Мурод Исмоилов: «Футболчилар жисмоний ҳолатларини ўстириб боришяпти»
"Пахтакор" клуби ўзининг БААдаги ўқув-машғулот йиғинини давом эттирмоқда. Клуб матбуот хизмати жамоа бош мураббийи Мурод Исмоиловнинг йиғин тўғрисидаги фикрлари билан қизиқди.
— Йиғин қандай кечмоқда? Жамоанинг тайёргарлигидан кўнглингиз тўляптими?
— Йиғин яхши ўтиши учун барча шароитлар яратилган. Бундан унумли фойдаланган ҳолда жамоанинг жисмоний тайёргарлигини ўстириш учун ҳаракат қиляпмиз. Футболчиларнинг ҳолати секинлик билан бўлса ҳам яхшиланиб бормоқда. Бу даврда улар асосан жисмоний жиҳатдан ўсиш учун уринишади. Шунингдек, янги келган футболчиларнинг жамоага мослашиш жараёни кетяпти. Бу ҳам жуда муҳим. Йиғинлар даврида уларни ўйин услубига тез кўниктирсак, улар мавсум бошиданоқ бизга ёрдам беришга тайёр туришади. Ўтказилган учрашувларда йигитларнинг ҳолати қай даражада эканлиги, шунингдек, тактик жиҳатлар борасида нималарга эътибор беришимиз лозимлигини аниқлаб оляпмиз. “Анжи” билан кечадиган беллашувда яна бир бор футболчиларни жиддий текшириб олиш имкониятига эга бўламиз. Кучли рақибларга қарши ўйинлар катта фойда келтиради.
— Тошкентга қайтгандан сўнг жамоа тайёргарликни қандай давом эттиради?
— 23 январь куни Тошкентга қайтиб борамиз. Машғулотларни одатдагидек стадионимизда ўтказамиз. 29 январь куни “Қизилқум” билан, 1 февралда эса яна бир рақиб билан назорат учрашувларида майдонга тушамиз. Иккинчи жамоа “Бухоро” бўлиши ҳақиқатга яқинроқ. 3 февраль куни эса иккинчи хориж йиғинини ўтказиш мақсадида Туркияга жўнаб кетамиз. Одатдагидек бу йил ҳам чет элда икки марта машғулотларни ташкил қиламиз. Туркия йиғини 17 февраль куни ниҳоясига етади. Шундан кейин Тошкентга қайтиб, 26 февраль куни Чемпионлар лигасининг биринчи турида Саудия Арабистонининг “Ал-Иттифоқ” жамоаси билан беллашувга тайёргарлик кўришда давом этамиз.
Манба: www.pakhtakor.uz
Киритилди: 03:36, 20.01.2013. Ўқилди: 3774 марта. Фикрлар: 2 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).
Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар