Кечадан аввалги куни бизнинг сайтимизда чиққан мақолага (“Кимга мазза, кимга аза”) жавобан кеча “чемпионат.ўз” сайтида Хайрулло Холиқов томонидан (“Тўй ҳам эмас, аза ҳам эмас” ) деб номланган мақоласи қад ростлади. Биз ҳам ўз навбатида ўша мақолага жавоб ёздик. Аниқроғи жавоб ёзишимизга мажбур қилди.
Умуман мавзуни четдан давом эттирганда, биз мухлислармиз, сайтмизни ҳам бир гуруҳ мухлислар ташаббуси билан ташкил этганмиз. Шу ўринда бирдан тан олиб айтамизки, сайтмизга мақола ёки хабарлар ёзадиган фаол мухлисларимиз орасида профеccионал биронта журналист ҳам йўқ (буни шахсан Хайрулло Ҳолиқов жуда яхши билади). Биз профессионал журналистларни сайтмизда ишлашга жалб ҳам қила олмаймиз чунки, маош беришга қурбимиз етмайди. Қолаверса биз ҳеч қандай профессонал журналист билан “мусобақа” ўйнаш мақсадимиз ҳам йўқ, бунга “кучимиз” ҳам етмайди, балки уларга ҳавасимиз келади ва яқиндан ҳамкорлик қилишни ҳоҳлаймиз. Хайрулло Холиқов эса профессионал журналист. Мамлакатимизда донғи чиққан катта бир клубнинг матбуот котиби, аслида матбуот котибларининг бизнинг фикримизча мухлислар билан алоқада бўлишлигига “катта кўприк” вазифасини ўтайдиган ходим сифатида биламиз, тўғрида футбол аввало мухлис учун, футбол номига футбол эмас ёки расмиятчилик учун тузилган жамоа эмас. Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз деб ҳисоблаймиз. Сайтимиз ташкил бўлгандан буён воҳамизнинг олий лигада қатнашаётган “Насаф”, “Шўртан” ва “Машъал” клублари матбуот хизматига оғзаки бўлсада ҳамкорлик қилишни таклиф этиб, мурожаат қилдик. Бизни мурожаатимизга биринчи бўлиб, “Насаф” ПФК матбуот хизмати раҳбари Азиз Нурий кейинроқ “Шўртан” матбуот хизмати ходимлари Одилбек Толипов ҳамда Толибжон Қосимовлар қабул қилишди. Аммо ҳозиргача “Машъал” ПФК матбуот хизмати билан ҳамкорликни йўлга қуя олганимиз йўқ. Бу нимани англатади? Ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг. Биз шу ўринда “Насаф” ва “Шўртан” клублари матбуот хизматида фаолият олиб бораётган ходимларга яна бир марта алоҳида ташаккур билдириб ўтамиз, улар бизга айни пайтда ҳам кўмагини аяшмаяпти. Тан оламиз ва ҳурмат бажо келтириб ўтамиз Хайрулло Ҳолиқов профессионал журналист у кишининг бизларга чемпионат.ўз сайти орқали берган угитларини қабул қиламиз. Лекин бизнинг “катта камчилигимиз” бор – биз мухлислармиз. Тўғри баъзан эҳтиросларимиз ҳам ошиб кетади. Аммо шахс сифатида ҳеч бир инсонга адоватимиз йўқ, шу жумладан Усмон Тошевга ҳам, Хайрулло Ҳолиқовга ҳам.
