«Локомотив» клуби Ўзбекистон чемпионати биринчи даврасини муваффақиятли якунлади. Жамоа айни вақтда олий лига етакчиси бўлиб турибди. Шунингдек «темирйўлчилар» Ўзбекистон кубоги финалига чиқишга ҳам муваффақ бўлдилар. Шунга қарамасдан, мураббийлар штаби давралар оралиғидаги танаффусда жамоада катта ўзгаришлар қилишга қарор қилди. Олдинга ўтиб айтиш лозим, бу ўзгаришлар анча кескин кўриниш олди. Клубдан барча легионерлар кетдилар, уларнинг ўрни маҳаллий футболчилар билан тўлдирилди. «Темирйўлчилар» сафини ҳимоячи Евгений Гоголь, ярим ҳимоячи Андрей Кожокар ҳамда ҳужумчи Вячеслав Шевченко тарк этишди. Уларнинг ўрнига ҳимоячилар Артём Филипосян ҳамда Шавкат Муллажонов, ярим ҳимоячи Дилшод Раҳматуллаев ва ҳужумчи Алишер Шоғуломовлар таклиф этилди. Аввалроқ тажрибали Александр Гейнрих ҳам «Локомотив» сафига ўтган эди. «Темирйўлчилар» бош мураббийи Вадим Абрамов билан қилган суҳбатимиз асосан жамоадаги ўзгаришлар ҳақида бўлди.
- Вадим Карленович, яқинда берган интервьюнгизда легионерлар ҳақида салбий фикр билдирган эдингиз. Шунга монанд давралар оралиғида жамоангизда бирорта ҳам хорижлик футболчи қолмади. Бунга қандай изоҳ берасиз?
- Изоҳ жуда оддий: агарда легионернинг савияси маҳаллий футболчиникидан баланд бўлмаса, унинг жамоада бўлишидан қандай маъно бор? Афсуски, «Локомотив»да тўп сурган хорижлик футболчилар биз кутган ўйинни намойиш қила олмадилар ва улар билан хайрлашишга қарор қилдик. Айни вақтда легионерларнинг ўрни маҳаллий футболчилар билан тўлдирилган. Футболимиз ривожи учун ҳам маҳаллий футболчиларнинг кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишгани маъқул. Легионерларга келсак, уларга асло қаршилигим йўқ. Шунчаки ҳозир вазият шуни тақозо қилди. Менинг жамоаларимда ҳар доим хорижлик футболчилар бўлишган. Айтайлик, ўз вақтида Кахи Махарадзе ҳам қўл остимда ўйнаган эди. Шундай экан, «Локомотив»да ҳали легионерларнинг ўйнашлари эҳтимоли жуда катта. Биз маҳаллий футболчилар билан бир қаторда хорижлик ўйинчиларни ҳам ўрганиб борамиз ва клубимизни кучайтира оладиганларни албатта таклиф этамиз.
- «Локомотив»дан бошқа легионерлар қатори россиялик Евгений Гоголь ҳам кетди. Бу футболчини ўз вақтида сиз Ўзбекистонга таклиф этган эдингиз.
- Ҳа, ўша вақтларда Гоголь яхши савиядаги, кучли ва ёш футболчи эди. Евгений юртимизга келган вақтларда анча кучли ўйин намойиш қиларди. Қатор йиллар давомида Ўзбекистон чемпионатида унга бўлган талаб сақланиб тургани ҳам бунга исбот бўла олади. Бироқ айни вақтда Гоголнинг жисмоний ва техник ҳолати биз кутган даражада эмас. Шу сабабли ҳам у билан шартномани бекор қилишга қарор қилдик. Бу футбол - унда ҳар доим рақобат кечади. Сал бўшашса кифоя, ўрнингни бошқалар эгаллайди. Евгений Гоголь билан ҳам худди шундай бўлди. Бу табиий ҳол.
- Клубга яна легионерлар таклиф этилиши мумкинлиги ҳақида айтдингиз. Мана шундай трансферни яқин вақтлар ичида кўришимиз мумкинми? Айтайлик, иккинчи давра бошлангунга қадар...
- Бу ҳақда ҳозир аниқ бир гап айта олмайман. Барчаси бизга маъқул келадиган, кучли ва сифатли футболчининг топилишига боғлиқ. Умуман олганда эса, айни вақтда жамоамиз таркиби тўлиқ шаклланиб бўлган. Барча чизиқларда ўзимиз истаган футболчиларни жамладик. Бироқ улардан-да кучлироқ бўлган ўйинчи топилса, нимага энди уни таклиф этмаслигимиз керак? Рақобат ҳар қандай жамоани кучайтириши муқаррар. Биз селекция ишларини мудом давом эттирамиз ва янги футболчиларнинг имкониятларини ўрганиб борамиз. Жамоага мос келадиганлари топилган тақдирда, уларга таклиф билан чиқишимиз аниқ. Бу ҳам иш жараёнининг бир қисми ҳисобланади.
