Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов билан учрашув ўтказди.
Унда мамлакатимизда футзал спортини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида сўнгги йилларда мамлакатимизда, айниқса, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан спорт соҳасига кенг йўл очилаётгани, ёшлар ўртасида спортга қизиқиш кучайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, жамоавий спорт турлари – футбол ва футзалга қизиқиш ортиб, мамлакатимиз байроғини халқаро майдонларда баланд кўтарадиган спортчилар етишиб чиқиши учун зарур шароитлар яратилаётгани таъкидланди.
Мулоқот давомида футбол билан бир қаторда футзални ҳам жойларда кенг тарғиб қилиш, ёшлар ўртасида ушбу спорт турини оммалаштириш, турли мусобақалар ташкил этиш орқали истеъдодларни кашф этиш муҳимлиги қайд этилди.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон футзал федерациясининг Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳудудий бўлинмасини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар яратиб берилаётган имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, Қорақалпоғистонда футзални янги босқичга олиб чиқиш бўйича бир қатор аниқ чора-тадбирлар белгилаб олишди. Хусусан, инфратузилмани яхшилаш, ёшлар учун махсус секция ва курслар очиш, маҳаллий ва республика даражасида мусобақаларни йўлга қўйиш каби масалалар устувор йўналиш сифатида қайд этилди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).