Бир нарсани эътироф этишимиз керак гарчи биз мундиалга тўғрида тўғри йўлланма олмаган бўлсакда, ана ўша йўлланмаларни қўлга киритган тўрт нафар қитъадошларимиздан ҳеч бир жиҳатдан кам эмасмиз. Бизга қон билан кирган футболга бўлган қизиқишимиз кеча ёки 20 йил олдин пайдо бўлиб қолмаган. Мустақиллигимиз йилларида ҳар бир соҳада бошланиб такомиллаштириб келинаётган макроислоҳотлар спорт соҳасини хам четлаб ўтмади. Миллий чемпионатимиз иштирокчи клублари қошида яратилган футбол мактаблари ва академиялари, уларга жалб қилинган юзлаб болажонларимиз ўсмирларимизда аждодлари қонларида оққан қон билан ўзларининг қизиқишлари уйғунлашган ҳолда буюк енгилмас футболчилар армияси етишиб келаётганини гувоҳи бўлиб турибмиз.
Ана энди терма жамоамиз ва унинг истиқболли келажаги қай йўсинда бориши ҳақида ожиз қарашларим билан ўртоқлашсам. Ҳар бир нарсанинг ривожи учун қулайликлар, қаршиликлар ёки қийинчиликлар бўлади ва улар ички ва ташқи омилларига эга бўлади ва бу нарса футболни хам четлаб ўтмаган. Авваламбор термамиз ривожи учун кўрдикки ЎЗГАРИШ жуда катта аҳамият касб этади. Балки бу ўзгаришни бугун бошлашимиз шарт эмасдир, лекин эртага кеч бўлиб қолиши хам мумкин. Термамиз тақдир билан бевосита боғлиқ мураббийи омили: Миржалол Қосимов ўзбек футболининг ёрқин намоёндаси сифатида кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди. Мураббий сифатида уни кўпчилик қарор қабул қилишда сустликда айблади яна кимдир эса тажрибасизликда. Ман шу омилларни умумийлаштирган холда яна бир нарсани қўшимча қилмоқчиман: қўшмансабдорликни. Ким учундир аҳамият касб этмаган бу омилнинг термамиз тақдирига бевосита таъсирини кўпчиликка тушунтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Хар бир терма жамоа мураббийининг психологиядан, маълум турнирлардаги рақибларимиз ва улар ўртасидаги сиёсий иқтисодий муносабатларидан, ўша давлатлар ички чемпионатлар иштирокчилари рақиб ўйинчиларнинг ўйин услуби, физиономиясидан тортиб, руҳий ҳолатигача, ўша жамоалар мураббийларининг фаолиятидаги ютуқларию камчиликлари ва қолаверса легионерларигача 100 фоизлик маълумотга эга бўлиши керак деб ўйлайман. Савол: Бизда Қосимовда шунақа маълумотлар йиғиш учун етарлича имконият борми? Ахир Миржалол Қосимов бир вақтнинг ўзида мамлакатимизнинг сўнгги йиллардаги энг номдор жамоаси Осиё гранди даражасига ҳаракат қилаётган «Бунёдкор» клубининг ҳам бош мураббийику. Айнан мана шу нарсани хато деб ўйлайман. Конcентрация, мақсад сари йўналишни олиш қолаверса, терма жамоа бош мураббийлиги позициясига нисбатан совуққонлик деб ўйлайман. Бу сабаб бевосита жамоамиз ўйин сифатига таъсир қилмайди деб ким кафолат бера олади?!
