Буюк футбол устаси Михаил Аннинг устози ва акаси билан суҳбат. Тошкентнинг «Пахтакор» клуби ва собиқ иттифоқ терма жамоасининг ғайритабиий иқтидорга эга футболчиси Михаил Ан ҳақида жуда кўп гапирилган, ёзилган. Ушбу оддий қишлоқ йигити атиги 25 ёшида МДҲ давлатларидаги корейс чемпионлари орасида энг ёрқин шахсга айланди. Лекин Миша Аннинг ҳаёт ва спортдаги илк устози, туғишган акаси - Дмитрий ҳақида кўпчилик етарлича маълумотга эга эмас.
Дмитрий Ан 1960 йили корейс йигитлари орасида биринчи бўлиб, «Пахтакор» жамоаси қошидаги машҳур ёшлар футбол мактабини битирди. Даргоҳда у Б.Абдураимов, Ҳ.Раҳматуллаев, В.Штерн каби ўзбек ва иттифоқ футболининг кўплаб бўлажак юлдузлари билан бирга таҳсил олди. Ушбу иқтидорни эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Добин Шегай кашф этди. 60-йилларда Дмитрий Ан собиқ иттифоқ олий лигасида ўйновчи биринчи ва ягона корейс футболчиси бўлди. «Пахтакор»да у тошкентлик машҳур голеадор Геннадий Красницкий, шунингдек, Акмал Азизхўжаев, Олег Моторин, Станислав Стадник, Виталий Суюнов кабилар билан елкама-елка тўп сурди. Дмитрий ўзининг меҳнаткашлиги, ҳар қандай ҳолатда хотиржамликни сақлаб қолиши ва ишончли ҳаракатлари билан жамоада ҳурмат топди. Ҳаётда эса укалари ва сингилларини оёққа турғазди, доимо онасига ғамхўрлик қилди. Дмитрий Иванович Аннинг 75 йиллик юбилейи арафасида унинг аҳил оиласи меҳмони бўлдим. Вақтида машҳурликка эришган Политотдел колхоз хўжалигида жойлашган хонадонда бизни меҳрибон Клара Романовна кутиб олди ва дарҳол шарқона одатга кўра, дастурхон ёзиб, хушбўй чой қуйди.
Дмитрий Ан енгил бўлмаган, бироқ қизиқарли тақдир соҳиби. У 75 ёшида ҳам оптимистик қарашларини йўқотган эмас ва спортчиларга хос гавдасини сақлаб қолган. Яна ажойиб ҳазилкаш. Айниқса, унинг хотиржамлиги, шошмасдан суҳбат олиб бориши ёқди. Шунинг учун суҳбатдошимнинг гапини имкон қадар камроқ кесишга илтилдим. Бошқача айтганда, саволларни қалаштириб ташламасдан, доно ва фахрий инсоннинг ҳикояларини тингладим. Шу тариқа Дмитрий Иванович машҳур футбол оиласи тарихи ҳақида бафуржа гапириб берди. Фақат бир нарсани қўшимча қилиш жоиз, бу оиланинг шаклланиши ва машҳурлик ёғдусига безаниши ҳамда буюк Михаил Аннинг жаҳон футболи тарихидан жой олишида айнан Дмитрий Ивановичнинг хизматлари беқиёс.
60-йиллар футболининг жаранги: икки гигант ўртасидаги қарама-қаршилик
- Ўтган асрининг 50-йиллари охирида Свердлов, Политотдел, Правда, Полярная Звезда ва Дмитров колхозлари ўз кўрсаткичлари билан собиқ иттифоқнинг энг илғор хўжаликлари қаторига киришган. Шунга яраша уларнинг раҳбарлари бошқа соҳаларни ҳам ривожлантириш ҳақида ўйлашган. Айниқса, Свердлов ва Политотдел колхозлари нафақат ютуқлари, балки ўзаро рақобат олиб бориши билан ҳам ажралиб турарди. Рақобат кўлами кенг бўлиб, у ҳаётнинг барча жабҳаларида кўринарди: пахта ёки макка етиштириш, бадиий ижодкорлик танловлари, таълим-тарбия масалалари ва албатта, спортда ҳам. Халқнинг севимли ўйини - футболда эса алоҳида рақобат кўзга ташланарди.
Шу ўринда қўшимча қилиш жоиз, агарда марказнинг тушунарсиз сиёсати ва собиқ иттифоқ спорт қўмитасининг «енг ичидаги» ўйинлари бўлмаганида, «Свердловец» ФК амалда «Политотдел»дан кўпроқ нарсага эришарди. Чунки унинг таркиби рақобатчисиникидан фарқли ўлароқ, асосан маҳаллий футболчилар (корейслар, ўзбеклар, руслар ва ҳоказо)дан тузилганди.
- Ҳар икки колхозда футбол жамоаси бўлиб, улар республика биринчилигида иштирок этишарди. Қизиғи, икки рақобатчи клубга икки дўст - Ростов жисмоний тарбия институти футбол бўлими битирувчилари устозлик қилишарди. Николай Алексеевич Ким (колхоз раисининг укаси) «Свердловец»ни бошқарарди, Добин Иннокентьевич Шегай эса «Политотдел»ни. Маълумки, собиқ иттифоқда футбол лигалари тизими ўзига хос зина шаклини олганди: олий лига, биринчи лига, «А» тоифаси, кейин «Б» тоифаси. Булар бутуниттифоқ биринчиликлари бўлиб, яна республика тоифасидаги мусобақалар ҳам бор эди. Хуллас, ўшанда икки колхоз жамоаси ҳам бутуниттифоқ доираси, яъни «Б» тоифасига чиқиш учун даъвогар саналарди. «Свердловец» клуби ўйини жуда ёрқин бўлиб, мухлислар уй учрашувларига худди байрамдек талпинардилар. Жамоа ажо-йиб ижрочиларга эга эди ва унинг олдига «Б» тоифасига чиқиш вазифаси қўйилганди. Бу вазифа бажарилди - «Свердловец» бутуниттифоқ биринчилиги йўлланмасини қўлга киритди. Бундай аҳил жамоада ўйнаш ҳар қандай футболчи, жумладан, менинг орзум эди...
