Мустақиллигимизнинг 21 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда. Ўтган давр барча соҳаларда бўлгани каби ўзбек футболида ҳам оламшумул воқеаларга жуда бой бўлди. Бугунги мақоламиз ўзбек футболининг 21 йиллик тарихидаги энг муҳим ҳодисалар хусусида сўз юритамиз.
Илк чемпионат ва икки чемпион
Истиқлолнинг илк йилларида Ўзбекистон ҳам футбол бўйича ўз чемпионатини ўтказа бошлади. 16 жамоа иштирок этган мазкур биринчиликда ўзбек футболи мухлислари қизиқарли ва кескин курашларга бой бўлган ўйинлардан баҳраманд бўлишди. Айтиш жоизки, биринчи чемпионатда чемпионлик икки жамоа “Пахтакор” ва “Нефтчи”га насиб этди. Бу жамоаларнинг очколари тенг бўлиб қолгани боис, олтин медал икки клубга берилди. Чемпионатнинг энг ёш футболчиси бўлмиш – Валерий Кечинов ўзининг 24 та голи билан Ўзбекистон чемпионатининг биринчи тўпурари сифатида тарихда қолди.
Шу йили, шунингдек, биринчи марта Ўзбекистон кубоги баҳслари ҳам ўтказилиб, унда Наманганнинг «Навбаҳор” жамоаси бош совринни қўлга киритди.
Терма жамоанинг илк учрашуви
1992 йил 17 июнғ. Айнан шу куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзининг биринчи учрашувини ўтказди. Рустам Акромов бошчилигидаги бош жамоамиз Марказий Осиё кубоги доирасида Душанбе шаҳрида Тожикистон терма жамоасига қарши майдонга тушди. Термамизнинг илк учрашувида дуранг натижа қайд этилди. Игорь Шквирин терма жамоамизнинг биринчи голи муаллифи бўлди. Иккинчи гол Рустам Абдуллаев ҳисобига ёзилди.
1992 йил. 17 июнь.
Марказий Осиё кубоги.
Тожикистон - Ўзбекистон 2:2
Голлар: Муҳсин Муҳаммадиев 72, 86. - Игорь Шквирин 62, Рустам Абдуллаев 74 пен.
Хиросимадаги олтин медал
Терма жамоамиз учун омадли келган 1994 йилни Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси улкан муваффақият билан бошлаб берганди. Ўша йили Юрий Саркисян шогирдлари Москвада ўтказилган анъанавий МДҲ кубогининг финалига қадар етиб борди. Ҳал қилувчи ўйинда эса Москванинг “Спартак” жамоасига ютқазиб қўйди.
Терма жамоамизнинг Осиё майдонларидаги илк учрашувлари ҳам шу йилга тўғри келди. 12 - Осиё ўйинларида ташлаган биринчи қадамимиз оламшумул ғалаба билан якун топди. Хиросима майдонларида мардонаворлик кўрсатган Акромов шогирдлари еттита учрашувнинг барчасида рақибдан устун келиб, Тошкентга бош соврин билан қайтишди. Ҳозир мазкур турнирнинг айрим ўйинларини ёдга олиб ўтамиз.
Гуруҳдаги дастлабки рақибимиз ЖЧ-94 да катта шов-шув кўтарган Саудия Арабистони терма жамоаси эди. Очиғи, ўшанда кўпчилик арабларнинг йирик ҳисобдаги ғалабасини тахмин қилганди. Бироқ ўйинда бунинг акси бўлди. Рақибдан ҳар томонлама устун келган вакилларимиз араблар дарвозасига тўртта тўп киритишди ва бутун Осиёнинг ҳайратланишига сабабчи бўлишди.
1994 йил. 1 октябрь. Хиросима.
XII Осиё ўйинлари. Гуруҳ босқичи.
Ўзбекистон - Саудия Арабистони 4:1
Голлар: Сергей Лебедев 15, Миржалол Қосимов 19, Игорь Шквирин 26, 43.
Гуруҳ босқичдаги барча учрашувларда ғалаба қозонган Акромов шогирдлари чорак финалда ён қўшнимиз Туркманистонни 3:0 ҳисобида доғда қолдиргач, ярим финалда Осиёнинг ўша пайтдаги энг кучли жамоаси бўлмиш Жанубий Корея билан рўбарў келди. Драматик тарзда кечган мазкур учрашувда терма жамоамиз ўйинчилари чинакамига қаҳрамонлик кўрсатишди. 90 дақиқа тинимсиз ҳужум уюштирган корейслар Юрий Шейкинни ожиз қолдира олишмади. Азамат Абдураимовнинг узоқ масофадан берилган зарбаси эса рақиб дарвозасидан жой олди ва биз финалга чиқдик.
1994 йил. 13 октябрь Хиросима.
XII Осиё ўйинлари. Ярим финал.
Ўзбекистон - Жанубий Корея 1:0
Гол: Азамат Абдураимов 65.
