Локомотив клубида мана бир неча йилларки кўпчилик иқтидор эгалари сафида икки Наманган футбол мактаби тарбияланувланувчилари Аъюб Нўмонов ва Бобурбек Тиллабоевлар ҳаракат қилишмоқда. Бу икки махоратли футболчилар билан кичик сухбат ўтказишга муваффақ бўлдик.
Аъюб, Бобур футбол мухлисларимизга аввало миллионлар ўйини - футболга кириб келишингиз тарихи, биринчи мураббийингиз ва Локомотивга сафига қабул қилинишингиз тарихини сўзлаб берсангизлар.
- А.Нўмонов: Футболга биринчи қадамни Наманган шахридаги 17 Болалар ва ўсмирлар спорт мактабидан бошлаганман. Биринчи мураббийларим Ахад Хошимов, Хайрулла Хожимирзаев ва Дилмурод Низамбаевлардан ушбу спорт турининг дастлабки сабоқларини олганман. 2001 йил БЎСМга қабул қилинганман, 2005 йилдан бошлаб Чиғатой спорт мактабига келганман. У ерда Марат Кабаев қўлида тахсил олганман. 2008 "Чиғатой"ни битириб, биринчи лиганинг Шайхонтохур клубида ярим мавсум ўйнаганман ва Марат Мифтахуддинов таклифи билан Локомотив клубига келганман.
- Б.Тиллабоев: Мен футбол сирларини дастлаб Республика Олимпия захиралари коллежида ўрганман, биринчи мураббийим Сергей Петров. Коллежни битириб Пахтакор таркибида 2 лигада ярим мавсум ўйнаганман ва Локомотивга келганман. Тўлаган Исоқов мени темирйўлчилар клубига чақирган.
Локомотив сафидаги биринчи расмий ўйинларингизни эслай оласизларми?
- А.Нўмонов: Ҳа, бу албатта ҳаяжонли бўлган жудаям, 2008 йил ёшлар таркибида Динамога қарши ўйиннинг иккинчи бўлимида тушганман. 2010 йил эса асосий таркибда Насафга қарши ўйнаганман.
- Б.Тиллабоев: 2007 йил ёшлар таркибида Металлург билан биринчи марта расмий ўйинда иштирок этганман. Асосий таркибга кириш учун тайёрланиб бораяпман хозирда.
Ота оналарингиз футболчи бўлишларинга қарши бўлишмаганми?
- А.Нўмонов: Отам ёшликларида ўзи майдонда тўп сурган, шунинг учун оиламизда футболга мехр бошқача. Бошида онам қарши бўлган, лекин менинг қизиқишимни кўриб рухсат берган.
- Б.Тиллабоев: Бизнинг оиламиздагилар мени футболчи бўлишимга қаршилик қилишмаган. Онам футболни яхши кўрадилар.
Баъзи машхур футболчилар ўз футболдаги фаолиятларини дастлаб дарвозабонликдан бошлаб кейинчалик ҳужумчи бўлиб ўйнашган, қайсидирлари эса аксинча ҳужумчиликдан бошлаб дарвозабон бўлиб ўз карьераларини тугатишган. Сизлар дастлаб қайси чизиқдан бошлагансизлар?
- А.Нўмонов: Мен дастлаб ҳужумчи бўлиб ўйнаганман, кейин ярим химояда синаб кўришган, ҳозирда химояда. Ёқтирган жойим ҳалиям ярим химоя (кулади)
- Б.Тиллабоев: Мен эса фаолиятимни ярим химояда бошлаганман, кейинчалик мураббийлар мени ҳужумда ўйнашимни тавсия қилдилар.
Бу мавсум ҳар доимгиданда кучли ва қизиқарли ўтмоқда. Мавсум бошидан Локомотив ўз олдига юқори мақсадларни қўйган. Жамоамизнинг кейинги имкониятларини қандай баҳолайсизлар?
