Гарчи ака-ука Глейзерлар ва Рэтклифф ҳаддан ташқари бадавлат кишилар бўлсаларда, «МЮ»ни жаҳоннинг энг тўпори бойвачча клубига айлантиришга яқин турибдилар.
Мазкур номинацияда рақобат кучли, футбол оламида ғалати феъл-атворли миллиардерлар доимо топилади. Лекин спорт директори Эшвортни «Ньюкасл»дан олиб келиш учун катта маблағдан воз кечган шахслар билан баҳслашиш жуда қийин. Айниқса, «қизил иблис-лар»нинг «Ноттингем Форест»га қарши учрашувидан (2:3) кейин спорт директори билан хайрлашганларини инобатга олганда.
«Ҳаккалар» пулни қайтармайдилар, Эшвортга қўлланган қарор эса «қизил иблислар»даги ички вайроналар кўламидан далолат беради. Агарки, Англиядаги вазмин табиатли ва малакали мураббийлардан бири бардош бера олмаган бўлса, бу - клубга қўйилган диагноз. Дэн терма жамоалар тизимини янгилади, мамлакатда клубларни ривожлантириш методларини яратишга ҳисса қўшди. Аморимни «МЮ»га ўтишга ҳам айнан Эшворт кўндирганди. Энди эса португалиялик мураббийни ўз ҳолига ташлаб қўйишди.
Жим Рэтклифф ўзининг футбол соҳасида ношуд бошқарувчи эканлигини кўрсатиб қўйди. «МЮ»нинг кимё корхонаси эмаслигини тушунмайди. Клуб фақат бизнес принципларига асосан ҳаёт кечирмайди. Жуда кўп жиҳатлар ўзаро муносабатлар ва ишонч асосида яратилади. Сэр Алекс Фергюсон рақибларини қўрқитиб, ўз одамларига садоқатли эди. Яқинда «МЮ»нинг афсонавий хизматчиси Кэт Фиппс оламдан ўтди. У клубда ярим асрдан кўпроқ меҳнат қилиб, ҳаммага манзур бўлган аёл эди.
Кэт Чарльтон, Бест ва Лоу билан дўстлашган, мураббий Басбига безориларга кўз-қулоқ бўлиб туришда ёрдам берарди. Бундан ташқари, Фиппс клубда турли лавозимларда ишлаган. Марҳума билан видолашув маросимида иштирок этган афсонавий ҳужумчи Эрик Кантона ўз нутқида 85 ёшли Кэтни ҳар бир «МЮ» вакилининг онахони, деб улуғлаганди. Шифохонада бемор бўлиб ётган чоғида, Дэвид Бекхэм Фиппсдан хабар олиш учун Майамидан Манчестерга учиб келганди. Муваффақиятли «МЮ»нинг пойдевори ана шундай пишиқ ва мустаҳкам бўлган. Глейзерлар ва Рэтклифф буни тушунмайдилар.
Директор Эшворт бу ерда ишлашга имкон бермасликларини тушунди
«МЮ»ни ўз тасарруфига олиш ҳар қандай менежер учун улкан шон-шараф. Дэн «Ньюкасл» соҳиблари билан жанжаллашиш эвазига янги жамоага келганди. Лекин жаҳаннам ичидаги ҳарорат мақсадга мос эмаслигини дарров англади. Оқибатда, муҳим совринларсиз қолган жаҳаннам музлаб қолди. «МЮ»да шайтонлар етарли, фаришталарни эса анчадан бери олишмаяпти. Ҳатто Анхель Ди Мария улар учун ўйнай олмади. Бутун бошли Криштиану Роналду келтириши мумкин бўлган манфаатни тўлиқ бера олмади. Майдонда ўзгача натижани кўриш умидида йиллар давомида нотўғри қарорлар қабул қилинди.
Мазкур тавсифлар Глейзерлар ва уларнинг ишончини қозонганларнинг уқувсизлиги натижаси. «МЮ»нинг муаммолари тобора чуқурлашиб бораётгани жуда кўп таъкидланди. Улар фақат бош мураббий шахси билан чекланиб қолмайди. Жамоанинг собиқ дарвозабони Де Хеа католик бўлгани сабабли, афсунгарлик фикрларни киритган. Давид ўта жиддий тарзда «МЮ»ни лаънатланган, деб ҳисоблаганди. Эртакка ишонишга шошмаймиз, лекин фактларга ишонамиз. Аморим стандарт вазиятлар туфайли «Арсенал»га имкониятни бой берди - жамоа лондонликларнинг оммавий гол уриш услубига қарши муносиб тайёргарлик кўрмади. Кейин мавсумнинг бошқа бир муваффақиятли жамоаси - «Ноттингем Форест»дан енгилди. Эшворт вазиятни ўнглаш борасида Аморимга ёрдам бериши мумкин эди. Бироқ Дэн Рэтклифф билан шахсан мулоқот чоғида қария ўзида эмаслигига амин бўлди.
Жазоланмаслик, куч-қудрат, бизнесда қатл этиш ва оқлаш ҳуқуқига эга миллиардерлар учун «ақлдан озиш» нормал ҳолат. Гарчи Рэт-клифф Антони каби жамоага манфаат келтирмайдиган футболчилардан маблағини аямаган бўлсада, «МЮ»га ишончли хизматчилар сонини қисқартириш билан кириб келди. Лекин Эшвортнинг тезда таслим бўлгани ажабланарли ҳол, албатта. «МЮ»нинг янги босси билан ишлаш қанчалик ёмонлигини Дэннинг «Титаник»дан воз кечиб, Португа йўл олгани яққол кўрсатиб турибди.
Аморим АПЛдаги муваффақиятсизликка 1 км.га яқинлашди
Рубенга у янги сэр Алекс Фергюсон эмаслигини келган кунида айтишганди. Унга бош-қарувга оид қарорлар қабул қилиш ҳуқуқини беришмайди. Ёнида Эшворт бўлгани боис, Аморим бу шартларга розилик билдирганди. Энди эса Дэн йўқ. Албатта, «МЮ» соҳиблари ўз гумашталари орқали Аморим спорт директори истеъфосини истаган, деган уйдирмани тарқатадилар. Эҳтимол, таниқли мутахассисни харид қилишлари мумкиндир. Бироқ воқеалар занжири Рэтклиффнинг футбол масаласида ношудлигидан далолат бермоқда.
Маблағ ва қудрати етарли, лекин ўзи дидсиз бўлган киши учун клубни қайтадан тиклаш жуда оғир. Тен Хагни баҳорда вазифасидан озод этишмагани ва Эшвортнинг тезда кетганлиги жамоадаги ҳолатни акс эттиради. «МЮ»да ортиқча ўйинчилар жуда кўп. Уларнинг аксарияти тақдир шундай беъмани клубга йўллаганидан афсусдалар. Натижалар жамоанинг тайёр эмаслигини тасдиқламоқда. Энг кучли ўйинчиларнинг болаларга хос хато-камчиликлари Аморимнинг келажагини барбод қилди.
Рубенга трансфер учун катта маблағ беришлари қийин. Унинг 3-4-2-1 схемаси учун эса бошқа футболчилар керак. Шунингдек, бош мураббий ва футболчилар ишонч билдирадиган директор керак. Глейзерларни эса фақат пул қизиқтиради. Уларга ЕЧЛ йўлланмаси муҳим, лекин савияли футболга қайтиш мақсади йўқ. Агар Аморим ижобий ўзгаришларга эриша олмаса, ўриндоши мураккаб вазиятга тушиб қолади. Профессионаллар деярли қолмади, Фергюсон одамлари нафақада. Глейзерлар югурдаклари клубни чуқур инқирозга гирифтор қилишди. Маблағ камайиб кетгани боис, энди мухлисларни «юлиш» бошланди - кириш чипталари қимматлашди. Фанатлар қаршилик кўрсатишлари мумкин, ахир уларнинг ҳаммаси бойвачча эмас.
«Қизил иблислар» футболчилари доимо режимни бузишга уринишган. Лекин сэр Алекс қўлга тушган қоидабузарни жазолаган. Тен Хаг ҳаммасини ўз ҳолича ташлаб қўйди, қаттиққўл директор эса йўқ, Эшворт келдию-кетди.
Содиқ СОБИР тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).