Liverpool Echo ҳамда The Athletic журналисти Жеймс Пирс «Ливерпуль» Таҳлил бўлимининг собиқ раҳбари, «АПЛда қандай ғалаба қозониш мумкин?» китоби муаллифи Иан Грэм билан бафуржа суҳбатлашди
Шу тариқа таниқли мутахассис Брендан Рожерс ва Юрген Клопп билан ишлашнинг нюанслари ҳақида гапириб берди. Грэм шунинг баробарида Мерсисайд клубидан кетгани сабабларини ошкор қилди. Айтиш керак, гап 2012-2023 йиллар оралиғида «Ливерпуль» тизимида фаолият олиб бориб, жамоа муваффақиятларига маълум даражада ҳисса қўшган мутахассис ҳақида кетмоқда.
Мерсисайд клубидаги илк кунлар ва Брендан Рожерс билан муносабат
- Ҳамиша «Ливерпул»га катта қизиқиш билан қараганман, лекин клуб тизимида иш бошлаганимнинг Fenway Sports Group ва Жон Генрига боғлиқ томони бор. Бу гуруҳ «Бостон Ред Сокс»да маълумотлар таҳлилига жиддий ёндашишини исботлади ва «Ливерпул»да ҳам шундай қилишга ваъда берди. Илк суҳбатдаёқ компания хўжайинининг бу йўналишга иштиёқи баланд эканлиги сезилди. Қолаверса, клубда Майкл Эдвардс ҳам бор эди, у билан «Тоттенхэм»да 2 йил бирга ишлаганман ва таҳлил ишини қадрлашини яхши билардим. Эсимда, вақтида университет битирувчилари сифатида клубга янги ғоялар билан келгандик, аммо кўпчилик футбол таҳлилини бемаънилик ўрнида кўрганди. Оддий айтганда, иш жараёнида турли қаршиликларга учраганмиз. Жумладан, «Энфилд»да бош мураббий Брендан Рожерс ҳам ишимизга панжа ортидан қараганди. Лекин қанчалик қийин бўлмасин, «Ливерпуль» бу борада кўплаб клубларга нисбатан тўғрироқ позицияда эканлигини билардим. Бинобарин, жамоа раҳбарияти, хусусан, бевосита раҳбарим Майкл Эдвардс менга эркинлик берганди.
Трансферлар қўмитаси
- Трансферлар қўмитаси дастлабки бир неча йил давомида самарасиз ишлади, яъни муваффақиятсиз харидлар етарлича кузатилди. Гап шундаки, Рожерс ўз ваколатидан тўлиқ фойдаланган ҳолда, гуруҳимиз тавсия этган футболчиларни олишни истамаган. Ўз навбатида, биз ҳам бош мураббий талаб қилган трансферлар йўлини тўсиб қўйдик. Шу тариқа клуб бошида 5-6 нафар футболчи хариди билан чекланди. Оқибатда илк даврда кўзланган мақсадга эришолмадик.
Юрген Клопп ёндашуви
- Юргеннинг Рожерсдан фарқи шуки, у ўз фикрини ҳамиша очиқ баён этарди. Бу даврга келиб, маълумотлар базаси шаклланди, моделлар яхшиланди. Аммо Брендан ўрнини Юрген эгаллагани билан таҳлил сифати дарҳол ўзгармади. Чунки клуб тизимида ўша-ўша одамлар ишлашарди, умумий жараён ҳам ўзгармаганди. Тўғри, Юрген футболчиларни худди Майкл Эдвардс каби обдон ўрганарди. Фақат шуниси борки, у «Ливерпул»да иш бошлашига қадар маълумотларни таҳлил этиш тажрибасига эга бўлмаган. Кейинчалик Клопп ва унинг ёрдамчиларида ишимизга қизиқиш ортиб борди, улар тез-тез турли саволлар билан мурожаат қилишга одатланишди. Умуман, гуруҳимизнинг ҳафталик иши анча кенг қамровли эди. Барча хулосалар видеотаҳлил бўлими ёки танлаш бўлими орқали ўтарди. Муҳими, Юрген даврида таҳлил иши «Ливерпуль» фаолиятининг ажралмас қисми сифатида тан олинди. Шубҳа йўқ, германиялик мутахассис гуруҳимиз таҳлили муносиб футболчиларни танлаш ва уларни тўғри ўйин модулига солишда қўл келишига тўлиқ ишонди. У жумладан, ўйинлардан кейин ўрганиш жараёнида биз тўплаган маълумотлардан ҳам, видеотаҳлил бўлими хулосаларидан ҳам кенг фойдаланарди.
