Мақоланинг биринчи қисми учун ҳаволалар: мобил-версия ва веб-версия учун.
3. ЎН КУЛИБ, ЮЗ ЙИҒЛАШ.
Ажабтовур бир газетамиз номини ўқиб бир кулиб, бир йиғласам, унда босилган Фарҳод Норбўтаевнинг мақоласи-ю, унинг Азамат Абдураимов билан бўлган хос суҳбатини ўқиб ўн кулиб, юз йиғладим. “Футгол”нинг 50-сонини айтяпман. Гап бундай. Бутун дунёда футболни суйганлар масхара футболга, келишилган ўйинларга қарши кураш олиб боришяпти. Келишувларни деб “Ювентус” бошига тушган кунларни сиз ҳам эслайсиз, чоғи. Оғир кунларда жамоага содиқ қолиб жазони охиригача ўтаган Буффон ё Недведдан жазо таърифини сўранг. Антонио Конте 2009 йили “Сиена” жамоасида мураббийликнинг пой қадамини ташлаяпган даврда, келишув бўлганлиги уч йилдан сўнг фош бўлгач, уни ҳам жазолаб 4 ойга майдондан четлатишди. Келишув ўйинларида айбдор топилган Германия термасининг тўрт нафар ўйинчиси умрбод футболдан бадарға қилинди. Еврофутболдаям ўйин сотишаяпти, бизда нима айб демоқчимисиз? Азизларим, у ерда “сотқинлар” билан жанг кетяпти, биздачи?
Юз минглаб одамлар ҳаётда танқис бўлган КУЧ, АҚЛ, ТЕЗЛИК ва ҲАМЖИҲАТЛИК рақобатини кўрамиз деб, фақат инсонга хос бўлган ШИДДАТ, соғлом ВАЖОҲАТ ва ИРОДА, мукаммал қоида чегарисида содир бўлароқ ҳалол, қақшатқич ЖАНГни, ҳакамларнинг адолатли ҲУКМини кўрамиз деб стадионларга саф тортиб келишади. Ва аҳмоқ бўлиб қайтиб кетишади. Ким бўлишидан қатъий назар Келишувчилар футболни ўзагидан чиритишади, мағзини қуритишади. Буни ҳамма билади, лекин кўплар бунга бефарқ бўлишади, чиринди ҳолатдан ҳазар қилмай юришади, кўплар ўзининг “савдогарчилик” ишидан уялмай-нетмай, минбар ёнида савлат тўкиб туришади. Футбол ташида ”Фалончи окамизга (опамизга) совға бўлади, ютқазиб берларинг” деб, “Шаҳримизнинг юбилей тантанаси кунига сюрприз бўлсин учун атайин ютқазиб берларинг” деб буюрувчи корчалонлар ҳам бор. Футбол ичидаги бало-баттар ифлос ҳолатларни санамай қўя қолай. Ҳамма футболнинг пайини эмас, вужудини қирқмоқчи бўляпти.
АЛАМИМ БОР МАНИМ
Мен ўзбек футболини “Пахтакор”нинг 35-буржида ўтириб кузатиб бораман. Нимадир демайин, фақат майдонда кўрганимни айтаман. Қайси бир йили Туркманистон термасини 6:0 га ютган ўйинимизни эслайсизми? Ўша пайтда Туркман термасининг мураббийи ким бўлган эди, ундан аламим бор маним. Учинчи голдан кейин туриб чиқиб кетганман. У пайтлари ҳали Маҳмуд Асрорни танимас эдим. Ҳали ёзувкашлик қилмас эдим. Мени аҳмоқ қилишса, бунга чидолмай, туриб кетар эдим. Ҳозир ёзяпман. Газетхонлар олдида масъулиятим бор. Буржларда келишувларга чидаб, касофат ўйинларни сўнги сониягача кўраман. Кейин ҳар ёзувимда юз йиғлаб, минг йиғлаб келишувлар дастидан дод соламан. Фақат негадир футболни ичидан яхши билган, унинг ички ҳаётига дахлдор бўлган, унинг ривожига масъул бўлган журналистлар жим юришади. “Мўмин” бўлиб, ерга қараб туришади. Нега?
