жамоамизни мухлиси бўлсамда, аммо “Насаф”га бефарқ эмасман, “Насаф" - “Бунёдкор” ўйини ҳар доимгидек қизиқ бўлиши аниқ, “Насаф” ҳоҳ Қаршида бўлсин, ҳоҳ Тошкентда бўлсин доим “Бунёдкор”га яхшигина қаршилик кўрсатиб келади! 2009 йили Ўзбекистон кубоги учун курашда “Бунёдкор” билан тушганда ҳайрон қолганман, ўшандаги “Бунёдкор” ҳозиргидан анча кучли эди, тўғрироғи кучайтирилган эди. Ўша пайти “Бунёдкор”га ҳаттоки Сколари деган дўнё миқёсидаги мутахасис келган эди. Бирорта клуб у пайти уларга тузуроқ қаршилик кўрсата олмасди. Лекин “Насаф” икки ўйин натижасига кўра ютқазган бўлса ҳам жуда чиройли ўйин кўрсатган эди. “Бунёдкор” ушбу кубок учун курашда “Насаф” тусиғидан осонликча ўтмаганди. 2011 йили йили ўзингиз биласиз, айнан “Насаф” кубок учун курашдан “Бунёдкор”ни тушириб ҳам юборди. Менимча бу сафар “Насаф” ҳар томонлама “Бунёдкор”ни мағлуб этишга ҳақли, ҳисоб тахминимча 2:0 Қаршиликлар фойдасига бўлади”.
Зафар Жўраев, “Спорт” ДУКнинг Қашқадарё вилояти мухбири: - «26 августда мавсумнинг марказий учрашувларидан бири бири бўлади. Учрашувга икки жамоа ҳам жиддий тайёргарлик кўраётганига шубҳам йўқ. Менимча учрашув тақдирини биргина гол ҳал қилса керак. Учрашув, шиддатли курашларга бой, анча асабий, сариқ карточкаларга бой тарзда ўтса керак. Meн “Насаф” жамоаси имкониятларини юқори баҳолаган бўлардим чунки сўнгги учрашувда “Насаф” “Бухоро” билан бўлган ўйинда ишонарли ғалабага эришди. Учрашув “Насаф” майдонида мухлислари қаршисида ўтади. “Бунёдкор” охирги учрашувда жиддий рақиб билан туқнаш келиб, дуранг натижа қайд этди. Бу ҳам қандайдир маънода уларга салбий таъсир ўтказишига шубҳам йўқ. Бу учрашувда ғалаба қозониш учун тактика ва жисмоний қобилият билан бирга руҳий ҳолат ва шунингдек омадга ҳам боғлиқ деб ўйлайман, ана шу устунликка эга жамоа бу учрашувда ғалабага эришиши мумкин”.
Бекзод Рўзиев, Қарши шаҳридан, тадбиркор: - “Насаф”-Бунёдкор” ўйини ҳар доим ҳам турни марказий ўйини ҳисобланади. Бу жамоалар доим совринли ўринлар учун кураш олиб боради лекин чемпионат ўйинларида “Насаф” ҳали “Бунёдкор”ни мағлуб этмаган лекин якшанба куни насиб, бу нохуш анъанага барҳам берилса керак, зеро бу ғалаба У.Тошевнинг кўплаб матбуотдаги ва мухлислар ўртасидаги билдирилаётган танқидий фикрларига жавоби бўлади. “Насаф”-“Бунёдкор” ўйини қизиқарли ўйин бўлади яъни томошабопликда Тошкент дербисини ортда қолдиришини кутаяпман, баъзи бир майда-чуйда, тўғрироғи мухлислар ёқтирмайдиган сабаблар ҳалал бермаса бўлди, ҳалол ва чиройли ўйин бўлса, албатта “Насаф”ни ғалабасини кўрамиз деган умиддаман”.
Сардор Расулов, Қарши шаҳридан, ички ишлар ходими: - “Ушбу учрашувни ҳар қачонгидан сабрсизлик билан кутаяпман, насиб бўлса стадионга бориб томоша қиламан, шунингдек сал хавотирим ҳам бор, нега десангиз “Насаф”даги аввалги жанговорлик гўёки сунгандек, лекин таркибимиз кучли. Менимча “Насаф” бу сафар ғалаба қилишга ҳаракат қилиб кўради. Яъни кўпроқ ҳужум уюштирса керак бунга жамоамизни қурби етади шунингдек ҳимояда жуда эҳтиёткорлик талаб этилади, “Бунёдкор” сафида вазиятлардан унумли фойдалана оладиган ўйинчилар борлигини унутмаслик керак. Бошқа мухлислар хафа бўлишмасин-у менимча бу учрашувда ҳам кичик ҳисобдаги дуранг бўлса керак”.