Иккинчидан, терма жамоамиз ўйинчилари позицияларида етарлича рақобат муҳити яратилмаганлиги. Дейлик ўша Жепаров, Копадзе, Гейнрих ва Бақоевлар (уларнинг Ватанимиз обрўси учун қилган хизматлари учун ташаккур билдириб хар бирларига қаттиқ хурмат сақлаган холда) аниқ билишадики, уларнинг асосий таркибдаги жойлари кафолатланган. Рақобат бор жойда ривожланиш бўлади. Рақобатни шакллантириш эса нафақат мураббийнинг иши, балки скаутлардан бошлаб, федерация рахбарларигача бўлганларнинг масъулияти бўлиши керак. Шу ўринда айтиб ўтиб кетмоқчиманки, Қосимов ўзига юклатилган масулиятли дамда албатта тажрибага асосланди ва бу қайсидир маънода ўзини оқлади. Акс ҳолда 14 очко билан ҳам мундиалдан қуруқ қолармидик?!
Учинчидан, биз жаҳон чемпионатига чиқишни хоҳлар эканмиз ҳар бир майда деталгача синчковлик билан ёндашишимиз керак. Терма жамоамиз фан-клубига унинг рахбарларига ташаккур айтган ҳолда айтиб ўтиш жоизки, йигитларимизни руҳлантириш биз мухлисларнинг шарафли бурчимиз. Кеча стадионда фан-клуб томонидан катта кўламдаги ишлар амалга оширилган, лекин фан-клуб томонидан олиб келинган созандаларни чалаётган куйларига бир эътибор беринг-а... Алмисоқдан қолиб кетган мусиқалари одамни асабига ўйнаса ўйнайдики, йигитларимизни руҳлантирмайди. Яна ўзбек чолғу асбоблари ва труба билан уйғунлашган формаси (ремикси) тоза бемазагарчилик.
Жамоаларимиз (ОЧЛ, ОФК) ва бошқа турнирларда араб давлатларида ўйнаган пайтларда рақибларимизни қиладиган ишларига бир эътибор беринг-а, ҳалиги Мегафондан қўшиб бир нималар деб сайрайди-я. Майдондаги ўйинчи қолиб биз мухлисларнинг асабимиз ҳам чарчаб қолади, лекин ўшандан рақибларимиз куч олади. Балки бу жамоамиз ўйинига бевосита таъсир қилмас, лекин юқорида айтганимдек билвосита таъсири бор.
Кейингиси. «Йиғламаган болага кўкрак йўқ», дейди доно халқимиз. Эрон бир марта ёзибоқ бизнинг ўйин вақтимиз ўзгартирилди, ёки Эрон Жанубий Корея ўйин вақти билан тенглаштириб қўйилди, хўш нега унда В гуруҳдаги иккита ўйинга бу иш қилинмади? Ваҳоланки, Австралия, Уммон ва Иорданияда хам мундиалга бевосита чиқиш имконияти бор эдику?! Юқорида айтганимдек, олдимизга олий мақсадни қўярканмиз ҳар бир деталга жиддийлик билан ёндашишимиз керак бўлади. «Уч япон мушкетёри» ва уларнинг қарорлари хақида эса гапирмади. Зеро, бу ҳакамлар учун ҳам кимлардир жон куйдириши керак эди. Балки футбол оламининг кўзга кўринмас қора кучлари олдида биз ожиздирмиз, лекин бизнинг ҳам ҳаққимиз борку! Бизнинг номимиздан гапириши керак бўлган мутасаддиларимиз ҳам йўқ эмаску!
Энди ўйин хақида икки оғиз. Тактика ва стратегия деган атамалар бор ва ҳаммамиз булар нима эканлигини жуда яхши тушунамиз. Менда Сеулдаги ўйинимиз хақида жуда кўп саволлар пайдо бўлди ва бу саволларга оддий мухлис сифатида жавоб топа олмадим. Эслатма учун яна бир бор ўзимга ўзим эслатмоқчиман Ўйинчилар ва уларнинг мукаммал ўрталиғи (золотая середина) хақида албатта мураббийгина тўлиқ маълумотга эга бўлади ва унинг ҳар қандай қарорини демократик тамойилларни хурмат қилган холда қабул қилишим кераклигини ўзимга кўп бора уқтираман.
