Қорақалпоғистон Республикаси футболининг ўзига хос тарихи бор. Бир пайтлар Нукус шаҳрининг «Амударё»(ҳозирги «Орол») ва Тўрткўл туманининг «Целинник» жамоалари собиқ иттифоқ чемпионати иккинчи лигасида иштирок этишганди. Айни дамда мамлакатимиз миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда Қорақалпоғистон жамоаларининг мавқеи бироз пасайганлиги кўзга ташланмоқда. Табиийки, бу ҳолат мухлисларни ажаблантирмоқда. Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси футбол федерацияси биринчи вице- президенти Владимир Назаров билан учрашиб, ишқибозларни ўйлантираётган баъзи саволларга жавоб изладик.
- Владимир Каримович, аввалига республика футболи тарихи ҳақида тўхталиб ўтсангиз...
- Маълумки, Қорақалпоғистон азалдан футболи ривожланган ҳудудлар сирасига кирган. Айниқса, 70-йиллар ўрталарини қорақалпоқ футболи ривожланиш томон юз бурган даврга қиёслаш мумкин. Айтайлик, 1976 йили «Амударё» жамоаси ташкил этилиб, собиқ иттифоқ чемпионати иккинчи лигасида илк бор тўп сурганди. Ушбу жамоамиз биринчиликда деярли 10 йил иштирок этди. Шундан сўнг айрим йиллари «Аралводстрой», «Орол» номи остида фаолият юритди. Ўзбекистон миллий чемпионатига асос солингач, вакилларимиз «Турон», «Жайхун», «Орол» номлари билан олий ва биринчи лигада ўйнашди. Кези келганда, собиқ иттифоқ чемпионати иккинчи лигасида Тўрткўл туманининг «Целинник» клуби қатнашганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Тўрткўлликлар 1983 йили Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритиб, қорақалпоқ футболи тарихини ёрқин саҳифа билан бойитишганини ҳам эслаш ўринли.
Бугунги кунда мухлисларимиз Жангабай Бўронов, Мақсуд Ниёзимбетов, Владимир Бегларян, Қувват Туреев, Қодир Ибрагимов, Бердах Алланиёзов, Бахтиёр Матёқубов, Омонбой Абдуллаев, Жамолиддин Бекмуродов, ака-ука Мақсатулла ва Неъматулла Қуттибоев, Мақсуд Абдуллаев, Ислом Абдуллаев сингари кўплаб йигитларимизни ҳурмат билан эслашади. Айнан улар футболимиз ривожига муносиб улуш қўшишган. Айниқса, моҳир дарвозабонимиз Бердах Алланиёзовнинг Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 1994 йилги Осиё ўйинларида ғолиб бўлгани қалбларимизга фахр туйғусини улашади. Бинобарин, яна кўплаб футболчиларимиз Ўзбекистон терма жамоалари сафида тўп суришган. Айни дамда эса аксарият ёшларимиз номдор жамоаларимиз сафида майдонга тушишмоқда.
- Янглишмасак, ўзингиз ҳам футболчи бўлгансиз...
- Ҳа. Аслида футбол бўйича спорт усталигига номзодман. Ёшлигимда Тошкентдаги Титов номли мактаб-интернатида ўқиганман. У ерда тажрибали мураббий Владимир Ятченкодан чарм тўп ўйини сир-асрорларини ўрганганман. 1980 йили пойтахтдаги таҳсилни тугатиб, Нукус давлат университетининг жисмоний тарбия факультетида сабоқ олдим. Айнан шу ерда профессионал футболга дастлабки қадамни қўйдим. Кўп йиллар «Амударё» жамоасида ярим ҳимоячи сифатида тўп сурдим. Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ўйнадим. Ўқишни тугатгач, ўқитувчи мураббий, касаба уюшмалари жамиятига қарашли 2-сонли БЎСМ директори вазифаларида ишладим. 1990 йилдан 2001 йилгача «Орол»да ўйновчи-мураббий, жамоа бошлиғи, клуб раиси лавозимларида фаолият юритдим. 2001 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси футбол федерациясида ишлаб келяпман. Умуман, оиламиз спортчилардан иборат. Катта қизим Ирина баскетбол устаси. Кичиги Наташа эса енгил атлетикачи. Иккиси ҳам мамлакатимиз миқёсидаги кўплаб мусобақаларда иштирок этган.
- Ҳудуддаги футбол ва мини-футбол майдонлари борасида маълумот берсангиз...
- Республикамизда 17та стадион мавжуд, шундан Нукус шаҳридаги 110х70 метр ҳажмли «Турон» аренаси майдони сунъий қопламадан иборат. Амударё, Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларидаги стадионлар табиий чимли. Қолган туманларимиздаги футбол майдонлари унчалик талаб даражасида эмас. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Ҳозирда кўплаб стадионларимизда реконструкция ишлари олиб борилиши кўзланган. Айтайлик, Нукус олимпия захиралари коллежидаги 102х74 метр ўлчамли майдонга сунъий қоплама ётқизиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Қорақалпоғистон бўлими томонидан Нукус туманида 800 томошабинга мўлжалланган футбол майдонига эга болалар спорт мажмуасини қуриш лойиҳалаштирилмоқда. 2014-2015 йиллар мобайнида эса Мўйноқ туманида ҳам шундай спорт иншоотини бунёд этиш белгиланган. Яна шуни таъкидлаш жоизки, Хўжайли, Қўнғироқ, Кегейли, Нукус ва Элликқалъа туманларида мини-футбол майдонлари қурилиб, жиҳозланмоқда. Нукус шаҳри ва Хўжайли туманида эса 40х20 метр ўлчамли сунъий қопламали мини-футбол майдонлари фойдаланишга топширилган.
- Кейинги йилларда республиканинг бош жамоаси ҳисобланган «Орол» Ўзбекистон биринчилигида кутилган натижа кўрсатолмаяпти. Бунга сабаб нима, сизнингча?
- Ҳақиқатан, жамоамизнинг биринчи лигадаги иштирокидан ишқибозларимиз қониқишмаяпти. Аслида бизнинг ўрнимиз олий лигада бўлиши керак. Очиғи, маблағ тақчиллиги ниятларимизнинг ушалишига тўсқинлик қилмоқда. Шунинг оқибатида футболчиларимиз кўнгилдагидек тўп сура олишмаётир. Буни инкор этиб бўлмайди, албатта. Лекин ишончимиз комилки, келгусида муаммоларимизга чек қўйилади ва жамоамиз аввалги ҳолатига қайтади. Бу билан Қорақалпоғистон футболи мавқеи қайта тикланади.
- Аёллар ва болалар, ёшлар футболи хусусида ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз...
- Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Қорақалпоғистонда ҳам аёллар футболини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиляпти. Айни дамда «Қирқ қиз» жамоаси Ўзбекистон чемпионати биринчи лигаси иштирокчиси саналади. Яқинда футболчи қизларимиз Тошкент шаҳрида футзал бўйича ўтказилган Х мамлакат чемпионати 1-тур ўйинларида қатнашиб қайтишди. Жамоамиз таркиби маҳаллий ёш қизлардан иборат. Шунга қарамай, улар тажрибали рақибаларига муносиб қаршилик кўрсатишди.
Республикамизнинг болалар жамоалари ҳам ўз ёш йўналишлари бўйича юқори кўрсаткичлар сари интилишмоқда. Шаҳар ва туманларимизда тез-тез ташкил этилаётган мусобақалар уларнинг маҳоратларини янада оширишга хизмат қиляпти. Ёшларимиз 2001 ва 2006 йиллари «Умид ниҳоллари» мусобақасининг ҳал қилувчи босқичида фахрли 2-ўринни банд этишди. 2008 йили эса «Баркамол авлод» спорт ўйинларида зафар қучишди. Шунингдек, «Универсиада»да 2000 йили бронза, 2010 йили кумуш медални қўлга киритишди. «Футболимиз келажаги» ва бошқа қатор турнирларда ҳам юқори ўринлар соҳибига айланишди. Бу ёшлар футболини ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлардан дарак беради. Ўйлайманки, қорақалпоғистонлик ёшлар жорий йил ҳам муваффақиятли одимларини давом эттириб, эътиборга молик натижаларга эришишади.
-Ўз ўрнида ЎФФ томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдик...
- Асло муболаға эмас, Мираброр Усмонов раҳбарлигида юртимиз футболи бир неча баробар ўсди. Чемпионатимиз савияси ошди. Терма жамоаларимиз натижалари яхшиланди. Айни дамда футболчиларимизнинг кучли хорижий клубларда ўйнашаётгани, ҳакамларимизнинг нуфузли халқаро учрашувларни бошқаришаётгани шубҳасиз, ушбу ислоҳотлар меваси саналади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар футбол федерациялари ходимлари ойлик маошларининг ярми ЎФФ томонидан тўланаётгани ҳам жойларда соҳани ривожлантириш ва оммавийлаштириш мақсадида олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлардир. Мана, ЎФФ президенти ташаббуси билан келишилган ўйинларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бу ҳам ўзбек футболи савиясини янада юксак чўққиларга кўтаради.
- Inter Futbol газетаси ўқувчиларига тилакларингиз...
- Футбол - мухлис учун, Inter Futbol ҳам мухлис учун. Демак, иккиси якдил. Халқимизга бирдек хизмат қилади. Шундай экан, мухлислар мазкур газетани қўлдан қўйишмасин. Омад барчамизга кулиб боқаверсин!
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).