- А.Нўмонов: Бизнинг мақсадимиз юқори ўринларни эгаллаш, мухлисларимизга чиройли ўйин намойиш этиш. Имкониятларимиз яхши. Ўзбекистон Темир Йўллари биз учун ҳамма шарт шароитларни яратиб берган. Ажойиб мехмонхона, стадион, бассейн каби қулайликлар юртимизнинг кам сонли клубларида мавжуд.
- Б.Тиллабоев: Ҳозир биз бешинчи (5) ўринда бораяпмиз. Биз бемалол совринлар учун кураша оламиз. Мураббийларимиз ва футболчилар бир оила бўлиб ҳаракат қилишмоқда.
Майдондаги ҳозирги ўйнаётган позицияларингдаги қайси футболчиларга хавас қиласизлар?
- А.Нўмонов: Жамоамиздаги Дилшод Жабборов ва Бахтиёр Ашурматовларга хавас қиламан. Улар ўз чизиқларида ўзбек футболида кучли футболчилар саналишади. Миржалол Қосимов ўйинларидан завқ олардим.
- Б.Тиллабоев: Ҳужум чизиғида Зайниддин Тожиев, Садриддин Абдуллаев ва Александр Гейнрих мен учун идеал футболчилар ҳисобланишади. Уларнинг ўйинларидан кўп нарсани ўзим учун олишга ҳаракат қиламан.
Ўзбекистон миллий терма жамоасини катта синов кутиб турибди. Бу учрашувда сизнинг тахминингизча қандай натижа қайд этилади? Жахон футболида мухлислик қиладиган терма жамоа, клуб ва футболчиларингиз борми?
- А.Нўмонов: Мен ишонч билан айта оламан,терма жамоамиз Корея устидан ғалаба қозонишга қодир. Албатта етакчи футболчиларимиз жароҳат олишган, аммо йигитлар кўп нарсага қодирлар, шу жумладан Кореяни ютишга ҳам. Дунё футболида Франция терма жамоаси, Реал Мадрид клубига, футболчилардан Зайниддин Зидан ва Пепе менинг яхши кўрган футболчиларим.
- Б.Т: Албатта, бу ўйин терма жамоамиз учун жудаям муҳим. Футболчиларимиздан ғалабани кутиб қоламиз. Уларга омад тилаймиз. Терма жамоалардан Испания, Реал Мадрид мухлисиман. Раул менинг кумирим.
Футболдан, машғулотлар бўш вақтларингизда нималар билан бўласизлар? Аъюб ва Бобурнинг биз билмаган қандай қизиқишлари бор?
- А.Нўмонов: Мен кўпроқ стол тенниси ва жамоадошларим Дилшод Рахматуллаев ва Дилшод Жабборов билан "PLAY STATION" ўйнайман.
- Б.Тиллабоев: Билярд ўйнаймиз, қушиқ тинглайман, катта теннисга қизиқаман. TASHKENT OPEN бахсларини вақтим бўлса бориб кузатишга ҳаракат қиляпман ҳозир.
Келажакдаги орзу умидларингиз, мухлисларимизга тилакларингиз бўлса, марҳамат.
- А.Нўмонов: Ўзбекистон терма жамоамиз билан биргаликда Жахон чемпионатида ва Осиё чемпионатларида чемпион бўлиш ва Локомотив клуби билан мамалакат чемпионлиги, Осиё чемпионлари лигасида иштирок этиб ғалаба қозониш энг катта орзуим. Мухлисларимиз бизни ҳар ўйинда қўллаб қувватлаб туришибди. Улар билан фахрланамиз.
- Б.Тиллабоев: Аъбхон айтиб ўтганидек жамоамиз билан юқори чўққиларни забт этиш. Мухлисларимизга ҳали бунданда чиройли ўйинларимиз ҳали олдиндалагини айтиб ўтмоқчиман. Футболдан завқланишда давом этишсин. Биз улар учун ўйнаймиз.
Мароқли сухбат учун сизларга рахмат, ўйлаган, орзу қилган мақсадларингизга етишингизга тилакдошмиз!
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).