“Манчестер Сити” Гвардиолага икки нафар ўринбосар топди
Пеп Гвардиоланинг “Манчестер Сити”даги келажаги борасидаги мавҳумлик клуб раҳбариятини жиддий ташвишга солмоқда. Мутахассиснинг амалдаги шартномаси 2027 йилнинг июнига қадар имзоланган бўлса-да, каталониялик мураббий 2026 йилнинг ёзида, клубдаги ўн йиллик фаолиятидан сўнг кетишга қарор қилгани ҳақидаги хабарлар кундан-кунга кўпаймоқда.
Британиянинг The Telegraph нашри маълум қилишича, Гвардиола ўз қарорини март ойидаги халқаро танаффус вақтида раҳбариятга билдириши керак эди. Бироқ кутилган учрашув амалга ошмади ва расмий баёнот берилмади. 55 ёшли мураббий жорий мавсум якунига қадар якуний қарорини айтишини билдирган. Гвардиола май ойида икки масалага ойдинлик киритиб олмоқчи: амалдаги таркиб унинг фалсафасини ҳали ҳам майдонда акс эттира оладими ва ўзида Премьер Лиганинг юқори темпида ишлаш учун куч-қувват етарлими?
Клуб раҳбарияти эса воқеалар ривожи қандай якунланишини кутмоқчи эмас. Улар Гвардиоланинг эҳтимолий кетиши муносабати билан аллақачон номзодлар рўйхати ҳам шакллантирилган. Асосий даъвогарлар қаторида “Манчестер Сити” афсонаси, ҳозирда “Бавария”ни бошқараётган Винсент Компани ҳамда Германия терма жамоаси устози Юлиан Нагелсманн номи тилга олинмоқда. Клуб мутасаддилари Гвардиола 2016 йилдан буён шакллантирган ўзига хос футбол фалсафасини давом эттира оладиган ва жамоани кескин ўзгаришларсиз қабул қилиб оладиган ворис қидирмоқда.
Миш-мишларнинг кучайишига жамоанинг жорий мавсумдаги натижалари ҳам сабаб бўлди. “Шаҳарликлар” кетма-кет иккинчи йил Премьер Лига чемпионлигини бой бериш мумкин, Чемпионлар Лигасини эса чорак финал босқичида тарк этишди. Англия Кубогида “Ливерпуль” устидан қозонилган 4:0 ҳисобидаги ғалаба мухлислар учун бир оз таскин бўлган бўлса-да, бу Пепнинг кетиши борасидаги хавотирларни бутунлай аритгани йўқ.
Манба: daryo.uz
Киритилди: 10:55, 07.04.2026. Ўқилди: 890 марта. Фикрлар: 0 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).
Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар