Литвалик ҳужумчи Артурас Фоменконинг олий лигамизда тўпсураётганига жорий мавсум олти йил бўлади. Албатта, ҳар қандай легионер учун бир давлатда беш йилдан кўп ўйнаш ўзига яраша етарли вақт ҳисобланади. Фоменко Ўзбекистондаги фаолияти давомида «Андижон», «Олмалиқ», «Сўғдиёна», «Бухоро», «Навбаҳор», «Локомотив» сингари клубларда тўп суришга муваффақ бўлди. Бу йилдан эса «Шўртан» сафига ўтди. Ҳужумчи шу пайтгача олий лигада 116та учрашувда иштирок этиб, жами 26та гол урган. Айтганча, февралнинг 14-санасида Артурас 36 ёшни қарши олди. Шунга қарамай, у ҳамон ўзини ёш ҳис этмоқда. Ҳар ҳолда футболчи билдан суҳбатлашганимизда шунга амин бўлдик.
— Артурас, туғилган кунни қандай нишонладингиз?
— Байрам қилмадим десам ҳам бўлади, фақат шу куни кечки пайт оилам даврасида бўлдим. Биргаликда торт едик. Бўлди шу.
— Меҳмонлар келмадими?
— Йўқ. Ҳозир мавсумга тайёргарлик давом этаётгани боис ҳеч кимни чақирмадим. Мен, турмуш ўртоғим ва қизчам фақат уйда ўтирдик.
— Футболчиларнинг туғилган куни одатда тинчгина ўтади деган фикрга қўшиласизми?
— Энди бу нарса ўйинчининг қайси ойда туғилганига боғлиқ. Масалан, мен 14 февралда туғилганим боис ҳар йили шу пайтда йиғин ўтказаётган бўламиз. Шундай экан, туғилган кунни дабдабали тарзда нишонлашга вақт ҳам, имкон ҳам бўлмайди.
— Байрам кунлари озгинадан спиртли ичимлик ичиб туришга муносабатингиз?
— Спортчи бўлганим учун умуман ичмасликни афзал кўраман. Қолаверса, энди ёш бола эмасман ва мунтазам режимга амал қилиб юришим керак.
— Ўзи умуман режимга қандай қарайсиз?
— Вақт ўтган сари режимга жиддий амал қилишга тўғри келяпти. Чунки 36га кирдим ва энди сайр қиладиган, дискотекаларга борадиган ёшда эмасман. Бу ёшда режимга эътибор бермасам, футбол ўйнолмай қолишим мумкин.
— Тошкентда севимли жойингиз борми?
— Бир жойда жуда яхши японча ресторан бор ва бўш пайтда ўша ерга боришни афзал кўраман. Аммо кўпинча уйда бўлишимга тўғри келади.
— Билишимча, турмуш ўртоғингиз билан «Олмалиқ»да ўйнаб юрган кезларингиз танишган экансиз.
— Ҳа, шундай. «Олмалиқ» жамоасида ўйнаганимда корейс миллатига мансуб қиз билан танишиб қолдим. У дорихонада ишларди. Бир кун дорихонага кирганимда уни кўриб, шу заҳоти севиб қолганман. Аммо телефон рақамини олиш учун бир ҳафтача орқасидан юришга тўғри келди. Шу-шу танишиб кетдик. Орадан бир йилга яқин вақт ўтгач, турмуш қурдик. Бу йил 3 ёшга тўладиган қизчамиз бор. Унинг исми Даниела.
— Ўзбекистон чемпионатида тўп суришни бошлаганингизга беш йил тўлди. Ўтган вақт давомида бу ерда тўп суриб ўзингиз учун нималарни ўргандингиз?
— Хўш, нимани ўргандим? Сизларда футбол бироз бошқача, кўпроқ техникага таянилади. Жисмоний курашлар ҳам унчалик кўп эмас. Ҳар ҳолда ўзбек футболи Россия ва Қозоғистондагига нисбатан бирмунча фарқ қилади. Лекин «Шўртан» бош мураббийи Эдгар Гесс ҳам яккакурашларга бой ўйин услубини афзал кўрар экан. Шу боис «Шўртан»даги машғулотлар менга Россия клубларини эслатиб юборяпти.
— Рус тилини қаерда ўргангансиз?
— Мен тенгилар Литвада русчани жуда яхши гапиришади. Чунки мактабда рус тилини ҳам ўқиганмиз. Аммо ҳозирги ёш авлод русчани деярли билмайди. Бизда инглизча, немисча ва итальянчани ўрганиш ҳозир урф бўлган.
— Легионер учун бир давлатда беш йил ўйнаш етарли муддат ҳисобланади. Бундан кўриниб турибдики, сизни бу ерда ҳамма нарса қониқтиряпти, тўғрими?
— Худди шундай. Мен аллачақон Ўзбекистонга ўрганиб қолганман. Қолаверса, бу ёшда яна бошқа давлатга бориб тўп суришдан маъно йўқ деб ўйлайман. Менга юртингизнинг иқлими, об-ҳавоси, мевалари ва таомлари жуда ёқади.
— Менимча, Ўзбекистондаги танишларингиз Литвадагига нисбатан кўп бўлса керак.
— Шундай десам ҳам бўлади. Ахир беш йилдан бери шу ердаман ва ҳеч қаерга кетганим йўқ. Биринчи марта келганимда тезроқ уйга кетишга ошиқардим. Энди бўлса уйланиб оила қурганимдан сўнг кўпроқ шу ерда қолишни маъқул кўряпман.
— Айтганча, никоҳ тўйингиз қаерда бўлган?
— Айтсам, ишонмаслигингиз мумкин. Биз тўй қилмаганмиз. Шунчаки расмий никоҳдан ўтиб қўйганмиз, холос. Ўзбекларни тўйини кўриб бошида ҳайрон қолгандим. Сизларда 400 киши таклиф этилар экан. Лекин мен бунча одамга тўй қилиб беролмасдим.
— Ота-онангиз оилангизни кўрганми?
— Йўқ ҳали. Фақат интернет орқали гаплашишган. Уйимдагилар ҳатто қизимни ҳамкўришгани йўқ. Балки шу йил ёзда уларни Тошкентга таклиф этарман ёки ўзимиз боришимиз мумкин.
— Ўзбекистонга келганингиздан бери «Андижон», «Олмалиқ», «Сўғдиёна», «Бухоро», «Навбаҳор», «Локомотив» каби клубларда тўп сурдингиз ва мана энди «Шўртан» еттинчи жамоангиз ҳисобланади. Қайси жамоада ўзингизни ҳар томонлама яхши ҳис қилгансиз?
— Аввал «Олмалиқ»да, кейин «Локомотив»да. Шунингдек, «Шўртан»даги шароитлар ҳам маъқул келди. Чунки бу клубларда футболчига бўлган эътибор юқори экан.
— Нима деб ўйлайсиз, бу кетишда олий лиганинг барча клубларида тўп суришга улгурасизми?
— (Кулади). Менимча, буни амалга ошириш учун яна беш йил тўп тепишим керак. Албатта, бу ҳазил. Жиддий гапирадиган бўлсам, кучим етганча футбол ўйнамоқчиман. Балки бир ёки икки йил.
— Ўтган икки йил ичида бир даврадан тўртта жамоада ўйнадингиз. Нима учун ҳеч бўлмаса битта клубда тўлиқ бир мавсумни ўтказмагансиз?
— Бир йилни бемалол биронта жамоада ўтказишим мумкин эди. Жиззахда тўп сурган пайтимда «Сўғдиёна»да кўплаб молиявий муаммолар юзага келганди, кейин 2011 йилнинг ярмидан Бухорога кетдим. «Бухоро»да мени ҳаммаси қониқтирганди, фақат жамоа ўйинига тўлиқ киришиб кета олмадим чоғи, 2012 йилнинг бошида Наманганга йўл олдим. Бошида «Навбаҳор»да ҳаммаси яхши кетаётганди, жамоада пул бўлиши ҳақида кўп гапиришди, аммо чемпионат бошлангач, пулдан дарак бўлмай қолди. Шунда нафақат менинг, балки кўплаб футболчиларнинг ўй-хаёли фақат пул топишда бўлиб қолди. Ҳар куни раҳбариятдан пул қачон бўлади деб сўрайвериш жонга тегди. Натижада биринчи давра якунига етгач, «Локомотив»дан тушган таклифни қабул қилдим. «Навбаҳор»нинг мендан қарзи борлиги учун кетишимга клуб тўсқинлик қилмади. «Локомотив»га келганимда ҳаммаси жойида эди, фақат жамоа раҳбарлари таркибни янада шакллантириш учун бу йил менинг хизматимга қизиқиш билдиришмади. Шу тариқа «Шўртан» вариантини танладим.
— Қизиғи шундаки, шу пайтгача олий лигада бир йил давомида бирор марта ҳам ўнтадан кўп гол урмагансиз. Бу сиз учун ёмон кўрсаткичми?
