«Ливерпуль» бош мураббийи Андони Ираола Англия Премьер-лигасининг 1-турида «Ньюкасл» билан қайд этилган 2:2 ҳисобидаги дурангдан сўнг жамоаси ўйини ҳақида фикр билдирди.
Испаниялик мутахассиснинг таъкидлашича, «Ливерпуль» учрашувда мағлубиятга лойиқ ўйин кўрсатмаган ва кўплаб кўрсаткичлар бўйича рақибдан устун бўлган.
«Ҳали статистикани кўрмадим, аммо бизда гол уриш учун имкониятлар кўпроқ бўлганига ишончим комил. Кўп жиҳатлар бўйича рақибдан яхшироқ ҳаракат қилдик. Футболчиларнинг меҳнатини қадрлайман», — деди Ираола Sky Sports'га.
Мураббий биринчи бўлимда жамоа рақиб жарима майдонига кўп бор яқинлашгани, аммо ҳужумларни зарба билан якунлашда муаммолар кузатилганини алоҳида қайд этди.
«Жарима майдони атрофида тўпни ортиқча айлантирдик ва вазиятни мураккаблаштиришга уриндик. Аслида эса биринчи имконият пайдо бўлиши билан зарба беришимиз керак эди. Зарба бериш, яна зарба бериш керак», — дея қўшимча қилди мутахассис.
Ираола захирадан майдонга тушган футболчиларнинг ҳаракатларидан ҳам мамнун қолган. Унинг фикрича, «Ливерпуль» юқори интенсивликда ўйнашни мақсад қилгани учун бутун учрашув давомида бир хил таркиб билан ҳаракат қилиш қийин. Шу сабаб захира футболчиларининг энергияси жамоа учун муҳим аҳамиятга эга.
«Ливерпуль» АПЛнинг 2-турида 29 август куни ўз майдонида «Ноттингем Форест»ни қабул қилади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).