Садио Мане ва Жоэль Матип трансфери
- Эсимда, Клопп қўққисдан Матипни эркин агент мақомида жалб этиш ҳақида ўйлаш кераклигини айтганида, бу туш эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун ўзимни чимчилашимга тўғри келганди. Зеро, уни узоқ вақт давомида Бундеслигадаги энг яхши ёш марказий ҳимоячилардан бири сифатида кўрсатиб келдик. Ўша пайт Жоэль «Бавария» эътиборига ҳам тушганди. Майкл Эдвардс Германияга Жоэль трансферини муҳокама қилиш учун борганида, «Шальке» ўйинига Мюнхен клуби скаутлари ҳам ташриф буюришганди. Вазиятлардан бирида Матип майдон марказида сирғаниб кетди ва «Шальке» гол қўйиб юборди. Шунда «Бавария» скаутлари «Биз бу йигитчанинг ҳеч нарсага ярамаслигини олдиндан билардик», дейишдан ҳам тийилишмади. «Ливерпуль» учун қандай зўр ҳолат ва трансфер! Садио Мане номзодини ҳам анча олдин илгари сургандик, кейинчалик бу футболчи Клоппга жуда ёқиб тушди. Умуман, германиялик мураббий дастлабки 2 мавсумда айнан биз танлаган кўплаб футболчиларни ёқлади. Бора-бора бу масалада баҳслашишимизга ҳожат ҳам қолмади.
Муҳаммад Салоҳ ҳақида
- Барча таҳлиллар оддий ҳақиқатга тўғри келаверди - Салоҳ ёрдамида гол уриш эҳтимолини оширишимиз ҳақида яққол хулоса чиқди. Таҳлиллар яна бу футболчи билан гол қўйиб юбориш эҳтимолини ҳам пасайтириш мумкинлигини кўрсатди. Баъзи ҳужумчилар ҳаддан ортиқ бир ёқлама бўлишади ва фақат зарбалар орқали ўз қийматларини оширишади. Буни xG кўрсаткичи асосида ўлчаш имкони бор. Салоҳ эса мутлақо бошқа тоифага мансуб ҳужумчи - кўп функцияли. У тўп билан олдинга интилиши, узатма бериши, вазиятлар яратиши ва зарбалар бериши мумкин. Бизнинг моделимиз айни шу жабҳаларга асосланган. Хуллас, Салоҳ ҳамма жойда яхши ҳаракатланиши ва унга қарши ҳимояланиш жуда қийинлигини дарҳол англадик. Мураккаб маълумотлар формуласи бўйича айнан Салоҳ энг юқори поғонада эди. Амалда у 24 ёшгача бўлган футболчилар орасида Европадаги энг экстремал ҳужумчига айланди. Тўғри, АПЛда Салоҳнинг илк уриниши муваффақиятсиз чиқди, аммо таҳлилимиз бу омадсизликни эътиборсиз қолдириш кераклигини тушунишга ёрдам берди. Оддий айтганда, «Челси»да муваффақиятсизликка учраган Салоҳни олиш билан аҳмоқ кўринишимиз мумкинлиги ҳақида умуман қайғурмадик. Чунки таҳлиллар унинг истиқболидан дарак бериб турганди. «Ливерпуль» ва бошқа кўплаб клублар ўртасидаги асосий фарқ шу эди. Қисқаси, клуб раҳбарияти шунчаки, тўғри тўхтамга келишига таъсир ўтказишга уриндик ва бу жараёнга ишондик. Ўртамиёна клублардан келган Фирмино ва Мане билан вазият ҳам худди шундай эди. Тенгсиз трио. Барчамиз охиригача бу футболчилар фойда келтиришларини уқтирдик. Дунёнинг қолган қисми бундай ўйламаганига эса умуман аҳамият бермадик.
