Швейцария миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 гуруҳ босқичи 2-туридан ўрин олган учрашувда Босния ва Герцеговина терма жамоаси устидан 4:1 ҳисобида ишончли ғалабани қўлга киритди.
Швейцарияликлар таркибида Йохан Манзамби дубль муаллифига айланди. 20 ёшли ярим ҳимоячи захирадан майдонга тушганидан атиги уч дақиқа ўтиб, учрашувнинг 74-дақиқасида ҳисобни очган бўлса, 90-дақиқада ўз ҳисобига иккинчи голни ёздириб қўйди. Жамоанинг яна бир голига 84-дақиқада Рубен Варгас муаллифлик қилди. Учрашувдаги якуний ҳисобни эса ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда Гранит Жака пенальтини аниқ амалга оширган ҳолда ўрнатди.
Боснияликларнинг ягона голини 90+3-дақиқада Эрмин Махмич киритди. Эътиборлиси, Сергей Барбарез шогирдлари баҳсни 10 киши бўлиб якунлашди — 80-дақиқада ҳимоячи Тарик Муҳаремович қизил карточка олиб, майдондан четлатилган эди.
Ушбу ғалабадан сўнг Швейцария (4 очко) икки ўйиндан кейин «B» гуруҳида пешқадамликни қўлга олди. Босния ва Герцеговина эса 1 очко билан квартетда учинчи ўринда бормоқда.
Гуруҳ босқичининг сўнгги турида, 24 июнь куни швейцарияликлар Канадага қарши майдонга тушишса, боснияликлар шу куни Қатар терма жамоаси билан куч синашадилар.