ОЛА-БУЛА ГАПЛАР ЎРМАЛАДИ
“Футгол”да Норбўтаев ҳаммасини номма-ном айтиб бу ҳақда, ошкора ёзибди. Маҳалла ҳаётида “коса сингач” иккита шаллақи кампир айбни бир-бирига тўнкаб, бир-бирининг устидан мағзава ағдаришини кўп марта кўрганмиз. “Андижон”нинг бугунги ҳаётида ҳам шу каби аҳволни кузатмоқдамиз, шекилли. Мураббийни не гуноҳларда айбламоқчи бўлган тараф табиийки, энг онсон йўлни танлайди, ҳамма билгувчи, доим бўлгувчи, доим содир бўлиб тургувчи, ҳаммага аён гуноҳларни рўкач қилади. Бу гуноҳ ўйин сотиш гуноҳидир. Шундай рўкач сабаб бехосдан футболимизнинг жирканч яраси очилиб кетди. Ифлос башарасини яшириб тургувчи ниқоб ечилиб кетди. Федерациямиз сайтидан эмас, узун қулоқ гаплардан маълум бўлишича, мақола босилгач ЎФФ биносида ола-була гаплар кабинетма-кабинет ўралаб, ўрмалаб қолибди. Тинчи бузилган одамларга келишувлар янгилик бўлгани йўқ. Газетада бу ҳақда очиқ-ойдин ёзилгани ноқулай янгилик бўлди. Тарсаки бўлди. Хўш, бу тарсаки мақола қандай ёзилган эди. Бошқаларни билмайман-у, мен учун бу мақола муҳим мавзуда ёзилган ожиз ноладай бўлиб қолди. Болливуд киносига ўхшаб фалончини, яъни Азамат Абдураимовни оққа бўяб, пистончини, яъни Фозил Мирзаевни қорага бўяб ёзилган ўзига тортар мақола бўлган. Мирзаев ўрнига бошқаси ишлади дейлик. У “кўлмакка” чидолмай тезда қочиб кетарди, ё клуб учун бир нима қилайин деб “кўлмакка” хос равишда “гуллаб” ётарди, ё ётиб қолгунча отиб қолайин деб юрарди, ё тағин бир нима бўларди. Шахсни эмас, муҳитни ёритиш керак эмасми эди. Муаллиф уни оқ, буни қора деб ёзиб мақолани чўпчакка, ёш болага ёқар, яхшиликка ундар ширин чўпчакка айлантириб қўйибти-ку. Энди ёвуз “сеҳргар”ни енгиб, майдонда адолатни ҳимоя қилиб, асл футболни барқарор қилгувчи ҳалоскор “паҳлавон” келишини кутамизми? Футболимиздаги бугунги бундай “чиройли” аҳволга ҳаммамиз айбдормиз.
Ф.Мирзаев қай муҳитда қандай ишлаяпти? Нега у билан суҳбат ўтказилмади? Ф.Норбўтаев, ҳолатни объектив ёритиш сизнинг вазифангиз эмасми? Ким Сизга тўсиқ қўйяпти. Футбол каби матбуот “майдон”ида ҳам зарбага “тўсма” қўювчилар, албатта, топилади. Бундан нолиманг. Хадзипанагисга ўхшаб алдамчи ҳаракатлар билан уларни “сочиб” ташламайсизми. Фозил Мирзаевни ўз ишида касбикомил эмас деб ёзибсиз. Ўзингизда касбикомиллик борми?