Энг яхши футболчилар кўчадан чиқишади
- Ҳаммаси 1956 йили бошланди. Биз Севернўй маяк колхози марказига яқин жойда яшардик. Мен анча ёшлигимдаёқ болалар жамоасида ўйнаганман. Жамоамиз мусобақаларда жуда яхши иштирок этиб, биз деярли бутун Тошкент вилоятини айланиб чиққанмиз. Хуллас, ўша вақт энг яхши клублардан бири сифатида вилоят биринчилигида совринли ўринни эгаллаганмиз. Машҳур футбол мутахассиси - Добин Шегай клубимиз ҳақида «Пахтакор» қошидаги ёшлар футбол мактаби раҳбарларига айтганида, ўзаро ўртоқлик учрашуви ўтказишга келишиб олишади. Натижада колхоз жамоаси барча жиҳатлар бўйича яхши шаклланган мактаб клубига қарши ўйнайди. Лекин бизнинг оёқларимиз қалтирагани йўқ, чунки ўз кучимизга ишонардик. Томошабоп ва қизиқарли кечган ўйинда 3:3 ҳисоби қайд этилди, айтганча, жамоамнинг 3та голини ҳам мен урдим. Кейинроқ ўйинимни С.А.Арутюнов диққат билан кузатганини айтишди. 1957-ўқув йили бошланиши арафасида мактаб вакили келиб, мен «Пахтакор» ЁФМга таклиф этди. Шундай қилиб, мен, оддий қишлоқ йигити катта футбол аренасига тушдим. Ўша вақт футбол мактабида Б.Абдураимов, Р.Зокиров, Ҳ.Раҳматуллаев, М.Шарипов, И.Малиновский, У.Қориёқубов, В.Капустянский ва бошқалар таҳсил олишарди. 2 йилдан кўпроқ вақт давомида колхоз бўлимидан «Пахтакор» ЁФМга қатнадим. Машғулотларга улгуриш учун эрталаб соат 05:00да уйқудан турардим ва 3та транспортга чиқиш билан Тошкент марказига етиб борардим. Баъзан ўйлаб қоламан, ҳозир бунақасига чидаш учун футболнинг нечоғли фанати бўлиш кераккин...?
Профессионал футболдаги илк қадам
- 1958 йили мен ва И.Малиновскийни мактабдан «Пахтакор»га юборишди - амалиёт ўташ учун. Ўша вақт «пахтакорчилар»нинг спорт базалари Чилонзорда, Ўзбекистон ИИВга қарашли дам олиш зонаси ҳудудида эди. Хуллас, 2 йил давомида ўқиш баробарида А.Азизхўжаев, В.Суюнов, И.Тазетдинов, Л.Мақсудов, Б.Климов, А.Аванесов, В.Кольцов каби катта футбол усталари билан бирга шуғулландим. «Пахтакор» ЁФМда таҳсил олаётган пайт эса бўш вақтларда «Свердловец» клубида ўйнадим ва Ўзбекистон биринчилигида илк голимни Андижоннинг «Спартак» жамоаси дарвозасига урдим. Ўшанда биз «Б» тоифаси йўлланмаси учун курашганмиз. Ёш бўлишимга қарамай, 1959 йили колхоз бошқаруви менга турар-жой берди ва дарҳол оиламни Свердловга кўчириб келдим. 1960 йили «Пахтакор» ЁФМдаги ўқишни тугатдим ва «Свердловец» клуби илтимосига биноан, мени шу жамоага юборишди. 60-йиллар бошида колхоз жамоалари футболчилари орасида бош тўпурар бўлдим. Тез орада жамоамиз улкан муваффақиятга эришиб, собиқ иттифоқ чемпионатининг «Б» тоифасига чиқди.
«Свердловец»да ўйиним анча қовушди. Дриблинг, техника, тўп узатиш - барчаси замонавий талаб даражасида эди. Тажрибали устоз Николай Алексеевич Ким бошқарувида машғулотлардан сўнг ҳам ишлашда давом этардим. Янги услублар, зарба бериш, айниқса, бош билан ўйнаш устида машқ қилардим. 1962 йили жамоамиз мураббийлар штабига тажрибали Сергей Никитович Будагов қўшилди ва шубҳасиз, янада кучайдик. Бир сафар «Пахтакор» раҳбарияти ташаббуси билан пойтахт клуби ва «Свердловец» ўртасида назорат ўйини ташкиллаштирилди. Ушбу қизиқарли баҳс бизнинг ғалабамиз билан тугади - 1:0! Ягона гол менинг ҳисобимга ёзилди. Шундай қилиб, Лев Ольшанскийнинг тавсияси ва қистови билан мени «Пахтакор»га қабул қилишди. Мендек ёш футболчи учун Г.Красницкий, Ю.Пшеничников, А.Азизхўжаев, Б.Абдураимов, В.Суюнов, О.Моторин, С.Семёнов, В.Қаҳҳоров, И.Тазетдинов, Ҳ.Раҳматуллаев, В.Тожиров, И.Малиновский каби олий лиганинг буюк усталари қаторида ўйнаш чинакам бахт ва шараф эди.
