«Андижон» клуби учун мавсум-2012 жуда омадсиз ўтмоқда. Олий лигада ҳамиша ўз ўрнига эга бўлган жамоа бу йил чемпионат якунланмасидан олдиноқ кучлилар сафини тарк этиб бўлди. Бу чиндан ҳам жуда ачинарли ҳолат.
Россиялик мураббий Александр Аверьянов бошқарувидаги жамоа муваффақиятсизликка юз тутгач унинг ўрнига таниқли футболчи бўлган ҳамда мураббийлик соҳасидаги ишини давом эттираётган Азамат Абдураимовни олиб келишди. Лекин афсуски, ҳозирча унинг бошчилигидаги 8та учрашувнинг 7тасида жамоа кетма-кет мағлубиятларга учради. Гарчи мураббий алмаштирилганига қарамасдан вазият умуман ўзгаргарни йўқ. «Андижон»ни ўз уйида ҳам, сафарда ҳам бир нечта голлар ўтказиб рақибларига имкониятни бой беришини олдин сира ҳам кўрмагандик.
Абдураимов гарчи вазиятни ўнглаш учун астойдил ҳаракат қилган бўлса-да, «Бургутлар» кутилган парвозни амалга ошира олмадилар. Ўз майдонида «Олмалиқ»қа 1:4 ҳисобида мағлубиятга учраши ҳаммасидан ошиб тушди. Шу сабабли клуб базасида бош мураббий билан бафуржа суҳбатлашмоқчи бўлиб унинг хонасига кирганимизда Азаматни тушкун кайфиятда кўрдик.
— Азамат Биродарович, «Андижон»га ишга келган пайтингизда ҳамманинг сиздан умиди катта эди. Лекин вазият тамоман аксинча тус олди. Мен эса мавсум охирига бориб сизни бунақанги тушкун кайфиятда кўраман деб сира ўйламагандим!
— Албатта, охирги икки ўйиннинг Самарқанддаги ҳамда «Олмалиқ»қа қарши баҳсларнинг натижаларидан хафаман. Чунки биз бу беллашувларда ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам муваффақиятсиз ўйнадик. Кўплаб кечириб бўлмас хатоларга йўл қўйдик. Ваҳоланки, учрашувлардан олдин ўзимизни ижобий натижага ҳозирлагандик. Самарқандда «Динамо»га, Андижонда эса «Олмалиқ» билан кечган ўйинлар олдидан бизда охирги ўринни тарк этиш имкони қолганди. Афсуски, яна бир бор қайтаришимга тўғри келади: ҳимоя ва ҳужумда йўл қўйган қатор хатолар бизга қимматга тушди. Иккинчи даврада сафимизга келиб қўшилган ўйинчилар харчанд ҳаракат қилишмасинлар барибир бир учрашувда 3-4та гол ўтказиб юборар экансан, ижобий натижадану мид қилмасанг ҳам бўлади. Албатта, «Насаф» ва Фарғонада «Нефтчи»га қарши учрашувларда жамоа охиригача курашди. Ўйинчиларнинг баҳсларга кўрган тайёргарликлари ва руҳияти борасида ҳеч қандай эътирозим йўқ. Шунчаки бу клублар савия борасида ҳамда сифат жиҳатидан биздан кучлилар. «Динамо» ва «Олмалиқ»қа келсак, мазкур жамоалар билан «Андижон»нинг савияси деярли бир хил. «Олмалиқ» билан кечган учрашувнинг биринчи бўлимида шогирдларим яхши ҳаракат қилишди. Аммо аламли тарзда ўтказиб юборилган гол уларга руҳий зарба берди. Бунинг оқибатида бинойидек кўрсатаётган ўйинимиз «сочилиб» кетди. Албатта, бундай бўлишида менинг ҳам айбим бор. Бошқа томондан олиб қараганда барча чизиқлардаги муаммолар алмаштиришларга қарамасдан ўзгармай қолди. Айниқса, ҳимоя чизиғимизни алоҳида айтиб ўтган бўлардим. Ҳимоячиларимиз олий лига даражасига жавоб бера олмайдилар. Ҳимоячи бир адашиши мумкин, икки адашиши мумкин... лекин кетма-кет етти учрашувда 3-4тадан тўп ўтказиб юборилишини сира «хазм» қилиб бўлмайди. Бундай ҳолатга ҳар қандай жамоа ҳам чидаб тура олмаса керак. Шунинг учун олдимизда бир йўл қолмоқда: Мавсумни шу таркиб билан бир амаллаб якунлаб олиш ва жамоани бутунлай янгилаш. Агар раҳбарият ишимдан қониқиш ҳосил қилиб, клубда қолиб биринчи лигада ишлашимга ҳам имкон яратиб берса, бу мен учун катта шараф бўларди. Ҳа, мағлубиятга учраш жуда ёқимсиз. Аммо бундай вазиятда ҳаммасига қўл силтаб кетадиган одам эмасман. «Андижон» олий лигада ўйнашга муносиб жамоа. Имконият ҳавола қилинса жамоани яна олий лигага қисқа муддатда қайтариш учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилишга тайёрман. Кимларгадир бу гапим эриш туюлиб, мийиғида кулиб қўйишлари мумкин. Бироқ мағлубиятлар доғини муваффақиятли ўйинлар билан ювишга ҳаракат қиламан. Мағлубиятларсиз ғалабаларга эришиб бўлмайди. Ишонаманки, «Андижон» ҳали ўзини ўнглаб олади. Мен бунга клубдаги фаолиятим мобайнида ишонч ҳосил қилдим. Чунки ўринбосарлар таркибида иқтидорли йигитлар бор. Масалан, Акмал Жўрабоевни асосий жамоа ўйинчисига айлантирдим. Ҳали олдимизда қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп. Футболчи ўз устида техник, тактик ва жисмонан ишлашда тўхтаб қолмаслиги лозим. Асосийси, у мураббийни ишонтира олиши, ўз навбатида устоз ҳам ундаги интилишни кўриши керак бўлади. Шахсан мен ўринбосарлар таркибида шундай ўйинчилар борлигига ишонаман. Мисол учун Алишер Тўхтасиновни олайлик. Ҳа, у хатоларга йўл қўяди. Аммо асосийси унда ўйнашга бўлган иштиёқ юқори. Шунингдек, Акмал Жўрабоев ва Илдар Маматказинни ҳам ажратиб кўрсатишим мумкин. Уларда катта потенциал бор. Бу йигитлар машғулотларга эрта келишга ўрганишган. Шахсан мен уларда машғулотлар тугаганидан кейин ҳам ўз устиларида ишлашга бўлган иштиёқни кўряпман. Мана шундай футболчиларга мағлубиятлар ҳақиқий фожеадек туюлади. Улар - жамоа сардори Иброҳим Отахонов, Расул Раҳмонов, Баҳром Абдураҳимов билан бирга клубнинг ўзагини ташкил этадилар. Ўйлайманки, ҳозирги аянчли ҳолат жамоа учун ҳам, мен учун ҳам ўзига хос синовдир. Биз барчамиз биргаликда, жумладан жонкуяр мухлислар билан мана шундай қийин дамларни босиб ўтишимизга тўғри келади. Боз устига мухлислар орасида «Абдураимов - ёмон мураббий. У клубдан кетиши керак!» деган гапларни эшитганим йўқ. Шундай фидоий ишқибозларни бундан кейин ранжитиб қўймасликка ҳаракат қилишимиз керак. Уларни ўзимизнинг муваффақиятли ўйинларимиз билангина хурсанд қилишимиз мумкин холос. Биринчи навбатда жамоа ўз кучига бўлган ишончни қайтариши керак. Шунда натижа ҳам бўлади. Мухлислар ҳам жамоани ташлаб қўйишни ҳаёлларига келтиришмайди. Ўз навбатида футболчилар ҳам «Андижон»нинг муваффақиятсизлиги шунчаки тасодиф эканлигини исботлаб берадилар. Айтишим кераки, раҳбарият билан биргаликда ишлаб ҳаммасини ўзгартира оламиз. Жамоа олий лигада қоладими, биринчи лигага тушиб кетадими, «Андижон» курашдан тўхтамайди.
— Бу ерда фаолиятингизни бошлаган пайтингизда жамоанинг олий лигада қолишига ишончим комил деб айтиб ўтгандингиз. Лекин афсуски, бундай бўлгани йўқ!
— Яна қайтараман: жамоага ишонмаганимда ўшанда бундай демаган бўлардим. Вилоят ҳокими Аҳмаджон Тугиловичга алоҳида миннатдорлик билдирмоқчиман. Клубда иш бошлашим олдидан у билан учрашганимда «Андижон» ҳозир охирги ўринда эканлигини айтган ва аҳволи танглагини билдирганди. Шунингдек, у «Андижон»нинг медаллар учун курашадиган давогарлар қаторида кўриш истагида эканини таъкидлаб ўтганди. Шунинг учун ҳам «Андижон»да ишлашга розилик берганман. Агар мавсум бошидан жамоада иш бошлаганимда ҳозиргидек ночор аҳволга тушиб қолмаган бўлардик. Энди таркибдаги яхши ўйинчиларни қолдиришдан ташқари бир қанча савияли легионерларни жалб этишимиз керак. Легионер деганда мен заҳирадан майдонга туширилишларини кутиб ўтирадиган ўйинчиларни тасаввур қила олмайман. Легионер ҳар томонлама бошқаларга ибрат бўлиши керак. Клубнинг ўзагини ташкил этиш учун ўқув йиғин машғулотларини кўнгилдагидек уюштириш керак бўлади. «Андижон»даги иш фаолиятим давомида ўйинчиларнинг қандай кайфиятда эканликларини тушуниб етди. Энди мен кимга ишониш мумкин-у, кимдан воз кечиш кераклигини биламан. Футбол шундай ўйинки, унда жарангдор ном ҳеч нарсани англатмайди. Ўйинчи 90 дақиқа давомида тер тўккан ҳолда ўзини кўрсатиши керак бўлади. Унинг олдинги хизматлари ҳам вақти келса бошланғич таркибдан жой эгаллашда ҳеч қандай аҳамият касб этмай қўйиши мумкин. Футболчи ҳар сафар майдонга тушган пайтида ўйнай олишини исботлаб бериши шарт. Бугунги кунда эса ном ҳам ҳеч нимани билдирмайди. Асосийси, футболчи ҳар бир ўйинда қўлидан бир иш келишини исботлашда давом этиши керак. Албатта, жамоа қайд этган салбий натижалардан изтиробдаман. Ҳар қанча уринмай уни олий лигада сақлаб қола олмадим. Ҳолбуки, иш бошлаганимда бундай аҳволга тушиб қоламан деб сира ўйламагандим. Чиндан ҳам юқорида айтиб ўтганимдек, бир қатор футболчиларимизнинг савияси олий лига даражасига жавоб бера олмас экан. Албатта, улар элементар томондан ўзларини профессионал эканлигини кўрсатишга уриндилар. Лекин улар бошдан баланд сакрай олмасликларини кўрсатиб қўйдилар. Шунинг учун айни чоғда биз клубга кимлар асқотиши мумкинлигини аниқлаб олишимиз лозим.
— Эътиборли жиҳати шундаки, «Андижон»даги дебют ўйинингизда «Қизилқум»ни 5:1 ҳисобида мағлуб этдинглар. Ўша пайтда ҳеч ким бундан кейинги еттита учрашувда имкониятни бой беришингларни ўйламаганди. Лекин амалда шундай бўлиб чиқди. Биз учрашувлар давомида кўряпмизки, ҳали ҳам жамоанинг яхлит таркиби йўқ. Негаки, ҳар сафар қандайдир ўзгаришларни амалга ошириб келяпсиз!