Тўғри биз Корея ўйини олдидан Қосимовга ва бутун жамоамизга ортиқча босим «ҳадя» қилиб юбордик, чапаничасига айтганда ўз кучимизга ортиқча баҳо бериб, «катта кетвордик». Стратегиямиз яъни мақсадимиз бу кундек равшан. Камида дуранг ундан ортиғи эса Сеулнинг ўзида йўлланмани нақд қилиб, Қатар билан ўйинни оддий расмиятчиликка йўйиш эди. (18 июнгача Қатар учун плей офф йўлланмаси хам йўқотилган ва Қатар Тошкентга мақсадсиз келишини хам ҳисобга олишимиз керак эди старатегиямизни аниқлаб олгунга қадар) Биз нима қилдик?! 4-5-1 — ҳимояни унутмаган холда, тўп назоратини қўлимизда сақлаган холда рақиб бўш зоналарини топиб қарши хужумларда иложи борича гол уриш. 3 очко бизга қанчалик муҳим бўлса, Жанубий Корея учун икки ҳисса масъулиятли ўйин бўлишини билган холда биз 2-рақам остида ўйнашимиз аниқ эди. Энди мантиқсизликни қаранг қарши хужумларда ўйнайдиган жамоа иложи борича тез бўлиши керакми? Бизда тез ўйинчилар ким эди ўша таркибда? Гадоев, Турсунов. Лекин, мен ўша куни нимагадир асосий таркибда Санжарни кўрмадим, Шоҳрухга эса нимагадир тўп ҳадеганда етиб бормасди ёки узатилмасди. Марказда харакатланган хавбекларимизда эса тезликнинг ўзи йўқ... Гол уриш учун битта хужумчи, хужумчи ортида эса тезлиги йўқ яримҳимоячиларимиз, тезкор қанот химоячимизнинг биттаси йўқ уккинчиси эса «бегона»... Қосимовниннг узоқ режалаштирилган голсиз ўйин услуби деярли ўзини оқлаётган эди, лекин Акмал бунга «рози бўлмади». Иккинчи бўлимдаги ҳолатлар, ўйинчи алмаштиришлар ҳақида гапирмайман.
Ғолиблар муҳокама қилинмайдилар, деган спорт қоидаси бор. Эрон, Қатар ва Ливан билан бўлган ўйинларда жамоамизга мураббийимизга нисбатан норози бўлиш адолатдан эмас, лекин Корея билан бўлган ўйинда мундиал тақдирини ўзимиз ҳал қилишимиз учун стратегиямиз дурангни сақлаб қўиш учун ўша ўйиннинг иккинчи бўлимида фаолроқ харакат қилишимиз керак эди. Лекин ундай қила олмадик.
Ана энди «Stadion»нинг «фейсбук»даги саволлари борасида. Ҳар бир жараён яъни циклнинг пировард натижасини кўриш учун хадеб мураббий алмаштириш керак эмас. Фикримча мураббийимизга ишонч билдирган ҳолда, Рустам Акрамовдан ташқари битта яхши мутахассисни ёрдамчи қилиб тайинлаш ва албатта Миржалол Қосимовни «Бунёдкор» клуби бош мураббийлигидан озод қилиш керак бўлади. Хар бир позицияда рақобат муҳитини яратиб, иложи борича сентябргача жамоага камида 3-4 та ёш футболчиларни жалб қилиш лозим. Терма жамоалар билан ишлаш бўлимида штаб тузиб унга мамалакатимизнинг ёш ва тажрибали мураббийларини жалб қилиш ва хар бир мураббийдан жамоамиз хақида ўз муносабатларини ва қаршлари билан ўртоқлашиш ва уларнинг таклифларини кўриб чиқиш керак.
Хуллас айтмоқчи бўлган гапларим шу. Сўнгги сўз ўрнида айтиб ўтмоқчиманки, биз мухлисмиз ва ҳар доим ватанимиз шаъни ор-номуси учун ҳаракат қилаётган ҳар бир жабҳа жонкуярлари қатори футболчиларимиз ва жамоамизни қўллаб-қувватлаб тураверамиз!
Жамшид Шокиров, NBKICKER никли мухлис
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).