Финал учрашуви ҳам ўзбек футболи мухлислари учун қувончли онларни тақдим этди. Хитой устидан 4:2 ҳисобида зафар қучган Ўзбекистон терма жамоаси 12 - Осиё ўйинлари ғолиби сифатида бутун дунёга машҳур бўлди. Игорь Шквирин эса еттита гол билан мусобақа тўпурарига айланди.
1994 йил. 16 октябрь Хиросима.
XII Осиё ўйинлари. Финал.
Ўзбекистон - Хитой 4:2
Голлар: Игорь Шквирин 3, Сергей Лебедев 9, Азамат Абдураимов 47 пен, Шуҳрат Мақсудов 82.
Осиё Кубогидаги биринчи қатнашув
Қитъамизнинг биринчи рақамли мусобақаси бўлмиш - Осиё кубогидаги биринчи учрашувимиз ҳам ғалаба билан якун топганди. Орадан икки йил ўтиб, Хитойни энди 2:0 ҳисобида доғда қолдирдик. Бироқ мусобақанинг қолган ўйинларида рақибга имкониятни бой бериш натижасида БААни эрта тарк этдик. Бу мусобақада ҳам биринчи гол Шквирин ҳисобига ёзилди.
1996 йил. 6 декабрғ БАА.
XI Осиё кубоги. «C» гуруҳи.
Ўзбекистон - Хитой 2:0
Голлар: Игорь Шквирин 80, Олег Шацких 89.
ЖЧ саралашидаги дебют
Секин - асталик билан терма жамоамиз турли мусобақада иштирок эта бошлади. Хусусан, 1997 йилга келиб, Рустам Мирсодиқов бошчилигидаги терма жамоамиз Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларига киришди. Франция - 98 йўлидаги биринчи учрашувимиз ҳам омадли бошланди. Яман пойтахтига сафар ушютирган бош жамоамиз кичик ҳисобдаги ғалаба билан қайтди. Ягона гол Нўъмон Ҳасанов ҳисобига ёзилди ва Қўқон футболи мактаби тарбияланувчиси ЖЧ саралашларидаги биринчи гол муаллифи сифатида тарихда қолди.
1997 йил. 9 май ЖЧ-1998 саралаш учрашуви.
1-босқич. 5-гуруҳ.
Яман - Ўзбекистон 0:1
Гол: Нўъмон Ҳасанов 30' пен.
Энг йирик ғалаба
Йирик ғалабамиз 1998 йилга тўғри келди. 13 - Осиё ўйинларида қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси биринчи саралаш босқичида Мўғулистон терма жамоаси дарвозасига жавобсиз 15 та гол киритди. Бу эса терма жамоамиз тарихидаги энг йирик ғалаба саналади.
1998 йил. 5 декабрь. XIII Осиё ўйинлари.
1-босқич. «G» гуруҳи.
Ўзбекистон - Мўғулистон 15:0
Голлар: Сергей Лебедев 7 пен, 18 пен, 38, 45, Игорғ Шквирин 9, 15, 20, Андрей Акопянц 23, Неъматулла Қуттибоев 29, 33, 47, Миржалол Қосимов 53, 57, 77, Шуҳрат Раҳмонқулов 83.
Шу йили, шунингдек, Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ҳам ўзбек футболида муҳим из қолдирди. Водийнинг бу клуби мамлакат кубогида учинчи бор зафар қучиб, биллур совринни ўз музейида абадий сақлаб қолиш ҳуқуқига эга бўлди.
Янги асрдаги ғалабалар
2000 йилда “Дўстлик” шарафини ҳимоя қилган Жаъфар Ирисметов чемпионат баҳсларида рақиблар дарвозасини 45 марта нишонга олиб, ўзига хос рекорд натижа қайд этди.
Навбатдаги муҳим ҳодиса 2001 йилга тўғри келди. ХХI асрнинг илк йили терма жамоамизнинг “Мердека Кубоги”даги ғалабаси билан ёдда қолди.
2002 йилда эса Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Виктор Борисов бошчилигида Қатарда ўтган Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, БААда бўлиб ўтадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.
2003 йилда ўзбек футболида янги саҳифа очилди. Юқорида айтганимиздек, Борисов шогирдлари БААда ўтган ёшлар ўртасидаги мундиалда иштирок этишди. Вакилларимиз гуруҳдаги барча ўйинларда мағлубиятга учраганига қарамай, мухлисларда илиқ таассурот қолдиришди.
2004 йили Хитойда ўтган навбатдаги Осиё кубогида яна бир рекорд натижа қайд этилди. Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Чин юртида қитъа баҳсларининг чорак финалига чиқди. Гуруҳдаги барча учрашувларда муваффақият қозонган вакилларимиз, чорак финалда Баҳрайнга пенальтилар сериясида ютқазиб қўйди.
2005 йилни ҳам футбол ишқибозлари жуда яхши эслашади. Ҳа ўша, Баҳрайн билан бўлган ўйин ёдингизга тушдими? Япониялик ҳакам Йошидани ҳам эслаган бўлсангиз керак. Унинг пенальтини йўқ қилиши оқибатида терма жамоамиз ЖЧ-2006 йўлланмасидан қуруқ қолганди.
2007 йилда ҳам бир қатор ҳодисаларни бошдан кечирди, ўзбек футболи. Хусусан, “Пахтакор” МДҲ кубогида бош совринни ўзиники қилиб олди. Рауф Инилеев бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси Осиё кубоги-2007да нималарга қодир эканлигини кўрсатган бўлса, Ўзбекистонда «Пахтакор” билан беллаша оладиган яна битта кучли клуб пайдо бўлди. “Қурувчи” (“Бунёдкор”) чемпионатдаги илк қатнашувидаёқ “Шерлар”га етарлича ташвиш туғдира олди.
2008 йил. “Шерлар” МДҲ кубогида иккинчи марта бош соврин билан ортга қайтиши мумкин эди. Бироқ, финалда Озарбайжоннинг «Хазар” жамоасига пенальтилар сериясида имконият бой берилди.
Аҳмаджон Убайдуллаев бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида фахрли иккинчи ўринни олди ва Мисрда бўлиб ўтадиган ёшлар мундиалига йўлланма олди.
Умуман олганда, ушбу йил ўзбек футболи учун баракали бўлди. Ёшларимиздан кейин катта саҳнага Сервер Жепаров ва Равшан Эрматовлар чиқишди. Жепаров Осиёнинг 2008 йилги энг яхши футболчиси сифатидан тан олинган бўлса, Эрматов қитъамизнинг тенгсиз ҳаками бўлди. Бундан ташқари, юртимизга мастер класс ўтказиш учун жаҳон юлузлари ташриф буюришди. Энг қувонарлиси, Ривалдодек футболчи, Зикодек мураббий «Бунёдкор”да фаолият юрита бошлашди. Мессининг юртимизга ташрифи ҳам футболимиз тарихида абадий қолди.
2008 йилги ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатига айнан бизнинг юртимиз мезбонлик қилди. Афсуски, Роберт Гай бошқарган ўсмирлар терма жамоаси ЖЧ йўлланмасини қўлга кирита олмади.
2009 йил ҳам “сокин” ўтмади. Ёшларимиз Мисрда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида мундиалдаги биринчи очкомизни қўлга киритишди. “Бунёдкор” эса қаторасига иккинчи бор Осиё Чемпионлар лигаси ярим финалигача борди. Йилни эса Равшан Эрматовнинг Осиёни иккинчи марта забт этиши билан якунладик. Бундан ташқари, «Қалдирғочлар” бошқарувига Сколарининг келганини ҳам эътироф этиш даркор. Бу орада Роналду ҳам юртимизда мастер класс ўтаб кетди.
2010 йил. Равшан Эрматов ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида бешта учрашувни бошқариб, юртимиз довруғини бутун дунёга достон қилди. Йил якунида эса ҳакамимиз учинчи бор Осиёда тенгсиз дея эътироф этилди. Бундан ташқари, Алексей Евстафеев бошчилигида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Тошкентда ўтказилган Осиё чемпионатида иккинчи ўринни қўлга киритиш билан бирга, Мексика мундиалига “чипта” олди.
2011 йил ҳам ўзбек футболида зарҳал ҳарфлар билан битилди. Вадим Абрамов бошқарувидаги миллий терма жамоамиз Осиё кубоги-2011да ярим финалга қадар етиб борди. Сал ўтгач эса Ўзбекистон 2012 йилги аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати мезбонлигини қўлга киритди.
Июнь ойида ўсмирларимиз бутун Ўзбекистон халқига улкан шодлик олиб келишди. Мексикадаги мундиалда қатнашган Алексей Евстафеев шогирдлари Жаҳон чемпионатининг чорак финалига қадар етиб боришди. Гуруҳдаги биринчи учрашувда мағлубиятга учраганига қарамай, ўсмирларимиз кейинги ўйинларда кучли ирода намойиш этишди ва 1/4 финалдагина Уругвайга ютқазиб қўйишди.
“Насаф” ҳам ўзбек футболида янги саҳифа очди. Қаршиликлар ОФК кубоги финалида “Қувайт СК” жамоасини мағлубиятга учратишди ва ушбу мусобақа ғолибига айланишди.
Йил якунида Жепаров ва Эрматовлар Осиёда тенгсиз дея эътироф этилишди. Сервер иккинчи марта сариқ қитъанинг энг яхши футболчиси деган номга сазовор бўлган бўлса, Эрматов бу борда покер қайд этди.
Жорий йилнинг энг муҳим ҳодисаси бу миллий терма жамоамизнинг Япония усьтидан қозонилган ғалабаси десак муболаға бўлмайди. Бош жамоамиз 29 февраль куни ўз тарихида биринчи марта Японияни доғда қолдирди. Токиодаги ўйинда Александр Шадрин қаҳрамонга айланди.
Аброр Деҳқонов
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).