Жасур Кенжаев, Қарши шаҳридан, тадбиркор: - “Насаф” – “Бунёдкор” учрашувида албатта севимли жамоамиз “Насаф”ни ғалаба қилишини жуда-жуда ҳоҳлайман аммо, жамоамизни ҳозирги мурабиййимиз Усмон Тошев ғалабага етаклай олишига кўзи етмайди бунга сабаб муҳим ўйинларда жамоамизга жанговор руҳ бера олмайди, кейинги пайтларда “Насаф”нинг ўйини ҳам ўзгариб кетди, менимча кўп ўйинчиларни ўйнаш позициясида ҳам ўзгаришлар бор, шу жиҳатдан баъзи ўйинчилармиз бунга киришиб кета олмаяпти. Яна бир фикрим Кенжа Тўраев ва Шоҳруҳ Гадоевлар ўйин темпини анча ошира оладиган ўйинчилар ҳисобланишсада улар керакли пайтда майдонга туширилмаяпти. Мухлисларнинг ҳақиқий ёқимтойи Жаҳонгир Жиямуродовни эса ҳатто заҳирада ҳам кўрмаяпмиз. “Насаф”нинг бошқа жамоалар устидан қилаётган ғалабаси - бу Усмон Тошевнинг ютуғи эмас, балки таркиб ўша жамоаникига қараганда кучлилигидадир. “Бунёдкор”да эса руҳий жиҳат анча кучли жамоа бу борада футболимиз афсонаси Миржалол Қосимовга тасанно айтмасдан иложим йўқ, қолаверса “Бунёдкор” сафарда яхши ўйин кўрсата оладиган жамоа. Бизда эса мураббий таркиб танлашда ҳам, тактика танлашда ҳам жуда кўп қупол хатоларга йўл қуяди. Шунинг учун жуда хавотирдаман.Учрашув менимча дуранг натижа билан тугайди. Агар “Насаф” ғалаба қилса, У.Тошев биз мухлисларни фикрини ўзгартира олиши мумкин, аксинча... Ҳозир Рўзиқул Бердиев жамоа бош мураббийи бўлганида эди, ўша шижоатли ва ғалабага чанқоқ таркиб бўлганида эди, қурқмасдан “Насаф”ни ғалаба қилишига ишонган бўлар эдим, афсуски ҳозир бундай эмас, бу менинг шахсий фикрларим”
Шуҳрат Қурбонов, Қарши шаҳридан, тадбиркор: - “Мени фикримча 26 август куни Ўзбекситон чемпионати 17-турида “Насаф” ва “Бунёдкор” ўртасидаги ўйин жуда қизиқарли бўлиб, ўйин бошида “Бунёдкор” вазиятни қўлга олиш учун тезкор ҳужум тактикасини қўллашга ҳаракат қилади. “Насаф” албатта ҳимояни мустаҳкамлаб, пайт пойлаб ҳужум қилмоғи шарт. “Насаф”ни ўйинларини кузатиб, бир нарсага эьтиборимизни қаратсак, мени назаримда “Насаф” ҳужумга утганда очилиб турган Шишеловга тўпни ташлашмаяпти. Нима футболчиларимиз орасида ҳам рақобат борми? Жамоа мураббийи ёки бошқа мутахасислар бу ҳолатга эьтибор қилишмаяптими? Бу ўйин руҳий жиҳатга анча боғлиқ. Қайси мураббий шу жиҳатга эътибор қаратса, учтунглик ўша жамоада бўлади. Чунки бу икки жамоа мамлакатимизнинг совринли ўринлари учун кураш олиб боришмоқда. “Насаф”чилар бу учрашувда мухлислар томонидан катта далда ҳам олишади, лекин бу - босим ҳам бўлади. Мана шуларни ҳам мураббийимиз ҳисобга олиши керак.
22 августда Ўзбекистон кубоги дастлабки ярим финал учрашуви доирасида бўлиб ўтган “Бунёдкор” – “Пахтакор” баҳсидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида майдон эгалари катта мураббийи Мурод Отажонов қатнашди ва - «Ҳакам камида иккита қизил карточка кўрсатиши керак эди. Қайси дақиқада нима бўлганини айтиб берайми? Ўзингиз кўрдингиз. Балки кейинги йил ОЧЛга 1+1 квота берилиши мумкинлиги туфайли ҳакамлар мана шундай қилишгандир. Ҳамма ҳам яшашни хоҳлайди”,»- деб ҳакамларнинг “иши”ига шама қилди. Бу воқеалардан кейин ҳакамлар бригадаси ҳам уйинни ҳалол бошқаришга ҳаракат қилишса керак. Чунки биз “Насаф” мухлислари ҳам, кўпгина “адолатсизлик”лардан вақтида жабр кўрганмиз. Нима бўлганда ҳам севимли жамоамизга омад тилаймиз. Олга Насаф!!! Олга “Аждарлар”!!!
Дадажон Маматқулов, Қарши шаҳридан, championat.uz cайти ижодкори: -“Албатта, бу ўйин томошабоп бўлади, деб умид қиламан. Бу асосийси, қолгани эса – “иккинчи план”. Бунақа ўйинларда ҳаммасини кичик бир вазиятлар ҳал этади, яна ўйин Усмон Тошев учун ҳақиқий синов, яна Қосимов учун ҳам психологик чиқиб кетиш бўлади, “Бунёдкор” учун ҳам. Биз бу ўйинда “Насаф”нинг асосий кучини чамалаб оламиз. Яна Алишер Юсуповнинг ўйинини кўриш ҳам анча қизиқарли бўлади, ҳар-қалай “Бухоро” билан ўйиндаги “фантастик зарбалар”дан сўнг. Менимча бу сафар “Насаф”нинг имкониятлари каттароқ, биринчидан жамоа ўз уйида ўйнайди, иккинчидан “Бунёдкор” руҳий жиҳатдан пастдек, учинчидан эса Усмон Қудратович мухлислар меҳрини қозониш учун “беш карра” катта куч билан жамоани майдонга олиб тушади. Яна дуранг бўлиш эҳтимоли ҳам юқори зора иккала жамоа ҳам бир-бирига жуда-жуда мос. Қисқаси, “25х45х20”.
Юқорида билдирилган фикрлар учун барчага сайтимиз номидан миннатдорчилик изҳор этамиз. эртага ҳамма-ҳаммани “Насаф” марказий стадионига чорлаб қоламиз! Ахир бунақа ўйин ҳар доим ҳам бўлавермайдида.
Фикрларни Ренат Эрназаров ёзиб олди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).