— Учрашувларда бир хил таркибнинг майдонга тушира олмаслигимизга сабаб шуки, биз аввало шундай ҳолатни юзага келтириш ҳаракатида бўлдик. Ҳимоядаги парокандалик туфайли мана шундай ночор аҳволда қолдик. Агар таркибимизда ҳеч бўлмаганда икки нафар малакали ҳимоячи тўп сурганида ҳам шундай аҳволга тушиб қолмаслигимиз аниқ эди. Ҳимоячиларимиздан бири Мақсуд Ҳайитов эса ҳар ўйинда 2-3 бор қўпол хатоларга йўл қўйди. Ўринбосарлар сафидан чиққан Даврон Турсунов ҳам ўзидан ёмон таассурот қолдирмасликка ҳаракат қилди. Устига-устак кутилмаган жароҳатлар режаларимизни ўзгартириб юборди. Учрашувлар давомида ўзим ишонч билдирган бир неча ўйинчилар, жумладан Икром Ибрагимов, Бекзод Ғозиев жароҳат олдилар. Айниқса, майдон марказида Ғозиевнинг ўрни сезилиб қолди. Қолаверса, етакчи футболчимиз - Лочин Солиев жароҳат туфайли охирги икки ўйинда бизга ёрдам бера олмади. Ўзингиз сезган бўлсангиз, футболга боғлиқ бўлмаган бошқа сабаблар ҳам асосий таркибни шакллантиришимизда бизга ҳалақит берди. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, энди кимга ишонч билдириш мумкинлигини биламан. Мен бошқараётган жамоада ном ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Агар ўйинчи машғулотга кеч келар экан, у навбатдаги беллашувда майдонга тушишдан умид қилмай қўя қолсин. Машғулотларда кўрсатмаларимни бажарган ўйинчиларгагина ишонч билдираман. Ўзи истаганидек таралла бедор юрадиган футболчилар учун мен бошқараётган клубда ўрин йўқ. Ҳа, мавсум мобайнида дисквалификациялар ҳам ўйинимизга таъсир ўтказмасдан қолмади. Акмал Жўрабоев ўз тиришқоқлиги билан Леван Мдивнишвилидан кўра клубга фойдаси кўпроқ тегишини исботлади. Айтишим керакки, Леванга анча вақт ишонч билдирдим. Лекин «Қизилқум» ҳамда «Насаф»га қарши баҳслардан сўнг унга бўлган муносабатим ўзгариб кетди. У қулай вазиятлардан ҳам гол ура олмади. Шунинг учун ҳам ўринбосарлар таркибидан олинган Жўрабоевга ишонч ҳавола қилдим. Шунингдек, Алишер Тўхтасиновни олайлик. У ярим ҳимоячи бўлса-да, учта учрашувда иккита гол урди. Ҳужумчиларимиз қаёқда қолди? Жароҳатлар, дисквалификациялар ва бевосита футболга тааллуқли бўлмаган баъзи сабаблар туфайли асосий таркибни шакллантириш йўлидаги ишларимиз ниҳоясига етмай қолди. Ўзим ишонч билдирган яна бир қатор шогирдларим эса ишончимни қозона олмадилар. Умуман, биринчи даврага нисбатан иккинчи даврада таркибда муаммолар кўпайиб кетди. Владимир Шишелов ва барча легионерлар жамоани тарк этишди. Сафимизга келган янги ўйинчилар эса ўзларини кўрсата олмадилар. Юрий Цой, Мўйдин Мамазулумов, Леван Мдивнишвили, Отабек Валижонов – бу футболчилар ўзимиз кутгандек тўп сура олмадилар. Улар Тўхтасинов ёки Жўрабоев сингари ёш эмас, балки етук ижрочилар ҳисобланишади. Айнан тажрибалари кўплиги учун уларга умид қилгандик. Шунингдек, Муқим Тошматов ҳам кутилган даражада ўйнай олмади.
— Тушунаман, сизга ҳам қийин эди. Негаки, бошқарувни ўз қўлингизга олган пайтда селекция борасида ҳеч нима қила олмасдингиз. Ўша таркиб билан ўйнашга мажбур эдингиз. Агар иккинчи давра бошида келганингизда қандай ўзгаришларни амалга оширган бўлардингиз?
— Бу ерда ҳам агарда деган гапни ишлатишимга тўғри келади. Мабодо иккинчи давра бошида келган тақдиримда ҳам бир нарса қилишим мумкин бўларди. Иш бошлаган пайтимда жамоа ўта танг аҳволда қолганди. Шу сабабли ҳам раҳбариятга «мен сеҳрган эмасман. Лекин клубни олий лигада сақлаб қолиш учун қўлимдан келган ишни қиламан» дегандим. Боз устига жамоадаги футболчилар менинг иштирокимсиз йиғилгандилар. Агар мен бўлганимда ўша ўйинчиларнинг ярмини ҳам қабул қилмаган бўлардим. Жамоага биринчи давра охирида келганимда ҳам хавфли зонадан қутулиб қолган бўлардик. «Андижон»нинг мавсумга тайёргарлик кўришидаёқ уни муваффақиятли ўтказиш учун тамал тоши қўйилмаганлиги яққол сезилиб қолди. Негаки бунга ўзим иш бошлаган дастлабки кунларданоқ амин бўлдим. Албатта, футболчилар ўйнашга интилдилар. Бироқ аксарият ижрочилар машғулотлардаги босимга дош бера олмадилар. Оёқлар кутилганидек югурмас экан, бундай паллада иштиёқ ҳам иш бермайди. Бу биринчидан. Иккинчидан жамоа тактик ўйинга тайёр эмас экан. Мабодо биринчи давра охирида келганимда танаффус чоғида шу жиҳат устида ишлаган бўлармидик... Қолаверса жамоа учрашувларда бир ҳужумчи билан ҳаракат қилди. Қисқа фурсат ичида клубда қайта қуриш ишларини амалга оширишнинг имкони йўқ. Менга аввало вақт етишмади. Ўйинга 2-3 кун қолганда жамоанинг тактик ўйинини манаман деган мутахассис ҳам йўлга қўя олмаса керак. Бир сўз билан айтганда, мен кемадан тўғри бальга тушдим. Тўғри, «Қизилқум»га қарши дебютим омадли чиқди. Қолаверса бу жамоанинг савияси «Андижон»ники билан тенг. Лекин қолган беллашувларда ўз олдиларига жиддий мақсадларни қўйган жамоаларга қарши ўйнашимизга тўғри келди. Албатта, селекция ишларида бевосита қатнашганимда таркибга бутунлай бошқа ўйинчиларни жалб этган бўлардим. Биринчи давра охирида келганимда ҳам клуб бундай инқирозга дуч келмаган бўларди.
— Барибир мураббий натижа учун жавобгар ҳисобланади. Шунинг учун ютқазса мураббий ютқазади дейишади. Шундан келиб чиққан ҳолда айтингчи, қаерда хатога йўл қўйдим деб ўйлайсиз?
— Ўзимни айбсизман деб кўрсатмоқчи эмасман. Лекин шуни айтишим керакки, вазиятни ўнглаш учун бутун борлиғимни бериб ишладим. Шу боис хатога йўл қўйдим деб айта олмайман. Жамоани ўйинларга рисоладагидек тайёрлашга ҳаракат қилдим. Охирги икки учрашувни истисно қилганда, «Андижон» бошқа ўйинларда охиригача кураш олиб борди. Ҳимоядаги парокандалик туфайли клуб ўзини хатто уйида тўп сураётгандек тасаввур қила олмади. Ҳа, фикрингизга қўшиламан. Ахир натижа учун мураббий жавоб беради. Балки ўйинчиларни яхши билмаганим хатоларимдан бири бўлса керак. Шуни ишонч билан айта оламанки, тактик жиҳатдан хатога йўл қўймадим. Машғулотлар жараёнида ҳам бундай бўлмаганига аминман. Футболчиларнинг машғулотлардаги жисмоний босимга дош бера олмасликлари ҳам ўз ишини қилмай қўймади. Шу боис ҳам машғулотларда муаммолар юзага келди. Ўзим истаган босимни берадиган бўлсам, ўйинчилар учрашувларни жисмонан толиққан ҳолда бошлашларига гувоҳ бўлдим. Футболда эса ўйинчиларга машғулотлар чоғида босим бермасликнинг иложиси йўқ. Жисмоний тайёргарликни мукаммал ҳолатга келтириш учун ҳар қандай мураббий машғулотларда шундай йўл тутади. Иш жараёнимда тажрибаси кўпроқ ўйинчиларга ишонч билдирдим. Масалан, Мамазулумов, Валижонов, шунингдек Цойга ҳам. Уни ҳар бир ўйинда майдонга туширавердим. Аксига олиб у хатоларга йўл қўйишда давом этаверди. Тўғри таркибда ротация ишларини амалга оширишим керак эди. Лекин бу борада имкониятим чекланганди. Цойни майдонга туширмаган пайтимда Дилмурод Мамаюусповга имкон ҳавол қилдим. Аксига олиб у ҳам голлар ўтказишда Цойдан қолишмаслигини кўрсатиб қўйди. Агар ихтиёримда тенг савияли икки нафар дарвозабон бўлганида ҳам бошқача йўл тутган бўлардим. Таркибда рақобатнинг юқорилиги ҳам катта аҳамият касб этади. Афсуски, бизда бундай бўлмади. Шунинг учун турли чизиқларга умуман амплуалари мос келмайдиган ўйинчиларни туширишимизга тўғри келди. Ҳа, жамоа ютқазган маҳалда асосий айб мураббийнинг гарданига тушади. Лекин «Андижон»да виждонан ишладим. Эҳтимол айрим вазиятларда керакли ижрочиларни вақтида майдонга туширмай хатога йўл қўйгандирман.
