Европа лигасининг ҳал қилувчи беллашуви қитъа футболидаги янги юлдузни кашф этди.
Мавсумни мағлубиятсиз ўтказган «Байер» янчиб ташланди. Унинг бош қаҳрамонига айланган Адемола Луқмоннинг хет-трики «Аталанта»га нуфузли совринни ҳадя этди. Қизиқ, нигериялик вингер қандай қилиб улкан муваффақиятга эришди?
19 ёшда жаҳон чемпиони бўлди, лекин АПЛдан жой топа олмади
1997 йилда Лондонда туғилган болакай футбол сирларини ҳам Англияда ўрганди. Адемола «Ватерлоо» ва «Чарльтон»нинг ўсмирлар жамоаларида таҳсил олиб, 2015 йилда «Чарльтон»нинг иккинчи жамоасида катта футболдаги дебютини нишонлади. 2017 йилда Луқмон 9 млн. евро эвазига «Эвертон»га ўтди. Бундан ташқари, 2016-2019 йиллар оралиғида ёшлар терма жамоасига ҳам жалб этилиб, 2017 йилда 20 ёшлилар жамоаси сафида ЖЧда ғолиб чиқди.
Шу тариқа АПЛ ва «Уч шерлар» янги юлдузга эга бўладигандек туюлганди. Бироқ умидлар чиппакка чиқди. Ярим ҳимоячи «Ливерпул»да вақти-вақти билан майдонга тушгани боис, асосий таркибга кўтарила олмади.
2017|18 йиллар мавсумида Луқмонни ёш иқтидорлар салоҳиятини юзага чиқара оладиган «РБ Лейпциг»га «сургун» қилишди. Германиядаги 11та ўйинда 5та гол урганидан кейин, футболчи «Эвертон»га қайтди, лекин 24та учрашувда атиги битта гол билан кифояланди.
Қизиғи шундаки, 2019 йил ёзида «РБ Лейпциг» шу ношуд футболчини «Эвертон»дан 18 млн. еврога харид қилиб, ўз сафига қўшиб олди. Афтидан, Луқмоннинг ижарадаги фаолияти германияликларга ёқиб қолганди. Бироқ Адемола мавсумни қониқарсиз ўтказди: турли мусобақалардаги 11та ўйинда бирорта гол ура олмади. Ўша пайтда «РБ»ни бошқарган Нагельсманн Луқмонни икки мавсумга АПЛга ижарага юборди: 2020|21 йиллар мавсумида у «Фулхэм»да, кейинги мавсумда «Лестер»да тўп сурди. У ерда Адемола мунтазам равишда майдонга тушган бўлсада, талаб даражасидаги натижага («Фулхэм»да 35та ўйин, 4та гол, 4та ассист, «Лестер»да 42та ўйин, 8та гол, 5та ассист) эришолмади. Шу сабабли, АПЛ вакиллари Луқмонни харид қилишмади. 2022 йил ёзида «Аталанта» унга харидор бўлди.
«Аталанта»га ўтиш - Луқмон фаолиятидаги ҳал қилувчи қарор
Вингер учун бергамоликлар 9,2 млн. евро сарфлашди ва бундан асло хафа бўлишмади. Дебют мавсумида Луқмон 33та ўйинда 15та гол ва 8та ассистни ҳадя этди. Жан Пьеро Гасперини унга ишонч билдириб, ўйинга 100 фоиз киришишни талаб этди.
«Гасперини - менга дуч келган энг қаттиққўл инсон. У менга янгича фикрлашни ўргатди. Мен футбол ҳақида ўзгача ўйлайдиган бўлиб қолдим», - дейди Луқмон. Шунингдек, бош мураббий Адемола учун янги ролни ўйлаб топди. Шу пайтгача уни фақат вингер мақомида кўришарди. Жан Пьеро ундан иккинчи ҳужумчи сифатида фойдалана бошлади. Энди футболчи тўп билан муомала қилиш ўрнига кўпроқ бўш ҳудудларни излайдиган бўлди. 2022|23 йиллар мавсуми арафасида Англия терма жамоасида ўйнашдан воз кечиб, Нигерия таркибида тўп суришга қарор қилди. Гарчи у Англияда туғилиб ўсган бўлсада, ота-онаси нигериялик бўлганлари учун, ФИФА унинг истагига монелик қилмади. Натижада Адемола 2022 йил мартида ЖЧ саралаш босқичининг Ганага қарши учрашувида дебютини нишонлади.