— Албатта, легионер бўлганим учун буни паст кўрсаткич деб ҳисоблайман. Лекин нима ҳар дердим, омад ҳар доим ҳам кулиб боқмаяпти.
— Бизда ҳимоячилар ёки дарвозабонлар шунчалик кучлими?
— Ким билади дейсиз. Балки ўзим кучсиздирман.
— Бунинг учун айбни доим ўзингиздан қидирасизми?
— Ҳа. Қолаверса, мен кўпроқ жамоавий ўйинни афзал кўраман. Тўп билан олдинга интилганимда шерикларимдан бири зарба бериш учун қулай вазиятда турганини кўрсам, тўпни унга ошириб беришдан қизғанмайман. Сиз тўғри айтдингиз, бу ерга келиб тўп тепишни бошлаганимдан бери 2012 йилги мавсумда энг кўп гол урдим, олийлигада жами 8та. Аммо буйил камида 10та тўп киритишга ҳаракат қиламан. Чунки «Шўртан» билан тузган шартномамда 10та ва ундан кўп гол урсам, клуб томонидан қўшимча молиявий бонусларга эга бўлишим тўғрисида алоҳида банд бор. Шундай экан, ҳаракат қиламиз.
— Ўтган йил ҳам «Навбаҳор», ҳам «Локо» сафида «Бунёдкор»га гол урдингиз ва бу голлар ҳар иккала собиқ жамоангизга ғалаба келтирди. Шундан келиб чиқиб сизни «Бунёдкор»га қарши тайёр рецепт деса бўладими?
— Билмадим, балки бу омадим келганидан даракдир. Сизга айтсам, нафақат ўтган мавсум, балки аввалги йиллари ҳам «Бунёдкор» дарвозасига гол уриб келганман.
— Нестеровнинг ожиз томонларини яхши биласизми?
— Бемалол айтишим мумкин, Игнатий Нестеров чемпионатдаги энг кучли дарвозабонлардан бири ва унга тўп киритиш осон эмас. Нимагадир айнан «Бунёдкор» билан ўйинларда ўзимга яратилган вазиятлардан фойдалана оламан. Лекин ҳамма ўйинда ҳам шундай бўлавермайди. Гап шундаки, «Бунёдкор» доим очиқ футболни танлайди, ҳимояга ётиб олмайди, бу эса ўз навбатида рақиб ҳужумчиларига ҳам қулайлик туғдиради.
— 36 ёшда ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
— Жуда ажойиб.
— Худди ёш боладекми?
— Ёш боладек эмас-у, ҳар ҳолда ўзимни 30 ёшдек ҳис қиляпман. Мунтазам режимга амал қилиб келаётганим барибир ўз фойдасини беряпти деб ўйлайман. Эдгар Гесс қўл остида шуғулланиб жисмоний формамни анча тиклаб олдим. Тўғрисини айтсам, Ўзбекистонга келганимдан бери биринчи марта ҳали чемпионат бошланмасидан олдин ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Олдинги йиллари олий лиганинг 2-3 тури бўлиб ўтганидан сўнг ўзимга келиб олардим. Ҳозир эса дастлабки турданоқ майдонга тушишга ҳар томонлама тайёрман. Бу ҳам мураббийнинг маҳоратидан дарак берса керак.
— Яна 4-5 йил футбол ўйнашни хоҳлайсизми?
— Менинг ёшимда тўрт-беш йил кўп муддат ҳисобланади. Мен учун эҳтимол икки йил етар. Анчадан бери футболдаман ва бирданига воз кечиш осон бўлмайди. Клуб томонидан бир ой таътил берилган маҳал икки ҳафта ўтар-ўтмас зерика бошлайман ватезда тўп тепишни соғиниб қоламан.
— Фаолиятни якунлагандан сўнг нимақилишни режалаштиряпсиз?
— Ҳозирча режа йўқ. Чунки ўй-хаёлим фақат футбол ўйнаш билан банд. Бугунги кунда ҳатто ёши мендан кичиклар ҳам келажак учун турли режалар тузиб қўймоқда. Лекин мен буларни ўйлаётганим йўқ, ахир табиатим шунақа.
— Характерингизга кўпроқ нима мос келади: бизнес билан шуғулланишми ёки мураббий бўлиб ишлашми?
— Мураббийлик осон эмаслигини жуда яхши биламан. Балки футболга алоқадор бирорта ишда ишларман. Масалан, агентлик билан шуғулланишим мумкин. Умуман олганда, менга ўйинчиларнинг хатти-ҳаракатини кузатиб бориш ёқади.
