Франция чемпионатининг (Лига 1) 30-тури доирасида кечган «ПСЖ» ва «Лион» жамоалари ўртасидаги учрашувдан (1:2) сўнг парижликлар бош мураббийи Луис Энрике ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Мазкур баҳсда «ПСЖ» вакиллари фаол ҳаракат қилганига қарамай, якунда имкониятни бой беришди. Мураббий учрашув давомида жамоада кўплаб вазиятлар бўлганини таъкидлаб ўтди:
— Биз ўйинни назорат қилиш ва хавфли вазиятлар яратишга интилдик. Бироқ рақиб ўзига берилган дастлабки икки имкониятни голга айлантиришга муваффақ бўлди. Баҳс қийин кечишини олдиндан билар эдик. Учрашув давомида 23 маротаба зарба йўлладик, ҳатто пенальтидан фойдалана олмаган вазиятларимиз ҳам бўлди. Ўйин йўналишини ўзгартиришга уринсак-да, бунинг иложи бўлмади, — деди Л. Энрике.
Шунингдек, мутахассис рақиб жамоанинг ҳаракатларига тўхталиб, олдинда турган вазифалар ҳақида гапирди:
— «Лион» жамоаси ажойиб ўйин намойиш этди. Биз бу натижани қабул қилиб, навбатдаги муҳим баҳсларга тайёргарлик кўришимиз лозим. Ҳозирда тиғиз тақвим асосида ҳар уч кунда майдонга тушмоқдамиз. Барча мусобақаларда ғолиблик учун кураш олиб бораётганимиз сабабли кўплаб футболчиларга ўйин амалиёти беришга мажбурмиз, — дея қўшимча қилди мураббий.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).