Хориждаги илк ўйинлар
- Менга ҳаммасидан ҳам хориж сафарлари ва Европа ҳамда Осиёнинг кучли клублари билан ўтказиладиган ўйинлар ёқарди. Зеро, халқаро ўйинлар доимо ҳар қандай футболчининг ўсишига ижобий таъсир этади. Хуллас, 1962-1963 йиллари «Пахтакор» таркибида бир қатор халқаро ўйинларда майдонга тушиш бахтига муяссар бўлдим. 62-йилнинг баҳорида Чехословакияда «Слава» (Жижков)га қарши учрашувда иштирок этдим, унда 0:1 ҳисобида ютқаздик. Мост шаҳрининг «Банник» клуби билан бўлган 2-ўйинда эса 4:1 ҳисобида устун келдик. Прешовнинг «Татран» жамоасини ҳам мағлуб этдик - 3:1. Ўша йилнинг ёзида Тошкентда Индонезия терма жамоаси (3:1) ва ГДР олимпия термаси (2:2)га қарши кечган ўйинларда қатнашдим. 1962 йили иттифоқ чемпионатида фахрли 6-ўринни эгалладик. Натижада жамоамизни Индонезия ва Камбоджа сафарлари билан сийлашди. Бу сафар чоғи жами 8 марта майдонга тушиб, 6та ўйинни ютдик, 2тасида дуранг қайд этдик. Мен эса 6та учрашувда иштирок этдим. 1963 йили ҳам Тошкентда ўтказилган 2та халқаро ўйинда майдонга тушдим. Аввалига Япония терма жамоаси билан учрашув (1:0)нинг 2-бўлимида захирадан ўйинга қўшилдим, кейин эса «Лейпциг» ФКга қарши тўп сурдим.
Йўқотилган олтин йиллар...
- Олий лигадаги дебют ўйинимни 1963 йили Москвада «Динамо» клубига қарши ўтказдим. Ўша мавсум асосий таркибда майдонга тушиш атиги 3 марта насиб этди, қолган вақт захирадан жой олишимга тўғри келди. Бош мураббий Александр Келлер «Пахтакор» ЁФМдаги ютуқларимга қарамай, мени мудом захирада ушлаб турарди. Қимматли вақтларни йўқотаётганимдан табиийки, қаттиқ сиқилардим. Боз устига, бу танаффус маҳоратимга ҳам салбий таъсир қила бошлади. Тўғри, ҳеч қачон ҳеч кимга кек сақлаган эмасман. Фақат ўз соатим келишини кутдим. Чунки чиройли ўйин кўрсатиб, голлар уришимга ишонардим. Иккинчи мураббий Лев Абрамович Ольшанскийдан ғоят миннатдорман - унинг маънавий қўллаб-қувватлаши беқиёс эди. Яна жамоадош дўстларимнинг моддий томондан қийналаётганимни билиб, озиқ-овқат талонларини баҳам кўришганини ҳеч қачон унутмайман. Уларнинг ёрдамлари билан ҳар ҳафта яқинларимга бозор-ўчар қилиб борардим.
Ҳарбий-спорт ҳаёти
- 1963 йили Москванинг «Торпедо» клубига қарши ўйинда жиддий жароҳатландим ва иккинчи бўлимда мени алмаштиришди. Ўшанда Ольшанский рақиб дарвозаси ортида ҳарбийлар либосида турган 2-3 кишини кўрсатиб, уларнинг «Сокол» клубидан келишгани ва мени кузатишаётганини айтди. Бироқ бундай гаплар кўнглимга сиғмасди, чунки оёғим қаттиқ оғриётганди. Ўйиндан сўнг дарҳол Свердлов колхозига, ота-онамни кўргани йўл олдим ва бир неча кун яқинларим даврасида бўлдим.
Клара Романавна Ан (Дмитрий Ивановичнинг рафиқаси) хотираларидан: «Кейинги куни эрта азон, соат 05:00да колхоз раиси ўринбосари 2-3 нафар аскар ҳамроҳлигида уйимизга келди ва эрим бор-йўқлигини сўради. Дмитрий Иванович доимо сергак ухлайди, овозни эшитиб, дарҳол ташқарига чиқди. У ерда эримни қуролланган 2 нафар аскар кутиб турарди... Шундай қилиб Дмитрий 1964-1965 йиллари Туркистон ҳарбий округининг спорт ротасида хизмат қилди ва машҳур «Сокол» АСКда ўйнади. Бу жамоа «Б» тоифасидаги лигада иштирок этарди ва доимо совринли ўринларни эгалларди. Ўша вақт ҳарбий хизмат 3 йиллик эди, лекин «Политотдел» бош мураббийи Андрей Буирович Ченнинг аралашуви билан Дмитрийни 2 йилда ортга қайтаришди. Унинг жамоасига айнан Димага ўхшаган футболчи керак бўлган. Хуллас, бош мураббийнинг илтимосига кўра, колхоз раиси Хван Ман Гим Москвага бориб, собиқ иттифоқ Мудофаа вазирлиги қароргоҳида маршал Родион Малиновский билан учрашган ҳамда Дмитрий Анни жамоа ихтиёрига қайтаришни сўраган. Бахтимизга, вазир илтимосни рад этмаган ва Дима армия жамоасини тарк этган».
Меҳрибон устоз - очиқкўнгил инсон
- Одамлар буюклиги уларнинг ишлари билан ўлчанади ва инсон тирик экан, уни эслашади, деб бежиз айтишмаган. Футбол профессори Андрей Буирович Чен Ир Сонни энг яқин устозим, педагог, мураббий ва юқори малакали мутахассис сифатида қадрлайман. Футбол жамоатчилигида унинг обрўси мисли кўрилмаган даражада юқори эди. Чен Ир Сонни ҳам малакаси, ҳам инсоний фазилатлари туфайли қаттиқ қадрлашарди. Ўта меҳрибон, масъулиятли, билимли инсон. Уни футболчилар, мураббийлар, ҳатто партия ва хўжалик раҳбарлари ҳам қаттиқ ҳурмат қилишарди. Айнан шу инсон менга оғир кунларда ишончни қайтариш ва спортча руҳни тиклашимда катта ёрдам берди. Эътиборлиси, Андрей Буирович собиқ иттифоқда хориж футбол жамоаларида ишлаган илк мураббий эди. 50-йиллар охирида у КХДР термаси ва Пхеньян клубларини шуғуллантирган, маслаҳатчи сифатида ишлаган. Андрей Буирович кашф этган 10 нафар футболчи ЖЧ-66да ўйнаган. Корейсларнинг Англия-66 мундиалида чорак финалга чиқишгани ҳақиқий шов-шув бўлганди. Бу жамоани эса Ченнинг ёрдамчиси бошқарганди. Айтганча, Андрей Буирович ўша йили собиқ иттифоқ термасида ҳам маслаҳатчи бўлган. Шу тарзда устозим нафақат иттифоқ ва корейс, балки жаҳон футболи тарихига кирган. У билан 1959 йили Тошкентда танишгандим. Мени «пахтакорчилар» либосида кўриб, омад тилаганди. Ўшанда у Пхеньян шаҳри терма жамоасини бош мураббий сифатини «Пахтакор» билан ўртоқлик ўйинига олиб келганди. Эсимда, ўйинда «пахтакорчилар» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишганди. 1969 йили Чен «Политотдел»ни тарк этди ва «Қайрат» (Олма-Ота )га бош мураббий этиб тайинланди. У илк мавсумдаёқ бақувват жамоа шакллантирди. «Қайрат» айниқса, етакчилар билан баҳсларда кўп очко олиб, медаллар учун курашадиган гуруҳга қўшилишга даъвогарлик қилди, бироқ озгина омад етишмагани боис, турнир жадвалининг иккинчи қисмидаги жамоалар билан ўйнашни давом эттиришига тўғри келди.
«Политотдел»нинг ғалабали юришига улуш
- «Политотдел» 1966 йилги мавсумни ажойиб руҳда ўтказиб, энг юқори кўрсаткичга эришди. Ўша йили 17та гол урдим. Мавсум якунида умумжамоа ҳисоби бўйича «А» тоифасидаги лига (иккинчи гуруҳ)да бронза медалини ютдик, 3-саралаш гуруҳида эса «Энергетик» (Душанбе), «Шахтёр» (Қарағанда), «Строитель» (Ашхобод), «Олға» (Фрунзе), «Уралмаш» (Свердловск), «Звезда» (Пермь), «Нефтяник» (Фарғона) каби кучли жамоаларни ортда қолдириб, 1-ўринни эгалладик. Гуруҳдаги охирги ҳал қилувчи ўйинда Қарағанда клубига қарши тўп сургандик. 1-ўрин тақдири шу ўйин натижасига боғлиқ бўлиб, бизни дуранг ҳам қаноатлантирарди. Ўшанда менинг олтин тўп узатишим жамоага қўл келиб, 1 очко ишлаганмиз ва у биз учун олтин очкога айланган. 1-саралаш гуруҳида «Заря» (Луганск), иккинчисида эса «Жальгирис» (Вильнюс) ғолиб бўлган. Олий лиганинг ягона йўлланмаси учун шу 3та жамоа ўртасида мини-турнир ташкил этилган. Бироқ собиқ иттифоқнинг ёзилмаган қонунлари туфайли бизнинг жамоани четга суриб, «Жальгирис»ни шунчаки, қулоғидан тортиб олиб чиқишган. Шу тарзда «Политотдел» биринчиликнинг бронза медали билан чекланиб қолган. Эҳ, жамоамиз олий лигага ҳеч қачон бунчалик яқинлашмаганди...
Спорт қўмитаси қарорига кўра, «Политотдел»нинг асосий таркиб футболчиларига собиқ иттифоқ тоифасидаги спорт устаси фахрий мақоми берилди. Андрей Чен мени табриклар экан, собиқ иттифоқ ҳудудида яшаётган корейслар орасида биринчи спорт устаси бўлганимни таъкидлади. Умуман, жамоамиз жуда аҳил эди. Таркибимизда Москва «динамочиси» - Валерий Фадеев, «спартакчилар» - Иван Варламов, Виктор Чистяков ва Юрий Иванов, «торпедочилар» - Эдуард Стрельцовнинг дўстлари Кирилл Доронин ва Владимир Шербаков, шунингдек, Николай Рязанов («Зенит»), Борис Радзинский (ЦСКА) кабилар ўйнашганди. Улар орасида иттифоқ термасининг собиқ вакиллари ҳам бор эди. Ҳозир тасаввур қила оласизми, ўша йиллари «Пахтакор» биз билан ўртоқлик ўйини ўтказишга чўчиб турарди.
