«ПСЖ» ҳужумкор ярим ҳимоячиси Хвича Кварацхелия ўз ўйинининг қайси жиҳатини яхшилаш истаги борлиги ҳақидаги саволга жавоб берди. Грузиялик футболчи аниқ бир жиҳатни кўрсатмади, бироқ футболчилар доимо ривожланишга интилиши кераклигини таъкидлади.
«Менимча, ҳар бир ўйинчи ниманидир яхшилаши мумкин ва мен бундан мустасно эмасман. Мен доимо ўсишга, кўпроқ гол уришга ва голли узатмалар беришга ҳаракат қиламан, лекин мен учун футбол — бу фақат голлар ва ассистлардан иборат эмас. Жамоага қай тарзда ёрдам беришинг муҳимроқ.
Баъзида сен гол уролмаслигинг ёки пас беролмаслигинг мумкин, лекин жамоанг ғалаба қозониши учун майдонда бор кучингни бера оласан. Мен учун энг муҳими шу. Ўйин тугаганида, мен ўз жамоам учун 100 фоиз кучимни берганимни ва ғалабага ҳисса қўшганимни билишни истайман», — дея Кварацхелиянинг сўзларини келтирмоқда «ПСЖ» расмий сайти.
2025/2026 йилги мавсумда Хвича Кварацхелия 47 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 19 та гол ва 10 та голли узатмани ёздириб қўйди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).