Фахрланишга арзийдиган трансферлар
- Такрорлайман, Мо Салоҳ масаласида ҳаммамиз унинг жаҳон даражасидаги футболчи эканлигини тезда тушунгандик. Лекин шахсан мен Матип ва Робертсон трансферини алоҳида таъкидлайман. Маълумотлар таҳлили биров томонидан умуман эътибор қаратилмаган футболчи топишимизга ҳам замин яратди. Аслида ҳар иккисининг номзоди клуб томонидан турлича қабул қилинган. Яъни баъзи келишмовчиликлар ва шубҳалар йўқ эмасди. Чунки Робертсон АПЛда ҳимояси энг нўноқ жамоада ўйнарди. Биз эса таҳлилларимизга таяниб, уни савияли ҳужумкор ҳимоячи сифатида тавсия этдик. Аммо ҳимоявий фазилатларига шубҳа билан қараганимиз рост. Клопп эса экстремал ҳимоячиларнинг ҳужумга ўтишларини қадрлашини айтиб, трансферни маъқуллади. Шу тариқа Робертсоннинг ҳимоявий ишлардаги заиф томонини ўрта чизиқ вакиллари ёрдамида билинтирмади.
Таҳлил бўлими аҳамияти
- Майк Гордон, Майкл Эдвардс ва Трансферлар қўмитасининг қолган аъзолари худди мен каби агар клуб тизимининг барча бўлимлари тўғри ишласа, жараён самара келтиришига тўлиқ ишонишди. Бунда ташқи шовқин - турли гап-сўзларга умуман эътибор қаратмаслик муҳим. Узоқ муддатли фалсафа, қарашларимизга охиригача содиқ қолдик. Таҳлил гуруҳига келган илк йигитни қандай тўлқинлантирганим эсимда: «Йўқ, бу иш абадий давом этишига кафолат беролмайман. Лекин 2 йилдан буён шу ерда эканмиз, демак, яхши ишлаяпмиз». Ўйлайманки, аксарият клублар биринчи муваффақиятсизликдан кейиноқ стратегияни дарҳол ўзгартирган бўларди. «Ливерпуль» раҳбарияти эса келажакда клубга устунлик тақдим этадиган бўлим яратилаётганини тушунди. Ўша пайт дунёнинг қолган қисми буни илғамаганди.
«Ливерпул»дан кетиши сабаби...
- Ҳозир Майкл ёки Жулиан ҳақида гапиролмайман, лекин ўзим ўзгаришларга қўл уришда бироз кечикдим. «Ливерпул»да ҳар доим уйғунлик ва ёруғлик ҳукмрон бўлганини айтолмайман. Хуллас, баҳслаша-баҳслаша ўз ғояларимизни устун қўйдик, жумладан, мен ҳам. Эҳтиросли тортишувлар қуршовида қолганингизда, 11 йил давомида маромни сақлаб қолиш қийин. Эртами-кеч йиқиласиз. Барчамиз клуб муваффақияти йўлида тиришамиз, лекин ғояларимиз турлича. Очиқ гапираман: кетиш пайти Майкл Эдвардсдан узоқроқ юришни ўйладим. Ўшанда чамаси 9 ой ўтгач, Майкл дам олиш вақти келганини айтганида, нимани назарда тутганини тушунаман, деб ўйлагандим. Аслида Майкл билан ишлаш ҳар доим қизиқарли - ўта талабчан, аммо серқирра мутахассис. 11 йиллик орзу: дунёнинг энг йирик клубларидан бири муваффақиятига сезиларли таъсир кўрсатиб, ўзим истаган ютуқларга эришдим. Ҳар ҳолда, АПЛда биринчи бўлиб, ички маълумотларни қайта ишлаш бўлимини шакллантирдик. Бу гуруҳга 8 нафар мутахассисни жалб этдим, ваҳоланки, ишни ёлғиз бошлагандим. Кетишимга келсак, эстафетани олдинга силжитиш ва бошқаларга ўз мартабаларини ошириш имконини бериш энг тўғри йўл эди.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).