Пеллегрини “Малага”си “Реал”га қарши ўйинда рақибни яхши ўрганиб, ўз кучига тўғри баҳо бериб, ўйин ташкил қилди ва уни ҳақли равишда 3:2 ҳисобида ютди. Шундай ўйнаб “Суонси” “МЮ” билан дуранг ўйнади. 1:1. “Вальядолид” ўз имкониятига тўғри баҳо бериб “Барсага” қарши жанг қилди, голлар ҳисобини очиб берди-ю, лекин ютқазди. 1:3. Натижадан қатъий назар бу ўйинлар Сиз учун касбикомиллик намунаси бўлсин. Журналистикада Сиз ўз имкониятингизга, “рақиб” кучига тўғри баҳо бериб, натижани олдиндан кўра олиб, “Суонси” каби бор имкониятингизни оммага кўрсатиб жанг қилишингиз керак эмасмиди? Сиз нима қилдингиз? Сиз бу мақолангизда журналист эмас, тегирмонга найза ўқталган Дон Кихотга ўшаб қолгансиз, чамамда. Журналистнинг асл вазифаси моҳиятни очиб, унга тўғри ташхис қўйиб, даволаниш йўлини кўрсатишдир. Бундан бошқа нарса эмас. Сиз эса саҳифаларда “найза” кўтариб юрибсиз.
4. ГУМРОҲЛИК САБАБИ НИМАДА?
Бу мақолада бошқа бир муҳим мавзу яширин. Мураббий ва клуб раҳбари ўртасидаги муносабат мувзуси муҳим ва долзарбдир. Бу муносабат ҳеч қаерда ёритилмаяпти. Бирорта қонун-қоида бизда борми? Ҳозир қандай билмайман-у, биз ишлаган даврда ишга қабул қилинган ҳар бир одам қўлига унинг хизмат инструкцияси топширилар эди. Фаррошдан тортиб то завод деректоригача ҳамма ўз ишини, масъулиятини, ўз ҳуқуқини, вазифасини, иш тартибини, иш шароитини қонуний қилиб ёзиб қўйилган, “профсоюз” тасдиқлаган қоғоздан ўқиб олар эди. Ҳамма футбол клубларимизда ҳар хил шароит бор. Ҳамма ҳар хил тартибда, тўғрироғи тартибсизликда иш юритмоқда. Лавозимлар, мансаблар номи ҳар хил. Клуб президенти, вице-президенти, спорт директори, менежери дейсизми-ей, тағин қанча мансабдор одамлар футбол клубларида ишлашади, биз буни билмаймиз. Инсон номи тугул, мансаб номини ҳам билмаймиз. Биз ўзимиздан бехабармиз. “Барса”дан тўлиқ хабардор бўлганимиз билан ўз футболимизга нисбатан гумроҳлигимизча қоляпмиз-ку. Мендек бир ишқибоз қария уйда ўтириб, газета ўқиб билганини ўзингизга солиштиринг: “Барса” президенти Сандро Россел, вице-президенти Хосеп Мария Бартомеу, биринчи техник директор Хорди Моикс, иккинчи техник директор Манель Аройо, бош директор Антони Россич экан. Ўз футболимиз ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Биз фақат мураббийни биламиз, уни танимиз. Қайси лавозимдаги одам клуб раҳбари эканлигини ким билади? Ҳеч ким.
Фақат майдонда мараббий бош қўмондон бўлиши кераклигини аниқ биламан. Майдон ташида-чи, ким раҳбар бўлса, ўша бизда якка ҳукмрон бўляпти. Ўша аслзода хоҳласа, мураббийни ишга олади, хоҳласа ишдан бўшатади. Журналистларимиз бу ҳақда жим туришибди. Оғзига талқон солиб олиб, интернет титкилаб, бизга еврохабар етказишмоқда. Биз ҳам уларга, еврохабарларга мурожаат қилайлик.
АРАВАГА ОСИЛИБ ҚАЙГАДИР ЕТИБ ОЛМОҚЧИ?
“Барса”да Райкард даврини эслайсизми? Это’О, Роналдиньо, ўнг қанотда чопқир француз, оти Людовик Жюлимиди, тағин алла-кимлар порлашган эди. Бирдан қаторасига неча бор чемпион бўляпган жамоа мураббийини ишдан олиб ташлашди. Ҳеч ким танимаган, ҳеч қайси жамоани бошқармаган Гвардиолани бош мураббий этиб тайинлашди. Лапорта қип-қизил аҳмоқ экан-ку, дедик. Кейин Пеп Гвардиола даври бошланди. Унинг порлаши камида ўн йил давом этади деган эдик. Йўқ, у ҳам алмаштирилди. У қўшиғининг энг юқори чўққисида саҳнани шогирдига, Тито Вилановага бўшатиб берди. Во ажабо, бу энди аниқ тузатиб бўлмас хато бўлди деган эдим мен ҳам. Ҳозир “Барса”нинг порлашини кўринг. Бир истеъдод порлашига ҳудуд торлик қилса, олдинги бош мураббийни ишдан бўшатишяпти. “Барса”да авторитетни улуғлаш йўқ. Касбни улуғлашади. Ушбу ҳолат мураббий ишида узвийликни, клуб президенти ўзгариб турса-да, раҳбариятда доим узвийлик, донолик сақланиб қолишини таъкидламоқда.