1966 йили юқори спорт кўрсаткичларим ва республикада футбол ривожига қўшган ҳиссам учун мен, «Политотдел»нинг ягона аъзосига ҳукумат мукофоти - Ўзбекистон Олий Кенгаши Президиумининг фахрий ёрлиғи топширилди. Ажойиб муваффақиятларимиздан сўнг барчага ёқимтой ва машҳур футболчига айландим. Натижада олий ва биринчи лиганинг етакчи клубларидан таклифлар тушди. Москвада чоп этиладиган умумиттифоқ нашр - «Футбол» газетасида улкан суратларим, интервьюларим чиқа бошлади. Лекин шон-шуҳратдан бошим айланмади, аксинча, камтарликни сақлаган ҳолда, ўз устимда янада кўпроқ ишладим.
Унутилмас лаҳза
- «Политотдел»да 1965 йилдан 1970 йилгача тўп сурдим. Чемпионатда иттифоқдош республикаларнинг энг кучли клублари иштирок этишарди: «Молдова» (Кишинёв), «Строитель» (Ашхобод), «Энергетик» (Душанбе), «Локомотив» (Тбилиси), «Трактор» (Волгоград), «Авангард» (Харьков), «Уралмаш» (Свердловск), «Металлург» (Запорожье)... Энг чиройли голимни Ленинграднинг «Зенит» жамоаси дарвозасига урганман: 1967 йилги собиқ иттифоқ кубоги саралаш баҳсида. Ўйин давомида собиқ «пахтакорчи» Вильгельм Қаҳҳоров билан «Зенит» жарима майдони ичида чиройли комбинация уюштирдик ва у менинг ўзимни отган ҳолда бош билан берган зарбам билан тугади. Умуман, кўплаб голли лаҳзалар яратардим ва ўйинда ташаббусни тез-тез ўзимга олардим. «Политотдел»даги фаолиятим давомида атиги 3та ўйинни ўтказиб юборганман ва жами 147 марта майдонга тушганман. Ўз ҳисоб-китобимга кўра, 50тадан ортиқ голга муаллифлик қилганман. Сўнгги ўйиним 1970 йилнинг охирида «Политотдел» колхоз стадионида ўтган. Ўшанда Уфанинг «Строитель» клубига қарши ўйнагандик. Ғоят тушкун кайфиятда бўлсамда, ҳаммаси қачондир хотима топишини яхши тушунардим... Шундан сўнг мураббийлик ишига ўтдим.
Аждодлари
- Отам Иван Никитович Ан ҳам ёшлигида футбол ўйнаган. Аниқроғи, Чимкентнинг «Молния» ҳаваскорлар жамоасида тўп сурган. Бироқ елкасидан оғир жароҳатлангач, спортни ташлашига тўғри келган. Оилада 6 фарзанд бўлганмиз - 3 нафар ўғил, 3 нафар қиз. Сингилларим - Вера, Клавдия ва Дарья Москва институтларида ўқишган, укаларим эса футболни танлашган. Отамиз бизнинг муваффақиятлардан ғурурланарди, албатта. Афсуски, унга ўғли Михаил Аннинг Европа чемпиони бўлгани, иттифоқ олимпия ва миллий терма жамоаларида қандай ўйнаганини кўриш насиб этмади. Отамиз 1969 йили вафот этди... Шундан сўнг оиламизга ўзим бош бўлиб, онам, сингилларим ва укаларимга ғамхўрлик қилдим. Айтиш жоиз, онам ғоят меҳрибон ва масъулиятли аёл бўлиб, доимо бизни қўллаб-қувватларди.
Оиласи
- 1963 йили уйланганман. Хотиним Клара Романовна Ан рус шашкаси бўйича спорт устаси ва Ўзбекистоннинг 5 карра чемпиони. У жами 7 марта Ўзбекистон терма жамоаси таркибига кириб, бутуниттифоқ чемпионатида иштирок этган. Шунингдек, иттифоқ халқлари Спартакиадасида 2 марта қатнашган. Кубок ва бир қатор нуфузли совринлар соҳиби. Биз 4 нафар қизни вояга етказдик - Марина, Елена ҳамда эгизаклар - Ольга ва Татьяна. Қизларимиздан фақат Ольга ва Татьяна спорт билан жиддий шуғулланишди. Улар аввалига гандбол бўйича Тошкент вилояти, кейинроқ Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ўйнашди. Ҳозирда 6 нафар набирани тарбиялаяпмиз.
Укаси Михаил Ан
- Сафарлар боис укам - Михаил билан кўп кўришмасдим. Лекин бир сафар унинг тўп билан қандай муомала қилаётганига эътибор қаратдим. Шу-шу ёш Мишанинг ҳовлида болалар билан ўйнашини кузата бошладим ва унинг футболга чинакамига меҳр беришини хоҳладим. Аслида Миша ёшлик йиллари атлетик салоҳияти билан ажралиб турмасди. Унга ёрдам бериш мақсадида деярли ҳар куни қошиқда асал ичиришга одат қилдим, умуман, овқатланиш тартибини назорат остига олдим. Биз жуда аҳил бўлиб, доимо унинг ҳурмати ва меҳрини сезиб турардим. Миша тажрибали Александр Семёнович Лян қўл остида шуғуллана бошлагач, мунтазам мураббийдан унинг ишларини суриштириб борардим. Александр Семёнович укамнинг келажаги ёрқин эканлиги айтгач, роса қувонгандим. Кейинроқ менга Мишанинг Республика спорт интернати мутахассислари назарига тушганини айтишди.
