Давоми. Бошланиши газетамизнинг 45 (2052)-сонида
Бу йигит замонавий ўзбек футболи етакчиларидан биридир, шубҳасиз. YouTube» тармоғидаги IntervyuTV канали ижодкорлари яқинда Криштиану Роналду билан битта жамоа - «Ал-Наср»да фаолият юритаётган «Ўзбек Мессиси»нинг Саудия пойтахти Ар-Риёдда жойлашган муҳташам уйида меҳмон бўлиб, ундан катта интервью олишди. Алоҳида айтиш керак, ўзбек футболи теварагида бундай ошкора суҳбатлар камдан-кам бўлади. Ҳарқалай, Ўзбекистон миллий жамоаси юлдузи барчани қизиқтирадиган мавзулар - турмуш тарзи, қийинчиликларга тўла болалиги, шахсий ривожланиш йўли, бизнес оламидаги ҳозирги ишлари, Саудиядаги ҳаёти ва фаолияти хусусида очиқ-ойдин гапириб берди.
- «Оқ-тепа» клубидаги ижара муддатида яшаш уйингиз каламушлардан холи бўлмаганини айтган эдингиз...
- Ҳа, дарҳақиқат, ўша пайт - 2011 йили ижарага уй олгандик ва унда каламушлар бемалол изғиб юрарди. Умуман, «Оқ-тепа»да ойига 50000 сўм миқдорида маош олганман. Лекин пулга умуман қарамасдик, клубга тажриба тўплаш илинжида боргандим. Ўзи «Оқ-тепа» ёшларни ўйин амалиёти билан таъминлайдиган жамоа эди. Оддий айтганда, катта футболга энди қадам ташлаётганлар учун ўзига хос зинапоя. Клуб хўжайинини яхши инсон сифатида эслайман: қачон ёрдам сўраб борсам, рад этмаган. Ҳозиргача ўзаро муносабатимиз яхши. Шу жойда бир қизиқ ҳолатни айтиб бераман: Биринчи лига ўйинида «Янгиер» меҳмони бўлганмиз, биринчи бўлимда умуман югуролмадим, мадорим қолмади. Танаффусда клуб раҳбари ёнимга яқинлашиб, нега ўйнолмаётганимга қизиқди. Шунда ҳаммасини рўй-рост айтдим: «Эрталабдан бери туз тотмадим, қорним оч, югуришга мажолим йўқ...». У эса бироз хижолат тортди ва дарҳол ҳаммасини ташкиллаштирди - шоколад, майда-чуйда егулик...
- Айнан қачон молиявий мустақилликка эришгансиз, ўшанда ойига қанча топардингиз?
- 2014 йилдан бинойидек пул топа бошладим. Ойига 4та ўйинда майдонга тушардик ва чамаси 10 миллиондан кўпроқ олардим. Лекин Ўзбекистонда энг катта пулни 2017 йили «Локомотив»га ўтганимдан кейин кўрдим - ойига 20-25 миллион сўм.
- Шундан сўнг уй ҳам сотиб олган бўлсангиз керак...
- Сал олдинроқ, 2016 йили Чимёндан икки хонали уй харид қилдим. Тўғри, ўшанда мен йиққан пул етмади ва бош мураббийимиз Самвел Бабаян 10 минг доллар қўшди. Қарз эмас, шунчаки, ёрдам тариқасида.
- Ёшлар ўртасидаги Мексика-2011 мундиали иштирокчиларига «Спарк» автомобиллари топширилган, кейинчалик ўша йигитлар умуман «йўқолиб» қолишган. Оқибатда катта молиявий рағбат ёш футболчиларга салбий таъсир қилиши ҳақида кўп гапирилди. Сизнингча, пул чиндан ҳам, иқтидорларни йўлдан адаштирадими?
- Йўқ, аслида гап пулда эмас. Тўғри, 1994 йилда туғилган ўша йигитлар халқаро майдонда чиндан ҳам, натижа кўрсатишди. Лекин улардан кучли болалар ҳам йўқ эмасди. Оддий айтганда, Мексикада жамоавий ўйин зўр чиқди, лекин кейинчалик индивидуал томондан анча кучли футболчилар етишиб чиқишди ва мундиал қаҳрамонлари «соя»га ўтишди ўз-ўзидан.
- Қизиқ, Саудия ўсмирлар футболида рағбатлантириш масаласи қандай?