— Айтганча, сизда агент борми?
— Йўқ. Мен беш йилдан бери шу ердаман ва агентнинг ёрдамига муҳтож эмасман. Ўзбекистонда профессионал футбол агентлари бормикин. Тўғриси, бу ҳақда эшитмаганман.
— Литва футболи ҳақида нима дея оласиз?
— Ҳозир бизда футбол савияси анча тушиб кетган. Бунга асосий сабаб клубларни молиялаштириш тўхтаб қолди. Мамлакатда атиги икки-уч жамоагина ўйинчиларга маош бера оляпти. Қолганлар эса қарзга ботиб кетган. Шу боис ҳам литвалик футболчилар четдан таклиф тушиши биланоқ кетиб қолишяпти.
— У ерда футболчиларга қанча тўлашади?
— Эшитишимча, ҳозирги кунда энг юқори маош 2-3 минг доллар атрофида экан. Ўзбекистонда мукофот ва кўтарма пулларини яхши тўлашади. Литвада эса олий лига ўйинчилари 100-200 доллар мукофот учун ўйнашади. Қолаверса,бизда кўтарма пули деган нарса йўқ. Ҳозир у ерда футболда ҳам, баскетболда ҳам пул тугаган. Европанинг кўплаб давлатларида молиявий инқироз тугаган бир пайтда афсуски, бизда ҳамон давом этмоқда.
— Ўзбек футболидаги асосий муаммолар нимада деб ўйлайсиз?
— Молиялаштириш жойида бўлиб турган пайтда муаммолар кўзга ташланмайди. Аммо ҳар йил охирида кўплаб футболчиларнинг клублар устидан шикоят қилиб федерацияга боришлари албатта ҳар қандай кишининг таъбини хира қилади. Охирги икки йил ичида ҳар тугул майдонларнингҳолати яхши бўлиб қолди. Аммо ҳамма жойда ҳам сифатли майдонлар йўқ. Масалан, ўтган йил «Навбаҳор»дауй учрашувларини Косонсойда ўтказардик ва у ердаги майдоннинг шудгор қилинган ердан фарқи йўқ эди.
— Бўш пайтда компьютерда ишлашни афзал кўрасизми ёки китоб ўқишними?
— Китобўқимай қўйганимга анча бўлган. Уйда эканлигимдақизчам ухлаб қолганидан сўнг компьютерда ўтириб ишлашим мумкин. Ўшанда ҳам асосан футболга оид янгиликларни билишва уйдагилар билан мулоқот қилиш учун интернетга кираман.
— Ҳозир замон ўзгариб Айпад, Айфон, Самсунг Галакси деган нарсалар чиқиб кетди. Техникага муносабатингиз қандай?
— Қўл телефонимни хотиним совға қилган, ўзим эса телефонларнинг кўп ҳам фарқига бормайман. Тўғриси, сиз айтган Айпад, Айфонларни унчалик тушунмайман. Ҳозирги ёшлар шунақа нарсаларга жуда қизиқишади. Аммо мен қатори кишиларга буларнинг қизиғи бўлмаса керак. Олдин биз бекор пайтда дискотекаларга борардик, бильярд ўйнардик. Ҳозирги ёшлар эса кўпроқ вақтини интернетда ўтириш билан ўтказмоқда.
— Охирги савол. Ўзбекистондаги энг яқин дўстингиз ким?
— «Олмалиқ»қа борганимда у ерда жамоа ўринбосарларини шуғуллантирган Виктор Лукянов деган мураббий билан танишгандим. Энг кўп убилан гаплашганим учун ўзимнинг энг яқин дўстим дебайта оламан. Орамизда оилавий борди-келди ҳам бор ва тез-тез бир-биримизникига бориб турамиз.
Хайрулла ХОЛИҚОВ суҳбатлашди.
МАЪЛУМОТ УЧУН
Артурас Фоменко. 1977 йил, 14 февралда туғилган. Фуқаролиги – Литва. Амплуаси – ҳужумчи.
Ўзбекистондаги фаолияти:
2008 йил. «Андижон»/«Олмалиқ». 25 ўйин, 6 гол
2009 йил. «Олмалиқ». 26 ўйин, 4 гол.
2010 йил. «Олмалиқ». 19 ўйин, 2 гол.
2011 йил. «Сўғдиёна»/«Бухоро». 25 ўйин, 6 гол.
2012 йил. «Навбаҳор»/«Локомотив». 21 ўйин, 8 гол.
2013 йилдан «Шўртан»да.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).