— Сизни Ўзбекистонда ҳамма ҳурмат қилади. Гапнинг очиғи, обрў-эътиборли шахслардан бирисиз. Шунга қарамай жамоангиз олий лигани тарк этди. Бу эса сиз учун ҳам жуда ёқимсиз. Бу билан шаънингизга доғ тушиши ҳам мумкин. Умуман, муваффақиятсизликни қандай қабул қиляпсиз?
— Ҳаётда ҳар хил воқеалар юз беради. Албатта 20 йил давомида ўйнаб ўзимга яраша обрў қозондим, мухлислар орттирдим. Бироқ ҳаммаси ҳам ўзинг истаганидек кечавермас экан. Ҳаётда яхши кунлар ҳам, ёмон кунлар ҳам бўлади. Мен ўзимни иродали инсон деб биламан ва ўз касбимни севаман. Менда Москвада қолиб ишлаш имкони ҳам бор эди. Лекин мураббий сифатида меҳнат қилишни ёқтираман. Боз устига футболда ҳеч ким омадсизликдан кафолатланмаган. Инсон кучли бўлмоғи керак. У йиқилган тақдирда ҳам яна ўрнидан туришга ҳаракат қилади. Муҳими кишида ўз кучига бўлган ишонч юқори бўлиши шарт. Шунда у қаршисидаги ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтади. Худди ҳаётдаги каби футболда ҳам қоронғу кунлар бўлади. Киши эса албатта ёруғ кунлар келишига ишониб яшамоғи даркор. Андижонда ўз ишимни ҳалол бажаряпман деб ҳисоблайман. Жамоа учрашувлар чоғида ҳимояга урғу бермаган ҳолда ҳаракатланди. Бундан кейин ҳам шу руҳда ўйнашимизга ишонаман. Шундай нақл бор: «Бизни ўлдирмайдиган нарсалар, бизни кучайтиради». Футболчилар эса ўз навбатида руҳиятларини туширмаган ҳолда фақат ижобий натижани кўзлаб тўп суришлари керак. Аввало киши руҳан синишга мойил бўлмаслиги керак. Фақат шундагина у кўзлаган мақсадларига эриша олади. Ҳаётда машаққатларсиз муваффақият қозонишнинг иложи йўқ. Футбол оламининг кўзга кўринган юлдузлари ҳисобланадиган Пеле, Марадона, Зидан ҳам ҳаммасига осонлик билан эришмаганлар. Асосийси, менда мураббийлик фаолиятимни давом эттиришга бўлган иштиёқ жуда юқори. Агар бундай бўлмаганида Москвада қолишим аниқ эди. Инсон ўзига ишониши керак. Умид қиламанки, омадсизликларимиз вақтинча. Биз албатта парвоз қиламиз.
— Энди келаси йили олий лигада жамоалар сони 16тага оширилишига ишонасизми?
— Эгаллаб турган ўрнимиздан келиб чиқмаган холда айтишим мумкинки, биз футболни севувчи мамлакатдамиз. Шундай экан, олий лига учун 14 жамоа жуда оз. Чемпионатда 16 жамоа иштирок этиши мақсадга мувофиқ бўларди. Қолаверса Ўзбекистонда футболни жон дилидан севадиган худудлар исталганча топилади. Шу сабабдан олий лига учун жамоаларнинг оптимал сони 16та бўлиши энг мақбул вариант деб ҳисоблайман. Ўйлайманки, бир кун келиб айнан шундай бўлади. Ҳар бир вилоятнинг етакчи клублари олий лигада ўйнашга муносиблар. Дарҳақиқат, элитани тарк этишимизга тўғри келгани хавфсаламни пир қилмасдан қўймади. Аммо ўзимга ва жамоамга ишонмаганимда аллақачон ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган бўлардим. Ҳаммасига қўл силтаб кетиш иродасиз одамнинг ишидир. Мен эса ўзимни бундай деб ҳисобламайман. Муҳими, ўринбосарлар таркибида бемалол асосий жамоа шарафини муносиб ҳимоя эта оладиган футболчилар ўйнашмоқда. Мен бу гапни улар мусобақа жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турганликлари учун айтмаяпман.
Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).