- Мисол учун айтаман, яқинда Темур Кападзе бошқарувидаги ёшлар термамиз билан финалда ўйнаган саудияликларга 300 минг доллардан беришибди. Аслида бу ерда пулнинг аҳамияти паст, чунки кўпчилик тўлиқ таъминланган ва йигитлар юрт шаънини кўтаришса, бас. Футболчилар ёш бўлишларига қарамай, рағбат масаласига умуман чалғимайдилар, шунчаки, меҳнат ортидан етукликка интилишади.
- Саудиядаги илк кунлар қандай кечганди сиз учун?
- Бошида мослашишда анча қийналдим, албатта. Айниқса, ҳаво ҳароратининг 40 даражадан юқорилиги ноқулайликлар туғдирди. Мана, Аллоҳга шукр, тўлиқ мослашиб ҳам олдим.
- Бизда футболга катта пул ажратилиши, лекин натижа йўқлиги ҳақида кўп гапирилади. Ўзи маблағ нималарга сарфланади?
- Қани катта пул? Ўзи бизда футболга ҳаддан ортиқ кўп маблағ сарфланаётгани ҳақидаги тушунча нотўғри. Мана, мен Ўзбекистон футболини ҳам, Саудияникини ҳам яхши биламан. Пул бизда эмас, бу ерда тикиляпти! Қаранг, юртимизда йигитлар машаққатларга чидаб, қаттиқ меҳнат қилишади ва зўр футболчи бўлиб, тезроқ четга чиқишни ўйлашади. Нима учун? Чунки катта пул чет элда...
- Айтишларича, ёшлигингизда Самвел Бабаян билан унча чиқишолмагансиз. Кейин ҳаммаси қандай жойига тушди?
- Ҳа, кўпчилик фикрича, Бабаян мени ёқтирмайди. Йўқ, аслида шунчаки, унинг ўйинга қараши меникидан фарқланарди. Табиатан қайсарроқман, шунинг учунми, фикримиз бир жойдан чиқмасди. Кейинчалик унинг футболга умумий қарашлари анча ўзгарди. Умуман, орамизда ҳеч қандай совуқчилик рўй бермаган. Эсимда, баъзан даҳанаки жангга ҳам киришардик, муҳими, Самвел Вячеславович эртасигаёқ менга «Ўғлим», - дея мурожаат қиларди.
- Финт ишлатиш туғма қобилиятми ёки...?
- Дриблинг салоҳияти аслида туғма бўлади, лекин унга машаққатли меҳнат билан сайқал берилади. Агар иқтидорнинг ўзи билан юраверсангиз, ҳеч нарсага эришолмайсиз.
- Миллий жамоа ўйинларида аввало, нималарни ҳис қиласиз?
- Миллий жамоамиз либосини кийганимда, қандайдир ҳиссиёт пайдо бўлади, буни тўлиқ тавсифлаб беришим қийин. Худди футбол майдони эмас, жанггоҳга тушгандек ҳаракат келади вужудингизга ўз-ўзидан. Менимча, барча футболчиларда шундай ҳолат кузатилса керак.
- Тажрибангиздан айтингчи, футболчи учун қандай таомлар зарарли?
- Ҳазми оғир таомлар, дейлик, фаст-фуд ва нон маҳсулотларидан имкон қадар тийилиш керак. Мана, ҳозир машғулотдан кейин клуб базасида тартиб бўйича овқатланиб келдим. Буёғи ўзимизга боғлиқ... Ора-орада бир-бир қўшимча тановул қилиш мумкин, лекин мунтазам эмас. Мавсум тугаши билан клубда оғирлигимизни ўлчашади ва таътилдан қайтгач, яна шундай қилишади. Агар оғирлик ошган бўлса, унда жарима тўлашга тўғри келади.
Ўзи бизда футболга ҳаддан ортиқ кўп маблағ сарфланаётгани ҳақидаги тушунча нотўғри. Мана, мен Ўзбекистон футболини ҳам, Саудияникини ҳам яхши биламан. Пул бизда эмас, бу ерда тикиляпти! Қаранг, юртимизда йигитлар машаққатларга чидаб, қаттиқ меҳнат қилишади ва зўр футболчи бўлиб, тезроқ четга чиқишни ўйлашади. Нима учун? Чунки катта пул чет элда...
(Давоми бор...)
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).