Шунда оила даврасида маслаҳатлашиб, Мишанинг у ерда ўқиши кераклиги ҳақида бир қарорга келдик. Укамни 9-синфга олишди ва тажрибали устоз Гурам Дараселия ихтиёрига топширишди. Уятчан қишлоқ йигитчаси ўқишдан 2 ёки 3 марта қочиб кетган. Яъни бошида мослашишга қийналган. Мен эса доимо унга таянч бўлишга уринганман. Яъни ўз кучига ишончни кучайтирганман. 1967 йили менга янги уй беришгач, Мишани шанба ва якшанба кунлари ўзим билан олиб қола бошладим. Натижада секин-аста шаҳар ҳаётига кўникди. Аввалига унинг бўш вақтни қандай ўтказаётганини текширишимга ҳам тўғри келган, ахир жуда ёш эди. Бироқ хавотирланишимга ҳожат қолмаган. Чунки Миша ўта тартибли йигит бўлиб, чекмасди, ичмасди ва турли кечалар ҳам уюштирмасди. Қисқаси, барчасида унга ишонардим ва бу ишончни тўла оқлади.
Тинмас «АН-10»
- 1968 йили Миша Ўзбекистон ёшлар терма жамоа сафида Фарғонадаги йиғинда иштирок этган ва машғулотларнинг бирида қўлини синдириб олган. Миша ёшлар жамоалари ўртасидаги иттифоқ чемпионати финал ўйинини ўтказиб юборолмасди, қолаверса, шериклари ҳам уни ёнларида бўлишини хоҳлашган. Шунда мураббий қўлидаги жароҳати ва анча ёш бўлишига қарамай, уни таркибга киритган. Бутун учрашувда жамоамиз ўйини қовушмаган ва натижада Миша майдонга туширишларини сўраган. Охир-оқибат, мураббий рози бўлган. Ўшанда Миша синган қўли билан ўйнаганига қарамай, шундай мўъжизалар кўрсатгандики, бутун стадионга қўшилиб, мутахассис ва мураббийлар тик турганча уни олқишлаганлар. Зеро, Мишанинг голи Ўзбекистон термасига ғалаба келтирганди. Бундан ташқари, у финал босқичининг энг яхши футболчиси, деб топилган. Мишанинг иттифоқ футболидаги жанговар юриши шундай бошланганди. Айнан финал ўйинидан сўнг собиқ иттифоқнинг грандлари укамга эътибор қарата бошлаганлар. Хусусан, футбол мэтри Гавриил Качалин уни «АН-10» (ўйинчилик рақамига асосан), дея таърифлаб, оқ йўл тилаган. Маълум вақт укамга ачиниб юрдим ҳам - иқтидорли ўсмир иттифоқ термасида ўйнаса ва уни кўплаб мутахассислар тан олишсаю, «Пахтакор»да ҳаттоки, ўринбосарлар жамоасига олишмаса... Умуман, ўша давр Москва клубларидан тайёр футболчиларни таклиф этиш урф бўлганди. Бироқ аксарият таклиф этилганлар ўз йигитларимиздан кучли эмасдилар.
Катта футболга йўл
- Миша 1969 йили спорт-интернатини тамомлаганида, уни иттифоқ ёшлар термасига чақириб бўлгандилар ва мен уни лоақал «Пахтакор» ўринбосарлар таркибига олишларига шубҳа қилмасдим. Аммо катта мураббий А.А.Келлер ҳали бундай жамоада тўп суришга ёшлик қилишини айтиб, укамни рад этди. Акаси сифатида ҳатто Михаилдек қобилиятли йигитга ҳам «Пахта-кор»нинг асосий таркибига кириш жуда қийин бўлишини яхши тушунардим. Бошқача айтганда, унинг кимнингдир хоҳишига кўра, захира ўриндиғида қолиб кетишини сира хоҳламасдим. Шунинг учун маълум вақт биринчи лигадаги «Политотдел» клубида ўйнаб туришини тавсия этдим. Клуб бош мураббийи Евгений Елисеев ёш Мишани хурсандчилик билан ўринбосарлар таркибига киритди. Бир сафар машҳур футболчилар - Фадеев ва Варламов билан кийиниш хонасида суҳбатлашдик. Улардан бири «Жамоамизда пайдо бўлган йигитча ким?» деб сўради. «У кичик Ан», дея жавоб бердим. Шунда улар кулиб, қўшиб қўйишди: «Ҳа, йигитча катта Андан яхши ўйнар экан». Айнан шу дам жамоа маъмури Ўзбекистон спорт қўмитасига Москвадан жўнатилган телеграммани олиб келди.
Собиқ иттифоқ спорт қўмитаси телеграммаси: «Ан (кичиги) собиқ иттифоқ ўсмирлар терма жамоасининг Москвада ўтадиган йиғинига чақирилади».
Кўринишидан, спорт қўмитасидагилар катта Ан ҳам борлигини билишган, чоғи. Фақат 1970 йилнинг иккинчи ярмига келиб, «Пахтакор»нинг афсонавий мураббийи Михаил Якушин укамни ҳам жамоага жалб этди ва ўз даврининг буюк футболчилари даврасида ўйнашига ишонч билдирди. Ўша вақтлар футбол Михаил учун ҳаётининг мазмунига айланиб улгурганди.