Энди рақиб жамоа бўлган “Реал”дан мисол келтиришимдан олдин, сўз орасида Асланов мақоласини эслатиб ўтай. Асланов, ўз “Мадҳиясида” биз учун чет тилларни билиб олишимиз даргумон иш деяпти. Араб футболини унутиб юборинг деяпти. Чунки араб тилини Тўлқин Бакирхўжаевдан бошқа ҳеч ким билмаганидан ҳамма “Ал Жазийра Спорт” каналига эмас, “НТВ+”га боғланиб қолган деяпти. Чала бўлса-да рус тилини билганимиз учун жаҳон футболидан бохабар бўляпмиз деяпти. Энди МДҲ чемпионатида ўйнаб, рус тили билан кифояланиб, рус футболига четдан яқинлашиб, унинг аравасига осилиб олиб жаҳон футболига чиқиб олайлик, деяпти. Бу қандай каззоб гаплар бўлган, фахмладингизми?
Эй, муҳтарам замондошим, сизнинг аждодингиз бир замонлар араб тилини шундай мукаммал ўрганиб олиб, бутун араб халқлари қўлига араб тилидан дарслик тутқазиб, бир неча аср давомида авом халқнинг саводини унинг ўз она тилисида, араб тилида чиқарган экан. Бу ҳақда эшитганим бор. Сиз замонамизда ўз ўрнингизга, ўз сўзингизга, ўз мухлисингизга эга бўлган одамсиз. Сиз испан тилини мукаммал ўрганиб, испан футбол янгиликларидан ўз халқингизни, наинки ўз халқингиз, балки бутун “русскоязычный” халқларни испан футбол янгиликларидан хабардор қилсангиз, сизни биров уришадими? Нега бу гапларни айтяпман, биласизми? Испан тилини билгувчи қўшним боласининг айтган гаплари сизни, Асланов ва сиз ёзган “Мадҳияни” эслашимга сабаб бўлди. Испан сайтларидан олган унинг сўнги маълумотларига кўра “Реал” президенти билан Моуриньо орасида келишмовчиликлар бор экан. Тағин алла-қанча икир-чикр чақим гапларни айтди. Сиздай футбол билимдони эмас, футболдан йироқ қўшним испан тилини ўрганиб, испан сайтидан маълумот келтиргани учун хабарларнинг мағзидан пўчоғини ажратиб, қолган гапларни ўзим фараз қилиб билмоқчиман.
“РЕАЛ” ҚОЗОНИ ҚИЙНАЛИБ ҚОЛДИ
Флорентина Перес “Реал” саҳнасига олдинги сафар келганида Дель Боскени ҳайдаб, бир майдонга бутун дунё юлдузларини йиғиб, уларнинг сўнги давр ижодини бўтқага айлантирган эди. Рональдо, Фигу, Бекхем, Зиданларни эслайман. Уларнинг ҳар бири бир жаҳон, бир қуёш эдилар. Уларнинг ҳар бири бир жамоага йиғилиб ўз мавзумасини, яъни орбитасини торайтириб, ўзаро таъсир ҳудудида чарақлашдан тўхтаб қолишган эди. Ф.Перес “Реал”нинг майдондаги ўйини ҳароб бўлса-да, юлдузларнинг кўчадаги “шоу”-шувидан катта даромад кўрган эди. Кейруш, Камачо, Лушембурго каби мураббийларни чирпирак қилиб ташлаган эди. Трансферни якка ўзи бошқариб, жамоага мегаюлдузларни, ўзининг маҳорат чўққисига чиқиб бўлган мегаюлдузларни йиғар эди. У ҳамма соҳада ҳамма нарсани барбод қилди-ю, саҳнага Калдерон чиқди. Шунда Фабио Капелло қуруқ қўл билан келди-ю, олтин олиб бериб кетди. Кейин Мадриддан узоқлашди. Қандай қилиб сайловда Ф.Перес иккинчи бор ютиб, “Реал” саҳнига чиқиб, тахтиравонга ўтириб олганини билмай қолдим.
