Шубҳасиз, Жуд Беллингем барчани ҳайратда қолдирди. «Реал»да инглиз плеймейкерининг бундай ёрқин стартини кўпчилик кутмаганди.
«Раймон Копа» мукофотини қўлга киритгандан сўнг, Беллингем келгуси йил асосий индивидуал мукофот учун курашишга тайёр кўринади. Ҳар ҳолда, у L’Equipe нашрига берган интервьюсида шу каби бир қатор қизиқ саволларга жавоб берди.
Ота-онаси ҳақида:
- Мен ота-онамга яқинман ва муносабатларимиз менга мувозанат беради. Фаолиятим кўтарилишидан олдин улар бутун умр ишлашга мажбур бўлишди. Мен профессионал футболчи бўлишдан олдин уларнинг қийинчиликларга дуч келишганини ўз кўзим билан кўрдим. Ва улар қандай қилиб ҳар қандай муҳитда ўзларини топишлари, энг яхши бўлишлари мумкинлигига қойил қоламан.
Оиласи ҳақида:
- Оилани қўллаб-қувватлаш мен учун жуда муҳимдир. Кўпчилик футболчи унинг манфаатларини ҳурмат қилишдан кўра, кўпроқ пулга қизиқадиган агентларга эга. Менда ҳеч қачон агент бўлмаган, чунки ота-онам яқин. Улар менинг фаровонлигимдан хавотирда, бизнинг орзуларимиз ўхшашлигини билишади. Агентлар ўзларининг рағбатларига эга - улар пул ишлашни хоҳлашади. Мен эса оилам қуршовида бўлишни хоҳлайман. Бизнинг суҳбатларимиз ҳар доим қизиқарли кечади: биз кинодан тортиб «Реал»нинг қизиқишигача бўлган ҳамма нарсани муҳокама қиламиз.
Футбол ҳақида:
- Менга жуда яқин одамлар нотўғри йўналишда кетаётганини кўрдим. Агар сиз ўйиннинг ўзи учун футболни яхши кўрсангиз, унда албатта бир куни мукофотланасиз. Агар ўй-хаёлингиз ҳурмат-эътибор ва шон-шарафда бўлса, айтаманки, бу нотўғри йўл.
Тўпурар отаси ҳақида:
- У ҳеч қачон бу ҳақда унутишимга йўл қўймайди, бу ҳақда кўп гапиради. Мен гол урганимда, шундай дейди: «Мен бўлганимда яна 3-4та урардим».
Болалик орзуси ҳақида:
- Терма жамоада ўйнашни орзу қилардим. Аммо агар илгари кимдир менга ҳеч қачон Премьер-лигада ўйнамасдан 3 йилни Германияда ўтказишим, кейин эса Испанияга йўл олишимни айтса, мен ҳайратда қолардим.
Йўлининг бошланиши ҳақида:
- Дастлаб менга футбол ёқмади. Биламан, бу ақл бовар қилмайдиган нарса, чунки агар ҳозир футболсиз қолсам, ақлдан озаман. Отамнинг машғулотларига борардим ва у ерда фақат гиёҳлар, гуллар терардим. Онам учун ихчамгина ромашка гулдастасини ясаганимни яхши эслайман. Ота-онам менга ҳеч қачон босим ўтказишмаган. Отам мени ўзи билан олиб кетарди, лекин агар бекинмачоқ ўйнаш ёки гул теришни хоҳласам, қарши бўлмаслгини айтарди. Аммо кейинчалик ўзим футболга боғланиб қолдим... Мен ўйинда эркинликни ҳис қилдим. Такрор айтаман, ота-онам мени ҳеч қачон футбол ўйнашга мажбурламадилар, улар шунчаки ўзимни яхши тутишим ва бошқаларга ғамхўрлик қилишимни хоҳлашди.
Футболга муҳаббат сабаблари ҳақида:
- Ҳамма гап рақобатда. Мен уни доим яхши кўрардим. Улғайгач жуда кўп муаммоларга дуч келдим, айниқса ютқазганимда. Бу ҳамма учун қийин эди. Мен ҳатто қўл сиқишни хоҳламадим. Лекин ҳурмат кўрсатишни ўргандим. Шубҳасиз, мен ўйинни жуда яхши кўрардим, чунки унда рақобат бор.