Энди бевосита мақоладаги фикрларга келсак, Хайрулло Ҳолиқовнинг айрим фикрларига эътирозимиз бор. Биринчидан, биз Усмон Тошевнинг душманлари эмасмиз, шунчаки “Насаф” мухлисларимиз холос, бизга жамоамиздан ютуқ ва зафарлар керак. Севган жамоамизнинг ҳар бир муваффақиятсизлиги биз мухлислар учун худди фожеадек. Биз эса Тошевдан норози бўлаяпмиз, демак қанақадир асосларимиз бордир-да, яна такрор айтамиз, биз у кишини шахс сифатида танқид қилаётганимиз йўқ, аслида биз у кишини хам объектив, хам субъектив танқид қилсак бўлади, бунга яна асос бор, яна танқид келажак мевасидир, буни ҳеч ким таъқиқлаб қўя олмайди. Бердиев борасида хам Хайрулло Ҳолиқов ўз фикрларини баён этибди, эмиш-ки, у ҳали Олий лига жамоаларини бошқариши учун кучсизлик қилар-муш, нега ундай экан? Рўзиқул Бурдиев олий лигада жамоани бемалол, бир текис бошқариб келаётган эди, ОЧЛда эса тўғри, жамоа иштироки кўнгилдагидек бўлмади, лекин жамоа дебют қилганини хам унутмаслик лозим, яна жамоада рақибларникичалик кучли легионерлар хам йўқ эди, “Ал Жазира” ёки “Ал Райян” эса бемалол юлдуз футболчиларни сотиб олишга қурби етади, “Истиқлол”да хам легионерлар йўқ-ку, лекин улар гуруҳдан чиқишдику”-, десангиз, шуни айтамизки, у жамоада тажриба бор, жамоа деярли ташкил топганидан бери ОЧЛда қатнашади. ОЧЛдаги муваффақиятсизликлар тажриба билан боғлиқлигини ЎзПФЛ ўйинлари кўрсатиб берди, “Насаф” чемпионатда пешқадам эди, яна жамоа “Шўртан”, “Локомотив” каби жамоаларни меҳмонда ўйнаб, мағлубиятга учратди. Ўйин борасида ҳам мухлислардан эътироз йўқ эди, чемпионатда. Бердиев ОЧЛда бўлмаса хам, чемпионатда бизга ишонч бериб турган эди, жамоа келажагига. Рўзиқул Бердиев асосий таркибни шуғуллантириши учун қандай тажриба тўпласин? Бирон бир ўртамиёна жамоани бошқарибми? Унда, сиз “Бердиевда гранд жамоаларни бошқариш тажрибаси йўқ”, демасмидингиз? Гвардиола ҳам Примеро клубини бошқармади, у фарм клубни бошқариб келаётган эди, холос. Усмон Тошевчи? У киши қаерда ишлаганлар? Ёки қайси мураббийлик қилган жамоаси совринли ўринни эгаллаган, “Бухоро”дами? Ёки “Шўртан”дами? ЎзПФЛда клубни бошқара олмай турган мураббий ОЧЛда клубни қандай бошқаради, айтингчи? “Насаф”дан юқори ўринларни сўраётган мухлислар ноҳақ эмаслар, “Насаф” аввал ҳам бўлган, кеча пайдо бўлгани йўқ. Аслида бирон-бир жамоа мухлиси топилармикан “менинг жамоам чемпион бўлмасин” деган? Шундай бўлса? Нега бизнинг жамоамизни чемпион бўлишини талаб қила олмаймиз? Буни жуда-жуда ҳоҳлаймиз, талаб ҳам қиламиз, жаноб Хайрулло Ҳолиқов! Балки Сизда ўзингизнинг севган жамоангиз йўқдир?
Ҳозирги “Насаф” Бердиев давридагидек кучга эга эмаслигини битта биз таъкидлаётганимиз йўқ, оддий мисол яқинда ЭДГАР ГЕССга шу ҳақда савол берганимизда қуйидагича жавоб берди: “Насаф” билан Ғузордаги ўйинда (ўшанда Бердиев бош мураббий эди) “Насаф” биздан ҳар жабҳада устунлик қилган эди, Қаршидаги (Усмон Тошев даврида) ўйинда эса устунлик деярли бизда бўлди, ўша пайт “Насаф” кучлироқ эди”. Бу холис фикр!
