«Пахтакор» ва «Нефтчи» жамоалари учрашуви ниҳоясига етгач, меҳмонлар устози Юрий Саркисян ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ўйин ҳақида фикрларингиз?
- Умуман тенг ўйинда ютқазсанг алам қилади. Биз жуда қулай имкониятлардан фойдалана олмадик. Футболда ғалаба қозониши учун гол уриш керак. Масалан учрашувнинг бошиданоқ Алижонов дарвозабон билан яккама-якка чиқиб гол ура олмади. Кўп ўтмай рақиб буни гол билан жазолади. Иккинчи бўлимда ҳам худди шунақа ҳолат кузатилди. Бугунги ўйин олдидан бир қатор муаммоларимиз бор эди. Масалан иккита марказий ҳимоячимиз Насибуллаев ва Эрматовлар орттириб олган карточкалари натижасида ўйинда иштирок эта олмади. Биз Бразилия эмасмизки, йўқотишларимиз билинмаса. Бугун ҳимояда хатоларимиз кўпайиб кетди. Гол уришни эплолмадик. Боз устига пенальтидан ҳам фойдалана олмадик. Балки пенальти гол бўлганда ўйин сал бошқача тус олган бўлармиди? Буни билиб бўлмайди, албатта.
— «Пахтакор» ҳимояси ҳақида нима дея оласиз?
- Гол ўтказмадими, демак яхши ўйнади дейиш мумкин. Энг ёмон томони, ҳужумчиларимизнинг ўйини умуман чиқмаяпти. Муаммоларнинг келиб чиқишига бош сабабчи ҳам шу. Кейин биз эса жуда қисқа вақт ичида иккита гол ўтказиб юбордик. Бу эса ўйинга таъсирини ўтказмай қолмади. Тушунинг жуда тез иккита гол ўтказиб юборган жамоанинг ўзига келиши жуда-жуда қийин.
- Сиз узоқ йиллардан бери жамоада ишлаб келмоқдасиз. Ҳеч нарса абадий эмас. Қачондир ўрнингизни бошқа кишига бўшатиб беришингизга тўғри келади. Ўзингизга муносиб ўринбосар кўряпсизми?
- Албатта ҳеч нарса абадий бўлган эмас. Мен билан бирга жамоада ёрдамчиларим Лебедев, ака-ука Дўрмоновлар ишлаб келмоқда. Улар ўз вақтида футболнинг ҳақиқий усталари бўлган. Мана эрта-индин Анвар Бердиев футболдан кетса у ҳам менга ёрдам бериши мумкин. Ишонасизми мен 27 йилдан бери жамоада ишлаб келган бўлсам, қачон охирги марта таътилга чиққанимни эслолмайман. Сиз дам олгансиз, тўғрими? 1997 йилда ўринбосарлар мусобақаси ўтказилишни бошлаган бўлса, ўшандан буён бир кун ҳам дам олмай ишлаб келяпман. Ёш футболчиларни танлаб оласан, тарбиялайсан, улар бўлса кўзига яхшигина пулни кўрсатишса, тамом, дарров кетишни истаб қолишади. Биласизми, менга қанақа жамоалардан таклифлар бўлган? Мен кетишни хоҳламаганман.
- Одатда «Нефтчи» ўз уйидаги учрашувларда жуда яхши ўйнайди ва қандай рақибни мағлуб этишга қодир. Аммо сафарга чиққач, жамоа нафақат «Пахтакор», балки оддийгина «Машъал»га ҳам имкониятни бой бериши мумкин? Бунинг сабаби футболчиларнинг руҳан тайёр бўлмаслигими?
- Нафақат руҳан, балки тажриба ҳам етишмайди. Таркибимизга бир қаранг. Уларнинг барчаси жуда ҳам ёш футболчилар бизда Пўлатов, Гусейнов, улар футболни бошлаганига икки йилдан ортиқ вақт бўлгани йўқ. Улардан бошқа футболчиларни тушириш имконияти йўқ бизда. Албатта келгусида бу футболчиларнинг маҳоратли бўлишлари аниқ аммо ҳозирча уларга тажриба етишмаяпти. Уйда мухлислар тинмасдан қўллаб-қувватлайди. Жанговар руҳ ошади. Меҳмонда эса негадир уларда ҳаяжон кучайиб кетади.
- Одатда жамоангиздан етишиб чиққан ёшлар, кўп ўтмай бошқа жамоаларга сотиб юборилади. Бу сафар кимлар жамоани тарк этиши мумкин?
- Сен «Бунёдкор» матбуот котибисан-а? Ана орқада бизнинг матбуот котибимиз ўтирибди. Ўшани олақол (кулади).
- Сизни сэр Алекс Фергюсонга қиёсан, сэр Саркисян дейишади. Бунга муносабатингиз қанақа бўлиб келган?
- Умуман у билан алоқаларимиз ёмонмас (кулади). Мен футбол туфайли икки марта инфарктни бошимдан ўтказганман. Ҳаётим фақат футболдан иборат бўлиб келмоқда. Одам уйланиши керак, фарзандларини катта қилиши керак. Улар катта бўлгандан кейин яна қўшимча ташвишлар бошланади. Аммо менда бунақа имконият жуда кам бўлган. Футболнинг ичида яшаб келмоқдаман. Мана «Нефтчи» неччи йиллар кетма-кет биринчи ва иккинчи ўринлардан тушмай келган? . Буларнинг барчасига ўз футболчиларим орқали эришиб келганмиз. Мендан нега жамоа легионерлар футболчиларни олиб келмайсиз, деб сўрашади. Мен уларга айтаман, «қаерликсан, - Тошкентлик, дейишади. - Хотинингчи, деб сўрайман. - Тошкентлик. - Нега Париждан уйланмайсан дейман кейин мен. Тушунинг ахир бу ер Ўзбекистон бу ер ўзбекистонликларнинг, махаллий халқники, жумладан мен ҳам шу ерни ватаним деб биламан. Ўзбекистон менга футболда жуда кўплаб ютуқларни келтирди. 36 йиллик умрим футболда ўтди. Айнан мана шу ер мени тарбиялади. Айнан мана шу ерда мен танилдим. Ўсдим улғайдим. Нега энди мендан бу меҳнатларга четдан одам аралаштиришимни сўраяпсизлар ахир? Нега?
Мен бир йил Ереванда тўп сурганман. Ўшанда уйга қайтиб келганимда отам менга, «болам, нега йўқ бўлиб кетдинг, хабарингни ҳам бермайсан», деганди. Шунда мен ҳали мияси пишмаган бир гўдак бўлганманда. «Эй, ота нега хавотир оласиз, юрибманда. Ҳаммаси жойида», деб қўйганман. Бу орада мен улғайдим. Уйландим. Фарзандли бўлдим. Битта фарзандим Тошкентда, бир эса Дубайла. Мен ҳар куни Дубайдаги қизимга телефон қиламан ва ҳар доим отамни эсга оламан. Тушуняпсизми, мен мана шу ернинг фарзандиман, шу юрт мени танитган экан, мен кучим етгунига қадар футбол ривожи учун ҳаракат қиламан. Балки матбуотда сэрга қиёслашар, бу албатта хурсанд қиладиган нарса. Агар менинг футболга кўмагим тегаётган бўлса, бундан фақат хурсандман.
Азамат Муродов ёзиб олди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).