Кумири ҳақида:
- Мен «Бирмингем» футболчиларига қойил қолгандим - бу жамоа «Уэмбли»да Лига Кубогини қўлга киритганди (2011 йилда «Арсенал» 2:1 ҳисобида доғда қолдирилган). Менинг қаҳрамонларим Себастиан Ларссон, Крейг Гарднер ва Ли Бойер эди. Аммо энг асосий кумирим отам. Кейин Уэйн Руни ва Стивен Жеррард ўйинларига қойил қолдим, чунки улар Англия учун ўйнашган. Отамда Зидан рақами ёзилган футболка бўларди, уни пляжда сотиб олганди. У доимий равишда, шу жумладан уйда ҳам ўша либосни кийиб юрарди. Бир куни ундан: «Бу қандай одам?», - деб сўрадим. У эса: «YouTube»ни очиб кўр», - деди. Ўшандан бери мен уни кузатишни тўхтатмадим. Зидан мен бўлишни истаган футболчи эди. Ва у билан 2022 йилда «Реал» ва «Ливерпуль» ўртасидаги Чемпионлар Лигаси финалида учрашганимдан бахтиёрман. Ўшанда ғайратли болага ўхшардим. Ва Зидан ўзининг барча ютуқларини ҳисобга олган ҳолда ўзини жуда камтар тутди. «Реал»да унинг қўл остида машқ қилган йигитларнинг сўзларига кўра, у ажойиб мураббий ҳам экан.
Зидан ва «5» рақам ҳақида:
- Бу, албатта, ўзига хос ҳурмат. Аммо шу билан бирга, мен ўз йўлимда кетяпман ва бу рақамни ўзим кўришни хоҳлаганимдек қилишим керак: «Реал»нинг замонавий «5» рақами.
«Бирмингем» ва «22» рақам ҳақида:
- Менга қайтиб келгунимча ҳеч ким бу рақам остида ўйнамаслигини айтишди. Бундан ҳайратда қолдим. Мен жамоада 2019Ғ20 йилги мавсумни яхши ўтказдим, аммо ғайритабиий нарса йўқ. Бу қарорни тушунаман, ахир менинг трансферим қийин вазиятда клубга ёрдам бергандида.
Эрта камолга етиш ҳақида:
- Майдондаги ҳатти-ҳаракатларим ва турли вазиятларга жавоб бериш қобилиятим муҳокама қилинаётганини кўп марта эшитганман. Муаммо шундаки, улар сизни пойдеворга қўйишади. Аммо мен ҳам хато қиламан, мен ҳам оддий инсонман, баъзида бошимни йўқотаман ва одамлар: «Оҳ, қаранглар, у унчалик ҳам етук эмас экан», дейишади. Лекин мен робот эмасман.
«Реал» кийиниш хонасидан илк таассуроти ҳақида:
- Мен асабийлашдим. Ҳеч қачон шунча юлдузлар олдида турмаганман, лекин кийиниш хонасига кирганимда, бу йигитлар нималарга эришгани ҳақида ўйламай туролмадим. Аммо кейин улар ҳам оддий йигитлар эканлигини англадим: улар мени қулай ҳис қилишимни хоҳлашади, улар камтар эди. Бу мен учун муҳим сабоқ бўлди. Сиз қанчалик муваффақиятли эканлигингиз, нима ютганингиз муҳим эмас, сиз майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам яхши инсон бўлиб қолишингиз мумкин, худди менга илҳом бахш этган бу йигитлар каби.
«Реал» сафидаги биринчи ўйин ҳақида:
- Бу туйғуни тасвирлаш учун етарли сўзлар йўқ. Бу мен учун орзунинг амалга ошишидир. Афсонавий футболка. Уни кийганингизда, худди суперқаҳрамон костюмини кийгандек ҳис қилиш катта шарафдир. Уни кийишни давом эттириш учун маълум бир даражани кўрсатиш керак, албатта.
5 йилдан кейинги ҳолати ҳақида:
- Умид қиламанки, Чемпионлар Лигасида 5 марта, Еврода ва эҳтимол жаҳон чемпионатида ғолиб чиқарман. Мен ҳамма нарсага оптимистик қарашга ҳаракат қиламан. Мағлубиятни тан олиб ўйнашдан маъни кўрмаяпман. Сиз ҳар доим ғалаба қозонишингизга ишонч ҳосил қилишингиз керак, акс ҳолда ўйнашдан нима маъно?
МУҲАММАДХОН тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).