Жамоага бирданига номзодни ёзиш керак эдими? Унда, номзод бор, Рауф Инилеев! Бу мураббий воҳада вақтида ишлаган, яна асосийси ОСИЁ футболини билади, яхши билади, МТЖда тажриба орттирган, 2007 йилда бекорга Осиёнинг энг яхши мураббийи бўлган, яна ўзимизнинг Рўзиқул Бердиев, ана номзодлар! Агар ҳоҳласангиз яна биз таклиф қиладиган номзодлар тўлиб ётибди.
Ўша мақолада “мураббий билан суҳбатлашиш керак”, дебдилар, лекин гаплашганмиз ҳам, гаплашамиз ҳам, ҳар ҳолда “Насаф” учун бефарқ эмасмиз, “Насаф” ҳақида сиздан кўра биз мухлислар кўпроқ биламиз.
Яна, биз клубга ҳеч қачон буйруқ бермаймиз, ҳаққимиз йўқ, “буни алмаштириб, уни қўйинг”-, деб, биз фақатгина ўзимизнинг мухлислик фикримизни баён қиламиз, холос. Бунга ҳаққимиз бор деб ҳисоблаймиз.
Энди Хайрулло Холиқовга объектив жавоб бермоқчимиз, мана, кўринг, Бердиев давридаги жамоа натижаларини:
Ў |
Жамоа |
Ў |
Ғ |
Д |
М |
О |
1 |
Насаф |
8 |
5 |
3 |
0 |
18 |
2 |
Бунёдкор |
8 |
5 |
2 |
1 |
17 |
3 |
Пахтакор |
7 |
4 |
3 |
0 |
15 |
4 |
Олмалиқ |
9 |
3 |
4 |
2 |
13 |
5 |
Динамо |
8 |
3 |
2 |
3 |
11 |
Хўш, кўрдингизми? Жамоа 8та ўйин ўйнаб, битта ҳам ютқказмаган ва шу тариқа лидер бўлиб турибди.
Энди эса сизга Усмон Тошев мураббийлик тахтига ўтирганидан бери бўлган натижаларни кўрсатсак:
Ў |
Жамоа |
Ў |
Ғ |
Д |
М |
О |
1 |
Пахтакор |
13 |
8 |
2 |
3 |
26 |
2 |
Шўртан |
11 |
8 |
1 |
2 |
25 |
3 |
Локомотив |
11 |
8 |
1 |
2 |
25 |
4 |
Бунёдкор |
11 |
6 |
4 |
1 |
22 |
5 |
Насаф |
13 |
6 |
4 |
3 |
22 |
“Насаф” 2, 3 ва 4-ўриндаги жамоалардан 3та ўйин кўп ўйнаб ҳам 5-ўринни “гуллатиб” турибди, яна бугун “Бунёдкор” “Бухоро”ни ютса, 4-ўриндаги жамоадан 3 очко ортда қолади ва 5-ўринга маҳкам жойлашади. 5-ўрин эса, бу ўртамиёна ўрин, “Насаф” эса таркиб, инфратузилма, иқтисодий жиҳатлар борасида 2-ўриндан пастга лойиқ жамоа эмас, деб ҳисоблаймиз.
П.С. Яна бир гапимиз шуки, сайтимиз футбол мухлисларининг сайти, қолаверса мухлисларнинг “минбари” ҳамдир. Профессионал журналист сифатида “Машъал” ПФК матбуот хизматида фаолият олиб бормоқдасиз агар футбол мухлисларига озгина ҳурматингиз бўлса, бизни сайтмизни ўзаро муносабатларни ойдинлаштирадиган “майдон”га айлантиришга мажбур қилманг. Хулоса ўзингиздан. Бу мақола эса оддийгина “мухлисча жавоб” эди, холос.
Ренат Эрназаров voha.uz сайти бош маъмури
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).