- Жамоадан кетганлар ўрнига бир қатор маҳаллий футболчилар таркибга жалб этилишди. Улар ҳақида нима дея оласиз?
- Биз беш нафар футболчи билан шартнома имзоладик. Мен ўзим яхши танийдиган, имкониятларидан тўлиқ бохабар бўлган ўйинчиларни жамоага таклиф этдим. Улар билан жамоа олдига қўйилган вазифани бажара оламиз, деб ўйлайман. Боз устига бу ҳолат Ўзбекистон футболи манфаатига ҳам мос келади, деб ўйлайман. Ҳар ҳолда маҳаллий футболчилар кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишгани дуруст.
- Легионерлар масаласига қайтсак. Ҳозирда Ўзбекистон чемпионатида фақат Кахи Махарадзе ва Артур Геворкяндан бошқа яхши ўйнаётган хорижликларни кўрсатиш қийин. Араб давлатларида эса анча кучли ва юқори савияли легионерлар тўп сурадилар. Аммо улар шу билан бирга қиммат футболчи ҳисобланадилар, кўп маош оладилар. «Локомотив»нинг молиявий имкониятидан келиб чиқиб, яқин вақтлар ичида жамоада мана шундай легионерларни кўриш мумкинми?
- Катта маош оладиган ҳар қандай футболчини яхши легионер, демаган бўлардим. Шунингдек кам маош оладиганини ҳам ёмон дейишга қаршиман. Легионернинг савияси унинг маошига қараб белгиланмайди. Кам пулга ҳам хориждан яхши футболчи топса бўлади. Араб мамлакатларида ўйнаётган футболчиларни номдор, десангиз, қаршилигим йўқ. Аммо ҳаммаси ҳам олаётган пулига яраша ўйин кўрсата олмаяпти. Аксарият араб клублари бир вақтлар Европа клубларида тўп суриб, бутун дунёга танилган футболчиларни жамоага таклиф этишни яхши кўрадилар. Улар эса катта пул талаб қилишлари табиий. Аммо бундай трансферларнинг ҳаммаси ҳам муваффақиятли чиқавермайди. Тўғри, улар орасида яхши ўйнаб кетганлари ҳам бор. Аммо кўп ҳолларда Европадан келган футболчилар араб клубларидаги шароит ва муҳитга кўника олмай, илгариги ўйинларини намойиш қила олмайдилар. Оқибатда шунча маблағ ҳавога совурилади. Биз албатта «Локомотив»га кучли легионер таклиф этамиз, аммо у яхши футболчи бўлади, яхши маош оладиган ўйинчи эмас. Бу борада иш олиб борилмоқда. Жамоамиз мудом ривожланиш сари интилмоқда. Бу йўл эса хорижлик футболчиларсиз бўлмаслиги аниқ. Бироқ легионер - албатта катта маош оладиган футболчи бўлиши шарт эмас. Камроқ пулга ҳам яхши хорижлик ўйинчи топса бўлади.
- У ҳолда саволни бироз ўзгартирсак. Бизда одатда МДҲ давлатларидан легионер таклиф этиш русум бўлган. Аммо улар кўп ҳам ўзимизнинг футболчилардан фарқ қилавермайдилар. Ўйин услуби, техника ва тактик фикрлаш ўхшаш бўлгани сабабли бундай легионерлар ўзбек футболига ранг-баранглик олиб кира олмайдилар. Агарда Америка, Африка ва Европадан ўйинчилар таклиф этилса, балки ўзбек футболчилари улардан кўпроқ нарса ўрганган бўлармидилар?
- Аслида мана шу фикрлаш тўғри эмас. Футболчи ўсиши учун керак бўлган нарсани ўзига ўхшаган футболчидан эмас, мураббийдан ўрганиши лозим. Биз Африка ёки Америкадан яхши техникага эга, кучли легионер чақиришимиз мумкин. Аммо ундан бизнинг футболчилар нимани ўрганадилар? Нари борса бир-икки дриблингними? Бундай нарсани интернет орқали кўриб олса ҳам бўлади. Ўша африкалик футболчиларга қайси кучли легионер келиб ўргатиб берган, дейсиз. Бизнинг футболда мураббийларнинг ўрни жуда кам. Аслида ҳамма нарсани у ҳал қилиши, ҳаммаси мураббийга боғлиқ бўлиши лозим. Легионер ҳам оддий футболчи. У ҳам худди маҳаллий футболчи сингари мураббийнинг талабларини бажаради. Мураббий талабни тўғри қўйган тақдирда, ҳар қандай футболчи кучайиши турган гап. Муҳими - мураббий ўз ишини тўғри йўлга қўйса бўлгани, шунда ўсиш бўлади. Айтайлик, биз Бразилия терма жамоаси ҳимоячиси Давид Луизни Ўзбекистонга таклиф қилайлик. У бизнинг футболчиларга нимани ўргатиши мумкин? Жарима зарбасидан тўп киритишними? Мураббий иши тўғри йўлга қўйилган тақдирда эса, буларнинг барчасини ўзлаштириш мумкин. Яхши мураббийнинг қўл остида ўйнайдиган футболчи албатта ўсишга эришади. Масалан ўтган йили Александр Гейнрих Қозоғистон чемпионатининг энг кучли футболчилари қаторида эди. Нима, бир йилда Саша кучсиз футболчига айланиб қолдими? Йўқ, албатта. Гейнрих ҳамон ўша Гейнрих бўлиб турибди, аммо у ўйнаётган жамоада ва унга қўйилаётган талабда ўзгариш бўлган бўлиши мумкин. Футболда мана шу нарсалар катта аҳамият касб этади.