2023|24 йиллар мавсумида футболчи савияли фаолиятини давом эттирди. Унинг ҳисобида 46та учрашувдаги 25та гол ва 8та ассист бор. Лекин мураббий шогирдининг ўйинларидан доимо мамнун эмас. Масалан, «Лацио»га қарши баҳсда (2:3) у 60-дақиқада майдонга тушган бўлсада, Гасперинидан фақат танбеҳ эшитди. «Учрашувдаги энг нохуш ҳолат Луқмоннинг майдонга тушгандаги кўриниши бўлди. У қандайдир паришонхотир, жамоадошларидан фарқли равишда, унда ўйнаш истаги йўқдек кўринганди», - деганди Гасперини нигериялик шогирди хусусида. Ваҳоланки, бундан атиги 2 кун аввал «Аталанта» ЕЛ доирасида «Спортинг»га қарши майдонга тушган ва 2:1 ҳисобида рақибидан устун келганди. Мураббий эса Адемолага юксак баҳо берганди: «Ўйлайманки, бугун Луқмон йил давомидаги энг самарали учрашувини ўтказди. У жуда кўп хавфли вазиятларни яратди, тобора кучайиб бораётганига шубҳа йўқ. Луқмон - ўта муҳим ўйинчи».
АМКда Адемола Осимхендан зўрроқ ўйнади
Нигерия терма жамоаси АМК-2023 турнирига фаворитлардан бири мақомида йўл олганди. Ўшанда ОАВ ва мухлислар Виктор Осимхенни терма жамоанинг йўлбошчиси сифатида эътироф этишганди. Бироқ амалда айнан Луқмон жамоанинг энг сермаҳсул ўйинчиси бўлди. Терма жамоа бош мураббийи Жозе Перейру Адемола учун қулай бўлган 3-4-2-1 схемасидан фойдалангани эвазига Луқмон ортдаги ҳужумчи ролини аъло даражада ижро этди - Камерун дарвозасига 2та (2:0) ва Анголага 1та (1:0) гол урди. Қўшимчасига, Экваториал Гвинеяга қарши беллашувда самарали узатма муаллифи бўлди. Йўлбошчи мақомида эътироф этилган Осимхен эса турнирдавомида атиги 1та гол ва 1та ассистни расмийлаштирди.
Нима учун Луқмон АМКда зўр ўйнади?
Бунинг сабаби фақат позиция билан боғлиқ эмас. «Бургутлар» бўшлиқни, тезкор қарши ҳужумни хуш кўрадиган жамоа. Бу эса айнан Луқмон учун идеал услуб: тезлик ва техник маҳорат Гасперинидан олинган тактик билимлар билан уйғунлашиб, даҳшатли кучга айланади. Шунингдек, Адемола позицион ҳужумда ҳам чакки эмас. Бу борада «Аталанта»га раҳмат айтиш керак.
Жан Пьеро Гасперини, «Аталанта» бош мураббийи: «Мен Нигерия терма жамоасининг турнирдан барвақт чиқиб кетишини истамайман. Лекин, табиийки, Луқмоннинг тезроқ қайтиб келишини ва жамоамда тўп суришини истайман. Шунингдек, биринчи навбатда унинг жароҳатлардан йироқ бўлишига умид қиламан».
Якунда Луқмон АМК турнирида финалгача тўп сурди. Лекин аждодлари юртига 4-Африка Кубогини ҳадя эта олмади. Очиғи, ҳал қилувчи баҳсдаги омадсизлик уни ортиқча қийнамаса керак. Чунки Луқмон жажжигина Бергамога нуфузли еврокубок билан қайтди.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).