Юлдузларга муносабат
- Тез орада Миша Ан собиқ иттифоқ ёшлар термаси сардори бўлди, Европа чемпионига айланиб, олий лигадаги ўрта чизиқ вакиллари орасида энг яхши футболчилардан бири сифатида тан олинди ва ҳаттоки, иттифоқ миллий жамоаси таркибига кирди. Иттифоқ даврида маҳаллий футболчилар катта ҳажмдаги ишларни бажаришларига қарамай, жамоалар маъмурияти уларга келгиндиларга нисбатан кам эътибор берарди. Миша «Пахтакор»да 3-4 йил ўйнаб бўлган, етакчилардан бирига айланган, оила ҳақида ўйлашига тўғри келган ва турар-жой масаласи кўтарилган пайт ҳеч ким ёш ижрочи учун уй ажратиш ҳақида бош қотирмаган. Шунда ўзимнинг аччиқ тажрибамдан келиб чиқиб, ишга аралашганман. Яъни «Пахтакор» спорт жамияти раиси Шокиров билан учрашиб, дарҳол тегишли чора-тадбир кўришларини талаб этганман ва 60-йилларда менга нисбатан номақбул муносабатда бўлишганини эслатиб, энди бунақаси кетмаслигини таъкидлаганман. Ўша пайт Миша ва Володя Фёдоровни Москванинг ЦСКА ва «Динамо» жамоаларига чақиришаётгани маълум эди, бунга шаъма қилиб, оиланинг каттаси сифатида укамнинг Москвага кўчиб ўтишига қарши чиқмаслигимни айтдим. Чунки битта нарсага сира тушунмасдим: Москвадан деярли иккинчи даражали футболчиларни таклиф этишарди-да, уларга дарҳол Тошкентдан янги квартира ажратишарди... Ўша вақт четдан келган собиқ иттифоқ футболининг бирор юлдузини эслай оласизми? Менинг уларга ҳеч қандай қаршилигим йўқ эди, фақат маҳаллий футболчиларимизга бундай муносабатда бўлишларидан ранжирдим. Қисқаси, эртаси куни Михаил Ан ва Владимир Фёдоровнинг ҳар бирига 9-қаватдан 4 хонали квартира ажратилганини эълон қилишди.
Охирги учрашувлар
- 1979 йил Миша учун ғоят тиғиз келди. Баҳорда у олимпия терма жамоаси сафида АҚШга бориб, халқаро турнирда иштирок этди. Ўшанда жамоа мусобақада ғолиб чиқиб, ортга кубок билан қайтганди. Мишанинг ўзи эса турнирнинг энг яхши футболчиси сифатида махсус соврин олган. АҚШдаги футбол газеталари ҳатто Мишанинг суратини 1-саҳифаларида чоп этишган.
8 август. Миша «Заря» (Луганск) билан ўйинда жароҳатланди ва алмаштирилди.
9 август. Укам қўнғироқ қилиб, мени Тошкентга чақирди. Биз шаҳар марказида учрашдик, бирга тушлик қилдик, узоқ гаплашиб ўтирдик... Чин юракдан чақчақлашганимизга анча бўлганди... Миша ишлари, кейинги режалари ҳақида гапириб берди. Ўшанда Минскка учмаслигини яна бир марта айтиб, колхозга балиқ ови учун боришини таъкидлади...
10 август. Миша кечқурун Свердлов колхозига келиб, жияни (Дарьянинг қизи)ни туғилган куни билан табриклади ва онамнинг олдига борди. Ўшанда онам билан узоқ гаплашиб ўтириш асносида эски оилавий суратларни кўриб чиққанди...
11 август. Эрталаб аэропортга кетаётиб, негадир ўзи таҳсил олган Республика спорт-интернатига кириб ўтишни хоҳлаб қолди. У ерда устози Гурам Дараселия билан кўришиб, совға-саломлар берди ва аэропортга йўл олди. Унинг «пахтакорчилар»ни Минскка кузатиб қўйиб, ортга қайтишига шубҳа қилмагандик. Бироқ йигитлар укамни бирга боришга кўндиришган, бошқача айтганда, самолётга гўёки, тортиб чиқаришган экан...
12 август. Клара Романовна Аннинг хотиралари (Дмитрий Аннинг хотини): «Мамлакатда қурувчилар куни нишонланаётганди. Дмитрий Иванович дўстлари билан дам олишга кетганди. Тошкентдан қадрдон дўстимиз, «Пахтакор» клуби ҳайдовчиси Эргаш ака қўнғироқ қилди ва бўғиқ овозда фожиа ҳақида айтди. Дмитрий шу онда қайтиб келди, гарчи Мишанинг Минскка учмаганига шубҳа қилмасада. Бироқ акси бўлиб чиқди... Миша ўлимидан олдин ўзини ноодатий тутганди. Айтайлик, акасини ёнига кам чақирарди, яъни одатда ўзи келиб кетарди. Боз устига, Минск сафари олдидан онасини кўргани колхозга келганди. Аслида у Минскка бормаслиги ҳам мумкин эди, бироқ жамоа олдидаги масъулиятни ҳис қилган. Аниқ эсимда, ўша куни хайрлашганидан сўнг 2 марта уйга қайтди. Биринчисида, хориждан келтирган энг яхши костюмини кийиш учун, иккинчисида, унутиб қолдирган соатини олиш учун... Бир сафар «пахтакорчилар» хотинлари даврасига тушганимда, шу нарса маълум бўлдики, деярли барча футболчилар сафар олдидан ўзларини ғалати тутишган экан. Қандайдир хавотир сезилган...