Ҳозир Пеллегрини ўрнини Моуриньога бергач, Флорентино Перес ўзининг иш услубини ўзгартирган бўлса-да, ўзини ўзи сира ўзгартира олмайди. Бу аниқ. Ушбу кунлар “Реал” “қозонида” иккита қўчқорнинг калласи қийналиб “қайнамоқда”. Аввалига “Реал” ЕЧЛда ғалаба қозонгунича иккала қўчқор бундай қайнашга рози бўлишади деган тахминим ўзини оқламоқда эди. Икки йилда “Реал” Испания чўққисига чиқди. Энди беш йил бу чўққини ҳеч кимга бермайди деб ўйлаган эдим. Адашибман. Бу йил куздан бошлаб ҳамма нарса ўзгарди. Улар бир-бирини ҳар хил воқеалар ёрдамида “қозондан” сиқиб чиқаришяпти. Роналду кетади, кетмайди деган чигал гаплар ҳам бу сиқиб чиқариш асоратидир. Агар Перес лавозимидан четлатилса, ажабланмайман, чунки Моуриньо жуда кучли шахс ҳисобланади. Лекин икки ўртада шундай ажойиб ўйинчилар ансамбли жабр кўряпти. Футбол жабр кўряпти. Воқеалар шу кетишда кета берса, иккаласи ҳам лавозимидан кетиши мумкин.
КИССА ТАҚДИРИ УСТУВОР
Манимча, бу йил “БУНЁДКОР”да нимаси биландур шунга жичча ўхшаш воқеа содир бўлди. Аввал “Реал”даги сингари, майда “интригалар” бўлиб турди. Кейин Давлатов “даволаниш” мақсадида “ўйин”дан четлатилди. Футболга ва ўз ишига, вазифасига бўлган муносабат, ҳамда турли тушунчалар тўқнашувида Қосимов ютиб чиқди. Баҳром Давлатов ютқазди. Тўқнаш келган тушунчаларда, ишга бўлган муносабатларда қандай фарқ бор эди, бир-бирини инкор этувчи қандай кучлар бор эди, буни ҳеч қачон била олмаймиз. Ҳақиқатни билсак, жиддий, объектив қийинчиликларни ҳурмат қиларми эдик. Фикримизда, ҳаётимизда тиниқлик (прозрачность дейишади) пайдо бўларми эди. Бўялган, пардоз қилинган футболни эмас, реал, тирик футболни кўра билиб, элнинг футболга бўлган эътибори ўсарми эди. Журналистлар жим. Ҳамма нарса кўздан нарида, демак эл эътиборидан нарида яширин қола беради. Битта-яримта клубга яқин одам тўй-пўйда “гуллаб” қўймаса, клубнинг матбуот ходимлари сув эмас, қум ютиб жим юришади. Агар кимдир гапирса борми, ишдан ҳайдалади, пулдан ажралади. Уларни футболимиз тақдири эмас, кисса тақдири кўпроқ қизиқтиради. Бу сукунатда фақат биргина журналист бошқа бир соҳада муаммо ниқобини ечмоқчи бўлибди-ю, қош қўяман деб кўз чиқарибди. Мен юқорида айтиб ўтгганим “АНДИЖОН” мисолида ёзилиб, “Футгол”да босилиб чиққан Фарҳод Норбўтаевнинг мақоласини айтяпман. Ҳамманинг устидан ҳукмрон бўлган “Сукунат” қонунлари журналистларимизни нўноқ қилиб қўйгандур-да. Наҳотки, Мираброр Усмонов ҳам бу “қонунларга” итоат қилсалар?
Давоми бор.
Ҳасанали Қодиров
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).