- Ўзбекистон чемпионати биринчи давраси якуни борасида қандай фикр билдира оласиз? Клубингиз дастлаб ўзидан кутилган ўйинни намойиш қила олмади. Аммо кейинчалик аввал иккинчи ўринга, сўнгра эса биринчи ўринга кўтарилишга эришди. Демак, жамоангиз бир маромда ўсишда давом этмоқда.
- Агарда мавсум бошиданоқ ишларимиз яхши бўлганида, мени клубга таклиф қилмаган бўлардилар. Буларнинг барчаси табиий жараён, деб ўйлайман. Биз аста-секинлик билан ўйинимизни кучайтириб бормоқдамиз. Ўзбекистон чемпионати жуда қизиқарли кечмоқда. Ғолиблик учун тўртта жамоа кураш олиб бормоқда ва уларнинг ҳар бирида ҳали катта имконият бор. Бу эса мусобақанинг қизиқарли бўлишини таъминлайди. Шахсан ўзим учун Ўзбекистон чемпионати қизиқ кечмоқда. Мавсумнинг ҳал қилувчи палласи яқинлашиб келяпти. Ўзбекистон кубоги финалида ўйнашимиз керак ва миллий чемпионатда муҳим учрашувларда майдонга тушамиз. Кўрамиз, шу вақтга қадар олиб борган ишларимиз ўз олдимизга қўйилган вазифани уддалашимиз учун етарли бўлармикан?
- Иккинчи даврада бўладиган кураш ҳақида нима дея оласиз?
- Осон бўлмайди. Ҳамма жамоа ҳам чемпион бўлишни истайди. Шундай экан, иккинчи даврада ҳам кескин кураш бўлишини кутмоқдамиз. Айниқса «Локомотив»га қарши кечадиган ўйинда ҳамма ҳам бор кучини майдонга ташлайди. Бу табиий ҳол. Етакчиларга қарши бўладиган учрашувлар бошқа жамоалар учун алоҳида аҳамиятга эга бўлади. Бу ҳолат эса ўз навбатида Ўзбекистон чемпионати кучайишига сабаб бўлади. Илгари ички биринчилигимизда кескин ва шиддатли ўтадиган ўйинлар бармоқ билан санарли бўларди. Ҳозир эса ҳатто аутсайдер жамоа ҳам етакчига кескин қаршилик кўрсатиши мумкин. Ғолибликка даъвогарлар сони ортгани эса, улар ўртасида кечадиган учрашувларнинг қизиқарли ўтишини таъминлайди. Менимча Ўзбекистон чемпионати ўйинлари анча томошабоп бўлиб бормоқда.
- Миллий чемпионатимиз охирги йилларда ўсишга эришмоқда, бунга шубҳа йўқ. Аммо барибир ҳали чемпионатимизни кўнгилдагидек де-йишга тил бормайди. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?
- Ўзбекистонда футболни ривожлантириш учун жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг самарасини ҳозирданоқ кўриш мумкин. Аммо ҳали қилинадиган ишлар кўплигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Масалан, шахсан ўзимни мураббий сифатида олий лигада бўлиб ўтадиган 26та ўйин қаноатлантирмайди. Бунча учрашув билан қандай қилиб ўсишга эришиш мумкин? Европа мамлакатларига қарайдиган бўлсак, у ердаги клублар бир мавсум давомида 70 тагача ўйинда иштирок этишини кўришимиз мумкин. Биз эса Ўзбекистон кубоги баҳсларини қўшиб ҳисоблаганда ҳам бу борада мақтана олмаймиз. Мана энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, бир жамоа таркибида 25 нафар футболчи бўлади, майдонга эса фақат 11 нафари тушиши мумкин. Бундай шароитда қандай қилиб футболчиларимиз ўсади? Ахир тажриба тўплаш учун майдонга тушиш керакми? Менимча Ўзбекистон футболида мана шу муаммони бартараф этиш учун ҳаракат қилиш лозим.
Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).