Она қалби
- Онам қаттиқ сиқилди, биз эса унинг ёнидан бир қадам силжимадик. У ўғлининг ёнида бўлишни истади, шунинг учун тобутини олиб келиб, жонажон колхозига кўмишимизни сўради. Орадан бир неча йил ўтгач, онам битта воқеани сўзлаб берди. Фалокатдан олдин бир фолбин фарзандлари орасида машҳурликка эришганини эрта йўқотишини айтган экан. Онамиз узоқ вақт буни ҳеч кимга айтмай, доимо хавотирда яшаган. Умуман, ҳаётдан ўз юмишига қадар Мишанинг ўлимидан азоб тортди. Айтайлик, колхоздаги қабри устига тез-тез борарди ва йиғидан кўзлари қизариб кетган ҳолда қайтарди. Онамнинг ўзи 2002 йили 85 ёшида вафот этди. Уни ўз васиятига кўра, Мишанинг қабри ёнига қўйдик...
Ўзбек мухлисларининг меҳрибонлиги
- Мен доимо меҳмондўст ўзбекларнинг самимий муносабатларини қалбан ҳис қилганман. 1980 йили Мишанинг қабри устига қабртош қў-йишга қарор қилдик ва Ғазалкентдаги мармар заводига бордим. Завод директори Миша Аннинг акаси эканлигимни билгач, кучли ҳаяжон билан мени қучоқлаб олди. Кейин усталар дарҳол ишга тушишди ва қимматбаҳо қора мармардан тезда жуда чиройли қабртош тайёрлаб беришди. Унга рамзий нархда ҳақ тўладим, холос. Улардан қанчалик миннатдор бўлганимни ифодалаб беролмайман. Маълум бўлишича, заводнинг деярли барча ишчилари ва раҳбарият ходимлари «Пахтакор»нинг мухлислари эканлар...
- Тўп ўз соҳибига бўйсуниши шарт. У ўз эгаси нимани хоҳласа, шуни бажариши лозим. Шундагина футболчининг ўйини қовушади,-деганди Миша Ан.
Ака-ука Анлар ҳақида билганларимни хаёлан ўйлаб, хулоса чиқараман: улар ёрқин ва меҳнаткаш, масъулиятли спортчилар, яна ажойиб инсонлар. Уларни аввало, очиқкўнгил, меҳрибон, масъулиятли, ўз сўзлари ва ишларига содиқ шахслар сифатида қадрлашган. Зеро, ака-ука Анлар ёшликларидаёқ битта қоидани қатъий ушлашган: фаолият шахс сифатида шаклланишнинг ягона ва энг эффектли йўли. Футбол тарихида ака-укалар ўз мамлакатлари шарафини улуғлашган ҳолатлар кўп. Ёки ўғиллар оталарининг футбол анъаналарини давом эттиришади. Лекин ака-ука Анлар ҳақида гап кетганида, шахсан мен ака-ука Бобровларни эслайман. Зеро, машҳур футболчи ва хоккейчи Всеволод Бобров учун ўрнак вазифасини бажарадиган акаси бор эди. Владимирнинг футболчилик иқтидори Всеволодникидан кам бўлмаган. Бироқ артиллерия капитани улуғ ватан урушида оёғидан ярадор бўлади ва футбол иқтидорини тўла намойиш этолмайди. Лекин у укаси Всеволоднинг буюк футболчи сифатида шаклланишига катта ҳисса қўшади. Дмитрий ҳам худди шундай: у укаси Михаилнинг ХХ асрнинг буюк футболчилари қаторига қўшилиши учун қўлидан келган барча ишни қилди.
1994 йили кореялик ёзувчи Чо Мен Хининг 100 йиллик юбилейи ташкилотчилари таклифига биноан, Сеул ва Чхунчхон-Пукто провинциясига бордим. Ўшанда маҳаллий корейслар билан учрашдим, Ж.Кореянинг «КВС» телевизион янгиликлар каналига интервью бердим. Табиийки, илк марта афсонавий футболчи Михаил Ан ҳақида сўз очдим. Гапларим Мишанинг тарихий ватанида нечоғли қизиқиш уйғотганини кўриб, рости, ҳайратда қолгандим. Кореялик футболчиларнинг ўз ватанлари ва хориждаги фаолиятларини таҳлил қилиб борувчи журналист сифатида ишонч билан айтишим мумкинки, ҳали ҳеч бир корейс йигити Михаил Аннинг даражасига чиққанича йўқ.
Якун
Дмитрий ўзининг ажойиб ўйинлари, футболга меҳри, меҳнаткашлиги ва инсоний фазилатлари билан барча ўзбек мухлисларининг улкан муҳаббатлари ва эътирофларига сазовор бўлди. Унинг тўпни ўта нафис ҳаракат билан қабул қилиши, нозик финтлари, заргарона узатмалари томошабинларни лол қолдирарди. Ўша йиллари «Политотдел» футбол жамоасида етук марказий ҳимоячи яққол ажралиб турарди - «тўққиз Митя» - Дмитрий Ан! Футбол гол билан тирик, Дмитрий эса унинг ижодкори эди. Бугун 75 йил яшаган, хасталикка чалинган шу инсонга осон эмас. Мана бир йилдан буён минимал суммадаги нафақа (50 фоизга қисқартирилган) оляпти. Сабаб шуки, архив ҳужжатларида унинг айрим маълумотларини топишолмабди. Боз устига, айнан шон-шуҳратга бурканган ва сезиларли спорт кўрсаткичларига эришиб, бетакрор ўйинлари билан ўзбекистонлик футбол мухлислари армиясига олам-олам қувонч бағишлаган йиллариникини. Умид қиламизки, Тошкент вилояти Нафақа жамғармаси бу масалани эътиборлироқ кўриб чиқади ва тегишли ёрдам кўрсатади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).