АПЛ клублари яқинда ёпилган қишки трансферлар бозорида жами 829 миллион евро сарфлади.
Қолган 4та етакчи лига (Ла Лига, Бундеслига, «А» серия ва Лига 1)нинг умумий харажати бундан нақ 3 баробар кам бўлди. Ҳа, Англия лигаси - футболнинг моддий йўналишида мутлақ гегемон. Эслатма, Европанинг аксарият миллий чемпионатларида қишки трансферлар бозори 1 февраль куни расман ёпилди. Демак, энди охирги футбол бозори натижаларини сарҳисоб қилишимиз мумкин бемалол. Хўш, Англия, Германия, Испания, Италия ва Франция чемпионатлари элит лигалари клублари қишки савдоларда қандай каромат кўрсатди?
Қишки бозорнинг асосий факти шу - АПЛ клубларининг жами харажати қолган 4та топ-лига иштирокчилари сарфлаган умумий маблағдан нақ 3 карра ошиб кетди. 1 февраль ҳолати бўйича айтсак, дунё футболининг энг серхаражат 10та лигаси рўйхатига Европадаги 5та етакчи биринчиликдан ташқари, MLS (57,6 млн. евро), Аргентина чемпионати (34 млн. евро), Англия Чемпионшипи (28,3 млн. евро), РПЛ (27,4 млн. евро) ва Португалия Примероси (27,3 млн. евро) кирди. Диққат, агар кучли 10талик эмас, балки 20таликни олсак ҳам, АПЛ клубларининг жами харажати миқдори қолган 19та лиганинг умумий кўрсаткичидан чамаси 250 миллион евро кўпдир.
Айтиш ҳам шарт эмас, Европанинг кучли 5та лигаси клублари орасида қишки харажат миқдори бўйича «Челси» мутлақ рекордчи бўлди - 320 млн. евро. Қолган 4та кучли чемпионатда энг кўп чиқим «Марсель» (40 млн. евро), «Боруссия» Д. (13,5 млн. евро), «Эспаньол» (13,2 млн. евро) ва «Фиорентина» (12,5 млн. евро) чекига тушди. Тўғри, АПЛ харажати муайян клубларнинг қишки бозорга фаол киришгани ҳисобига мислсиз даражага етди. Лекин суперклублар орасида «Челси»дан ташқари, фақат «Арсенал» (60,3 млн. евро) ўзини эслатиб қўйди бозорда. Таққослаш учун келтирсак, азалий сахий клублар - «Манчестер Сити», «МЮ», «Тоттенхэм» ва «Ливерпуль» биргаликда 64 «лимон» сарфлади. Шу сумманинг ҳам катта қисми 1та трансферга тўғри келди - «Ливерпуль» Коди Гакпо учун ПСВга 42 млн. евро тўлади. Яна бир эътиборли факт: АПЛ турнир жадвалида ўзини сира ўнглолмаётган «Саутгемптон»нинг бир ўзи бутун Бундеслига билан деярли тенг миқдорда пул ажратди қишки трансферларга (63 млн. евро). АПЛнинг бошқа «оддий»роқ иштирокчилари орасида ҳам катта чиқимга қўл урганлари бор: «Борнмут» - 56,2 млн. евро, «Лидс» - 41,2 млн. евро, «Вулверхэмптон» - 38,5 млн. евро.
Қишда қиймати 11 миллион евродан баланд 37та трансфер амалга оширилди. Шундан нечтаси Англиядан ташқаридаги клубларга тегишли эканлигини топишга уриниб кўринг бир... Ҳа, тополмадингизми? Диққат қилинг, 37та энг йирик трансфердан атиги 6таси АПЛга дахлсиз, холос. Қишки бозорнинг энг қимматбаҳо 19та келишувига қарасак, 18таси Англия клублари бўйнида. Оддий айтганда, топ-19 ичига кирган биргина Витинья Оливейра (32 млн. евро) Англияга эмас, Францияга йўл олди («Брага» - «Марсель» йўналиши бўйича). Умуман, АПЛ вакилларини четга суриб турсак, энг катта харажат айнан «Марсель» ҳисобига тўғри келади. Диққатни тортадиган томони, Лига 1да «ПСЖ»га рақобат туғдиришга уринаётган бу жамоада харажат миқдори бутун Ла Лига ёки «А» серияникидан кўпроқ бўлди. Қишки савдо варақасининг умумий рўйхатида эса, «Марсель» АПЛнинг атиги 7та клубидан орқада қолди.
Ғалати парадокс: Англия элит лигасида тежамкор жамоалар ҳам бор. Мисол учун, «Брентфорд» бозорда атиги 1 миллион евро сарфлади (Кевин Шаде «Фрайбург»дан ижара келишуви бўйича олинди). «Эвертон» эса қишда ҳеч қандай шартнома тузмаган Англиянинг ягона клуби бўлди. Тўғри, «ирислар»да бош мураббий алмашди. Бошқа лигаларда эса трансферларга бир тийин ҳам ажратмаган жамоалар сони анча кўп - Германиянинг 4та, Франциянинг 9та, Италиянинг 11та ва Испаниянинг 13та дружинаси таркибни кучайтиришга эҳтиёж сезгани йўқ. «Зиқна»лар орасида «ПСЖ», «Монако», «РБ Лейпциг», «Реал», «Барселона», «Севилья», «Интер», «Наполи», «Ювентус», «Лацио» ва «Аталанта» каби катта клублар борлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
1 йил олдинги қиш бозорида ҳам АПЛ харажат масаласида сезиларли фарқ билан пешқадамлик қилганди, аммо бу даражада эмас. Яъни Англия жамоалари жами 345 млн. еврога тенг кўрсаткич билан «А» серия (185 млн. евро)ни деярли икки баравар ортда қолдирганди. Ўшанда 3-юқори натижани MLS кўрсатган бўлса, Россия Премьер-Лигаси 82 «лимон»га тенг харажат билан 4-ўринни банд этган. Бу сафар эса РПЛ 9-қаторни банд этди, бу якуний натижа эмас. Зеро, Россияда қишки трансфер ойнаси ҳали очиқ ва яна 7 миллион евро сарфланса, РПЛ бирданига 5-қаторга кўтарилади.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).